Тармоқли маркетинг. Кимга маза кимга аза?!

Сўнгги йилларда босма оммавий ахборот воситаларининг эълонлар саҳифасидан «йирик даромадли иш», «қўшимча даромад», «хафтасига 500 мингли даромад» каби ёғлиққина таклифлар аримай қолди. Кўчалардаги эълонлар тахтасинику гапирмаса хам бўлади. Дастлаб, уларга қизиқиб, оёқ кийими титилиб тўкилгунча суҳбатларга қатнаб юрганлар кўп бўлди. Бора-бора одамларда бу тармоқли маркетинг бизнесидан иммунитет пайдо бўлди.

«Тармоқли маркетинг—шубҳали «касб». У билан ўртамиёна кийинган, қуёшда қорайган, қўлидаги катта-катта сумкаларни аранг кўтариб шошиб-пишиб юрадиганлар шуғулланади. Бундайларни одамлар унчалик хушламайди. Чунки ким билан учрашиб ёки суҳбатлашиб қолса, ўшанга қанақадир товарини сотгунича хиралик қилиб ҳоли жонига қўймайди. Даромади ҳам ҳаминқадар». Бу тармоқли маркетинг ҳақида одамларда аллақачон шаклланиб бўлган юзаки тушунчанинг таҳминий тавсифи. Бугун унинг реал ҳаётга қанчалик тўғри келиш-келмаслигини муҳокама қиламиз.

У нима ўзи?

Тармоқли маркетинг (ингл. network or multilevel marketing) — фақат савдо-сотиқ эмас ҳамкорлар (янги ишчилар)ни жалб этиш вазифасини ҳам бажарадиган мустақил дистрибьюторлар тармоғини яратишга асосланган товар ва хизматлар савдосидир. Бунда ҳар бир иштирокчининг даромади товар реализациясидан кўрилган фойда фоизи ва улар жалб этган янги агентлар келтирган фойда ҳисобидан қўшимча тақдирланиш (бонус) эвазига амалга оширилади.

Ходим ва мижозлар қандай жалб этилади?

Тармоқли маркетингда реклама ва провокация ҳам кучли, ҳам кўп бўлиб, корхона раҳбарлари психология, нотиқликни пухта эгаллаган инсонлар. Ёки улар атрофида шундайларни йиға олишган. Шулар ҳисобига одамлар тармоқли маркетинг асосида ишлайдиган компанияга дастлаб мижоз, кейин дистрибьютер сифатида жалб этилади. Ҳар бир ходим бу даромадли соҳа эканлигига ишонтирилади. Аксарият ҳолларда бу яхши натижа ҳам беради.

Эксперемент

Тармоқли маркетинг ҳақида кўпроқ маълумот йиғиш учун, шу соҳада иш излаётган одам бўлиб, бир неча жойга сим қоқдим. Улар телефон орқали консультация беришни истамас, суҳбатга боришим кераклигини айтишарди. Уч-тўрттаси билан суҳбат вақтини, жойини келишдим. Лекин, «танлов асосида раҳбарлик лавозимига ишга қабул қиламиз», деган эълон жуда диққатимни тортди. Сим қоқдим. Телефонга жавоб берган чиройли овоз соҳиби мақсадимни билгач, сўради:

—Қанча маош олишни исардингиз?

—Билмадим… 400-500 минг сўм бўлса керак…

—Камтаринлик қилмасангизчи! Мана масалан мен бир миллиондан ортиқ маош оламан, лекин барибир етмайди… Сиз ҳам шунча топишни истайсизми?

—Албатта. Ким ҳам истамайди?!

—Устига устак, ўзингизга-ўзингиз раҳабар бўласиз, атрофингизга гуруҳ йиға олсангиз, уларнинг расмий раҳбари ҳам ҳисобланасиз.

—…

—Унда эртага суҳбатга келинг.

Суҳбатга ўзим боролмадим. Чунки шундоғам иш пайти шахсий муаммоларим билан юрганим учун, иш жойида бўлмаганим учун раҳбариятнинг ғашига тегиб юрувдим. Қалам ҳаққи 30 минг сўмга баҳоланадиган мақола учун (ерга уривормадингизми?) маълумот йиғаман деб, шунинг деярли икки баравари миқдорида жарима тўлаш, ҳайфсан олиш кимга ҳам ёқарди… (Рахбарият тахририят иши билан бирор жойга борганингизда, бирон марта йук деганми???? Инсоф сари барака!)  Хуллас, ўрнимга суҳбатга боришга бир дугонамни амаллаб кўндирдим. Суҳбатдан чиқиб қўнғироқ қилди. Ва… шу компанияда иш бошламоқчилигини-ю, бунинг учун бироз бошланғич капитал кераклигини айтиб қарз сўради. Хафа бўлишимни ҳам, кулишимни ҳам билмай қолдим.

Маълум бўлишича, фирма парфюмерия ва биологик қўшимчалар савдоси билан шуғулланаркан. Суҳбатда тармоқли маркетинг ҳақида бироз тушунча бериб, кейин биргалашиб маркетинг-режа тузишибди. Уларга мурожаат қилган ҳар бир мижоз менеджерликдан бизнес «юлдуз»лик даражасигача етиши мумкин бўлган зинапоя чизиб берилганда-ку, дугонам ўша компанияда ишлаш хаёлига асир бўлиб қолган. Бунинг учун уларнинг атиги 50 минг сўмлик товарини сотиб олиб, уни сотиш керак экан холос. Аммо, ундан қоладиган фойда унча кўп эмас, шунинг учун биратўласи 200-250 минг сўмлик товар олиб, уни сотса кўпроқ даромад оларкан.

Сизни билмадим-у, лекин мен ўша корхона раҳбариятининг нотиқлик қобилиятига тан бердим. Ўртоғим ва унга ўхшаб, шу корхоналарда ишлаш-ишламаслик борасида иккиланиб турганлар учун эса, холис сўров ўтказдим (60 киши орасида).

 «Тармоқли маркетинг ҳақида нима деб ўйлайсиз?» сўровига жавоблар қуйидагича бўлди:

58 %—Бу бўлмайдиган иш. Фақат зиён кўрасиз;

35%—Омад ва ҳаракатга, компания ва сотилаётган маҳсулот сифатига боғлиқ;

13%—Бундан фойда кўриш мумкин.

Тармоқли маркетинга «иши тушган»лар тажрибаси

Сўровда қатнашганлар, тармоқли маркетинг билан боғлиқ шахсий тажрибаси билан ҳам ўртоқлашибди. Улардан айримларини диққатингизга ҳавола этамиз. Балки шу ҳам хулосани холис чиқаришингизда кўмак бўлар…

Зухра Жабборова: —Учинчи фарзандим туғилгандан кейин, тўлишиб қолдим. Осонроқ озиш йўлларини қидириб юрганимда бир дугонам «Herbalife» компаниясининг оздирувчи озиқ-овқат қўшимчалари ҳақида гапириб қолди. Оғзидан бол томиб гапирганидан, 100 фоиз самара берадиган оздирувчи восита экан, деган хулосага келдим ва нархлари бироз қиммат бўлишига қарамай, фойдаланиб кўришга ҳаракат қилдим. Шунда, агар ўзим ҳам аъзо бўлиб, компанияга ишлайдиган бўлсам, шу компания озиқ-овқат қўшимчаларини арзон гаровга олишим ва камида мўмайгина пул ишлашим мумкинлигини айтишди. Компания ташкил этган бир учрашувга таклиф қилишганида тармоқли маркетингдан даромад олиб бойиб кетганларнинг ҳикоясини эшитиб, оғзим очилиб қолди.

Хуллас, оиламга фойдам тегишини ўйлаб, енг шимариб, 4 ой ишладим. Биринчи ой 120 минг сўм даромад олдим. Оздим. 4 ойдан кейин эса… озиқ-овқат қўшимчаларини ўзим учун харид қилишга ҳам пулим қолмади. Камига компаниядан 700 минг сўм қарздор бўлдим. Яна семиришни бошладим (озиқ-овқат қўшимчаларини ичмай қўйганим учун), эримдан роса дакки эшитдим.

Тармоқли маркетингдан даромад олиш мумкинлигига ишонмайман!

Азмира Шарипова:— «Орифлейм»нинг косметик воситалари жуда ёқарди. Буюртма қабул қилиб, косметик маҳсулотларни сотадиган аёл, истасам мен ҳам бу компанияга аъзо бўлишим мумкинлиги, сотган ҳар бир товарим учун балл берилиб, қанча кўп балл йиғсам, шунча фойда кўришимни айтди. 3 ойдан кейин тармоқли маркетинг сабаб орттирган қарзимни узган дадам (350 минг сўм), қайтиб шунақа иш қиладиган бўлсам, умуман бўянишга рухсат бермаслигини айтди…

Аслида айб ўзимда эди. Кўпроқ балл йиғай деб, таниш билишларга товарни ҳали қарзга бериб, ҳали ўзимга бериладиган нархда, арзон сотиб зиён қилдим.

Азизбек Суюнов:— Тармоқли маркетинг ҳақида кўп эшитгандим. Парфюмерия, озиқ-овқат қўшимчалари, косметика ва ҳ.к. Лекин бизники китоб савдоси эди. Ишимда «ўлик мавсум» бўлгани учун бекор ўтирмай деган мақсадда «ОСЭ» компаниясига ишга жойлашдим. Бу қимматбаҳо китоблар жуда оғир ҳам эди. Ҳар тонг иккита сумкани тўлдириб олиб, кечгача сотиб қайтиш керак. Ўз ишимнинг мавсуми бошлангунга қадар 1,5 ой ишладим. Қўлларим сумка кўтаришдан қаварилиб, 2 та оёқ кийим йиртганимга қарамай ишимдан рози эдим. 1,5 ойлик меҳнатимнинг фойдасидан онамга тилла тақинчок олиб бердим. Ўзим учун эса, қишки киймлар харид қилдим. Меҳнат таътилига чиққанимда яна тармокли маркетингда ишламоқчиман.

Маълумот учун:

Бугун АҚШда таҳминан 500.000га яқин миллионерлар яшайди. Уларнинг 20 % ўз сармоясини тармоқли маркетинг эвазига йигқан.

Хулоса ўрнида

Интернет сайтларидан бирида қуйидаги сўзлар билан бошланадиган бир мақолага кўзим тушиб қолди. «Ҳар душанба тонги бутун дунёда миллионлаб будильниклар асабий жиринглашни бошлайди. Одамлар уларни яна 5 дақиқа ухлаб олиш илинжида ўчириб қўйишади. Сўнг, энг охирги дақиқаларда уйғониб апил-тапил ювинганча, нонушта қилишни хаёлга ҳам келтирмай, тирбанд кўчалардан тиқилинч транспортда ишга отланадилар. Ишхонага етиб келгунча уларнинг деярли 80 фоизи ишиниям, ўша ишда ишлаётган ўзиниям ёмон кўриб кетади. Бу ҳол сешанба чоршанба, пайшанба кунлари ҳам давом этади. Жумада эса кутилган дам олиш кунлари яқинлашганини ўйлабгина бироз, кайфиятлари кўтарилади. Баъзан уларга ойлик тўлашади. Лекин бу пайтга келиб, улар таниш-билшларидан ойликларининг деярли ярим микдоричалик қарздор бўлиб улгуришган бўлишади. Тармоқли маркетинг билан шуғулланувчи компанияларда ишлайдиганлар эса… »

Ҳақиқатдан, тармоқли маркетинг ўз иш кунингизни ўзингиз белгилашингиз, раҳбариятнинг дўқ-пўписасидан кўрқмаслик имкониятини беради. Аммо ундан ишлаб топилган пул билан оилани боқиш учун:

«пирамида»нинг тепароқ қисмида бўлиш;

тиним билмай ишлаш;

сабр-тоқат, омадга ишонч;

«йўқ» деган жавобга ҳар доим тайёр бўла олиш керак.

Афсуски муаммо фақат шу иш билан шуғулланишнинг кўзини билмаган одамларда эмас, уларни ишга жалб этаётган баъзи компанияларнинг бизнес ва ҳалоллик тушунчаларини бир-бирига антоним деб ҳисоблашларида ҳам. Тармоқли маркетинг билан шуғулланувчи компанияларда ишлаб, бири икки бўлишини истайдиганлар компания танлашда адашишмасин, қаллоблардан эҳтиёт бўлишсин. Асосийси, ҳаммамизнинг омадимизни берсин! Ҳалол ишнинг уяти йўқ!

Гулноза Алимова

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка