«ЭРИМНИ ОИЛАПАРВАРГА АЙЛАНТИРДИМ»

28makrson— Болаларингиз катта бўлди, яна битта туғмайсизми?

— Вой, ўзи эрини ойда-йилда бир кўради-ку…

Икки қўшни аёлнинг устимдан қаҳқаҳ отиб кулгани асабларимни тамом қилди. «Эркак киши уйда ўтириб нима қилади? Кўчага чиқиб пул топсин», деб терс ўгирилиб кетдим-да, уйда кўп ўйладим. Чиндан ҳам эрим «кўча хандон, уй зиндон» деганлардан. Ҳамма эркаклар каби эрталабдан кечгача елиб югуриб пул топгани майли, ҳатто дам олиш кунлари ҳам уйда ўтирмайди. Ўтган йили олган меҳнат таътили нима бўлди? Икки кунни уйда, йигирма икки куни эса ошна-оғайнилари билан тоғ, чойхона, базму жамшидларда ўтказди. Мана, энди қўшнилар ҳам мазах қилишяпти…

Биринчи макр

Аввало, айбни ўзимдан қидирдим. Демак, турмуш ўртоғимни оилага тортадиган ҳеч нарса қилмаяпман. Эрим ҳар куни ишдан кеч келади. Чиндан ҳам иши кўпмикан ёки… Ишхонасида фаррош бўлиб ишлайдиган қўшни аёлдан суриштирсам, ишлар тугаб, компьютерлар ўчирилгач, эркаклар бир хонага тўпланиб, гурунглашиб ўтиришаркан. Кечки овқатни ҳам кўчада егани боис камдан-кам вақтлар уйда овқат пишираман. Қизлик уйим яқин, болаларим билан ўша ерга чиқиб, овқатланиб келамиз ёки тунги сайр баҳонасида тамаддихоналарга кирамиз. Эркак кўнглига ошқозони орқали йўл топиш қоидаси ҳақида кўп эшитганман. Шуни синаб кўриш учун ҳар куни янги рецепт бўйича таом, салат ва ширинликлар пиширадиган бўлдим. Бошида ярим кечаси келган эрим: «Шу пайтда овқат еб нима қиламан, ундан кўра аччиқ қилиб чой дамла», деди. Хафа бўлаётганимни айтганимдан кейин бир икки чўқилайдиган бўлди. Озгина вақт ўтгандан сўнг эса ҳаммасини паққос туширишга ўтди. Ҳатто кела солиб, «Бугун нима овқат пиширдинг? Кечаги салатинг ёққан эди, яна борми?» дейди.

— Дадаси, мабодо ошқозонингиз оғримаяптими? — дедим бир куни.

— Баъзида оғриб туради, нимага эди? Ҳа, биламан, ҳар куни ёғли чойхонапалов ошқозонга зарар, демоқчисан. Бу гапингни эшитаверганимдан ёд бўлиб кетган.

— Йўқ, бошқа гап. Қарасам, ҳар куни алламаҳалда келасиз-да, овқатлангач, ётиб ухлайсиз. Бу ошқозонга чойхонапаловдан ҳам катта зарар келтиради.

— Мени шунга ўргатган ўзингсан. Нега кеч келганимда овқат тиқиштирасан?

Ўз қўлларим билан пиширган таомларга баҳо беринг дейман-да. Эркак киши уйда овқатланса, рўзғорга барака киради. Мен сизга кеч келиб овқат еманг, демаяпман, барвақтроқ келиб, бемалол овқатланинг, уйқуга ётгунча овқат ҳазм қилишга ҳам вақт қолсин, демоқчиман.

Гапим таъсир қилиб, эрим уйга ҳар кунгидан икки соат олдин келадиган бўлди. Бу мен учун катта натижа эди. Овқат билан боғлиқ яна бир макрни қўлладим. Иш вақти тугашига яқин қўнғироқ қилиб, «Бугун ўчоқда ош қилмоқчи эдим, ўтин ёқолмаяпман, газда қилавераймикин?» дегандим ярим соатга қолмай етиб келиб, қарашиб юборди. Дастурхон устида паловхонтўрани оилавий тановул қилиш бирам ярашди. Буни эрим ҳам ҳис қилганига шубҳам йўқ.

Иккинчи макр

— Аёл бамисоли гул, унга сув қуйиб туриш керак, акс ҳолда сўлиб қолади. Сиз эса борган сари менга эътиборсиз бўлиб кетяпсиз. Бирор нарса билан хурсанд қилай демайсиз, — деб гап бошлагандим, бир даста гул ўрнига бир даста пулни қўлимга тутқазиб:

— Бозорга боргин-да, ўзингга нимадир ол. Шу сени хурсанд қилади, — деди.

— Балки бирга борармиз.

— Вақтим йўқ. Бугун дўстимнинг туғилган куни, нишонлашимиз керак.

— Эртага-чи?

— Эртагами? Ҳозир, тақвимга қарай-чи. Эй, синфдошлар, билан чойхона, деб ёзиб қўйган эканман. Ўзинг олавер, ёш бола эмассан-ку.

— Бозорга эмас, театрга бориб, эртанги спектаклга иккита чипта олдим. Кечқурин ишдан келганида кўрсатдим.

— Тинчликми? Театрга бормасдинг?

— Маданий хордиқ чиқармоқчиман. Дугонам билан.

Эрим чиптани олиб, кўздан кечирди. Адашмасам, биринчи марта кўряпти-ёв.

— Кечки соат олтида бошланиб, саккизда тугайдиган театрда нима бор? Яна дугонам биланмиш. Бормайсан!

— Чипта куядими? Пулга олганман, ахир.

— Ия, нархи ҳам ёзилган экан-ку, энди кўрибман. Намунча қиммат?

— Қатори ҳам ёзилган. Биринчи қатор бўлганидан кейин нархи ҳам шунга яраша бўлади-да. Чойхонага тўланадиган пулдан кам шекилли?

Эртасига театр чиптаси эмас, синфдошлар билан чойхона «куйди». Театрга эрим иккимиз бордик. Спектакл унга ёқди. Кейинги ҳафта намойиш этиладиган яна бир спектаклни тамоша қилишга боришни ҳам режалаштириб қўйдик. Бора-бора ҳар хафта театрга бориш биз учун одат тусига кирди.

Учинчи макр

Ҳар қанча уринмай, турмуш ўртоғимни ўзим хоҳлагандек оилапарварга айлантиролмадим. Аммо курашга тўйганим йўқ. Энди яна қандай макру ҳийлалар ўйлаб топсам экан, деб бош қотириб турган пайтимда, қизим: «Ойи, эртага мактабимизда ота-оналар мажлиси бўларкан», деб қолди. «Менинг ҳам ўқитувчим чақиртирган эди, айтиш эсимдан чиқибди», қўшимча қилди ўғлим. Мен эса мажлисга ҳар доимгидек ўзим бормасдан, буни эримга юкладим. Рози бўлиши осонга кўчмади. «Аёлларнинг ичида бир ўзим ўтираманми?» дейди. «Нега энди? Эркаклар ҳам боради. «Ота оналар мажлиси» деб номланган-ку «оналар мажлиси» эмас», деб кўндирдим. Мажлис бошланишига ярим соат қолганда қўнғироқ қилди:

— Мен боролмайдиганга ўхшаяпман, ўзинг чиқақол.

— Нима, яна чойхона ташкиллаштириб қўйдингизми? Ўша оғайниларингиз ўз фарзандларингиздан азиз бўлдими?

— Оғайнилар эмас, бугун укаларим билан бир зиёфат қилайлик, дегандим.

Жуда соз, шу зиёфатни кечки пайт ўз уйимизда қилайлик. Ўзим ош дамлаб бераман.

Шундай қилиб, бир ўқ билан икки қуённи урдим. Биринчидан, энди эрим кўплаб меҳмондорчиликларни уйда уюштирадиган бўлди. Иккинчидан, ўша кундан эътиборан ота-оналар мажлисларига эрим борадиган бўлди. Чунки кела солиб болаларга танбеҳ беришни бошлади:

— Нега «тўрт» баҳоларинг кўпайиб кетди? Дарсда жим ўтиролмасмишсан? Тўгаракларга қатнашсанг бўлмайдими? Эй онаси, болаларнинг ўқишига қараяпсанми ўзи?

— Мен уй юмушларидан ортмайман. Яхшиси, ўзингиз дарсларига кўз қулоқ бўлиб туринг. Сиздан хайиқишади, менга эса эркаланишади.

Мана, болаларим уйга вазифаларни дадалари билан бирга бажаришяпти. Ҳар куни «Барвақтроқ келинг, бўлмаса, болалар дарсини қилмай, ухлаб қолади», деб тайинлайман.

«Дадаси, эшигимиз тагига келганингизда сигнал чалсангиз бас, дарвозани ўзим очаман», дедим бир куни. Таклифим унга ёқди. Басма-бас сигнал чалингандан кейин эшик томон бораман. «Эрини ойда-йилда бир кўради» деган қўшним эшитсин дейман-да.

МУБИЙНА

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка