«Машина ҳайдайман дедимми, ҳайдайман!»

alt«Рулдаги аёл граната тутган маймунга ўхшайди, қачон нима қилишини билмай юрак ҳовучлаб турасан…» Бизнинг хўжайин ана шундай фикрлайдиган эркаклар билан якдил.  Камина эса неча марта алвон рангли автомобилни бошқариб кетаётганимни туш кўриб ва бу тушни тафсилотлар билан бойитган ҳолда эримга айтавериб чарчадим. «Йўқ дедимми, йўқ!» «Ҳайдайман дедимми, ҳайдайман…» Бу баҳснинг адоғи кўринмасди. Охири макрхалтамга қўл суқишга қарор қилдим…

Биринчи макр

Ҳамма яхши келинлар ва тадбирли (маккора демайман-ку ўзимни) аёллар сингари қайнонамни ишга солишни ўйладим. Маҳалламиздаги Салтанат келинойи қайнонамнинг яқин дугонаси ҳам энг ашаддий рақобатчиси (аёлларда буларнинг бири иккинчисига халақит бермайди). Шу Салтанат келинойига менинг синфдош дугонам Зулхумор тушган. Қайноналаримиздаги рақобатни биз ҳам юқтириб олганмиз. Унга эри қалин тилла занжир совға қилса, менга хўжайин олмос кўзли зирак олиб бермагунча тинчланолмайман. Эрларимиз ҳам ўртоқ, аммо негадир ҳеч рақобат қилишмайди. Фақат бир-бирларини қўллашади ва бизнинг ғийбатимизни қилишади, холос. Хуллас, шу Зулхумор эри қора «иномарка» олгандан бери мовийранг «Нексия»сини ҳайдаб, оромимни ўғирлаган. Қайнонамга бу хабарни етказганимда, бир чимрилиб «Аёл кишига машина минишга бало борми?» дея жеркиб берди. Кўп ўтмай Салтанат хола умра сафаридан қайтиб келди ва катта йиғин қилди. Тадбирга тўпланган бир уй аёлларга ўзини зиёратга олиб борган ва хотинига машина ҳадя этган ўғлини оғзидан бол томиб мақтабди. «Узоғимни яқин қилиб, қаерга десам оборяпти, ўғилларга ялиниб ўтирмайман, Худога шукр», – дебди. Қайнонам аллақачон ҳожи она бўлсалар-да, келинлари, яъни мен «уловсиз» эканимдан бир оз мулзамлашибди. Буни Зулхуморнинг онаси ойимга, ойим эса менга етказди. Темирни қизиғида босишга ўрганганман, қайнонамнинг юрагидаги ғашликни росмана аламга айлантиришни бошладим.

– Ойижон, Салтанат хола нега бунча катта гапиради-а? Зулхуморга бор-йўғи эски машинасини берган бўлса…

– Гапирманг, келинжон, менинг ўғлим истаса яп-янгисидан совға қилишгаям қурби етади.

– Ўғлингизга айтинг, ойижон. Бир совға қилсинлар. Катта йўлга ҳайдаб чиқмасам ҳам, шуларнинг эшиги ёнида сизни у ёқдан бу ёққа «катайса» қилдириб, кўзини куйдирай.

Қайнонам эримга бу ҳақда айтди. Бир эмас, бир неча марта. Аммо мен кутган натижа бўлмади. Эрим янги машина олиб бериш у ёқда турсин, ўзи миниб турганини ҳам бермади. «Онагинам, керак бўлса ҳайдовчи ёллаб ўзингизга машина олиб бераман. Лекин бу келинингизни рулга ўтқазиб бўлмайди. Орқани кўрсатадиган ойнадан фақат пардоз учун фойдаланса, ўнг билан чапнинг фарқига бормаса, кўйлагимни ғижим қилади деб хавфсизлик камарини тақмаса… Қўйинглар, менга тинчлик керак».

Иккинчи макр

Бу эркакларга ҳайронман. Нега ҳаммани нарсадан ўзларича хулоса чиқаришади-я. Биз аёлларнинг ҳам ақлимиз, ўзимизга яраша мантиғимиз бор. Масалан, йўлнинг энг чап бўлагида кета туриб бирданига ўнгга қайрилмоқчи бўлармишмиз. Ёқиғ қолган дазмолни тез бориб ўчириш керак бўлиб турганда, ўнг томонми чап томон деб ўтирадими? Орқага юришни билмасмишмиз. Биз биламиз, бироқ орқада турганлар вақтида қочиб қолишни билишмайди-да. Ҳе йўқ-бе йўқ йўлнинг ўртасида машинани тўхтатиб қўярмишмиз. Энг сўнгги янгилик билан дугонамиз қўнғироқ қилиб қолса, рул бошқараётиб телефонда гаплашмаслик учун тўхтаймиз-да. Акс ҳолда хаёлимизни бир жойга жамлай олмай ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солишимиз мумкин.

Хуллас, шунча ақлли бўла туриб биттагина эрни йўлга сололмаётганим алам қиларди. Худонинг ўзи ишимни ўнглаб юборди. Эрим масъул лавозимга тайинланди ва унга хизмат машинаси беришди. Кун бўйи ишда, уйда бозор-ўчар, болаларнинг мактабию тўгараклари, қайнонамнинг борди-келдиси учун улов жуда зарур эди. Таксида қатнайверинглар деган эрим бир ойда анчагина пул йўлкирага кетганини кўриб тутақди (албатта, йўлкира харажатларини «салгина» кўпайтириб айтгандим). Мен фурсатни бой бермадим.

– Адажониси, машинани ўзим ҳайдай. Қанча маблағ тежаларди, ахир.

– Нима? Маблағ тежалади?! Икки кунда машинани пачоқ қилиб, ўзингиз омон қолганингизга шукрона айтиб, уни металлоломга топшириб келаманми? Керакмас, тежамай қўяқол маблағимни. Тинч ўтир!

Эрим шофёр ёллайдиган бўлди. Мен яна бармоғимни тишлаб қолавердим.

Учинчи макр

Ҳайдасам ҳам ҳайдайман, ҳайдамасам ҳам! Шунақа жаҳд билан янги бир режани тузиб амалга ошира бошладим.

Биринчи ҳайдовчи ёшгина бола экан. Тезликни меъёрдан салгина оширганди, мен ҳам салгина қўшиб-чатиб эримга чақдиму думини тугдим. Иккинчиси катта ёшли, тажрибали одам эди. Машинани ҳам яхши бошқарарди. Бир марта йўлда сўкиниб юборди. «Оғзи шалоқ, болаларга ёмон ибрат кўрсатяпти» деган баҳона билан бир ойдан кейин у ҳам бўшатилди. Учинчиси ўрта ёшлардаги эркак, аёлларга суяги йўқлиги яққол сезилиб турарди (нега эркаклар, жумладан, эрим ҳам, буни пайқамайди, ҳайронман). Бир-икки марта машинага чиқаётганимда тирсагимдан тутди. Буни қизим дадасига чақиб берди. Хуллас, у менинг иштирокимсиз даф бўлди. Кейингиси профессионал шофёр эди. Тарбияси ҳам жойида. Ҳеч айб тополмайман десангиз. Ишини билиб-билиб қилади, ҳечам кеч қолмайди. Бир-икки марта атайдан болаларим билан вақтлироқ жуфтакни ростлаб уни интизомсизга чиқармоқчи бўлувдим, тонг саҳарлаб эшигимиз тагига келиб оладиган одат чиқарди. Ниҳоят, уни ҳам тумшуғидан илинтирдим. Хотини рашкчи экан. Кунда юз маротаба қўнғироқ қилиб, қаерда ким билан, нима қилаётганини сўрайверарди. Шу аёл билан яқинроқ танишиш баҳонасида уйга чақириб, меҳмон қилдим ва эрини оғзимдан бол томиб мақтадим. «Дилшод акамлар (шофёрнинг номи шунақа) жуда ажойиб инсон, ҳақиқий эркак. Бунақалар кам топилади. Қанийди, менинг эрим ҳам у кишига ўхшаса, жон дердим» каби гапларимдан сўнг буниси ўз хоҳиши билан ишдан бўшаб кетди.

Эримнинг боши қотганди. Кундузи қайнонам, кечаси мен қулоғини еявердик. Охири у таслим бўлди. «Ана, ҳайдасанг ҳайдай қол. Машинанинг бирон ери тилинса ёки қоидани бузиб «ГАИ»га тушсанг, болаларни мактабга трамвайда оборасан», – деб калитни берди. Ўша куни қайнонам иккимиз ғалабамизни нишонлаб қўлбола палов дамладик.

Ишкал ва сўнгги макр

Аввалига машина ҳайдаш бир оз эсимдан чиққани сезилди. Кейин анчагина унутганим маълум бўла бошлади. Рулга ўтиришдан қўрқа бошладим. Ортга йўл йўқ эди. Энди қайнонам ҳам мени қувватламаслиги тайин.

Бир-икки кун укам келиб машина ҳайдашни ўргатди (яъни эслатди). Анча қўлим келишиб қолди ва болаларни амаллаб мактабдан олиб кела бошладим. Лекин бир куни йўлакка опкираётиб дарвозага бир четини уриб олдим. Яхшиям, ҳеч ким кўрмади. Устини мато билан ёпиб қўйдим. Эртага уста бирпасда тўғирлаб беради дедим. Эртасига уста «ГАИ»дан справка опкелмагунингча тўғрилай олмайман деб туриб олди. Бошқаси ҳам шуни такрорлади, учинчиси ҳам… Эримнинг номидаги машинани унга билдирмай «ГАИ»га олиб боролмасдим, албатта. Аммо бу туришда сирим тез орада очилиб, не ҳасратда эришган автомобилимдан жудо бўлиб қолишим аниқ эди. Яна макрни ишга солишга тўғри келди.

– Қизим, кел, сени машинанинг олдида суратга тушираман.

У жон деб рози бўлди. Телефон фотокамераси олдида ўзини минг оҳангга солиб турган олти яшар қизалоғимга бирданига «қоч!» дедиму қўлимдаги тошни устига чехол ёпилган машинанинг айнан пачақ бўлган жойига қарата отдим. Қизим озгина қўрқди, бу ёқдан қайнонам нима гап деб югуриб чиқди.

– Вой, ойижон, Худо бир асради. Энди Наргизани суратга оламан деб турсам, шундоқ копотнинг устига бир чаён ўрмалаб чиқаётганига кўзим тушиб қолди. Жонҳолатда тошни отибман, қаранг. Машина пачоқ бўлиб қолди, ўғлингизга нима дейман?

– Жон омон бўлсин, мол топилади. Болагинамга тегмабди-ку газанда! Ўғлимга ўзим тушунтираман.

Эрим онаси ва қизининг гапини тинглаб, машинанинг пачоқ бўлган жойини текшириб кўрди. Очиғи, ишонқирамай турганини сезардим. Аниқ далили йўқлиги учун индамай эртасига уловимизни ўзи тузатиб келди.

Мен эса бўлиб ўтганлардан хулоса чиқариб, рулда диққатимни жамлаб ўтиришга, қоидаларга риоя этиб юришга ўргандим. Мана, етти йилдирки бирон қоидабузарликка йўл қўйганим йўқ.

ШАҲИНА

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка