Эркаклар билан қайси мавзуда ҳазиллашиб бўлмайди?

Айтишларича, эркаклар ҳазилга тушунадиган аёлларни яхши кўришар эмиш. Қаердадир ҳақиқатдан йироқ гап эшитсам, то унинг рост-ёлғонлигини шахсан синаб кўрмагунча, кўнглим жойига тушмайдиган зарарли одатим бор. Шу гапни эшитдиму, ҳаловатимни йўқотдим..  Буни турмуш ўртоғимда синаб кўриш фикри мени таъқиб этаверди. Мақола тажрибанинг натижаси ўлароқ ёзилаётгани учун, шуни айтишим мумкинки, ўша куни тинчгина ухлай қолсам бўларкан. Наилож, бир алломанинг гапига кўра, ўз хатоларимизда ҳаётни англаб борар эканмиз. Бундан ташқари, тажрибамдан шу маълум бўлдики, аёлларнинг баъзи ҳазилларини эркаклар бошқача тушунишар экан.

Ўхшамаган тажрибалар

Ҳазиллашиш режасини аввало турмуш ўртоғимнинг ишқибозликларидан бошладим. Эргинам, шунча балиқ овига борса ҳам, бирор марта балиқ кўтариб келмаган.

— Дадаси, одамлар балиқ овига нимага боришаркан, деб бош қотирдим. Балиқ тутишга эмаслиги-ку, аниқ, — дедим кўзларимни пирпиратиб.

— Нимага экан, бошқаларни билмадиму, аммо биз балиқ тутгани борамиз — деди кўз пирпиратишимга парво қилмаган эрим.

— Кўнгилингиз жуда бўш-да, дадаси. Балиқларни тутибоқ, яна дарёга ташлаб юборсангиз керак, —дедиму, эримнинг хохолаб кулиб юборишини кутдим. У ҳатто майин табассумни ҳам қизғониб, бир нималар деб ғудрандию хонадан чиқиб кетди. Ҳазилим ўхшамади.

Кечга яқин тажрибамни давом эттирдим. Бу гал эримни кўнглини оғритмасликка қарор қилиб, янги бошланадиган сериалнинг ҳам баҳридан кечиб, ёнига ўтирдим. Қизиқ, сериални ўн қисмини кўрмай, ўн биринчисини кўрсам ҳам, содир бўлган воқеаларни тушуниб оламану, аммо... шу эримнинг қай бир футбол жамоасини ёқтиришини эслаб қололмайман. Хуллас калом, футбол мавзусидаги ҳазилим ҳам қовун тушириш амалиётини эслатди.

Навбат компьютерга келганди. Кеч тушгач, болаларни ухлатиб, китоб ўқиш баҳонасида эримнинг кундошим-компьютер олдидан қайтишини кутдим. Соат 11 бўлди ҳамки компьютерининг жамолига тўймайди. Бир пайт секин ошхонага ўтди, қорни очган кўринади. Музлатгич эшигининг очилгани эшитилди, газга чой қўйилди. Бир ҳазиллашай, дедим-у, лип этиб компьютер турган хонага ўтиб мониторнинг ўчириш тугмасини босдим. Хона эшигида турмуш ўртоғим кўринди. Мен яна кўзларимни пирпиратганча: “Дадаси, ниманидир босгандим, манови ўлгур ўчиб қолди”, дедим айбдорларча табассум билан.

“Нимани босгандинг, эсла! Сақламаган эдим‑ку! Хотин кишининг нима иши бор компьютернинг ёнида? Нимани босдинг?” деб бақириб кетса бўладими... Тўғриси, “ҳазилнинг таги зил”,деб нега айтишларини тушунгандай бўлдим. Ҳозироқ мониторни ёқмасам, бу ҳазил мен учун ёмон натижа билан тугаши аниқ эди. “Мана буни”, деб мониторни ёқдиму, иккинчи марта эрим билан бундай ҳазил қилмасликка сўз бериб, ётоқхонамга равона бўлдим.   

Ҳурматли аёллар, эрингизнинг ишқибозликларию футбол ва компьютер ҳақида ҳазил қилмай қўяқолинг.   

Ишдан югуриб келган эр уйга кирар кирмас телевизорни ёқди ва хотинига:

— Футбол кўриб бўлганимча ҳамма жим ўтирсин! 

— Ҳисобни айтайми? Радиодан хабар қилишди.

—Йўқ!

— Майли, барибир битта ҳам гол уришмади.

Машинасига тил теккизманг!

Кечки овқатга ўтирар эканмиз, эрим машинага яна қандайдир колоткалар сотиб олганини гапирди.

—Топган пулиз мана шу бир парча темирга кетар экан‑да. Шу шўринг қурғур бўлмаганда, ким билади  бу пулларга нечта кўйлак олардим, ‑ дедим эримга. Сўзлар эримнинг қулоғига етиб бориши билан у менга шундай ўқрайдики, онамдан қолган тилла узугимни сотиб, машинасига яна битта колотка сотиб олишга рози бўлай дедим.

Ташқи кўринишига «гап йўқ»

Яқинда эрим соғлом турмуш тарзини қўмсаб қолди. Буни эса спорт машғулотларисиз тасаввур қилиш қийин. Кечқурун машғулотдан терлаб пишиб келган дадамиз:

— Хотин қара, қорнимдаги мушаклар анчагина кўриниб қолдия — дея мақтанди.

Инсоннинг ва айниқса аёл кишининг ашаддий душмани бу унинг тили:

— Тўғри айтасиз, дадаси. Қоматингиз бирам келишганки, мана шу дўппайиб турган ягона “мушак” ҳам сизга ярашиб туради. Бир‑икки йилдан кейин Брюс Уиллисдек чиройли бошга ҳам эга бўласиз, — дедиму... тилимни тишладим. Айтган сўзим ўқлигини кеч тушунгандим.

Эрим менга бир хўмрайиб қарадию, қайтиб машғулот тугул югуришга ҳам чиқмайдиган бўлди. Энди у сочларига қандайдир бир “мўъжизавий дори” суртиб қўйишни одат қилган. Аммо бу дори Брюс Уиллисга ўхшаш учун ҳаракатми ёки акчинса, бунисини сўрагани энди хижолат тортиб турибман.  

Менинг аҳволимга тушишни истамасангиз, эрингизнинг қомати ва кўриниши ҳақида ҳазил қилмай қўяверинг. Улар, зоҳиран бундай икир‑чикирларга беэътибор кўринсалар-да, бу мавзудаги гапларни  кўнгилларига яқин олишлари мумкин экан. 

Навбат камчиликларга

Уйқуга ётаётганимда эримнинг тушида ким биландир жанжаллашиб, нималарнидир гапираётганини эшитиб қолдим. Эрталабки нонуштада:

— Дадаси, хуррак отишингизга ўн йил деганда зўрға ўрганувдим, янги одатингиз ундан ҳам ошиб тушди‑ку, — дея чойдан ҳўпладим. Дадалари яна қандай одат чиқарганини билиш учун болаларим ҳам бир менга, бир дадасига қарайди. Эримнинг кўз қарашида савол белгиси:

— Кечаси билан қанақадир Алишерни уришиб чиқдингиз, бозор ётоқхонамга кўчиб келдими, деб қўрқиб кетдим. Бозорни уйга кўчириб келишни бас қилмасангиз, сизни бошқа хонага кўчиришимга тўғри келади, — бу гапимни эшитган болалар қиқирлади. Назаримда, бу ҳазилим учун эрим қандай ақлли аёлга уйланганини эътироф этиши керак эди. Аммо...

Эркакларга уларнинг камчилиги ҳақида болалар олдида ҳазил қилманг. Ётоқхона фақат уйқу оромгоҳи эмаслигини ҳам унутманг.

Касал бўлса борми…

Эркаклар касал бўлмасин, дерди онам. Бу гапнинг маъносини ҳеч англаб ета олмасдим... Турмушга чиқиб, эрим касал бўлмагунга қадар. Шамоллаб қолган эримнинг иситмаси жуда кўтарилиб кетди. Ҳароратини ўлчаш учун қўйган термометр 37.1 градусни кўрсатар эди. Тўшакка михланиб, менга охирги васиятини беришга ҳозирланган эримга қараганимда, кулгим қистаб, тилим қичийди. Аммо, унинг нозик руҳий табиатига талафот етказишни истамаганим боис тилимни тияман‑да, овқат бошлайман. Аччиққина маставани ичиб олган эрим, секин‑аста ҳаётга қайта бошлайди.

Қанча топишини сўраманг!

— Эркакнинг қанча пул топиши билан ишинг бўлмасин, оилангни боқишга етиб турибдими, шуни ўзи етарли — дейди онагинам. Оналарнинг гапига қулоқ солиш керак, фақат буни кеч англаб етамиз.

— Дадаси, ойлигингизни мунча чўғи кам, бозорда бир кўйлак қараб қўйгандим, аммо бунингиз уни тугмасигаям етмайди‑ку, — дедим ишдан ҳориб‑чарчаб қайтган эримга.

— Тўғри, битта тугмани нима қиласан, — эрим шундай дея, қўлимда турган пулларни олди‑да, чўнтагига солиб қўйди. Бахт қанчалар яқин эди‑я…

Бир сўз билан айтганда “тадқиқот”ларимни охири вой бўлишидан аввал тўхтатишим лозимлигини англаб етдим. Буни сезган “қалб ўртоғим” ҳам кеч тушганда қўлларида гўзал совға тутганча кириб келди. Ривоятдаги кўр кишининг хотинига ўхшамаслик учун, аввал эргинамнинг юзларига қарадим. Сўнгра совғани олиб жуда катта тезликда қадоғидан бўшатдиму... йиғлаб юборай, дедим. Совға кичиккина бир шарф эди, алам қилгани эса нархи ёзилган қоғозчани олиб ташлашни эрим унутганди. Фиғоним фалакни тутмаган бўлса‑да, аммо қўшниларнинг хонадонини зиёрат айлагани рост.

Натижа: эрим бир ҳафта мен билан гаплашмай юрди. Чунки, мен ул олийжанобнинг келтирган совғаларини номуносиб тарзда қабул қилибман. Дока рўмолимиз бир ҳафтадан кейин қуриган бўлса-да, эргинам ўша воқеадан сўнг менга совға бермасликка онт ичган.

Оқила аёллар, эрингиз сизга бирор нарса тақдим қилар экан, у нима бўлишидан қатъий назар, “совға эмас, эътибор муҳим”лигини ёдингиздан чиқармасангиз, каминага ўхшаб бир умр (ёки бир неча йил) совғасиз қолишдан ўзингизни асраган бўласиз.  Ўйлайманки, сўнгсўзга ҳожат йўқ, мақолани ўқиган ўқувчи ўз хулосаларини чиқариб олаверади.

Мадина ЛУҚМОНОВА

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка