Таснифлаймиз: улар жуда хилма-хил, аммо…


Биз аёллар баъзан «Эркакларнинг ҳаммаси бир гўр» деганимизда, тан олиш лозим, анчагина муболаға қиламиз. Албатта, беайб парвардигор, деганларидек, эркаклар ҳам қусурдан холи эмаслар. Аммо биз уларнинг камчиликларини, нозик томонларини биламиз, ўрни келганда уларни эл кўзидан яширамиз, ўрни келганда эса усталик билан фойдаланишни ҳам эплаймиз. Ҳа, эркаклар аслида жуда хилма-хил. Аммо тақдир бизга қандай эркакни раво кўрган? У билан қай тарзда муроса қилса бўлади? Қуйида ана шу саволларга жавоб топасиз.

Спортчи

Бу тур ўз ичида кичик гуруҳларга бўлинади: пассив, фаол ва профессионал. Пассив спортчи эркак учун мавзунинг ўзи муҳим: у спорт телеканалини томоша қилади, шу мавзудаги нашрларни ўқийди, кийинишда ҳам спорт услубини маъқул кўради. Агар булардан бирортасига қаршилик кўрсатсангиз, жиззакилиги тутиб кетади. Аммо энг кўп муаммо келтирадигани – фаол спортчи эркак. У бўш вақтини спорт машғулотларига бағишлайди. Профессионал спортчи эркак бунинг учун пул олади, фақат шугина унинг аёлини овутиши мумкин.

Энг муносиб аёл – моделларга хос ташқи кўринишга эга аёл. Спортчилар ўз мушакларини, кучларини, қоматларини ва бошқа ўзларига тегишли нарсаларни кўз-кўз қилишни ёқтиришади. Шунингдек, бундай эркак ва аёлни бирлаштириб турувчи умумий жиҳат ҳам бор – уларнинг ҳар иккиси ўз қоматларини севишади ва ардоқлашади. Эркак спортзалга йўл олса, аёл гўзаллик салони томон чопади. Шу тарзда вақтларини яхши ўтказиб яшайверишади.

Агар эрингиз шундай бўлса, у билан яшаш жуда оддий. Чунки спортчилар оддий одамлардир. Эрингизнинг қизиқишларига ҳурмат билан қаранг, аммо сизга беэътибор бўлишига йўл қўйманг. Спорт, албатта, катта куч. Аммо бу кучни ҳам жиловласа бўлади. Сиз қанчалик нозик, латофатли ва доно бўлсангиз, бундай эркак билан тил топиб яшашингиз шунчалик осон кечади.

 

Ташаббускор

Мазкур турга хос эркак ташаббус кўрсатишдан, юксак ғояларни олға суришдан завқ олади. Лекин айнан битта ғоя бўлиши ҳам шарт эмас. Олайлик, танишганингизда у ёшлар ташкилотининг фаоли эди, кейин аллақандай ҳаракатга аъзо бўлди, сўнг эса партияга кирди. Уни ташқаридан кузатиб юрганлар бундай эркак билан яшайдиган аёлга хавас қилишлари мумкин. Чунки бундай эркакларнинг одамни ўзига маҳлиё эта олади.

Энг муносиб аёл – эргашувчан, итоаткор аёлдир. Унинг ўз қизиқишлари, жиддий машғулоти бўлмагани маъқул. Шундагина жон-жон деб эрининг қизиқишларига шерик бўлиб, уни қўллаб-қувватлай олади. Фақат билиб қўйинг, турли ғоялар ва ҳаракатлар кетидан югуриш моддий фойда келтирадиган машғулот эмас. Шунинг учун бу турга мансуб эркакнинг аёли турмуш ташвишларини елкага олиши ва умр йўлдошининг келажагига улкан ишонч билан қараши керак.

Агар эрингиз шундай бўлса, ҳамиша унинг ёнида бўлишингиз керак. Эрингизнинг бир ғоядан иккинчисига сакраб туришига кўникишингиз ва ҳеч қачон норозилигингизни ошкор этмаслигингиз лозим. Акс ҳолда у ўзига қизиқиш билан талпиниб турган бошқа бир аёлга юз буриши мумкин. Бундан ташқари, синган жўмрак дейсизми ёки бузилган дазмол – буларнинг барини ўзингиз тузатасиз. Чунки бундай майда-чуйдалар юксак ғояларга халақит беради.

 

Ошиғи олчи

Унинг иши тез ривожланиб, мансаб пиллапояларидан жадал юқориламоқда. Характери эса борган сари инжиқ ва қайсар бўлиб бораяпти. Қарама-қарши жинс билан муносабатда муваффақиятли эркаклар кўпинча чегарадан чиқишлари мумкин, аммо кейин рафиқаларидан кечиримни сўраб эмас, сотиб оладилар.

Энг муносиб аёл – ўзига қаттиқ ишонган ва юқори баҳо берадиган аёл. Эрининг муваффақияти уни чўчитмаслиги керак. Чунки турмуш ўртоғининг муваффақияти – унинг хизматлари эвазига келган.

Агар эрингиз шундай бўлса, уни оддий инсонлар, содда муносабатлар муҳитига тортинг. Дўстлар билан учрашиб туриш, ота-она ва бошқа қадрдонларникига меҳмонга бориш, табиат қўйнида дам олиш – хуллас, муваффақиятли эркакни ишдан бери келмайдиган одамга айланиб қолишидан асровчи тадбирлар кўп. Уларни ишга солиш керак. Ва ҳеч қачон, ҳатто жанжаллашаётганингизда ҳам, унинг қачонлардир қашшоқ ва хокисор бўлганини эслата кўрманг.

 

Уйим-жойим дейдиган

Бундай эркак учун оила ҳамиша биринчи ўринда туради. У рўзғор икир-чикирларини яхши билади. Ота-оналар мажлисига ҳам, ЖЭКдаги йиғилишга ҳам ўзи боради, ўз ихтиёри билан қариндошларига (ҳатто хотинининг қариндошларига ҳам) ёрдам беради, маиший муаммоларнинг ҳамммасини бекаму кўст ҳал қилади ва ҳеч қачон хотинига хиёнат қилмайди. Бир сўз билан айтганда, яхши эр. Фақат сизни бир оз зериктириб қўйишини айтмаса...

Энг муносиб аёл – раҳбар аёл. Бу аёл мактабда директор бўладими ёки тикув цехининг бошлиғи – аҳамияти йўқ. Асосийси, оилада эр ҳам, хотин ҳам нима учун айнан шу вазифаларни зиммасига олгани кундек равшан бўлади. Натижада, бутунлай уйғунлик ва хотиржамлик ҳукм суради. Яъни эркак рўзғор ишлари билан шуғулланади, аёл эса унга халақит бермайди.

Агар эрингиз шундай бўлса, уларга содиқ, вафоли ёр бўлинг. У аёлидаги бошқа ҳар қандай камчиликни кечириб кетиши мумкин, аммо хиёнатни ҳеч қачон кечирмайди. Яхшиси, бу эркак билан ҳаётни қизиқарлироқ ўтказиш ташаббусини сиз ўз қўлингизга олинг. Унга бирор хобби топиб беринг, икковингиз учун кечлик овқат ёки тоғ бағрига саёҳат ташкил қилинг. Хуллас, уни рўзғор ташвишларидан чалғитинг.

Романтик

Аввалгисига буткул қарама-қарши тур. Гап десанг – қоп-қоп, аммо иш картошка сотиб олишга келганда, катта муаммо юзага чиқиши тайин. Чўнтагидаги охирги пулига гулдаста сотиб олиши мумкин. Уйда ейишга нон ҳам қолмагани билан иши йўқ. Бордию буни билдириб, олиб келган гулдастасини оёғи остига улоқтирсангиз (ҳаётда кўпинча шундай бўлади) – у қаттиқ азобланиб, мени тушунишмади, дея тушкунликка тушади. Аммо кейинги сафар яна худди шундай йўл тутади. Чунки унга чиройли хатти-ҳаракатлар қилиш ва азобланиш ёқади. Унинг аёли бир вақтнинг ўзида ҳам бахтиёр, ҳам бахтсиз бўлиши мумкин. Бир томондан, ҳеч бир дугонасига эри бундай чиройли ва романтик тарзда севги изҳор қилмаган. Бошқа томондан эса унинг эри худди ойдан тушганга ўхшайди. Балки яна бошқа бировларга ҳам шеър бағишлаб, севги изҳор қилиб юрган бўлса-чи? Афсуски, шундай бўлиши ҳам мумкин. Чунки романтик эркакка ҳамиша янги-янги туйғулар керак. Аммо унинг бир умрлик илҳом парисига айланиш истиқболи ҳам мавжуд.

Энг муносиб аёл – табиатида эркакларга хос нимадир бўлган аёл. Яъни романтик изҳорларга нисбатан совуққон ва реал ҳаётий муаммоларни ҳал этишга қодир аёлгина бундай эрни эр қила олади. Эри истаганича азобланиши мумкин, аммо бутунлай ўзини еб битирмаслиги учун вақти-вақти билан ўринли бир латифа айтиб, унинг кайфиятини кўтариб қўя олади.

Агар эрингиз шундай бўлса, вақти-вақти билан унга нисбатан совуққонлигингиз ва бефарқлигингизни намойиш этиб туришингиз керак. Шунингдек, баъзида шеърият, муҳаббат, туйғулар ҳақидаги ҳавойи гаплар билан унга ўзингизнинг романтикадан йироқ «темир хотин» эмаслигингизни билдириб туриш талаб қилинади.

 

«Келишган»

Бу таъриф эмас, кўнгилнинг ҳолатидир. Бу турга мансуб эркаклар, одатда, аёллар кўп хонадонда тарбия топган бўлишади. Бундай эркакни онаси, бувиси, опалари қўлларида папалаб ўстиришган ва институтнинг учинчи курсига ўтса ҳам, «оппоғим», «қўзичоғим» дея эркалашган. Аёллар бундай эркакларни яхши кўришади, чунки у мулойим, меҳрибон, фаросатли, ҳар доим қиммат атирга чўмилиб, озода ва тартибли кийиниб юради. Улар, одатда, содда, одми, кўримсиз аёлларга уйланадилар. Рафиқаларини ташлаб кетмайдилар, аммо хуфёна алоқалар ва енгил ишқий саргузаштлар билан умр йўлдошининг асабларини қақшатиб юборишлари турган гап.

Энг муносиб аёл – хатти-ҳаракатлари кайфиятига қараб ўзгариб турадиган беқарор ва шўх аёл. Бундай аёл эрини бугун оқ ювиб, оқ тараса, эртага шундай қаҳрли нигоҳ билан боқиши мумкинки, эрининг бутун бадани жимирлаб кетади. Бир сўз билан айтганда, у турмуш ўртоғини бир зумга бўлсин хотиржам бўлишига йўл қўймайди.

Агар эрингиз шундай бўлса, фақат ўзингизни ўйлаб яшанг. Имкон борича қимматбаҳо ички кийимлар, либослар ва тақинчоқлар билан ўзингизни сийланг. Эрингиз сизнинг арзонгаров нарсаларга учмаслигингиз, фақат тоза ва асл либосларни кийишингизга кўниксин ва вақти-вақти билан шундай совғалар қилиб турсин. Уни шунга рағбатлантириб, ундаб туринг. Шундагина оиладан ташқарида алоқалар боғлашга вақти ҳам, пули ҳам қолмайди. Топганини сиздек бетакрор, жозибадор ва танноз аёлга аранг етказгани учун шукр қилиб яшайди.

Сермуҳаббат

У қарама-қарши жинс вакилида кучли таассурот уйғотиш учун баланд қоядан сакрашга ҳам тайёр туради. Аёлларни танлаб ўтирмайди: унга барча аёллар ёқади. Унинг бу хусусияти кўзга яққол ташланиб туради. Шу сабабли ҳам бундай эркакка турмушга чиқишдан қизлар қўрқишади. Бекор қилишади. Чунки сермуҳаббат эркакдан яхши эр ва ота чиқади. Уйланганч, улар оила, муҳаббат ва ҳавас тушунчалари орасига қатъий чегара қўя олишади. Бошқа аёллар билан муносабатларини тўхтатмасалар-да, оилавий ҳаётга жиддий таъсир қиладиган алоқаларни бошламайдилар. Баъзида бундай эркакнинг хуштори борлиги ҳақида бутун шаҳар билса-да, рафиқаси бехабар яшайвериши мумкин.

Энг муносиб аёл – эркаклардан таниш-билиш ва дўстлари кўп аёл. Чунки фақат шундай аёлгина эркакнинг табиатини тўғри тушуниб, унинг вақти-вақти билан оиладан ташқарида юзага келадиган ишқий муносабатларини тўғри қабул қила олиши ва кечириши мумкин. Агар эр ҳаддидан ошса, жиловини тортиб қўйиш ҳам қўлидан келади.

Агар эрингиз шундай бўлса, уни борича қабул қилиш керак. Унинг аёлларга ўчлиги сизни саросимага солмаслигини сездириб қўйинг. Аёлдаги ўзига ишонч бундай эркакларни сергак торттириб, кўнглига ғулғула солади. Шундагина умр йўлдошига эътибор қаратади. Вақт ўтиб, ёши катталашгач, босилади ва оиласига қаттиқ боғланиб қолади. Характеридаги қувноқлик ва жўшқинлик сақланиб қолади, аёлларга қизиқиш эса фақат оғизда бўлиб, амалга кўчмайди.

 ШАҲИНА

 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка