Турмуш ўртоғимни онам танлаган

Ажрашиб кетаётган кўплаб оилаларни кўриб, «ёшлик қилиб қўйибди», дея ачинамиз. Ёшлар «ёшлик» қилиб қўймаслиги учун ота-оналаримиз тажрибасига таяниш тўғрироқ бўлармиди? Чунки улар ҳарҳолда кўпни кўрган. Бугунги қаҳрамонларимиз айнан оналарининг талабига биноан турмуш қуришган. Улар бундан хафами ёки аксинча?

 «Онамдан қўрқиб рози бўлганман»

Нигора Солиҳова, 21 ёш, талаба

Уйимизга совчилар келганида, қариндошимиз ўртада турган. Дадам хорижга ишлагани кетган эди. Совчилар онамга маъқул келди шекилли, очиқ чеҳра билан кутиб олди. «Эртага учрашувга чиқасан» деб масалани кўндаланг қўйганида, қарори қатъийлигини тушундим. Ўзимнинг ҳам қизиқишим устун келиб, учрашувга чиқишга рози бўлдим. Учрашувда уялиб, йигитга қарамаганим етмагандай, у ҳам менга ҳадеганда гапиравермасди.

Айтган биргина гапи эсимда: «Туфлингиз ўзингизникими?» Уятдан қизариб кетдим. Эгнимдаги кийимларим ва баланд пошнали туфлим катта опамники эканлигини қаёқдан била қопти? Бу хилдаги пойабзални кийишга ўрганмаганим сабаб оёқларим айтганимни қилмай тойиб кетаверар, учрашувда ўзимни жуда ноқулай сезардим.

Уйга келибоқ қўлимдаги сумкачамни ерга отиб, онамга жаҳл қилдим: «Унга тегмайман, ёш болага ўхшайди! Керак бўлса ўзингиз тегаверинг!»

Уйга йиғлаб кириб кетдим. Кейин эса онамнинг телефонда бўлажак қудалари билан гаплашаётгани қулоғимга чалинди. Онам: «Қизимни қўя туринг, бола бўлса, нимани ҳам биларди? Ўғлингиз нима деяптилар?» - деди. Бу сўзларни эшитиб даҳшатга тушдим. Отамнинг энг эрка қизлари бўлганим учун улар йироқда эканликлари, қалбимда тўғён ураётган ҳисларимга ҳеч ким қулоқ солмаслиги кайфиятимни бузди. Йигит мен билан янгаларсиз учрашиш истагини билдирди. Иккинчи учрашувда бемалол гаплашиб, турли саволлар билан мурожаат қила бошлади. Унинг келажак ҳақидаги орзу-истаклари мени бир оз юмшатди. Аммо барибир розилик бериш ниятим йўқ эди. Хориждан қўнғироқ қилган дадам: «Нигоранинг ўзи нима деяпти?» - деб сўради. Онам эса тап тортмай: «У рози дадаси!» - деди. Ўз оғзимдан шу сўзларни эшитиб хотиржам тортишни истаган отам мени чақиришни буюрди. Кўзларимдан дур-дур ёш оқса-да, рўпарамда муштини дўлайтириб турган онамдан қўрққанимдан отамга ҳеч нима демадим. Икки опам ҳам севиб турмуш қурганлари учун етти ёт бегона жойга турмушга чиқиш мени хавотирга солар эди.

Тўй куни белгиланди. Тўйимда дадамнинг қатнашмагани оқ фотиҳа берар чоғида роса билинди. Янги уйда анча вақтгача ўзимни бегона жойга тушиб қолгандек ҳис этардим. Турмуш ўртоғим эса иложи борича кўнглимни кўтарар, уйдагиларнинг феъл-атвори ҳақида гапириб йўл кўрсатар эди. Кейин ўғлимиз Камронбек туғилиб, икки ёшга тўлди. Турмуш ўртоғим ва ойижоним ваъда беришганидек мени ўқита бошлашди. Ҳозир ортимга ўгирилиб, онам тақдиримни ҳал қилишда узоқни кўра олганларига тан бераман. Онамнинг гапига кирмаганимда бугунгидек бахтиёр бўла олмасмидим.

 

«Кўп тергайдиган келин»Элдор

Элдор Расулов, 33 ёш, ҳайдовчи.

«Уйланасан» деб онам масалани кўндаланг қўйганида, баҳоналарим ўтмаслигини англаб, танлаган қизини кўргани рози бўлдим. Учрашувдан сўнг уйланишга розилик билдирдим. Қиз менга нисбатан жуссаси кичик ва ёқимтойгина экан. Тўйдан аввал ҳаммаси яхши эди-ю… Турмуш ўртоғим кичкина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни деганлардан экан. Йигитчилик, баъзан дўстларим билан кечгача ушланиб қолардим. Шунда рашкчи келинчак сим қоқавериб, хуноб қиларди. Онам, кейин эса дадам қўнғироқ қилганида уйга қайтишга мажбур бўлардим. Мазза қилиб дам олаётган бўйдоқ дўстларимга қараб бўйнимни тайёр сиртмоққа тиққанимга роса аламим қўзирди. Уйга кирганимда ота-онамдан эшитган даккиларимга жавобан: «Келинни ўзингиз танлагансиз-да, ёнини олиб мени тергайверасиз», деб гап қайтарганларим эсимда. Аммо бунинг ижобий томонлари ҳам бўларкан. Келин танлашда онам фақат ва фақат олий маълумотлиси бўлсин, деб қидирганди. Аёлим шифокорликка ўқиб чиқишида онамнинг ҳам меҳнати катта. Янги туққан вақтда ҳам ўқишга қатнашга мажбурлиги учун онам қизалоғимизни олиб қолардилар. Кейинчалик самарасини кўриш насиб этди. Баъзида иссиқ жон-да, онам бетобланиб қолса, хотиним турли мутахассислар кўригига олиб бориб, даволашни канда қилмайди. Шундай пайтда вақт орқага қайтса яна шу қизга уйланармидим, деб хаёл сураман. Албатта, уйланардим. Мен ёлғиз ўғил бўлганлигим учун келинни аввало ота-онамнинг дидига қараб танлаганман. Эркак киши кўчаники. Аёллар эса кўп вақт бирга. Албатта, муроса қилишга тўғри келади. Фикрим нақадар тўғрилигига бугунги кунга келиб ишонч ҳосил қилдим. Севиб турмуш қурмаганимиз учун бир-биримизнинг феълимизга кўникишимизга анча вақт кетди. Лекин ота-она узоқни кўзлар экан. Бугунги турмушимизда жуда бахтлимиз.

 

«Кумушбиби шартномага қўл қўйди»

Шуҳрат Қаюмов, 42 ёш, хонанда.

Шухрат ҚаюмовОнам совчиликка бораётиб мўлжалимда биров бор-йўқлигини сўраганида бир эмас, нақ етти қизнинг манзилини берганман. Мўлжаллаган қизларимнинг ичида машҳур санъаткорга айланиб кетганлари ҳам бор. Бугунги кунда ҳам санъатни, ҳам оилани эплаётган бу аёлларни кўриб адашмаганлигимни тушунаман. Аммо тақдиримдаги қиз бошқа эди. Шунча совчиликка юриб, ҳеч ишлари битмаган онам узоқроқ қариндошимизнинг уйига меҳмонга боришни режалаштирган эдилар. Тақдир экан, эшикни очган қиз уларни бир кўришдаёқ мафтун қилиб қўйганди. Онажонимнинг кўзларига кўринган ҳурилиқо билан учрашиб, унга уйланишдан бош тортдим. «Унинг феъл-атворини билмайман-ку, қолаверса, ўқимишли, замонавий қиз керак деганимда, жавобан: «Бекор айтибсан! Йигит киши битта гапиради. Ахир ўзингмасми сизга ёққан қизни оламан деган?»-деб қайириб ташладилар. Гап шундаки, бўлажак рафиқам мен кунда кўрган қизлардан фарқли ўлароқ жуда содда ва беғубор эди. Юзида бирон-бир пардоз аломати йўқ, сочлари соддагина ўриб турмакланганди. Учрашувда ийманиб бир оғиз ҳам гаплашмагани учун гап-сўзимиз бир-биримизга мос тушармикин, деган хавотирда эдим. Маҳаллада дув-дув гап фильмидаги Марьям Ёқубова ўхшаб «Йигит киши хотиннинг яхши-ёмонлигини қаёқдан ҳам биларди?» қабилида гапирган онам айтганининг устидан чиқди. Иккинчи бор учрашгач, тўйга кўнглим чопмайгина рози бўлдим. Висол кечаси тўйхонага соддагина қизча ўрнига орзуимдаги Кумушбиби оппоқ либос кийиб кириб келганида кўзларимга ишонмадим. Рўпарамда турган малика ҳақиқатан ҳам ўшами ёки у эмасми, дея анча вақтгача тилим калимага келмаган. Шунда «қиз бола тўйгача пардозланмаса, келинлик либосида очилиб кетади» деган гапнинг нақадар рост эканлигига ишонч ҳосил қилганман. Унга муҳаббатим ошганлигига қарамай никоҳ кечасининг ўзидаёқ шарт қўйдим: «Бугундан эътиборан биз бир оиламиз, аммо шартларим бор. Кўнсангиз ҳаётимиз ширин бўлишига ваъда бераман. Энг аввало, оғзимдан чиққан гапларимга жавобан «хўп» дейсиз. Кейин онам ва менга ҳеч қачон гап қайтармайсиз. Бош айбдор мен бўлсам ҳеч тортинмай узр сўрайман. Турмушда ҳар хил вазият бўлиши мумкин. Мабодо бегона аёлга айланишиб қолганимни сезсангиз, жанжал кўтармай, шундай хотин бўлингки, ўзимнинг рафиқам аълороқ экан, дея оилам бағрига қайтай».

Шартларимга кўнган аёлимнинг шахсий фикри йўқ деб ўйламанг. У ҳам ўзига яраша жуда қайсар. Розилик билдирган рафиқам эркаклик ғуруримни ҳисобга олиб, оила бошлиғи эканлигимни тан олган эди, холос. Аёлимга ишончим шу қадар кучлики, ҳатто ҳар куни эрта билан унга: «Онамни сизга омонат топширяпман. Фарзанд сифатида уларни мен парваришлашим керак, аммо рўзғор аравасини аёл кишининг нозик гарданига қўйиш эркак кишига ярашмайди»,-деб илтимос қилиб кетаман. Аёлим онамни худди ўзиникидай ардоқлаши муҳаббатимни янада оширади.

 

«Тоғамнинг имтиҳонидан беш олган»Зилола

Зиёда Азизхўжаева, 21 ёш, ҳамшира

Қиз бола учрашувга ҳадеб чиқавериши оиламизда уят саналарди. Навбатдаги совчилар онам билан ишлайдиган йигитнинг дўстидан экан. Шунча жойга йўқ деб турган онам бу гал совчиларга мени кўрсатди. Бировнинг ичидаги оласини дарров пайқайдиган тоғам эса йигитни синашга енг шимардилар. Биринчи ўринда онам билан ишлайдиган дўстини топган. Кейин у билан биргаликда бўлажак турмуш ўртоғимнинг ишхонасига бориб, ўзини бутунлай бошқа одам кўрсатиб, гапга солган.

Турмуш ўртоғимни роса имтиҳон қилгач, онамга мақтаб келди. «Табиати оғир-босиқ экан, ўзи ҳам пишиққина, ишбилармонлиги кўриниб турибди», дегани эсимда.

Шундан сўнг учрашувга чиқишга розилик беришди. Учрашув келишилган жойга борсак, бизни интиқлик билан кутаётган куёв тараф яқинлашганимизни сезмади ҳатто. Айнан ўша пайтда қўлга тушган ўғрини ушлаб олганлар атрофида оломон тўпланибди. Уларнинг томошасига қизиқиб нима учун келишганини унутиб қўйгандек эдилар. Индамай ёнларига яқинлашганимиздагина бизни пайқашган.

Учрашувдан кейин онам кўнглимга қўл солди ва куёвни суриштира бошлашди. Турмуш ўртоғим ҳақидаги мақтовлардан кейингина кўнгиллари тўқ бўлиб, тўйга розилик берди. Куёвни синаган қариндошларимдан бугун миннатдорман. Ахир бир қизни тарбия қилиб вояга етказиш осон эмас. Уни узатишда адашиб қолмаслик учун шу ишни қилишган-да.

Нигора Солиҳова тайёрлади

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка