«Турмуш ўртоғимдан шубҳаланаяпман…»

woomen dlesh«Макр»лар карвонидаги қирқ биринчи туя қарийиб тўрт йилдан буён сафарда юриб, хўп чарчади. Карвонимиз ғазнасидаги «макрлар» камайиб қолганини ўзимиз ҳам сездик. Шунда туяларимизга дам бериш учун уларни таътилга жўнатдик. Лекин “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганлари рост экан. Аёлмиз-да барибир! “Макр”сиз бир кунимиз ҳам ўтмайди. Ушбу форум орқали турли вазиятларда қўллаган “беозор” айёрликларимизни, маслаҳатларимизни ва таклифларимизни муштарийлар билан баҳам кўрамиз. Сизни форумда фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз!

Салом, форум аҳли! Ҳомиладорликни аёл ҳаётининг энг гўзал палласи деганлари ҳақиқат экан. Ҳамма инжиқликларим сўзсиз бажарилаётганини кўриб ўзимни худди маликалардек ҳис этардим. Лекин раисларникидек катта қорним кўп нарсага халақит берганини айтмасам ҳам бўлар. Орзиқиб кутган болам дунёга келганидан кейин турмуш тарзимизни буткул ўзгартиришга тўғри келди. Кинотеатр, ресторанлар билан хайрлашдим, уйқудан воз кечдим. «Тагликлар дунёси»нинг маликасига айландим! Буларнинг ҳаммаси ширин ташвиш. Бироқ эрим менга совуқ муносабатда бўлаётганидан қийналяпман. Нима қилишни билмайман. Эрим менга хиёнат қилаётганмикан? Сизда ҳам шундай бўлганми?

Назира, 24 ёш

 Фарзанд туғилганидан кейин эр-хотин муносабати қандай бўлиши эркакнинг ҳаётий тажрибаси ва оқиллигига боғлиқ. Мен атайин ёш ҳақида ёзмадим, чунки кимдир 25 ёшидаёқ оиланинг ҳақиқий хўжайинига айланиши, яна кимдир эса 40 ёшида ҳам худди ёш боладек масъулиятсиз бўлиши мумкин. Агар эркак киши вазиятга тўғри баҳо берса, ҳаётда нима бирламчи ва иккиламчи аҳамиятга эгалигини билса, аёлига сабр билан суянчиқ бўлади. Ана шунда эркак кишининг “бошқа этаклар”га осилишга вақти, кучи ҳамда хоҳиши қолмайди.

Мавжуда опа, 46 ёш

 Фарзандли бўлганидан кейин ёш оналарнинг кўпчилиги эри ҳақида унутиб қўяди. Қизим болали бўлганидан сўнг эри билан кўп аразлашиб қоларди. Куёвим уйимизга меҳмонга келганида қизимнинг устидан арз қилди. “— Олдинлари қизингиз ишдан қайтганимда оёқларимни уқалаб қўярди. Энди эса қўлидаги болани кўрсатиб, чарчаганман, дейди. Айтинг, болали бўлиб, хотинлик вазифасини унутиб қўймасин!” — деди. Шунда кимдан хафа бўлишни билмагандим: ишларига улгурмаётган қизимданми ёки уни тушунмайдиган куёвимданми?

oilaҚуда хола, 53 ёш

 Ўғлим ва қизим бор. Биринчи ҳомиладорлигим оғир кечган. Шифокор ўзимни эҳтиёт қилишимни буюрганди. Ўша вақтда турмуш ўртоғим билан муносабатимиз ҳавас қиладиган даражада эмасди. Ўғлим нимжон туғилди. Туну кун боланинг атрофида парвона бўлиб, унинг отасини ёдимиздан чиқариб қўйган эканмиз. Навбатдаги “мажлиси”дан кеч қайтган “қаҳрамон” эрим очиқчасига “саргузашт”ларини гапириб берди. Бошимга том қулаб тушгандек бўлди. Дод-войдан фойда йўқлигини тушунардим. Эрим олдидан ўтган ҳар бир қизга қайрилиб қарашига ўзим айбдорлигимни билганим учун тилимни тишладим.

Одина, 28 ёш

 Қизлар, бундан муаммо ясашни бас қилинг! Бундай бўлишига ўзимиз сабабчимиз, ахир. “Янги дада” гўдакнинг таглигини (гуёки биз истагандек) алмаштириш ва шу кабиларнинг уддасидан чиқмагани учун оиладаги ҳамма масъулият ўз гарданига иладиган ким? Аёллар! Мен диванга ёпишиб қолган эримни озгина қимирлаб қўйгани учун ҳам бир кун мақтардим. Натижаси ёмон бўлмади!

Дилобар, 25 ёш

 Бу масалада сизга энг яхши, синалган ва арзон ечимни таклиф этаман. Қайнонангиз қиёфасида кўнгилли энагани кашф этинг. Кичкинтойни ишончли қўлларга топшириб, аввало ўзингиз  ва турмуш ўртоғингизга вақт ажратинг.

Айёр келин, 32 ёш

 Фарзандим дунёга келганидан кейин уйқусиз тунлар, сурункали чарчоқ эрим билан муносабатларимизга халал берарди. Чақалоқ бўлганидан кейин йиғлайди, баъзида безовта бўлади. Тунда ёстиғини қучоқлаб, бошқа хонага отланган эримдан хафа бўлардим. Мен ҳам ўша вақтда турмуш ўртоғим менга хиёнат қиляпти, деб шубҳаланардим. Ўзимни қурбон қилиб кўрсатиб, нуқул жанжал ясардим. Бир куни қўлимда чақалоғим билан эримнинг ишхонасига текширгани бордим. Ҳозир ўша кунларни эсласам юзим қизариб кетади.

Рашкчи аёл, 23 ёш

 Яқинда уйланганман, ота бўлишимни орзиқиб кутяпман. Болали бўлганимда, тагликларни алмаштириш, кечалари ухламасликка ва бўтқа пиширишга ҳам тайёрман.

Янги куёв, 29 ёш

 Эҳ, укам! Бошингдан ўтказмагунча табибга айланмайсан. Сен каби “яхши ота” бўлишга ваъда берганлар камми? Лекин ишдан чарчаб келганингда ширин уйқуни белига тепадиганлар билан бир хонада ухлолмайсан. Шунинг учун елкага ёстиқни орқалаб бошқа хонага юриш қиласан. Фарзандли бўлганингда айт. Шу гапларингни эслатиб юборамиз!

Тажрибали ота, 37 ёш

 Менинг эрим ўз ваъдаларини бажарган! Бошқаларникига қараганда менинг ҳолатим анча яхши экан. Турмуш ўртоғимнинг ўзи менга фарзандимизни ҳамма нарсадан биринчи ўринга қўйишим кераклигини айтарди. Тунда навбатма-навбат бешик тебратардик. Ҳаммаси бир йилга қолмай ўтиб кетди.

Дилфуза, 24 ёш

 Бир йил деб ваҳима қилмасангиз-чи! Уч ой! Уч ойлигида гўдак тунда кўпроқ ухлайди, асосийси, сизга табассум қилиб қарайди. Ана шу биргина табассум ота-онани шунчалик хурсанд қиладики, муаммолар ҳам, уйқусизлик ҳам унутилиб кетади!

Моҳира, 30 ёш

 Алоҳида яшаганимиз учун кўнгилли энагамиз бўлмаган. Бутун масъулиятни эр-хотин тенг бўлишиб олгандик. Тўрт фарзандимиз бор. Турмуш ўртоғим мени доим ёрдам берарди. Баъзан ўзи болаларга қараб, мени мажбурлаб сартарошга юборарди. Ундан миннатдорман. Бундай суянган тоғ билан тўрт фарзандни эмас, бутун бошли футбол командасини тарбияласа бўлади (эрим бу гапимни ўқиб қолмасин-да!).

Севинч, 34 ёш

 Ҳаммаси аёлга боғлиқ! Чарчадим, эртадан кечгача бўзчининг мокисидекман, тегманг, халал беряпсиз, бола билан қаерга ҳам борардик, чақалоқ билан қийинлигини сиз қаердан ҳам билардингиз... Бу гаплардан кейин эр-хотиннинг муносабати бузилмай нима бўлсин? Ўзига ўхшаб боласи билан уйда ўтирадиган дуоналари билан умуман кўриштирмаслик керак! Улар бир жойга йиғилиб қолса, оғзи эрларини ёмонлашдан бўшамайди.

Шомурод, 35 ёш

 

Чарчаган, ўзига қарамаган, бир дунё шикоят ва танбеҳи бор аёл ишхонадаги ўзига оро бериб, чиройли гапирадиган аёлларнинг олдида “мағлуб” бўлиш эҳтимоли бор. Бизни ёмонлагандан кўра, ўзингизга талабчан бўлинг. Аёлим эътиборсизлик қилмаганида, мен ҳам хиёнат қилмасдим.

Мансур, 32 ёш

 

Эркакларга қойил эмасман-да. Хиёнат қилиб қўйиб, яна бизни айбдор қиласизлар-а? Қизлар сизга маслаҳатим, яхшиси, оиладаги вазифаларни бўлишиб олиш керак. Шунда ҳамма бирдек чарчайди ва бир-биридан хафа бўлишга кучи ва вақти ҳам қолмайди.

Насиба, 39 ёш

 

Қизим туғилганидан сўнг турмуш ўртоғим доим менга ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Қорни оғриб йиғласа, эрталабгача қўлида кўтариб юришга тайёр эди. Ҳатто ҳозиргача икки ёшли қизимиз отасининг қўлини ушлаб уйқуга кетади. Шунинг учун ҳам турмуш ўртоғимни жудаям яхши кўраман!

Гулчеҳра, 23 ёш

 

Менда ҳаммаси жуда яхши. Ҳомиладорлигимда ва туғруқдан кейин ҳаётимда кўп ҳам ўзгариш бўлмади. Асосийси, ишдан декрет таътилига чиққанман, бундан жудам хурсандман. Мендек “меҳнатсеварлик” касалига чалинган аёлга уйда ўтириш катта бахт.

Бахтия, 28 ёш

 Маккора дугоналаримизни форумда фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз! Фикр ва мулоҳазаларингиз, таклифларингиз биз учун муҳим. Улар кимгадир ёрдами беришига ишонамиз. +99890 903-60-08 рақамига душанба, сешанба кунлари 10.00 дан 15.00 га қадар қўнғироқ қилишингиз ва sugdiyona.uz сайтидаги форумда қатнашишингиз мумкин. Шунингдек, Ушбу e-mail манзил спам-ботлардан ҳимояланган, уни тасвирлаш учун JavaScript-ни ёқишингиз лозим. электрон манзилига мактуб йўллашингиз мумкин. Сизни мурожаатларингизни кутиб қоламиз.

Форум мавзулари:

Қайнонамнинг менга муносабати совуқлашгандек, нима қилай? Маслаҳат беринг!

Ишлашни истайман. Эрим эса мени ҳатто дўкондан нон сотиб олиш учун ҳам кўчага чиқармайди.

Дилноза Шуҳрат қизи

Шархлар   

 
0 #1 Bonu 2013-06-10 05:23
Turmush qurganlarni xammasi Baxtli. Baxtingizni asrash o'z qo'lingizda ayollar...
иқтибоз
 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка