Эркакларга тинчлик бермайдиган 10 саволга жавоб


Яқинда рус тилидаги Интернет сайтлари, блог ҳамда форумларда урологик муаммолар бўйича қандай ва қанча мурожаатлар бўлганлигини олимлар тадқиқ қилишди. Биласиз, Интернет олами оммабоплиги, очиқлиги, айниқса, анонимлиги туфайли киши энг яқинига ҳам айтмайдиган сирини у ерда бемалол “дастурхон” қилиши мумкин.

Юқоридаги тадқиқот натижалари биз учун ҳам аҳамиятли. Зеро, унга кўра, бугун эркаклардаги эректил дисфункция(жинсий ожизлик), жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар, пешоб тизими муаммолари, простата безининг яллиғланиши, болалардаги урологик касалликлар ва  бепуштлик тўғрисидаги саволлар кўпчиликни қизиқтираётган экан. Таҳририятимизга ҳам ана шундай нозик масалалар юзасидан саволлар йўлланган. Бугун ушбу мурожаатларга олий тоифали шифокор, уролог-андролог, сексапотолог Рамазон Назаров жавоб беради.

“17 ёшли ўғлим пешоб тутолмайди”

– Ўғлим 17 ёшда. Яқинда ўзи ҳақида “ёрилиб” қолди. Айтишича, эрекция (жинсий қўзғалиш) вақти олатидаги қон томирлари кенгайиб кетар экан. Ўзи болалигидан қаттиқроқ кулса ё бехосдан бир ҳаракат қилса, пешоб тутолмайдиган одати бор эди. Шунинг учун унинг саломатлигидан хавотирдаман...

Нажмиддин Ваҳобов, Самарқанд вилояти

Ўғлингиз организми жадал ўсаяпти, ундаги бу ҳолат нормал саналади. Аммо бирор кескин ҳаракат қилганида ноихтиёрий равишда пешоб ажралиши қовуқ сфинктери(тўсиғи)нинг суст ишлаётганини билдиради. Шу боис бундай ҳолатларда, албатта, уролог шифокорга мурожаат этиш керак. Одатда, бундай беморларга турли дори препаратлари билан бирга бадантарбия машқлари, спорт билан шуғулланиш тавсия этилади.

“Оилалиман, бироқ...”

– Ҳожатга чиққанимдан кейин ҳам эгилсам ё оғирроқ нарса кўтарсам, яна бир неча томчи(анчагина) пешоб келади. Оилавий ҳаётимдан нолимайман, аммо алоқамиз жуда тез (1-2 дақиқа) тугайди. Аёлим, фарзандим бор, бироқ ҳозирги ҳолатим ноқулайликлар туғдираяпти.

Салим Комилов, Пахтачи тумани

Бу ҳам аввалги савол сингари қовуқ сфинктери ўз вазифасини тўлиқ бажара олмаётганлигини билдиради. Бу йигитнинг жинсий ҳаётдан бироз норозилиги ҳам шу муаммога қисман боғлиқ. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, йигит кўрсатган вақт, аслида, жинсий алоқа учун меъёр саналади.

 “Оғир дамларда бирга эдик, энди эса... ”

– Турмуш қурганимга 10 йил бўлди, 4 йил аввал фарзандим оғир касаллик билан туғилди. Шифохоналарда анча вақт даволандик. Кейинроқ боламнинг касалхонага қатнаши осонроқ бўлгани учун ота-онамникида бир муддат яшадим, эрим ҳар икки ҳафтада бир кўриб кетарди. Уйга қайтганимдан кейин эса турмуш ўртоғим менга нисбатан анча совуққон бўлиб қолганлигини сездим. Ахир, шунча қийинчиликларни енгиб ўтгандан сўнг ҳаммаси аксинча бўлиши керак эмасмиди? Қандай қилсам, муносабатларимиз аввалгидек бўлади?    

Азиза Тўхлиева, Тошкент вилояти

Бу вазиятни бир неча сабаблар келтириб чиқарган бўлиши мумкин: жинсий шериклар ўртасидаги муносабатларнинг совушига яширин “ёш инқирози”, қандайдир касаллик ёки бошқа аёлга нисбатан симпатиянинг пайдо бўлиши. Мен бу жуфтлик мисолида аёл томонидан эркакка қандайдир ихтиёрий ё ноихтиёрий салбий муносабат бўлган, деб ўйлайман. Стресс ҳам ўз таъсирини кўрсатган бўлиши мумкин. Шунинг учун эркак аёлга нисбатан бефарқ. Умуман, сизнинг ҳолатингизда эру хотин биргаликда сексолог мутахассисга мурожаат қилишингизни маслаҳат бераман.

 “Папиллома қандай даволанади?”

— Одам папилломаси вирусининг юқори онкоген типи (16 ва 18-типи)ни қандай даволаса бўлади? Турмуш ўртоғимнинг тиббий таҳлилларидан ҳам шуни аниқлашибди. Мени эса жарроҳ шифокор даволаяпти.

Карим Турдиев, Жиззах шаҳри

– Сиз жарроҳ эмас, венеролог шифокорга мурожаат қилишингиз керак. Бу вирус интенсив равишда турли дори воситалари орқали узоқ вақт мобайнида даволанади.

Гормонал рағбатлантирувчи чоралар мумкинми?

– Менинг саволим спермограмма таҳлили тўғрисида. Спермограмма таҳлилини топшириш шартлари қандай? Бундан ташқари, аёлларда гормонал бепуштликни даволаш учун рағбатлантирувчи дорилар беришади, эркаклар учун ҳам бундай препаратлар мавжудми?

Шавкат Нуриллаев, Бўка шаҳри

– Спермограмма таҳлилини топшириш учун 3-5 кун давомида жинсий яқинлик қилмаслик ва иложи борича таҳлилга қадар уч ой давомида салбий одатлар (чекиш, ичиш, стрессли ҳолатда бўлиш, касал бўлиш ва ҳ.к.)дан ҳоли бўлиш керак. Спермограммадаги бирор бир кўрсаткичнинг ўзгариши шаҳват сифатининг тўлиқ ёмонлигини билдирмайди, шунинг учун шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда қўшимча текширувларни олиб бориш керак.

Эркак бепуштлигини гормонал рағбатлантирувчи дори воситалари мавжуд. Фақат у мутахассислар назорати остида эркакнинг гормонал ҳолати текширилгач,  буюрилади.

Аёлларда – “молочница”, эркакларда – простатит

– Аёлларнинг доимий “ҳамроҳ”и кандидоз бўлганидек, эркаклардаги простатит ҳам шундайми?

Самад Толипов, Қарши шаҳри

– Йўқ, эркак киши ҳамиша буткул соғлом бўлиши керак. Аммо  20 ёшдан 50 ёшгача эркакларда энг кўп учрайдиган касаллик ўткир ёки сурункали простатит саналади. Уни пешоб йўли тизими инфекциялари, тос соҳасида қон айланишиниг бузилиши, нейровегетатив бузилишлар келтириб чиқариши мумкин. Простатит бошланганида оралиқ, думғаза ва моякда оғриқ, пешоб йўлидан ажралмаларнинг келиши, пешоб чиқаришнинг бузилиши, жинсий майл ва эрекциянинг сусайиши каби ҳолатлар кузатилади.

Эркак бепуштлиги сабаблари

– Яқинда уйланмоқчиман. Зиммамда эркаклик масъулияти турибди. Менга қандай ҳолларда эркаклардаги бепуштлик кузатилиши мумкинлиги ҳақида маълумот берсангиз...

Аброр Боймуродов, Хоразм вилояти

–Эркак бепуштлиги деб маълум сабабларга кўра, эркак омили туфайли фарзанд кўролмаслик ёки унинг фертиллиги(бола туғдиришга қуввати)нинг сустлиги тушунилади.

Эркак бепуштлигига энг кўп сабаб бўлувчи омилларга қуйидагилар киради:

Репродуктив тизимнинг яллиғланиши (простатит, орхит, эпидидимит);

Варикоцеле (уруғ канатининг варикоз кенгайиши),

Қатор дори воситалари (нейротроп, антибактериал, гипотензив)ни қабул қилиш;

Касбий касалликнинг салбий оқибатлари (радиация, пестицидлар, юқори ҳароратда ишлаш);

Сурункали заҳарланиш (чекиш, алкоголизм, наркомания);

Уруғ чиқарувчи йўлнинг беркилиши;

Гормонал ҳолатнинг бузилиши;

Сперматозоидлар ишлаб чиқарувчи тўқималарнинг етилмаслиги ва ҳ.к.

“Орхит” ташхиси қўйилса...

– Андролог укамга “орхит” ташхисини қўйди. Ушбу касаллик ҳақида маълумот берсангиз...

Гулноза Усмонова, Сергели тумани

– Орхит — мояк яллиғланиши бўлиб, жуда тез ривожланувчи касаллик саналади. У совуқ қотишдан, организмга бактериал ва нобактериал инфекциялар тушишидан, вирусли гриппга чалинганда ва зарб еганда келиб чиқиши мумкин. Белгилари: ҳароратнинг кескин кўтарилиши, беҳоллик, безгак тутиши, кўнгил айниши, қайт қилиш. Жинсий безларда тез-тез оғриқ туриши, шиш пайдо бўлиши ҳам мумкин.  Шу каби белгилар кузатилганида андрологга мурожаат қилган ҳолда тезкор даволаш усулларини қўллаш керак. Йўқса, у мояк атрофияси (ўлчамининг кичиклашиши) ва функциялари бузилишига олиб келади.

Варикоцеле насл сурадими?

– Қариндошларимнинг кўпчилигида варикоцеле аниқланди. Шунинг учун ўзимдан хавотирдаман: унинг илк белгилари нималарда кўринади?

Шерзод Нўъмонов, Бухоро вилояти

– Энг ёмони, кўпчилик беморлардаги варикоцеле аввалбошда умуман билинмайди. Фақат 10-20 фоиз эркакларда тос соҳасидаги нохуш ҳолатлар, моякда оғриқ туриши, кейинчалик мояк халтасининг бир томонида узум бошидек шиш пайдо бўлиши мумкин. Лекин варикоцеле авлоддан авлодга ўтмайди.

“Оҳ, бу уреаплазма...”

– Эримда уреаплазма аниқланди. Бу инфекция қандай юқади? Менда унинг ҳеч қандай белгилари йўқ, у эса бошқа жинсий шериги бўлмаганлигини айтаяпти. Бунга ишониш бўладими?

Саломат Раҳимова, Марҳамат тумани

– Кўнглингиз хотиржам бўлсин, ҳозирги тиббиётда уреаплазманинг юқувчанлиги ҳақида аниқ тўхтамга келингани йўқ. У жинсий ва бошқа йўллар билан одамга юқиши мукин. Айрим шифокорларнинг фикрича, у ҳар қандай одамнинг пешоб йўлларида саломатликка жиддий зарар етказмайдиган ҳолатда мавжуд бўлади. Организм баъзи касалликлар таъсирида ҳолсизланган пайтда уреаплазма ривожланиб кетиши мумкин. Бундай ҳолларда қон, пешоб таҳлиллари орқали касалликни аниқлаб, дарҳол даволаш чораларини кўриш тавсия этилади.

Дилафрўз

 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка