«Дадажониси, дам олишга борайлик!»

makr30son Ёзнинг жазирама чилласида кўчада юриш тугул уйда ўтириш ҳам қийин. Қачон қарама телевизорда тоғ манзаралари ва денгиз бўйларини кўрсатишяпти. Одамнинг ичини куйдириш ҳам эви билан-да. Камига ижтимоий тармоқдаги дугоналаримнинг деярли барчаси турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан бири хорижда, бири Чорвоқда дам олаётганидаги суратларини қалаштириб ташлашган. Буларнинг барчаси мендек бошида иккита қайнонаси бор, уйидан эрта-ю кеч меҳмон аримайдиган келиннинг ҳавасини келтирмайди дейсизми?

Биринчи макр

Икки шоввоз овсиним мен келгунга қадар алоҳида уйга кўчиб кетишга улгуришган. Қизиғи, болалари мактабдан таътилга чиқди дегунча бизникига жўнатишади. Тўғри, бобо ва бувижониси берган тарбиянинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Лекин ҳамма нарсанинг чегараси бўлгани каби бунинг ҳам охири кўриниши керак-у? Йўқ, улар имкон бўлса-ю бутун ёз фарзандлари бизникида юришса. Рўзғори бўлак бўлганидан кейин дам олишга бориши ҳам бўлак-да. Тоққа оилавий чиқиб кетишаётганини қайнона ва қайнотамга икки соат аввалгина маълум қилишади. Уларнинг оқ йўл тилашдан ўзга чоралари қолмайди. Акалари ва янгаларининг бу ишини эшитганда меҳрибонгина турмуш ўртоғимнинг албатта тепа сочи тикка бўлади. «Ўғилчамизни олиб, дам олиш кунлари айланишга борайлик» деган таклиф билан чиққанимда эрим бажонидил розилик беради, аммо қайнона-қайнотамни, 8-синфда ўқийдиган қайнсинглимни ва овсинларимнинг биттадан боласини олиб сайрга чиқамиз. Феъли тор, қизғанчиқ деб ўйламанг-у, баъзан эрим ва фарзандим билан ёлғиз қолишни ҳам истайман. «Олма пиш, оғзимга туш» дейишдан ҳамда эримни ота-онасига меҳрибончилик қилмасликка ундашдан (Худо асрасин!) фойда йўқлигини билганим учун макр халтамни бир титкилаб кўрдим. Аввало, ҳар бир ишхона ўз ходимларига бирор дам олиш масканига йўлланма ажратишини билганим учун турмуш ўртоғимга бу ҳақда секингина эслатишни ўзим учун вазифа деб билдим.

Иккинчи макр

Оқшомда бўлиб ўтган суҳбатимиз турмуш ўртоғимга ижобий таъсир қилди шекилли, ишдан қайтганида бир ойдан сўнг тоғ ёнбағридаги сиҳатгоҳга икки кишилик йўлланма олаётганига суюнчи сўради. Суюнчи сиздан айлансин дея, бир рақс тушиб берай деганимда сиҳатгоҳга қайнона-қайнотамни юборишни режалаштираётганини айтса бўладими? Эндигина ширин ҳаёлларга берилиб осмонда учишни бошлагандим, бу гапдан кейин ўзим осмондан, тарвузим эса қўлтиғимдан тушди. Турмуш ўртоғимга ўзимдаги ҳолатни сездирмасликка уриндим. Кечки овқат вақтида ҳаммамиз дастурхон атрофида йиғилганимизда бу “яхши” хабарни қайнона-қайнотамга ўзим билдирмоқчи бўлдим.

Ойижон, ўғлингизнинг ишхоналаридан сиҳатгоҳга икки кишилик йўлланма бераётган экан. Бир ойдан сўнг ўша ерга дадажон билан бирга бориб ҳам ҳордиқ чиқариб, ҳам даволаниб қайтасизларми, деб ният қилгандик. Бизни, набираларингизни ўйлайвериб толиқасиз, бу шўх болалар ҳам сизни таътил вақтларида бироз толиқтириб қўйишмасин, деймиз-да.

Эҳ, болам! Ким ҳам набирасидан чарчадим, дейди. Таклифларинг учун раҳмат! Ўзим-ку жон деб борган бўлардим. Лекин дадангиз ўз мол-ҳолини ташлаб кетишга кўнмаса кераг-ов?!

Шу гапнинг ўзи етарли эди. Демак, уларнинг боришлари эллик-эллик экан, менинг ҳам тоғларни сайр қилишга имкониятим йўқ эмас.

Учинчи макр

 Қайнонам хушхабарни эртасигаёқ опа-сингиллари, катта келинлари билан бўлишиб чиқди. Отни қамчилашим кераклигини тушундим-да, ўз тактикамни ишга солдим. Қайнотамга иссиққина кўк чой дамлаб, озгина суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим.

Дадажон, моллар ва сигирларга ем бераётганингизда бугундан бошлаб мен ҳам ёнингизда турсам майлими?

Қизим, ўзи ишингиз шундоқ ҳам бошингиздан ошиб кетаётган бўлса, бу қайсар кичкинтой набирам ҳам сизни эртадан кечгача югуртирса, яна молларга қарашни ҳам сизга қолдирсам уят бўлар энди...

Йўқ, бир ойлардан кейин сизлар ўн кунга дам олгани кетганингизда нима қилишни билмай юрмай деб, молларга қарашни бугундан ўрганишни бошламоқчиман-да.

Ўн кун денг! Ойингиз билан у ерда набираларсиз зерикиб қоламиз-ку! Ойингиз ҳам кўпи билан икки кун чидайди. Уйга қайта қолайлик деб ёш боладек хархаша қилади, ҳали кўрасиз.

Бу гаплар менга илҳом бағишлагани рост. Уйдаги вазиятни яна бир ҳафтача кузатиб юрдим. Қайнотамнинг узоқ вақтга уйдан кетгиси йўқ, қайнонам эса, биламан, дадажоннинг гапларига қаршилик билдиришга кўп ҳам ботинолмайди. Турмуш ўртоғимга уйдаги вазиятни секингина тушунтирмоқчи бўлдим.

Бегим, ойижон ва дадажон сиҳатгоҳга боришни кўп ҳам истамаётган кўринишади. «Тоққа борсак, сизларсиз зерикиб қоламиз, дам олгандек ҳам бўлмаймиз. Яхшиси, ўз ҳовлимиздаги супада ёнбошлаб, кўк чой ичиб, набираларнинг чуғур-чуғурини томоша қилсак, бизга шунинг ўзи етарли», дейишаяпти-ку. Келаётган якшанба куни тоққа бир кунга чиқиб, сув бўйида дам олишни уюштирамизми?!

Қайноға, овсиним, қайнисинглим ва жиянларнинг ҳаммасини олиб бориш ҳақидаги фикрим эримга қанчалар ҳуш ёққанини тасаввур ҳам қилолмайсиз-да. Якшанбадаги ҳордиқнинг ташкилотчиси аслида ўзим бўлсам-да, ҳамма турмуш ўртоғимга миннатдорчилик билдирди. Яқинларига қувонч улашган бегимнинг юзидан табассум аримади. Ўша куни “ўзбекнинг кичиги” бўлиб юрганимдан қанчалар чарчаганим ҳақида-ку гапирмай қўя қолай. “Жон куйдирмасанг, жонона қайда” деганларидек, тишимни тишимга қўйиб ҳаммасига чидадим. Тоғдан қайтаётганимизда қайнонам чиройли ўтказилган ҳордиқ учун миннатдорчилик билдириб, икки ҳафтадан кейин сиҳатгоҳга мен ва қайнисинглим бирга боришимиз мумкинлиги ҳақида сўз очди. Аҳволимни тасаввур қилаётган бўлсангиз керак...

Сўнгги макр

Бу макрни ўйлаб топишим учун анча вақт бош қотиришимга тўғри келди. Қайнсинглим дугонаси билан телефонда гаплашаётганида суҳбатини эшитиб қолдим. Дугонаси тўқувчилик машғулотларига қатнаётгани ҳақида оғиз кўпиртириб гапирар, қайсингилгинам эса унга ҳавас қилаётганини беркитмасди. «Уйингга чиқсам, менга ҳам ўргатасанми?» деган саволига дугонаси яхши жавоб бермади чоғи, қайнсинглимни ўша куни ҳеч чеҳраси очилмади. Холамнинг катта қизи дизайнерликка ўқигани учун тикувчилик ва тўқувчилик унга чўт эмасди. Икки маҳалла нарида туриши эса мен учун айни муддао эди. Жиянимга сим қоқиб, қайнсинглимга тўқувчиликни ўргатишини илтимос қилдим. Бахтимга унинг ҳам ишлари камлигидан зерикиб ўтирган экан. Сўнгги урфдаги қизларнинг кийимларини тўқишни ўргатишни тайинладим.

Дастурхон атрофида чой ичиб ўтирганимизда, холамнинг қизлари тўқишни ўрганишни истовчиларга дарс ўтаётгани ҳақида гапириб бердим. Ҳар бир ўқувчисига алоҳида дарс ўтаётганига урғу бердим. Эртасига қайнонам ёнига чақириб, холамнинг қизи билан гаплашиб кўришимни ва қайнсинглимга дарс ўтишини сўрашимни айтди. Қувончимни зўрға яшириб, жиянимга бугун уйларига боришимни маълум қилдим. Қайнсинглимни вақтига кўра белгиланидиган бепул тўқувчилик машғулотлари қайнонамни беҳад шод этди.

Сиҳатгоҳ бориладиган кунга ҳам уч кун қолди. Аксига олиб ҳеч кимдан садо чиқмайди. Турмуш ўртоғим ҳам жим. Яна қайнсинглимни нишонга олдим:

Зоҳидахон, кийим-кечакларингизни йиғяпсизми? Уч кундан кейин тоққа кетишимиз керак.

Келинойи, шу десангиз, ҳеч қаерга боргим келмаяпти. Тўқувчилик дарслари шунақанги қизиқ бўляптики, холангизнинг қизларидан ҳар куни келсам майлими, деб сўрагандим, рози бўлди. Онамга бу ҳақда қандай айтишни билмай тургандим, юринг, иккаламиз бирга кириб гаплашайлик.

Қайнонам хурсанд бўлди. Ким ҳам фарзанди ҳунар ўрганишга ошиқаётганини кўриб қувонмайди. Мен ҳам уларга қўшилиб севиндим. Турмуш ўртоғим эса бу гапларни эшитиб, “Иложсизликдан сиҳатгоҳга ўзимиз борарканмиз-да”, деди. Мен шу вазиятни юзага келтиргунимча қанча уйқусиз тунларни ўтказганим ҳақида сиздан бошқа ҳеч ким билмайди. Табрикланг, ниҳоят мен турмуш ўртоғим ва болам билан бирга дам олгани бораман! Бу мақола эса сиҳатгоҳда дам олаётганимда “Суғдиёна” саҳифаларида чиққанида ҳаммага мақтаниб ўтираман.

КАМИНАнинг шогирди АДМИНА

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка