«Эримни чойхона-ю хўроз жангидан қандай қайтарганим…»

Untitled-1Эркаклар ёш болага роса ҳам ўхшашади-да. Уларга умрининг охиригача томошаю ўйинчоқ бўлса, бас. Баъзида эса бу «хобби»лар оила тинчлиги ва бахтига раҳна солиш даражасига етади. Шунда…

 Биринчи макр: «Чойхонага ўт тушсин!»

Ҳа, ҳа, ўт тушсин! Уни ўчиргани келган «пожарний» машинасининг суви бўлмасин!

Нега бу хотин жазавага тушиб чойхонани қарғаяпти деб ўйлаётгандирсиз? Ҳозир-ку, бунақа қарғамайман, аммо уч ой аввал шу муассасани кўргани кўзим, отгани ўқим йўқ эди. Чунки у мендан эримни, фарзандларимдан отасини, оиламдан тиргагини тортиб олаётганди. Эрим ишдан келади-ю, қўлимга тўрваларини тутқазганча, болаларнинг саломига алик олар-олмас улфатларининг олдига — маҳалламиз чойхонасига югуради. Шу билан қайтиши соат тунги ўн икки ёки бир. Тарракдек қотиб ухлайди. Эрталаб аранг ишга уйғотиб оламан. Болаларим дадасини сўрамай ҳам, эсламай ҳам қўйди. Мен эса бир қўшиқда куйланганидек, «эри тирик тул»га айландим. Охири, кескин чоралар кўришга аҳд қилдим. Аёл бошим билан на чойхонага ўт қўя ва на у ердаги бекорчихўжаларни тум-тарақай тарқата олардим. Синалган усул — макр ишлатишга тушдим.

Қайнотамнинг суюкли келини эмасманми, бир тоғора сомса пишириб, якшанба куни кўргани бордим ва ўғлингизнинг қўли тегмаяпти, томорқамизга қараб беринг, болалар ҳам сизни соғинган деган баҳонада уйга олиб келдим. Кечқурун эрим келиб, дадасини кўриб, хурсанд бўлди. Аммо чойхонадаги улфатларни анчайин куттириб қўйишини ўйлаб, ичидан зил кетганини ҳам пайқадим. Қайнотам эримни ёнига олиб ўша оқшом қўлбола палов дамлади. Чойхона «тагига олди». Мен хийлам иш бераётганидан қувонардим.

Эртасига эрим ишдан қайтгач, қайнотам томорқага у-бу экамиз деб туриб олди. Яна бир оқшом уйда қолишини ўйлаган хўжайинимнинг тепа сочи тикка бўлди. Мен эса қайнотамга ичда миннатдорчилик билдириб, у яхши кўрган мантига уннадим. Учинчи куни эса… Эримдан анчагача дарак бўлмади. Соат кечки саккиз бўлиб, қош қорайди ҳамки, кўринмади. Хавотир ола бошлаган қайнотамни тинчлантирдим:

— Чойхонада бўлсалар керак.

— Ие, яқин орада чойхона борми?

— Ҳа, кўчанинг бошида. Ўғлингиз ўша ердан бери келмайди. Икки кундан бери сиз келганингизга чиқолмаётганди. Бугун ишдан қайтишда ўша ерда қолган бўлса керак.

Ўғлини олиб келгани чиқиб кетган қайнотам ҳам бадар кетди. Ота-бола соат ўн иккиларда хушчақчақ ҳолда кириб келишди. Кейинги бир ҳафта шу ҳол такрорланди. Мен ўзимча макр қиламан деганимда, қайнотамнинг ҳам эрим каби эркак киши экани, уларнинг бир лойдан қорилганини ҳисобга олмаган эканман. Яна аҳволим бояги-бояги. Энди бир эмас, икки кишини кутиб эшикка термуладиган бўлдим. Аммо…

«Ҳар Сашанинг ўз Машаси бор» дерди бир дугонам. Қайнотамнинг бу қадар узоқ қолиб кетганидан хавотирланган қайнонам эшикдан кириб келди. «Дадангизни олиб кетиб, мени ташлаб қўйдингиз деб уришади», деган хаёлда аввалига қўрқдим. Қайнонам аввалига қошларини чимириб, шунга мойил кайфият намоён қилиб турди ҳам. Бироқ дардимни эшитгач, ғазаби кутилмаганда бошқа ўзанга бурилди:

— Ҳаҳ, чоли тушмагур! Айтдим-а нега қорасини кўрсатмайди деб. Дадангиз азали чойхона жинниси. Ўғлим ҳам отасига тортибди. Вой, буни уйга қайтараман деб қанча қийналгандим-а? Энди бу ёқдан топибдилар-да чойхонани. Ҳозир мен бу икки дайдига уйи қаердалигини кўрсатиб қўяман!

Бизнинг қайнона «генерал»! Енг шимариб чиқиб кетганча ўн беш дақиқа ўтмай ота-ўғилни олдига солиб олиб келди. Қайнотам индамай турган бўлса-да, эрим тутақди:

— Ёш боламанми сизга, ойи? Нега орқамдан чойхонагача бордингиз?!

— Чойхона нима бўпти. Бир пайтлар дискотекадан қулоғингдан чўзиб олиб келганимни унутдингми? Ерга кирсанг қулоғингдан, осмонга чиқсанг оёғингдан тортаман, биласан-а? Сени уйлантириб, рўзғорингни бўлак қилиб, катта эркак бўлиб қолди деб ўйласам…

Эрим дарров паст тушди. Қайнотам эса «Айтдим-ку, ойинг билан баҳслашма!» дея мийиғида кулиб турарди.

Шу куни кечқурун ширин таом тайёрладик. Оила даврасида овқатландик. Болаларим шеър айтиб, қўшиқлар куйлаб беришди. Оқшомимиз жуда чиройли ўтди. Эрим ҳам оила даврасини соғинганини англади шекилли, роса яйради. Эртасига қайнотам билан етаклашиб чиқиб кетаркан, қайнонам менга уқтирди:

— Агар эрингиз кечқурун уйда бўлмаса, қўнғироқ қилиб юборинг. Ўзим бирор ҳафта меҳмон бўлиб кетаман.

Хайрият, эрим энди чойхонага фақат дам олиш кунлари, шунда ҳам бир-икки соатга чиқадиган бўлди. Бошқа пайт томорқага қарайди, болалар билан ўйнайди ёки қариндош-уруғларини йўқлайди.

 Иккинчи макр: «Ишқилиб, хўроз ютиб қўймасин!»

Туппа-тузук юрган эрим бир якшанба хўроз уриштириш ўйинини томоша қилгани чиқди-ю, айниди-қолди. «Энди мен ҳам хўроз боқаман», деганида хавф қаёқдан келаётганини сезмай, боқса-боқар, ёнига бир-икки товуқ ҳам олиб қўйсак тухуми текин деб ўйлабман, ҳатто қувонибман ҳам. Қаёқда дейсиз! У кишим зотдор, уришадиган хўроз олиб келиб боқа бошлади. Бундай хўрознинг ёнига товуқ қўйиб бўлмасмиш, кучи кесилармиш. Дакангга алоҳида хона (катак эмас, ўзимиз яшайдиган хоналардан бири) ажратиб, оёқлари захда қолмаслиги учун тагига палос тўшаб қўйди. Жувонмаргнинг егани ҳам «деликатес»: бедана тухуми, қўй тили, лаҳм гўшт. Қарабсизки, рўзғордан ҳам барака учди.

«Қўйинг, дадаси, болалар қўрқяпти, чўқиб олмасин», десам, болалар у хонага кирмасин деб тайинлаганча ишига кетади. Юрагим бир нарсани сезарди-ю, нималигини ўзим ҳам билмасдим. Дугонамга қўнғироқ қилиб тиш ёрдим:

— Вой, Назо, кўргилигинг қурсин! Сенинг ҳам эринг шу дардга чалиндими? Меники ўн йилдан бери хўроз уриштиради. Бу қирилгурнинг еган-ичгани ҳам майли, жангда ютгани ёмон.

— Вой, нега?

— Ўлсин, шу ўн йил ичида эрим бир ё икки марта хўроз жангида ютди. Аммо ютуқнинг мазасини тотгани учун ҳеч шу хўрозбозликдан қутулолмаяпти. Кошки тайинли бир нарса олган бўлсак ўша ютуққа. Ҳаммаси шу қирилгур хўрозларнинг ўзига кетади. Бу бир қимордек нарса. Эрим хўроз жангларига бор-будини тикди. Биронта тиллам ёки рўзғоримда қўлга илинарлик нарсам қолмади. Тез эрингни бу йўлдан қайтар. Хўрози бир ютмасин, кейин қутулолмайсан у балодан.

Патагимга қурт тушди. Аввалига бу текинхўрнинг таомномасига ўзгартиш кирита бошладим. Эрим хўрозга пишириб бер деб ташлаб кетган масаллиқларни болаларга едириб, унга тариқ берадиган бўлдим. Бир ҳафта ўтмай натижаси билинди. Якшанба куни хўрозини даст кўтариб жангга олиб кетган эрим шашти пасайиб қайтиб келди. Уни ҳатто даврага ҳам қўйишмабди. Ҳеч ким бирон сўм тикмабди ҳам. Бир нарсадан шубҳаланди шекилли, хўрозни ўзи овқатлантиришга ўтди. Эрталаб овқатини бериб ишга кетади, тушликка атай келиб қарайди. Кечқурун атрофида парвона. Икки ҳафтадан сўнг яна жангга олиб борди. Ўша куни «Ишқилиб, хўроз ютмасин», дея Худога нола қилдим. Ҳартугул, ютмабди. Яхшигина тепки еб кепти, жувонмарг.

Эрим парваришни кучайтирди. Кўзига хўроздан бошқа нарса кўринмай қолди. Менинг эса ўтирсам ўрним, юрсам йўлим куярди. Бир куни… Миямга келган фикрдан қувониб кетдим. Эрим хўрозни товуқларга яқинлаштирмаслик керак деганди-я! Ана чора!

Қўшнимиз Салимахоннинг йигирмата товуғи бор, хўрози эса анча қариб қолганди. Ва ниҳоят, бечорани сўйиб шўрва қилишибди. Унга лутфан «хўроз хизмати» таклиф қилдим. Яъни эрим ишга кетиши билан хўрозни қўшниникига чиқариб юбораман. Даканг ҳам муҳаббат нималигини тушуниб қолди чоғи, девор ортидан хандон-хушон қичқиргани бот-бот эшитиладиган бўлди. Ўн кун ичида гладиатор хўрозимиз ҳақиқий «Казанова»га айланди-қолди! Салимахон эса кунда-кун ора бизни тухум билан сийлайдиган бўлди.

Якшанба куни тушга яқин эрим хўрозлар жангидан жиғибийрони чиқиб қайтди. Даканг даврага тушганда рақиб хўрозга хезланмабди ҳам, аксинча даврани гир айланиб қоча бошлабди. Роса кулгига қолибди. Шарманда бўлган эрим хўроз жангига бошқа қадам босмайдиган бўлди. Дакангни сўймоқчи эди, қўшнига тухум эвазига берақолайлик деб кўндирдим.

Баъзи-баъзида унинг қичқириғини эшитиб эрим мийиғида кулиб қўяди.

ШАҲИНА

 

 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка