«Эрим уйланди», «Хотиним эрга тегди» Болалар нима бўлади?

Эр-хотин бир-бири билан жиққа-мушт. Аммо ажрашмайди, чунки ўртада фарзанд бор. Лекин шундай бўладики, охири сабр косаси тўлади ва фарзандлари ҳам кўзга кўринмай ажрашишади. Кейин ҳар ким ўз йўлидан кетмоқчи бўлади, бироқ... Ўртада болалар бор! Бугунги қаҳрамонларимиз собиқ жуфтларининг янги оила қуриш хабарини эшитиб, «Энди дилбандларимнинг тақдири нима бўлади?» деб қийналаётган инсонлар. Аммо яқинроқдан ўрганиб кўрайлик-чи, гап фақат болалардамикан?

 

«Қизим отасиз яшашидан хавотирдаман...»

Лола, 25 ёш: — Эрим билан ажрашиш фикри мендан чиққан. Чунки муттасил жанжаллар, ичиб келиб уришлар, моддий қийинчилик ва қайнонам билан тушунмовчиликлар жонга текканди. «Ундан кўра фарзандимни ёлғиз ўзим тинчгина катта қиламан. Яна бир кун шу одам билан тургандан кўра, бутун умр кимсасиз оролда яшаганим яхши», деб ўйлагандим ўшанда. Алоҳида яшай бошлаганимиздан кейин у қизимизга эътиборлироқ бўлиб қолди деёлмайман-у, аммо соғиниб келиб-кетиб турарди. Қизим ҳам уни доим кутади. Ажрашганимизга бир йил тўлар-тўлмас унинг уйланаётганини эшитдим-у ўзимни қўйгани жой тополмаяпман. Энди у боласини кўргани келмай қўйса, хотини бунга йўл қўймаса, нима қиламан? Бечора болажоним!

Руҳшунос: — Аввалига аниқлаб олиш керак: сиз эрингиз билан ярашиб қайта яшашни истармидингиз? Қилган ишингиздан афсусда эмасмисиз? Қизим туфайли ташвишланаяпман, дея ўзингизни ишонтирмоқчи бўласиз-у, балки аслида ўзингизни ўйлаб, қийналаётгандирсиз? Кўпинча собиқ эр-хотинлардан бири янги оила қурса, иккинчиси ўзини ёмон ҳис қилиши, қийналиши кузатилади. Ҳатто, ўртада ҳеч қандай туйғулар қолмаган бўлса ҳам. Туйғулар-ку ўлган, аммо одатлар сақланиб қолган-да. Сиз ажрашган бўлсангиз-да, «собиқ» деб ўйласангиз-да, уни, барибир, эрим деб ҳисоблардингиз. Энди эса у сизга умуман тааллуқли эмас. Фақат қисман қизингизга алоқадор жойи бор. Ёш экансиз, ўз ҳаётингизни изга қўйинг, муносиб одамни топиб, турмушга чиқинг. Эрингиз, тушунишимча, қизингизни яхши кўради. Бўлмаса келиб турмасди, аксинча, уни унутишга ҳаракат қиларди. Демак, у ташлаб қўймайди. Балки янги оилавий ҳаёт, туғилажак болалари унинг эътиборини маълум вақтга жалб қилиб туриши мумкин. Аммо тўнғичига юрагида ажратган жойи бор. Шу Демак, у ўз фарзандини унутмайди.

 

«Улар дадасини ёмон кўришади...»

Мавлуда, 38 ёш: — Эрим билан севишиб оила қургандик. Лекин турмушимиз яхши ўтмади. Унинг аёлларга суяги йўқ эди. Хиёнатларидан чарчадим. Охири ажрашишга қарор қилдим. У уйланди. Тўғриси, алам қилаяпти. Бахтли онларимизни эслаб, куйиб кетаяпман. Аммо ҳаммасидан ҳам кап-катта бўлиб қолган болаларим (қизим 16, ўғлим 13 ёш) мени ташвишга солаяпти. Улар кўчадан дадаларининг уйланганини эшитишибди. Қизим мендан яшириб йиғлаб-йиғлаб юрибди. Ўғлим эса ҳар нарсани уриб-тепиб қаттиқ жанжал қилди ва «Энди у менинг дадам эмас!» дейишгача борди. Нима қилишни билмаяпман?..

Руҳшунос: — Сизга осон эмас, албатта. Чунки фарзандларингиз ўсмир ёшда экан, бу палла ота-онаси билан тўлиқ оилада яшаётган болаларда ҳам мураккаб кечади, сизда эса инчунун. Аммо биринчи навбатда ўзингизнинг масалангизни ҳал қилиб олайлик. Сиздаги қийналишнинг номи хотирадир. Эр-хотин ажрашиб кетишлари билан уларнинг ўртасидаги муносабатлар тугаб қолмайди. Яна маълум вақтгача тугалланмаган нимадир сақланиб қолади. Сизда ҳозир шундай ҳолат кечаяпти. Бу ўтиб кетади, албатта. Ажрашиб, болалари билан қолган аёлга доим қийин бўлган. Лекин мунтазам жанжаллар, ишончсизлик ва рашк муҳитида фарзандларингизни катта қилишни истамагансиз. Балки эрингизнинг хиёнатлари уларингизнинг тарбиясига ёмон таъсир қилишидан, номига иснод бўлиб тушишидан қўрққандирсиз? Нима бўлганда ҳам, сиз ўзингизни айбламанг. Бўлар иш бўлган. Болаларингизга дадасини ёмонламанг. Улар ўзларини ёмон одамнинг зурриёди, деб ҳис қилишмасин. Отасини ёмон кўришмасин. Бола учун энг яқин инсонини ёмон кўришдан қийинроқ ва азоблироқ нарса йўқ. Яхшиси, сизга қанчалик оғир бўлса ҳам, дадасининг қарори табиий эканини болаларингизга тушунтиринг. Бошқага уйланса ҳам, уларнинг отаси бўлиб қолаверишини англатинг. Ҳадемай дадасининг бошқа фарзандлари ҳам пайдо бўлиши мумкин. Болаларингиз анча катта экан, уларни бунга руҳан тайёрланг, токи ота бир ука ёки синглисини бегонадек, рақиб деб қабул қилмасин. Катталар ўз ҳаётини хатою хулосалари билан ўзлари яшаб ўтишлари керак. Фарзандларингизнинг эса собиқ эрингиз билан ўз ота-болалик муносабатлари бор. Бу ришта болаларингизга керак. Уни сақлаб қолинг.

«Ўғилларим ўгай ота қўлида...»

Мақсуд, 36 ёш: — Хотиним билан ажрашганимизга икки йил бўлди. Икки ўғлимиз бор. Бири 8, иккинчиси 6 ёш. Ўн йиллик турмушимиз текис ўтди деёлмайман. Мен ишсизликдан қийналардим, ичиб келган, жанжал қилган кунларим кўп бўлди. Хотиним эса тили-жағли эди. Ҳақиқий эгов. Хуллас, тинч яшамадик. Мен ҳамон сўққабошман. Очиғи, ажрашганимиздан кейин камроқ ичадиган бўлдим. Хотинимни узоқдан бўлса-да кузатиб юрар, мабодо бировга кўз сузадиган бўлса, адабини бераман дердим. Аммо ҳаммаси бирданига содир бўлди... Яқинда унинг эрга текканини эшитдим. Эшитдим-у, жоним чиқиб кетди. Икки ўғли билан қандай эрга тегади? Уларга эрини, “даданг” деб таништирадими? Ўғилларим энди ўгай отанинг қўлида ўсадими? Ажрашаётганимизда рафиқамнинг бошқа оила қуриши мумкинлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Шу «стерва» кимга керак деб ўлардим. Энди ёмон алам қилаяпти. Бориб ўша эрини яхшилаб ургим ва болаларимни уйга олиб келгим келаяпти...

Руҳшунос: — Ажрашгандан маълум муддат ўтгач, эркаклар ҳовурдан тушадилар ва оилавий ҳаётларининг бахтли онларини эслай бошлашади. Маълум бўлишича, ажрашган эркакларнинг ярми орадан бироз вақт ўтиб, оиласини қайта тиклашни истаб қолишаркан. Фақат эркаклик ғурури сабаб, буни ошкор этишмас экан. Ажрашгандан сўнг бирданига уйланиб олган эркакни эшитсангиз, билингки, бунинг икки сабаби бор, ё бу эркак хотини билан яшаётгандаёқ у аёл билан муносабатларга эга бўлган ёки алам устида бу ишни қилган. Ўйлаб иш қиладиган, оиласига хиёнат қилмаган эркак эса ажрашувдан 17 ойлар ўтибгина янги оила қуришга руҳан тайёр бўлади. Буни «17 ой синдроми» деймиз. Аммо яна бир факт: ажрашувдан уч йил ўтиб ҳам, эркак бошқа оила қурмаса, бошқа аёллар билан муқим муносабат ўрната олмаса, албатта, эски оиласига қайтади. Лекин биз кўриб чиқаётган ҳолатнинг бир ўзига хослиги бор: бу ерда эркак хотинини кузатиб юрган, яъни ундан умид узмаган. Аламлари совиган ва оиласини тиклашга умидвор бўлган. Акс ҳолда, бошқага уйланган бўларди. Лекин эркак психологиясининг ўзига хос бир жиҳатини унутмаслик керак: улар хусусий мулкчи бўлишади. Бир замонлар уларга тегишли бўлган аёлнинг бошқа бировга хотин бўлишига чидай олмайдилар. Шу сабаб бошқага уйланган тақдирда ҳам собиқ хотининг янги турмуш қуриш фактини хотиржам қабул қилолмайди. Бизнинг қаҳрамонимиз эса ҳали уйланмаган. У болаларини эмас, хотинини рашк қилаяпти. Бу вазиятда ягона чора бўлиб ўтган ишларга ачинмасдан олға қадам босиш. Насиб қилса, яна ўз оиласига эга бўлади. Ўғиллари кўчада қолгани йўқ, онаси билан. Онаси уларни бировга хафа қилдириб қўймаса керак.

Руҳшунос Шаҳноза ХАЛИЛОВА ҳамкорликда Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрланди

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка