Қора рўйхатдаги бўйдоқлар


Нега ўзимизнинг аёллар газетамизда нуқул қиз-жувонларни таснифлаб, уларнинг сирини фош этаверишимиз керак? Келинг, бу сафар бўйдоқ йигитларнинг портретини чизамиз. Турмуш қуриш ёшидаги қизларимиз йўлларида учраган йигит устаси фарангми, қизларга суяги йўқроқми ё ўз мушакларига бино қўйганми бир қарашда билиб олишсин!

Хонбалиқ

Ҳаётий шиори: Камина ҳамма гўзаллар кутиб ўтирган ўша оқ отли шаҳзоданинг нақд ўзиман!

Белгилари: Бу йигит нозик хилқат вакиллари билан секин-аста муомалага киришади. Чунки унинг барча имкониятларини, ютуқларини қаршисидаги қиз бемалол кўра олиши, таҳлил қилиши учун бироз вақт талаб этилади-да! Чап қўлида турган Ласьетти калитини стол устига қўяди, ҳамма кўриб қўйиши учун! Нега айнан чап қўл дейсизми, ахир Rolex соати шу қўлга тақилган-да! Агар бу ишоралар иш бермаса, у хонбалиқлик ниқобини ечиб акулага айланади, ҳужумга ўтади. Даврадаги рақиб йигитлар устидан кулади, шу ерда ҳозир бўлган барча қизларга гап отиб кўради, лекин сизга эмас! У худди сизга бўлган ҳурматини ушлаб тургандек, сиз ўзингизни унинг учун алоҳида шахсдек ҳис қилишингизни истайди.  

Учрашув ҳудуди: қимматбаҳо таомлари билан машҳур бўлган ресторанларда.

Касби кори: Менежер, адвокат, сиёсатчи, профессионал спортчи, бўлим бошлиғи, ота-онасининг бизнеси устига ўз бизнесини қурган эркатой.

Одатдаги гапи: Албатта, сиз менга тўғри келмайсиз, лекин нимангиз биландир мафтун қилиб қўйгансиз.

Усули: Бу йигит қизларнинг кўнглини овлашни билгани билан чегарани ҳам унутмайди. У нима қилиш кераклигини, қизга ўзидан нима кераклигини доим таҳлил қилиб туради. Барча қилаётган ишлари сиз учунлигига ишонтиради. Бироқ вақт ўтиб қиздан айниб қолса, ҳаммасини шарт ташлайди-ю кетади.

Хавф: 10 баллик кўрсаткичда 7 балл даражасида хавфли. Бундай йигитни умр йўлдошга айлантириш фақат иродали қизларга насиб қилади. Ёки умуман акси. Ҳамма нарсага кўнувчан қизни йигитнинг ўзи танлайди. Мушаги эмас, қарори қатъий йигитлардан у!

Қор одам

Ҳаётий шиори: Ўзини ҳурмат қилган йигитлар тишининг оқини кўрсатавермайди!

Белгилари: қанчалик замонавий бўлишга интилмасин, барибир эски нарсаларга бўлган муҳаббати уни фош этиб қўяверади. Қўлида Iphone ярақлаб турса ҳам, униқиб кетган, оёғида унинг учун севимли эканини ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган кроссовкаси “мана мен” деб туради. Пули етса ҳам янгисини олишга шошилмадиганлар хилидан.

Учрашув ҳудуди: Спорт секцияларидан тортиб, бозордаги ошхоналар-у қимматбаҳо ресторанларда бирдек ўзини яхши ҳис қилади.

Профессия: Бу йигитлар қизиқарли лойиҳаларда ишлашга (катта-катта ишларни амалга оширишга) тайёр. Фотограф, тасвирчи, тан соқчиси... Лекин ўзларининг ҳимматли эканликлари, кўнгли бўшлигидан ҳатто такси учун пул тополмай қолиши мумкин.

Одатдаги гапи: “Шунга шунчами энди?”, “ўзингни боссанг-чи!”

Усул: Бу ёввойи одам қизни ўз муносабатига ишонтиргунига қадар жонга тегар даражада атрофингизда ўралашиб, смс ёмғирини ёғдириб ташлайди. Аммо йигитни рад этсангиз, у дўстларига сиздан ўзи воз кечганини, жавобингизни берганини мақтаниб айтиб юради.

Хавф: У содда кўрингани билан муғомбирлиги бор. Бу йигит романтик, нозик таъб қизларнинг ҳафсаласини пир қилади. Шунинг учун бундай йигитлар олдида қизлар учун хавфлилик даражаси 9 баллни ташкил қилади.

Этик кийган мушук

Ҳаётий шиори: Атрофда шунча гўзаллар бўлсаю, қандай қилиб фақат биттаси билан умр ўтказиш мумкин?

Белгилари: У ҳеч ҳам енгилганини тан олмайди, аслида енгилмайди, ёлғон-яшиқ гаплари билан одамларни ўзига махлиё қилиб, кўп нарсаларга эришади. Қизлар у билан учрашганда юраклари қаттиқ уриб, икки хил кайфиятда қоладилар, “нимасидир шубҳали” дея ички овозлари айтиб туради. Ўзининг ҳис-туйғулари ҳақида очиқ баён этади. Ўзини ҳамма ишингизни ҳал қилиб беришга қодирдек кўрсатади. Бу йигит ҳамма ёзилмаган қонунлардан кейин туғилган. Мана шунинг учун ҳам сизга севги изҳор қилган кунининг эртасигаёқ қўл телефони ўчирилган бўлиши мумкин.

Учрашув ҳудуди: кутилмаган жойлар. Қизиқишлари қай томон бошласа, ўша ерда ҳозир-у нозир.

Касби кори: У касбини кўп ўзгартиради. Ўз касбидан фойдаланиб аёлларни бошқаради, улар устидан кулиб, калака қилади. Фотограф, фитнес тренер, режиссёр-продюссер, бирор ташкилотчанинг эгаси сифатида… Шундай бўлса-да, серқирра истеъдод соҳиби бир айланиб сантехник, бир  айланиб ошпаз бўлиб ҳаммани қойил қолдириши мумкин.

Одатдаги гапи: “Агар сиз билан танишмаганимизда бутун умр афсусланиб ўтган бўлардим”.

Усули: У сизга ўзингизни ягона ва бетакрор дея ҳис қилишингизга ёрдам беради. Кутилмаган ва аҳмоқона ғоялар чиқади, сиз эса устомон йигитнинг қизиқарли таклифини йўққа чиқармаслик учун рози бўлаверасиз. Шу ерда тўхтанг!

Хавф: 10 ва ундан ортиқ даражада қизлар учун хавф туғдиради. Қайсидир муз юракли қизни эритиш йигит учун хамирдар қил суғургандек осон иш. Аммо у ўзи маҳв этганлардан тезда кўнгли совиб, яна бошқасини излашга тушаверади. Бундайларни ўзгартириб бўлмайди!

Пахмоқ айиқча

Ҳаётий шиори: Нимани ҳис қилаётганингизни тушунаман!

Белгилари: У тўқ рангларни ёмон кўради, шунинг учун ёрқин кийимда юришдан тортинмайди. Сочларини ўстириб юриш имиджи. Ўзини катта йигит деб кўрсатгиси келса ҳам кўнгли барибир болаликка талпиниб туради. Дағал ва маданиятсиз эркак бўлиб кўриниш ёқмайди.

Учрашув ҳудуди: Бу йигит болалар кўп бўлган жойларда, ўта замонавий бутикларда, турли психологик марказларда, китоб дўконларида кезишни ёқтиради.

Касби кори: Визажист, сартарош, букинист, бошланғич синф ўқитувчиси, сотувчи.

Одатдаги гапи: “Сизни нима безовта қиляпти?”

Усул: Аёллар ҳасратини соатлаб индамай эшитиб ўтириши мумкин. Лекин ўзи сергап эмас. Пахмоқ айиқча бошқаларнинг шахсий оламига ҳурмат билан қарайди. У қизларга ўзларининг нуқсон ва камчиликларини бартараф этишда руҳий ёрдам бера олади. Лекин бор-йўғи шунга қодир, холос. Қолгани қиз томонга боғлиқ.

Хавф: 5 баллик даражада. Темир иродали қизлар бу пахмоқ айиқча билан тил топишишлари мумкин. Чунки ҳаёт икки томон ҳам кучли ёки икки томон ҳам заиф бўлишига йўл қўймайди.

Безори болакай

Ҳаётий шиори: Мен ҳаётнинг барча лаззатларидан баҳра олиб яшашни истайман!

Белгилари: Оқибатини ўйламай, бугун унга нима ёқаётган бўлса, ўшани бажаришга тайёр йигит! Бирор нимага киришиб кетса, соатлаб, кунлаб ўзини шунга бағишлаши мумкин. У энг қувноқ ёшларнинг машғулотлари билан банд бўлади. Скейтборд, ролик учади, баъзан профессионал велопойгаларда ҳам қатнашишга уринади. Энг ёмони, компьютерга муккасидан кетиб қолишидир.


Учрашув ҳудуди:
  Безори болакайни ижтимоий тармоқларда, танишув сайтларида фаолликда кўрасиз. У ёқтирган “оффлайн” жойлар қаторига спорт дўконлари, эски-тускилар сотиладиган бозорлар, илмий фантастика кўргазма-тўгаракларни киритиш мумкин.

Касби кори: Истаганини танлаши мумкин! “Онасининг боласи” бўлган бу йигит актёр, кинотанқидчи, компьютер ўйинлари яратувчиси, Nike дўкони сотувчиси сифатида намоён бўла олади. Баъзан эгнига қимматбаҳо костюм ёки ҳунарманд қўли билан тикилган бетакрор поча пўстинни кийиб олиб ўзини оригинал йигит образида кўрсатиши мумкин.

Одатдаги гапи: “Ҳей, вау”, “Тасаввур қилгин, сан манга қараганингда қўлларим терлаб кетяпти, прикол!”

Усул: Бу йигитнинг кўнгли тўғри, ўзи эса самимий. Шунинг учун у қизлар билан ғаразли ниятларда танишмайди. Унга қувноқ дўстлар керак. Унинг севган қизи у билан бир хил рангда кўйлақ кийиб велосипедда сайр қилишга кўниши уни бахтлиларнинг бахтлисига айлантиради.

Хавф: 5 баллдан 10 балл даражасигача. Қийин вазиятларда елкасига бошингни қўйиб, унга ишонишнинг иложи йўқ. Чунки чапани бўлгани билан, барибир у болакай. Барча муносабатларда сиз унга оналик қилишингизга, ўргатишингизга тўғри келади.

Маънавий ҳужумчи

Ҳаётий шиори: Ҳаёт жуда шафқатсиз, айниқса менга нисбатан!

Белгилари: Бу йигит қизларни молпарастликда, бевафоликда айблайди. Фикрича, биз қизлар пулни яхши кўрамиз, ҳуснимизга бино қўямиз. Яхши тарбия топгани-ю аёлларга жиддий қаршилик қилолмаганини ўз ақидалари билан изоҳлайди: “Менга фақат ўз аёллик вазифасини бажарадиганлар ёқади, босс бўлишга ҳаракат қиладиганлар эмас!”

Учрашув ҳудуди: Ҳамма жойда. Ҳар бешинчи эркак аёлларни ерга уриб ўзининг кучли жинс вакили эканлигидан фахрланади.

Касби кори: Касби ўзи мақтанганидек ёки қийин деб тушунтиргани каби бўлмайди. Бирор тузукроқ жойда ишламагани учун бошқаларнинг муваффақиятини, айниқса, қизларнинг омадли йигитларни кўзлашини танқид қилаверади.

Одатдаги гапи: “Ҳаммаси ташқаридан яхши кўринади, ичига кириб кўргин, хароб бўлиб ётибди, буни ҳеч ким билмайди.”

Усул: Бу йигит олдин об-ҳаводан гап бошлаб, сўнг ўзи яхши тушунмайдиган, лекин қизиқарли қилиб сўзлаб берадиган мавзудан гап очади. Ана ундан кейин доимий спектаклига ўтади: ҳамма нарса қимматлиги, ҳамма қизлар уни алдаши, эркаклар ўз қадрини йўқотганлиги...

Хавф: 7 баллик даражада. Аслида у жуда ёмон одам эмас, шунчаки маънавий ҳужум орқали “йўқ, мен ҳаммадан бошқачаман, фақат сизга эътибор бераман” деб ўзига қаратмоқчи бўлади. Бу одамларнинг баъзан омади ҳам ёнгинасида бўлади. Ўзининг нолишлари билан барча қувватингизни тортиб олади. Аммо баъзан сюрпризлари ҳайрон қолдириши ҳам мумкин.

Наҳотки бирор тузукроқ йигит бўлмаса бу ёруғ оламда, деяётган қизларга кичкина маслаҳатимиз бор: ҳар қандай йигит сизга фақат ўзининг яхши томонларини кўрсатиши мумкин. Агар у сизни чиндан севса. Севгига муносиб бўлиш учун эса унинг сизга кўриниб турган камчиликларига ҳозирчалик кўз юмишингизга тўғри келади, “борича қабул қилинг” деган олтин қоидага амал қилиш мана шу ерда ўз натижасини кўрсатади!

                                                                                              Азиза ҚУРБОНОВА тайёрлади.

 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка