«Маош олган куним…»

hotin-pul-olmoqКеча маош олдим. Қанча дейсизми? Айтмайман. Йўқ, кўз тегмаслиги учун эмас, одамларни кулдирмаслик учун... Хуллас, қанча бўлса ҳам, барибир маош, маош-да! Шу куни ҳамма нарса одамнинг кўзига бошқача кўринади: кўчалар, одамлар, машиналар (гарчи бировларники бўлса ҳам). Ҳатто ишхонамиздан кираверишда ўтирадиган «вахтёр» хотин ҳам кўзимга йигирма ёшлик келинчакдек сулув кўриниб кетади…

Хотин ҳам ҳар кунгидан бошқача кайфиятда қарши олади. Уйга киришим билан ҳозиргина дамланган паловхонтўранинг ҳидидан кўнгил суст кетади. Хуллас, ўша куни ҳаммаси бошқача бўлади-да!

Хўш, эртаси кун-чи, дерсиз? Эҳ, маош берилган куннинг эртаси ҳақида гапириш... осонмас. Лекин ҳозир айтмасам бўлмайди. Айтаман ҳам.

Кўпгина рисолалардагидек эркаклар қатори мен ҳам маошни оқизмай-томизмай “ойижониси”га топшираман. Маош олган кунимнинг эртасига одатдагидек “завжаи муҳтарамамамиз” каминани ўзига хос қувонч ва сюрпризлар ила қарши олади. Сочлар алламбало усулда турмакланган, пардоз-андоз бошқача. Ахир, эр жонивор бир кун аввал маош олган. Бу байрам ойда бир бўлади-я!

— Дадаси, биласизми, япон олимларининг фикрича, аёл, ҳеч бўлмаса, бир ойда бир марта эрни ана шундай ясан-тусан, пардоз билан қарши олиши керак экан. Бу оиладаги мустаҳкамликни ошираркан.

— Буни қара-я! Барака топсин шу японлар, —  дейман, юзимда сохта табассум билан. – Мен қўшнимнинг уйига кириб қолмадимми, деб ҳайрон бўлаётгандим.

— Қаранг, сиз учун атайин бугун гўзаллик салонига тушдим. Қалай, очилиб кетибманми? Сочимга гап йўқ, тўғрими? Хўш, бунинг учун қанча пул кетди, денг? Айтсам ишонмайсиз. «Вапше» арзон!

— Хўп, қанча? – дейман аранг.

— Олтмиш минггина. Тасаввур қиляпсизми? Олтмиш минг-а?

— Намунча арзон бўлмаса, — дейман “қувончим” ичимга сиғмай. – Ҳатто бир ойлик тушлик пулим ҳам бундан кўпроқ.

Хотин хурсандчилигимни кўриб, янаям очилиб-сочилади.

— Ўзимам шунақа деб ўйлагандим. Кейин, биласизми, қўшнимиз янги чиққан атир олиб келганди. Ҳидини сезяпсизми? Зўр-а? “Орифлейм”ники экан.

— Қайси Ориф? — сўрайман пешонам тиришиб. Хотин эса, саволимни эшитмагандек завқ-шавқ билан гапида сўзлайди:

— Манави кремдан ҳам олдим. Ажинларнинг ашаддий душмани экан. Арзимаган пул.

Аслида ажинларга эмас, эркакларнинг чўнтагига душман бўлган мўъжизакор кремни таърифлаб бўлгач, у мени ҳайратга солишда давом этади.

— Ҳа, айтганча, сизга яна бир совғам бор. Кўрсангиз...

Кошки кўрмасам эди. У зум ўтмай, пошнаси бир қарич келадиган қўнжи узун этикни кийиб чиқади.

— Қаранг, қандай ажойиб! Буни ҳам сувтекинга олдим. Нариги «дом»да турадиган қўшнимизникига янги «мол» келган экан. Ярим пулини бердим, қолган ярмини кейинги маошингизгача кутаркан.

Мен эса “хурсандчилигим”дан ўзимни қўярга жой тополмайман.

— Буни ҳам қўятуринг, ҳали бундан ҳам ажойиби бор. Нақ жинни бўп қоласиз. Манави кофтани бир кўринг.

Кофтани кўриб, жинни бўлмадим-у, аммо нархини эшитиб ақлдан озишимга оз қолди.

— Қаранг, менга роса ярашдими? – “Завжаи муҳтарамамиз” ўзида йўқ хурсанд. – Бу кофтанинг ўзини кийиб бўлмайди, демоқчимисиз? Қаранг, бир ҳафта олдин “бутик”да худди шу рангдаги юбкага кўзим тушганди. Ишқилиб, маош олгунингизгача сотилиб кетмасмикин, деган хавотирда эдим. Дадаси, омадим бор-да!

— Омадинг бўлмаса менга тегармидинг? – деб минғирлайман.

У эса, кечаги маошни қай тариқа “оқилона” сарфлагани ҳақидаги ҳисоботни тугатиб бўлганида, менинг қон босимим рекорд кўрсаткичга етиб бўлганди.

Хуллас, хотиним камина бир кун ичида маошни нималарга  сарфлаш ҳақидаги бемаъни ташвишлардан халос эта олади. Мен эса, кейинги ойгача яна кимдан қарз олиш ҳақидаги долзарб масала устида бош қотира бошлайман.

Мўмин ҚОБИЛ

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка