Эркакларнинг аёлларга ёқмайдиган 10+1 жиҳати

«Эгов»… «Чакаги тинмайди»… «Транжира» (пул кўп ишлатади демоқчи)… Бу эркаклар томонидан ўз аёлларига «эркалаб», «севиб» берилган таърифлардан. Ўзлари ҳам фаришта эмас, албатта. Шу бугун ўтириб-ўтириб жаҳлим чиқди ва эркакларнинг аёлларга ёқмайдиган жиҳатларини би-и-ир рўйхат қилай дедим. Қилдим ҳам. Кейин принтердан чиқариб, ётоқхонамиз эшигига ёпиштириб қўйдим. Кечқурун эрим ишдан қайтгач, қуйидаги айбномани ўқиб, қай аҳволга тушишини тасаввур қиляпман…

 Телекўрсатувларни шарҳлаб ўтиради

Фарқи йўқ, «Муҳташам юз йил»ми ёки «Гап чиқди» телешоусими, уларнинг масхараомуз шарҳларидан нима кўраётганингни ҳам билмайсан. «Ол-аа! Султон Сулаймон жанг қилиш ўрнига хотинига ғазал ўқиб ўтирармиш, роса опқочади-да!» ёки «Бу парда ортидаги хотиннинг ўзини эрга бериш керак, шунда манави ток-шоунг ҳам тезроқ тугарди, менам тинчгина бокс кўрардим». Энг гапдон шарҳловчини ҳам мот қилиб қўювчи бундай «коммент»ларга эътибор бермай дейсану, баъзида додлаб юборгинг келади. Ахир, уларнинг нуқул югур-югурдан, ур-сурдан бошқасини кўрсатмайдиган спорт каналларидан ўлса ўлиги ортиқ-ку! Аслида ўша каналлардаги кўрсатувларни шарҳлаб туриш керак. Нуқул «фалончи тўпни пистончига оширди» деб ўтираверишади. Ундан кўра шу футболчининг оиласида, шахсий ҳаётида нималар бўляпти, масалан, кеча хотинига қайси тилла магазиндан неча пуллик совға сотиб олди деган саволларга жавоб беришса, хотинлар ҳам футболга қизиқиб кетишармиди.

Ҳамма ёқ сим!

Вой, шу ўтказгич деганни ўйлаб топганнинг уйига... майли, сим тўлсин! Ўшанда биларди бутун хонадон бўйлаб чўзилиб, чувалиб, чалкашиб ётган симлар аро ҳаракатланиш, умуман, яшаш нималигини. Нега шу эркакларнинг турли-туман, бир ишга яроқсиз, фақат жавонда жой эгаллаб турадиган ускуналарини ҳеч бўлмаса симсиз ишлайдиган қилиб ясашмаган-а? Қуриб кетмагурлар оёққа чувалашгани етмагандек, ҳеч қачон чиройли қилиб йиғиштириб қўйилмайди. Вай, ҳеч бўлмаса, чангютгичга ўхшаб битта тугмасини боссанг, сими ўзи йиғиладиган қилиб ишланса бўлмасмиди, а? Нуқул арзимаган битта михни қоқиш учун ҳам бутун уйга ёйилган ускуналар симини йиғиштириш биз — аёлларга қолади: «Ана, онаси, мих тайёр, қоқилди, бемалол расм илаверишингиз мумкин. Энди манави симларни йиғиштириб олсангиз бўлди». Бир пайтлар одамлар битта болға билан ҳам иш битиришган-ку! Шундай деб кўринг-чи…

Майда пулни менсимайди

Кўпчилик эркаклар майда пул билан чиқишмаслигини, уни санаш у ёқда турсин, чўнтакда олиб юришни ҳам исташмаслиги – факт. Эрингизнинг чўнтагини титганда (албатта, ҳамма аёл умрида бир марта бўлса ҳам бу ишни қилган, яширмай қўяқолинг!), супермаркет чеклари, айрим рақамлар ёзилган қоғозчаларга аралашиб ётган юз, икки сўмликларни кўргансиз. Баъзан тахлаб чиройли қилиб солиб қўйгим келади-ю, чўнтаклар бўйлаб ўтказган «рейд»им ошкор бўлмасин дейман-да. Эримнинг чўнтагида-ку, майли, қай аҳволда ётса ётаверсин, аммо ҳали музлатгич ёки микротўлқинли печ устида, ҳали пардоз столида, гиламларнинг тагида пайдо бўлиб қоладиган майда пуллардан жаҳлим чиқади. Пул сўрасангиз, ҳар бир тийини учун ҳисоб талаб қилишади-ю, бутун хонадонга майда купюралардан «сочқи сочишади».

«Уйда нарса тугабди» дейди

Бирон нарса чинданам тугаган, сиз буни биласиз, кечқурун ишдан қайтишида олиб келишини тайинлаб юбормоқчи бўлиб турганингизда у: «Онаси, қанд тугабдими?» дейди-да, пиёласига охирги чақмоқни солади. Яъни болалар уйғонгунча дўкондан қанд олиб кел дегани бу. Ундан ҳам аламлиси, мен барибир олиб келмайман, ишим бошимдан оши ётибди, кечқурун эплаб ўзимни олиб келсам ҳам катта гап демоқчи…

Бўшаган идишни музлаткичга қўяди

Ҳеч тушунмайман, бўшаган банка ёки овқати еб бўлинган тоғорачани қайта музлаткичга қўйиш қаёқдан чиққан одат? Барибир идишни ювмаслигини биламан, ҳеч бўлмаса кран тагига қўйсин. «Музлаткичинг бўшаб қолмайди зато…» деганига ўлайми? Ҳой, барака топгур, бу муз-лат-кич, идиш жавони эмас!

Ҳўл сочиқларни дуч келган жойда қолдиради

Нафақат ҳўл сочиқларни! Тунов куни ўғлимга укол қилгани қўшни ҳамширани чақиргандим. Меҳмонхонамизга таклиф этиб, «Ўтиринг, бир дуо қилайлик», дебман. Стулни тортсам, қарасак, чолимнинг кир пайпоғи стол тагидан чиқиб турибди. Вой, шарманда! Кеча футбол кўриб ўтириб ечгану қолдириб кетган. Йўлакка ечиб кетилган чолвор, ошхона эшигига илинган майка… Хуллас, йиғавериб, жаврайвериб чарчадим.

Пул сўрасам, ёқмайман

Ахир, сўрамасимдан бериб қўйсин-да. Менам сўрашдан чарчадим жуда. У осонгина ишлаб топиб келади, мен бечора қийналиб, юзимни қора қилиб ҳар куни сўрашим керак. Яна: «Кечагина рўзғорни тўлдириб, камига бир даста пул ҳам берувдим-ку! Пул босадиган машинаманми сенга?» деб нолиганига ўлайми? Нима қилай, тўйга кўтариб борадиган тоғорамда тортиб кийиб борадиган либосиму даврага виқор билан чиқиб қистирадиганимгача пул бўлса. Ахир, ўзининг ҳам обрўси-ку. Кимсан фалончининг хотини… Эҳ, фойдасини билмаган эркаклар-а!

Соқолини олмайди

Биз қош терамиз, қулоқ тешамиз, гўзаллик салонларида соатлаб қандай оғриқли муолажаларга чидаб ўтирамиз – барчаси шу эрларимиз учун. Улар бўлса дам олиш кунлари битта соқол қиртишламайди. «Уйдаман-ку» эмиш. Ҳой, мен одам эмасманми? Менда кўз, кўнгил, эстетик дид деган нарсалар йўқми? Бир кун бепардоз кўринай-чи ўзига? «Тинчликми? Хуррем ўлиб қолдими?» деб жиғимга тегишни билади. Ўзи худди ибтидоий жамият кишисидай юраверади олдимда.

Латифаларидан дод!

Буларга қолса фақат латифа айтишиб ўтираверсанг. «Ҳой, дадаси, анави қўшнимиз…» деб эндигина маҳалла янгиликлари дастуримни очмоқчи бўлсам, дарров «Янгисидан бор, эшит» деб аллақандай на тушуниб, на кулиб бўладиган латифани айтади. Кулмасангиз, жаҳли чиқади. Мана, масалан, қуйидаги латифага кулиш керакми ё йиғлаш:

Афанди хотини билан корейс сериалини кўриб ўтирган экан.

— Хотин, энди сени корейсча исм билан чақираман.

— Вой, майли, менга қанақа корейсча исм қўясиз?

— Нум-Йам.

— Оҳ, росса чиройли исм экан. Маъноси нима?

— Тескарисини ўқиб кўр.

Ҳамманинг олдида танқид қилади

«Биззи хотин рўзғорри пирри-да. Уч кунда атиги икки кило гўшт ишлатади, бир қилишда ҳафталик овқатни пишириб қўяди, еяверасиз бемалоооол...» Шунақа гаплардан тўйиб кетдим. Айниқса, улар ҳамманинг олдида айтилса. Ҳой, кучли-кучли овқат қил, каттароқ косага суз деб қистайдиган ўзингиз-ку! Овқатим ширин чиқса, эртасига яна шундан пиширтирасиз. Шунинг учун биратўла заҳираси билан қилиб қўяман. Ҳаммасининг сабаби бор. Фақат ҳеч ким йўғида пиширганларимни индамай еб, кўпчиликнинг олдида бунақа сўзамоллик билан «мақташ»ини ҳазм қилолмайман-да. Ўз камчиликларимни ўзим яхши биламан. Бошқаларнинг бу борадаги фикрлари ўзаларида қолаверсин.

Онасининг чизган чизиғидан чиқмайди

Ҳаммани ҳам она туққан, тўғри. Уларнинг ҳурматини жойига қўйиш керак. Эрталаб ишга кетаётганда, кечқурун ишдан қайтишда онанинг дуосини олиш, дам олиш кунларини унинг ҳузуридан ўтказиш… Буларни кўриб ҳавасинг келади — ишқилиб ўғлим ҳам отасига тортсин-да! Бироқ бу эркаклар эрталабдан онасига қўнғироқ килиб: «Ойи, фалон кўйлагим билан пистончи ранг бўйинбоғ тақсам бўладими?» ёки «Келинингиз ойисиникига бормоқчи, рухсат бераверайми?» деб сўрашлари… Ҳой, бу елкадаги калла, пешона тагидаги кўзми? Ўзи кўриб, фикрлаб хулоса қилолмайдими кап-катта одам?

Қалампир Мунчоқ

Шархлар   

 
+3 #3 шохрух 2014-05-01 04:40
Буларни ёзишга кетган вактингизга уша банка ва пайпокларни егиштирсангиз булармиди, бировларга мактангунча
иқтибоз
 
 
+1 #2 офарин 2014-04-03 03:03
яшанг, жуда ажойиб туплам булибди. Эридан шикоятга ухшаб куринсада шарк аелларига хос одоб андиша эрига мухаббат шундоккина сезилиб турибди.
иқтибоз
 
 
0 #1 Khadija 2013-09-17 02:11
Qalampir Munchoq dardizni doston qilishga boshqa joy topolmadizmi? Bu yozganlariz arzimagan muammolarku bularni yozishga uyalmadizmi. Bunaqa Arznomadan ko'ra qiziqroq maqola yozsangiz yaxshi bo'lardi :sigh: Tanqid uchun uzr
иқтибоз
 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка