АЁЛНИ ЎЗГАРТИРИБ БЎЛАДИ(МИ?)

ayolkishi-uzgaradimi(аёллар “вапше” ўқимасин)

Одам Ато замонасидан бери Ер ўз ўқи атрофида миллион марталаб айланиб чиққандир. Лекин аёл зотининг феъл-атвори ўзгармай келаётир, десам ёлғончи бўлмайман. Рост-да, орадан неча кубометр сувлар оқиб ўтди, қанча дарахтлар кесилиб кетди, қанча денгизлар қуриди (Орол ҳам улар қаторига қўшилмасин, ишқилиб), аммо Аёл зоти ўша-ўша.

Афсоналарга кўра, Момо Ҳаво онамиз Одам Ато ҳазратларининг чап қовурғасидан яратилган эканлар. Қовурға, ўзингиз биласиз, танадаги қийшиқроқ суяк. Уни тўғирлайман, десангиз синиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Шаккоклик бўлмасин-у, “хомашё” сифатида қўл ё оёқ суяги танланганида, янада яхшироқ бўлармиди, валлоҳу аълам.

Майли, Яратганнинг ишига аралашмайлик. Бироқ, одамзотнинг тасаввур дунёси кенг. Агар, бордию, аёл зотини ўзгартириш эркак кишининг ихтиёрида бўлганида, нималар юз берарди, деб ўйлаб қоламан. Келинг, фурсатдан фойдаланиб, баъзи хомхаёлларимни Сиз азизлар билан ўртоқлашсам...

“Сеҳрли пульт” бўлганидами?

Ҳозир техника, технология шу даражада ривожланиб кетяптики, баъзан ўйлаб қўрқиб кетасан. Оддий мисол, пульт. Илгари оталаримизга бирор канал ёқмаса, эмаклаб бориб, телевизор қулоғини бурашдек машаққатли ишларни бажаришга мажбур бўлишарди. Энди эса диванда ёнбошлаганча, истаган каналга ўтказишингиз, истасангиз, овозини баландлатиб, пасайтиришингиз, рангини созлашингиз, хуллас, шўрлик телевизорни истаган мақомга йўрғалатишингиз мумкин.

Қани шу олимларнинг ақли янада кучлироқ ишлаб кетса-ю, хотинларнинг бошқарув  пультини ясаб беришса? Гар-рантия бериб айтаман, ана шундай мослама ишлаб чиқарадиган компания дунёнинг биринчи рақамли “бренд”ига айланарди. Ер юзида икки миллиард катта ёшли эркак бўлса, шуларнинг ҳар бири камида биттадан ана шундай пультни сотиб олишарди-да! Фойдасини ўзингиз чамалаб кўраверинг.

Тасаввур қиляпсизми, хотин жониворнинг овози сал баландлаб кетди, шартта битта тугмани боссангиз, худди терлаб туриб музқаймоқ егандек овоз жонивор пасаяди-қолади. Агар бу овоз ёқмаса, умуман ўчириб, “овозсиз” режимга ўтказиб қўя қоласиз. Пульт қўлингизда, ўзингизга керак пайтда овозни ёқиб олаверасиз.

Ёки хотинингиз сизга, дейлик, қайинсинлингизникида ўтадиган бешик тўйи харажатлари ҳақида гап бошлади. Сиз шартта канални ўзгартирасиз. Қарабсизки, хотинингиз сизни дунёдаги энг ёқимли, энг ақлли, энг олижаноб инсон сифатида мақтай бошлайди.

Хуллас, эркакларнинг бу орзуси яқин келажакда ушалиб қолса-ю, биз ҳам бу янгиликлан баҳраманд бўлсак, қандай соз бўларди-я?

Пардоз-андоз кимга керак?

Рост, одамзот гўзалликка интилиб яшайди. Бироқ, айнан шу пардоз-андоз яратилганидан бери инсоният тараққиётида мутлақо янги босқич бошланганини рад этиб бўлмайди.

Хўш, пардоз-андоз аслида кимга керак, деган савол туғилади. Албатта, хотин эрини ясан-тусан қилиб кутиб олса, эрнинг ҳам кайфияти очилади. Аммо, хотин деган фақат эр учун ясанса, пардоз қилса майлийди.

Аёллар чиройли бўлишни эмас, бошқалардан кўра чиройлироқ бўлишни исташади, деган донишманд жа топиб айтган. Акс ҳолда дунёдаги косметика компаниялари бу даражада катта даромадга эга бўлишмасди. Рост, эркак зоти топадиган даромаднинг жуда катта қисми хотинининг пардоз андозига, кийим-кечагига кетади, десак муболаға бўлмайди.

Ишонмасангиз, бир ойлик маошингизни келинойимга тутқазинг, бу пул аёл кишининг эҳтиёжлари учун қанчалик оз эканига амин бўласиз.

Яна бир гап – аёл ҳар қандай эркакни миллионер қилишга қодир, агар у миллиардер бўлса... Ҳа, аёллар битта ҳақиқатни тан олишса, яхши бўларди: турмуш ўтоғингизни сизни янада кўпроқ яхши кўриши учун пардоз-андозга, ўзингизни ясатишга эмас, шу ҳаракатлар учун кетадиган харажатларни тежашга ҳаракат қилсангиз, нур устига нур бўларди.

Аёлга руль берсанг...

Илгари рулдаги аёлни кўриб, кўпчилик ёқа ушлаган бўлса ажабмас. Ҳозир кўчага чиқсангиз, ҳар учта машинадан биттасини аёл киши бошқараётганига гувоҳ бўласиз. Бошқарганда ҳам шунақанги  ноз-карашмалар билан бошқаришадики...

Бироқ, мутахассисларнинг фикрича, рулдаги аёл қафасдан қочиб чиққан шердан ҳам хавфлироқ экан. Агар ошириб юборган бўлсам, муҳтарама хонимларимиз мени эмас, ўша ярамас ақлли мутахассисни бемалол қарғашлари мумкин.

Мен-ку, аёлларнинг машина бошқаришига қарши эмасман. Аммо, бу кетишда яқин келажакда эркак ҳайдовчилар турон йўлбарсларига ўхшаб йўқолиб кетмайди, деб ким кафолат беради?

Мана ўзингиз ўйлаб кўринг, қўшни аёл алламбало пальто кийган бўлса, сизнинг ҳам аёлингиз то ўшандай пальто сотиб олмагунча, тинчлик бермаса керак. Худо кўрсатмасин, қўшни аёлнинг эри  машина совға қилиб қолса борми? Қани сизам совға қилмай кўринг-чи? Агар келинойим тутган еридан кесадиганлар тоифасидан бўлсалар, ўзингиз миниб юрган машина рулини топширасиз-у, қутуласиз. “Мен янгисини минаман” деб хархаша қилиш эҳтимолини назарда тутмаган ҳолатда айтяпман, бу гапни.

Хуллас, бу ҳолат худди грипп эпидемияси сингари ёйилиб, бутун дунёни эгаллаши, натижада машина ҳайдаш ҳуқуқи ёппасига аёлларга ўтиб кетиши мумкин. Яна ким билсин...

Хуллас, менга қолса, машина ишлаб чиқарувчи “Ауди”, “Фольксваген”, “Мерседес-Бенц”, “Тойота”, “Пежо”, “Форд” сингари йирик концернлар раҳбарларига бир таклифим бор эди. Келажакда шундай машиналар ишлаб чиқаришсинки, уларнинг рулида аёл киши ўтириши билан мотор ўз-ўзидан “ўчиб” қолсин. Бу таклиф бутун дунё эркаклари тарафидан қўллаб-қувватланса, ажаб эмас.

Аёллар “гапи”дан чиққан ҳангома

Илгари “гап-гаштак” деган тушунчалар фақат эркак қавми учун маълум ва машҳур бўлган бўлса, энди бу одат аёллар орасида шу қадар кенг ёйилмоқдаки, таърифга тил ожиз.

Балки бу ҳолат сизга таниш чиқар? Дейлик уйга ишдан чарчаб-ҳориб келдингиз. Ишдаги машмашалару бошлиқнинг ўринли-ўринсиз иддаоларидан жонингиз халқумингизда турибди. Шундай пайтда янгамулло уйда сизни сергўшт, серёғ, белга қувват, дилга қуквонч бахш этадиган паловхонтўра билан кутиб олсалар-ку, хўп-хўп. Аммо, қозонда кечаги атала ҳам бўлмаса, уй бекаси бола-чақанинг устидан қулфлаб, дугоналарнинг ҳафтада бир бўладиган “гапи”га кетган бўлса, қанчалик жиғибийрон бўлишингизни тасаввур қиляпман.

“Гап” жонивор ҳам эр бечоранинг асабини ўткирлаш учун ўйлаб топилган эговнинг ўзгинаси. Бу “антиқа” машваратларда  эрларни жиловлашнинг янгидан-янги усуллари ўзига хос тарзда тарғиб этилади, ёши катта, тажрибали хонимлар ёш издошларига бу борада “беминнат” сабоқ беришади. Ишонаверинг!!!

Қанийди, аёлларнинг истеъмолидаги барча сўзлар луғатини тузиш, кераксизларини олиб ташлаш ихтиёри биз эркакларга  берилса эди. Биринчи навбатда бу луғатдан “гап”, “гаштак”, “ўтириш” сингари синоним сўзларни чиқариб ташлаган бўлардик...

 Сўнг сўз ўрнида...

Ушбу мақола аёлларнинг қўлига умуман тушмаслигини истардим. Чунки, бу газетани хотинлар талабига кўра, асосан эркаклар сотиб олиши ва уйга боргунча газетани варақлаб чиқишини яхши биламиз. Шу боис, қадрдон улфатларимиздан илтимос, уйга боргунча айнан шу саҳифани йириб олиб, хотин кўрмайдиган жойга бекитиб қўйсангиз, соз бўларди.

Айтганча, мақолага имзо ҳам қўймадим. Сабабини ўзингиз яхши билсангиз керак...

Аноним

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка