Муҳаббатимнинг антиқа инжиқликлари

Ҳамма дардини кимгадир айтади. Мен-чи, мен кимга айтай? Онамга айтолмайман — бир! «Ўзинг пиширган ош», дейди. Опа-синглимга айтолмайман — икки! «Поччам жуда яхши, ўзингиз ёмон», деган гапни эшитиш менга оғирлик қилади. Дугоналаримга ҳам «ёрила» олмайман — уч! Чунки ишонишмайди!

Хуллас, айтсам дилим, айтмасам тилим куядиган дардларимни сизларга айтиб қўя қолай. Йигирма уч йил оқ отда келишини кутган шаҳзодам мени ҳамма ҳавас қилгулик даражада севди. Ўзининг оташин муҳаббати билан барчада бетакрор ва унутилмас таассурот қолдирди. Мана энди мен унинг қилиқларига одамларни ишонтиролмай ҳалакман. Атрофдагиларнинг назарида у ҳамон ўша Мажнуну Ромео! Аслида эса ўн йил ичида эзма чолга айланди-қолди. Унинг инжиқликлари шу қадар кўпки…

Мен… Эгов, Жайра, Нордон олмаман!

            Ҳайрон бўлманг, бу номлар ота-онам қўйган исмимдан кўра кўпроқ айтилади. Ёмон кўраман, шунақа деб чақиришини жуда ёмон кўраман.

— Эговхон, маош олгунча «ғийқилламай» туринг, — ҳурмат билан тилган олинган бу «исмим» пул билан боғлиқ суҳбатларда ишлатилади.

— Жайрахоним, бирам чиройлисанки! Афсуски, сенинг жайралигинг фақат менга маълум, — бу янги кийим сотиб олаётганимда айтилади. — Бу кийимда ўша чиройли жониворга янаям ўхшадинг. Жайра ўзининг чиройли найзалари билан эътиборни тортади. Эҳтиёт бўлмасанг, ўша найзасини санчади, худди сенга ўхшаб.

— Қачон сизга найзамни санчдим? — жаҳлдан қизараман.

— Ана, биринчиси тегди юрагимга…

Бу гапдан кейин заҳримни сочмасликка ҳаракат қиламан. Аламларим ичимда қолиб кетгани ўзимга АЛАМ!

Нордон олма! Бу лақабим ўзимга сал-пал ёқади. Чунки буни эрим ҳазил-ҳузул қилганда ишлатади:

— Мен ҳалиям ёш йигитдекман. Ростмана ўзимга қараб кўчага чиқсам, қизлар уйланмаган йигит деб ўйлайди. «Сразу» қарашади! — ўзича жаҳлимни чиқармоқчи, рашкимни келтирмоқчи бўлади.

Мен ҳам бўш келмайман:

— Менам ясаниб чиқай! Эрга текканимни билишса ҳам қарашади!

— Ўчир, Нордон олма! Кўриниши иштаҳани очадиган чиройли-ю, тишласанг, афтингни буриштирадиган қизил олмага ўхшайсан. Ҳазил қилиб ҳам бўлмайди.

Албатта булар шаҳзодамнинг энг яхши, «тўйга борадиган» қилиқлари.

Шаҳзодамга парвонаман…

Ҳа, рост. Парвона бўлмаганимга ҳам қўймайди. Бу эрта тонгдан бошланади:

— Пайпоқ бермайсанми? Қани пайпоғим?

Излаб юрмасин деб пайпоқларини атай ойнага яқин жойдаги ғаладонга жойлаб қўйганман. Ўн йилдирки, ўша ерда туради. Лекин ҳар тонг бир хил савол беради:

— Пайпоғим қаерда?

— Ўша ерда! Ўн йилдан буён турган жойида, — нонушта тайёрлаш билан бирга болаларни кийинтираётган жойимдан бақираман.

— Олиб бермайсанми?

У киши шундоқ эгилиб олса бўладиган пайпоқ учун мен ошхонаданми, болалар хонасиданми ҳаллослаб келаман:

— Мана, ҳар доимги жойида! Мен олиб бермасам, оёғингизга кийилмай қоладими?

Ортимга бурилишим билан яна савол беради:

— Анув йўл-йўл кўйлагимни бервор.

— Бошқасини кия қолинг. Уни юваман. Кеча болаларни ювинтиргандим, кир ювишгага улгурмадим.

— Ўшани киймоқчи эдим-да! Энди нима қиламан?

— Шкафда ўшандан бошқа яна саккизта кўйлак бор. Айнан тоғорада турганини кийишингиз керак, а?

— Заҳар! Шуни кийгим келди…

Асабларим репперчиларнинг беқилиқ рақидек ўйнаб кетса-да, «заҳар» деган сўзни тасдиқламасликка уринаман:

— Бугун ювиб, дазмоллаб қўяман. Мана бунисини кийиб туринг. Жуда ярашади сизга…

Бу ҳол ишдан кечга бориб бошқача кўринишда яна давом этади:

— Пультни узатвор! — диванга ёнбошлаб олиб буюради. Телевизорнинг пульти сал узанса қўли етадиган хонтахта устида. Мен болаларни ухлатаётган жойимдан ёки юваётган идиш-товоғимни ташлаб келиб, олиб беришим керак. Хуллас, ҳамма нарса «через» мен у кишининг қўлига тегиши шарт.

Булар ҳам майли, ўрганиб кетганман. Аммо Худо кўрсатмасин, касал бўлиб қолсами?

— Вой, ўлиб қоламан чоғи… Қара, иссиғим чиқаяпти. Аъзойи-баданим қақшаяпти. Уқалаб қўяй ҳам демайсан…

— Ҳозиргина уқаладим-ку! — шундоқ ҳам ёнидан жилмай кўнгил сўрайман. Кўнгли тусаган нарсани пишираман, дори ичириб қўяман, ўрантириб ётқизаман, иссиғини ўлчайман, ҳатто уколини ҳам ўзим қиламан. Барибир гап эшитаман:

— Сенга эр керакмас! Ўлиб қолсам ҳам ишинг йўқ. Мазам бўлмай кетаяпти, ахир…

Шуни билганим учун ҳам кечаю кундуз дуодаман: «Аллоҳим эримни ўз паноҳингда асра, касал қилма!»

Футбол — менинг кайфиятим ноль!

Энг менга ёқмайдиган жиҳат бу. Кунора кечки овқатдан сўнг жанобимиз футбол ўйнагани боради:

— Кийимларимни тайёрладингми? Ҳеч нарсам қолиб кетмадими? Машинага жойлаб тур, ҳозир ўзим тушаман.

— Ўзингиз олиб тушиб кетсангиз бўлмайди-да, а?

— Шундоғам бекорчиликдан ёнимда ичингда қарғаб турибсан-ку! Ҳарна овунасан-да! Бор, бор…

Ҳа, шу футболни чиқарганни қарғайман ростдан. Чунки футбол ўйнаш текин эмас-да! Стадион учун беш минг сўм тўлаб (бу энг арзони эмиш) ўйнагани етмагандек, оппоқ формани расво қилиб келади. Кечки соат ўн бирми, ўн иккими, иши йўқ. Дарров буюради:

— Мана, ҳозироқ ювиб қўй. Кейинги ўйинга кийимсиз қолмай.

Форма ўлгурни ювиб, бир аҳволда ухлагани кираман:

— Хотинжон, савоб иш қилгинг келмаяптими?

— Қуриб кетсин шу савоб иш ҳам. Ошиб-тошиб кетди савобларим… — жиғибийроним чиқиб, оёғини уқалашга тушаман. Эримнинг айтишича, бу — энг савобли ишмиш…

Айтганча, яна бир гап. Ҳар доим эрим футбол ўйнайдиган куни телевизордан футбол бериб қолмасин-да, деб тураман. Чунки ўша куни менга энг оғир кун бўлади:

— Бугун футбол бор. Мен ўйиндан чиқиб, етиб келишга ҳаракат қиламан. Лекин сен ҳушёр бўл. Келгунимча телевизорни ёқиб, ўша канални топиб тур. Агар бошланиб кетса, яхшилаб кузат. Ким нима қилганини айтиб берасан.

Дунёда ким кўп, футболчи кўп. Мен қай бирини таний? Ким ҳужум уюштирди, ким ҳимоя қилди? Қайси дарвозабон қайтариб қолди? Буларни билиш мен учун янги фанни ўзлаштиргандек гап. Аммо айтиб беролмасам, бошим балога қолади. Охири йўлини топдим. Қўлимга дафтар, ручка олиб, ёзиб бораман: «оқ кийимдаги команданинг 8-рақамли ўйинчиси гол урмоқчи бўлди. Кўк кийимдагилардан 12-рақамлиси қайтарди…»

Ҳаллослаб югуриб келган эримга шартта тутқазаман:

— Мана, ҳаммаси ёзилган, ўқиб олинг!

Олий ҳазратлари овқат пиширмоқчи!

Ҳа, шунақаси ҳам бўлади! Ора-сира ёримиз бизга ширин таом пишириб беришни ихтиёр қилиб қолади:

— Сизларга бугун ўзим би-и-и-р чойхона палов пишириб берай… Тур, хотин, сабзиларни тайёрла… Менга гўштни бер.

У киши ҳафсала билан гўшт тўғрашга тушади. (Эсиз, шунча гўштни мен уч кун ишлатардим). Эрим ошга гўштни майда тўғраб солади. Майдаланган гўшт бўлакларининг «размер»ини бир хил қилиб берили-и-и-б тўғрагунча мен сабзи ва пиёзни тайёр қилиб, ёғни ҳам қиздираман.

— Ҳей, қаёққа кетдинг? Тур шу ерда. Менга гўштни узат… Энди пиёзни бер… Айтганча, гуручни ивитдингми? Қаерга кетдинг, эй! Сабзини узатиб кет!

Хуллас, у киши фақат қўлидаги капгирни ишлатиб туради холос. Қолганини менга буюради:

— Туз билан зира солгин. Зирани кўпроқ сол. Тузни ўзинг биласан. «Норма»си ёд бўлиб кетган-ку сенга. Энди пича қайнасин. Унгача сен салат тайёрла. Ошга мос бўлсин. — Сал ўтмай телевизорга термулган кўйи яна менга буюради: — Тур, қара-чи, зирвак тайёр бўлай дебдими? Тайёр бўлса, гуручни солиб тур, бораман ҳозир.

— Дадаси, сувини ҳам солдим. Келасизми?

— Боришим шартми? Сувини ўзи тортади…

Гуруч сувини тортиб, дамга тайёр бўлганда ҳазрати олийлари қўлига капгирни олади:

— Ҳидини қара! Ошмисан, ош бўлаяпти! Манна, ҳозир гуручни текислаб, йигирма дақиқа дам едирсам, тайёр-да! Салатингни тайёр қилдингми сен? Мен ошни пиширгунимча ҳам битта салатга улгурмадингми?

— Улгурдим, дадажониси, бу сафар улгурдим, — дейман пичинг аралаш.

Рашкда Отеллонинг отаси!

Жуфти ҳалолимиз рашқ борасида Отеллони ортда қолдиргани учун ҳам шундай атайман. Ишонасизми, бир кунда олти-етти мартагача қўнғироқ қилади. Бир хил савол:

— Қаердасан? Нима қилаяпсан?

Мен ҳам бир хил жавоб бераман:

— Ишхонадаман, ишлаяпман.

— «Чота», атрофинг жим-жит. Бошқа жойда эмасмисан?

Минг шукрки, ишхонадагилар ҳам бизни жуда яхши билишади. Чунки тўйимиздан олдин ёрижоним келиб, ҳамма билан танишиб кетган. Шунинг учун баралла дейман:

— Одамлар, овоз берворинглар!

— Хотинингиз ишхонада, ишлаяпти. Биз ҳам шу ердамииииз… — ишхонадагилар овоз беришади.

Бирор жой тугул, ҳатто, онамникига ҳам ўзим бориб келолмайман.

— Нима қиласан? Ўзим олиб бориб келаман! — Ҳар доим шу гапни эшитаман. Аммо бўш келгим келмайди. Сериаллардаги гапни айтиб, атай жиғига тегаман:

— Ҳимматингизнинг чеки йўқ, ҳазрати олийлари! — Афсуски бу таъсир қилмайди. Барибир кути-и-иб ўтираман, қачон вақти бўлади, қачон олиб боради деб.

Бир мартагина ўзим онамникига боришимга тўғри келди. Ноиложликдан рози бўлганди. Лекин уйдан чиқишим билан қўнғироқ қилишни бошлади.

— Машинага ўтирсам қўнғироқ қиламан, — тинчлантирдим. Айтганимдек, йўлга тушганимиз заҳоти огоҳлантирдим. Дарров «тергов» бошланди:

— Сен машинанинг қаерида ўтирибсан? Нечта аёл, нечта эркак бор машинада? Сенинг ёнингдаги аёл неча ёшда? Эркаклар-чи?

Хуллас, гапим оҳангидан, маъносидан нима бўлаётганини англаган ёнимдаги онахон кулиб юборди-ю, телефонимни тортиб олди:

— Ўғлим, хотиржам бўлинг. Мен олтмиш тўрт ёшдаман. Хотинингиз ёнгинамда ўтирибди. Ўзим кўз-қулоқман, — бу гапдан кейин бутун машинада кулги кўтарилди.

Хуллас, унинг ихтиёрисиз бир қадам ортиқча юра олмайман ҳам. Бировга айтсам ишонмайди. Булар ҳали ҳолваси. Яна айтардим-у, саҳифаларингизга сиғмайди. Балки, келаси сафар айтарман. Лекин, очиғи, ўн йил ичида ўзим ҳам унинг шу қилиқларига ўрганиб қолганман. Рашк қилмаса, сўроқламаса, лақаб қўймаса, инжиқлик қилмаса, унинг эътиборидан қолгандек хавотирга тушаман. Борига шукр, нима дедингиз? Ўзи феълим шунақа. Бир гапни айтаман-у, кейин пушаймон бўламан. Мана, сизга дардимни «ёрдим»-у, энди ўйланиб қолдим. Тағин бу гапларимни шаҳзодамга айтиб қўйманг! Янги лақаб орттириб олмай…

Шаҳзоданинг МАЛИКАси

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка