Қани, Омад, орқамдан!

 

Бир қарашда оддий кўринишга эга, бироқ улар эришган ютуққа ҳамма аёлар ҳам эришавермайди. Барчадан илгарилаб кетишига нима сабаб? Балки уларнинг ўзгача омад формуласи бордир? Оиланинг ташвишидан ортиб, меҳнати билан эл ардоғига сазовор бўлиш катта масъулият талаб этади. Дарҳақиқат, тиришқоқлиги ва тинимсиз меҳнати эвазига ўз вазифасини уддалай олган омадли аёллар бугун саҳифамиз меҳмонлари.

 

«Жарроҳлик эркакларнинг иши...»

 ДилобарДилобар Мирраҳимова, 48 ёш, Тошкент шаҳар шифокорлар малакасини ошириш институти хирургия кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори, жарроҳ, маммолог

 

Бу ютуқларга эришишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлган. Қийинчиликларни енгиб ўтиш учун инсонда ирода, меҳнатсеварлик ва ҳаракат бўлиши лозим. Ўз-ўзидан бу даражага етишиш осон эмас. Жарроҳлик қилиш аёл киши учун оғир касб. Бу касбда фаолият юритувчи аёллар жуда ҳам кам. Бу ҳақиқатдан ҳам эркакларнинг иши. Ишимдаги қийинчилик асосан касбим билан боғлиқ. Шунга қарамасдан доим ўзимнинг устимда ишлаб, қийинчиликларни енгиб ўтишга ҳаракат қилдим. Эркак оила боқувчиси бўлгани учун ўзини фақат ишга бағишлай олади. Аёл кишида эса бу қийин масала. Унинг бўйнида яна бошқа вазифалари ҳам бор. Масалан, оиласи, фарзандлари ва ҳоказо... Барчасини узвий равишда олиб бориш қийин. Инсонлар бўш вақтида театр, кино ёки концертларга боришса, мен шу бўш вақтимни илмга ёки болаларимга бағишлайман.

Инсон омадли бўлиш ёки бўлмаслиги унинг ўзига боғлиқ. Бунинг учун инсон оптимист бўлиши лозим. Ҳеч қачон омадим йўқ, омадсиз эканман, деб нолиш карак эмас. Агар инсон ўз устида доимий тарзда ишласа, иродаси мустаҳкам бўлса, нимагадир интилиб яшаса, омад унга боқади. Инсон ўз олдига мақсад қўйиб, шунга интилиб яшаши керак.

Қийинчиликларга дуч келсам, айбни фақат ўзимдан қидираман. Масалан, бир кунда бир соат эмас, беш соат ишлашим кераклигини англайман. Ҳозиргача ҳам шундай. Ҳеч қачон атрофимдагиларни айбдор деб ҳисобламайман.

Ишим асосан аёллар билан боғлиқ. Улар менга кўкрак бези касалликлари билан кўпроқ мурожаат этишади. Ўн йил давомида умумий хирургияда ишлаганман. Мени аёлларни кўкрак бези касалликлари қизиқтиргани учун вақтимни кўпроқ шу касалликни ўрганишга сарфладим. Бу касаллик кўкрак безининг раки, кўкрак безининг ўсмалари ёки туғма нуқсонлардан иборат. Яқинда олдимга бир аёл қизи билан келди. Қизида туғма нуқсон бор экан, яъни битта кўкраги йўқ. Қизнинг ёши ўн тўққизда, улғайган, дарвозасини совчилар тақиллатиб келишяпти, бироқ бу холатда қизни турмушга беролмайди. Нуқсонни жарроҳлик йўли билан тери остига эндопротез, яъни селикон қўйиб бартараф этиш мумкин. Шундан сўнг кўкрак ўз функциясини бажармаса-да, кўриниши меъёрий ҳолатда бўлади. Баъзи холларда эркак кишилар ҳам менга геникамастия, яъни горманал баланси бузилиши натижасида кўкраклари ўсиб кетиш касаллиги билан мурожаат қилишади. Бундай касалларни ҳам даволаймиз.

Энг ёмон томони шундаки, оиламга кўп вақт ажратолмайман. Бу жуда ачинарли ҳол. Ишим кўп вақт, диққат ва иш талаб қилади. Турмуш ўртоғим, ўғлим ва қизим норозилик билдиравериб-билдиравериб охири кўникиб қолишган. Мен ҳар доим бандман, касалларим кўп, эрталабдан кечгача телефоним тинмайди...

Шу йил ёз фаслида икки ойга Германиянинг Берлин шаҳрида жойлашган «Sherite» клиникасига малака ошириш учун бордим ва кўкрак касалликлари марказида икки ой ишладим. Иш ўргандим ва анча янгиликларга эга бўлдим. Ўз навбатида улар ҳам мендан керакли информацияларни олишди. Июль ойида Англиянинг Ливерпуль шаҳрига бордим. У ерда «Маммаграфия»га бағишланган конференция бўлди. Конференцияда ўзимнниг маърузам билан иштирок этдим. Маърузамга юқори баҳо беришди.

Аёл кишида кўкрак раки бўлса, шу кўкракни бутунлай олиб ташлаш керак. Бу жарроҳликдан сўнг кўп аёлларнинг оиласи бузилади ва улар тушкунликка тушиб қолишади. Мана шунақа аёлларнинг ҳам кўкрагини қайтадан тиклаб қўйишимиз мумкин. Шакл ясаб, меъёрий ҳолга келтириб, тўлақонли аёл бўлишига ёрдам берамиз. Албатта, бундай жарроҳликдан сўнг унинг оиласи сақланиб қолиши тайин. Бир инсонни бахтли қилишнинг ўзи катта бахт бўлса керак.

                   

«Ишни нолдан бошлаганман»

 

Зилола УмароваЗилола Умарова, 35 ёш. «Shadozi» келинлар либоси салони директори

 

Тикиш-бичиш ўз-ўзидан келиб чиқмайди. Бувиларим шу иш билан шуғулланишган. У пайтда фирмалар бўлмаган-ку, лекин қўлларидан келганича костюм-шимлар ва кўйлаклар тикиб, чеварчилик қилишган. Мактабларда дарсда ўтирсам ҳам дафтаримга ҳар хил кўйлакларнинг расмини чизиб ўтирганман. Турмушга чиққанимдан кейин ҳам ичимда «нимадир қилишим керак», деган ўй ҳеч тинч қўймаган. Кечаси билан ухламай тикканимни кўрганлар: «ҳамма нарсанг етарли-ку, мунча ўзингни қийнайсан», дейишарди. Уларга қулоқ солмай чеварчилик қилиб, аёлларга турли кўйлаклар тикаверганман.

 «Бегим» салонида ишлаганимда, устозим Муборак опа менга катта ишонч билдириб, қийин либосларни, келин кўйлакларни тиктирганлар. Қийинчиликлар бўлган, энг ёмони, болаларим кичик бўлишига қарамай уларга жуда кам вақт ажратганман. Бироқ мен ҳаётда нимагадир эришишим керак, деб мақсад сари интилганман. Шу йилларда ота-онам, яқинларим туртки бермаганида оддий чевар бўлиб қолиб кетишим мумкин эди.

Ишни нолдан бошлаганман. Биринчи тиккан ишим билан хозиргисини орасида анча фарқ бор. Бошида мен ҳам кўп қизлар қатори «Машҳура» фирмасида ўқиганман. Битта келин бўлишимга қарамасдан қайнота-қайнонам «уйда ўтириб, уй юмушларини қилгин», дейишмаган. Ўша пайтда иккита фарзандим бор эди. Бири бир ёш-у уч ойлик, иккинчиси олти ойлик. Шу икки фарзандим билан институтни ҳам тугатганман. Болаларимга ота-онам ва қайнота-қайнонам навбатма-навбат қараб туришган. Авваллари битта хонада бир ўзим чеварчилик қилган. Сўнг ёнимга шогирдлар олиб, уч хонали чевархонага айлантирдим. Аста-секинлик билан шу даражага етдим. Бу касбни машаққатли касб дея оламан. Бирон бир инсоннинг кўйлагини шу кунга битказиб бераман десанг, ҳамма ишингни бир четга суриб, кечаси ухламай битказиб беришинг керак. Буни масъулияти катта.

Катта салон очиш қўлимдан келмайди, деб ўйлаганман. Бундай катта ишни бўйнимга олишга қўрққанман. Ота-онам, жигарларим «сенинг қўлингдан келади» деб мени қўллаб-қувватлашган. Келин бўлиб тушган хонадонимда ҳам қайнона-қайнотам тикишимга шароит яратиб беришган. Биринчи марта келин куйлак тикканимда раҳматли турмуш ўртоғим мен билан бирга хурсанд бўлган.

Армоним — турмуш ўртоғим ютуқларимни ва фарзандларининг вояга етаётганини кўролмади. Тўрт йил олдин у киши тўсатдан оламдан ўтди. Бошида тушкунликка тушдим, сўнг ўзимни чалғитиш учун бутунлай ишга берилиб кетдим. Мен ҳаётимдан нолимайман. Инсонларни яхши кунида, хурсандчилигида хизмат қилиб келаётганимдан ўзимни бахтли ҳисоблайман.

«Shadozi» мени ва икки фарзандимнинг исмидан таркиб топган ном. Қизимнинг исми Шаҳзода, ўғлимники Дониёр ва менинг исмим ёрдамида шу ном келиб чиққан. Тиккан кўйлагимнинг пулига ўзимга керакли нарса олмаганман. Балки шу пулга яна мато олиб бошқа кўйлак тикиб, бирни икки қилишга ҳаракат қилганман. Айнан шу каби хатти-ҳаракат остида омад ётса керак. Омад сабр-тоқат қилган инсонга кулиб боқади.

 

«БАХТ ҒОЙИБДАН КЕЛМАЙДИ»

Патилахон ЭргашеваПатилахон Эргашева, «Ўзбекистон қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган Бувайда туманидаги «Патилахон» фермер хўжалиги бошлиғи

 

Кўпчилик омад келишини ғойибдан кутиб яшайди. Йўқ, омад ўз-ўзидан одамни излаб келмас экан. Ҳаётида мўъжиза содир бўлишини истаган одам ҳаммадан кўпроқ меҳнат қиларкан. У хоҳ олим, фермер, деҳқон бўлсин, бу синов ҳамма учун бир хил. Менда ҳам шундай бўлди. «Патилахон» фермер хўжалигини ташкил қилган йилим омадим унчалик чопмади. Режани бажардик, аммо кутилганидек ортиғи билан эмас. Ўша пайтларда «аёл бошингиз билан шунча ишни эплай олмайсиз. Қўйинг, бу ишни эркакларга топширинг» дегувчилар ҳам бўлди. Ахир 69 гектар ердан 30 нафар ишчилар оиласини боқади.

Зиммамда аёллик вазифасидан кўра каттароқ масъулият бор эди. Бу эркакнинг иши, бу аёлнинг вазифаси деб ўтирмадим. Ишни уддаладим. Ахир кучли аёлман деган ишонч бор эди-да юрагимда. Қолаверса, ён-атрофимдаги қишлоқдошларим, яқинларимнинг ёрдами билан бундай хавотирларни енгиб ўтдим. «Ер билан тиллашиб, диллашсанггина кўзлаган натижага эришасан», дегувчи эди деҳқончиликнинг пири бўлган раҳматли отам. Ахир мен отамнинг мактабини ўтаган одамман. Шу боис, тушкунликка берилмадим. Пахтачилик ҳамда ғаллачиликни ривожлантиришга оид китобларни ўқидим. Эрталаб ўрнимдан туриб одамлар иш бошламасидан далага бориб, пайкалларни бирма-бир айландим, қаерга сув керак, қаерга ўғит, зараркунанда ҳашоротлардан қандай қутулиш мумкин — буларнинг чорасини изладим.

Натижада кўзлаган мақсадимга эришдим. Мана, йилдан-йилга далаларимиздан мўл-ҳосил олиб юртимиз иқтисодиёти ривожланишига ўз ҳиссамни қўшиб келаяпман. Ниятим: халқимиз дастурхони ҳамиша тўкин-сочин бўлсин. Мустақиллик инъом этган тинч-осойишта кунлар қадрига етайлик. Шу юртнинг фаровонлиги учун ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшиб яшайлик.

 

Қундузхон АБДУЛЛАЕВА тайёрлади

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка