Эҳтиёт бўлинг, сувчечак!

Қизимни чўмилтираётиб, баданидаги сувли тошмаларга кўзим тушди-ю бирор нарса еб қўйгандир-да, дедим. Ўзимча қилган муолажаларим эса эртасига тошма кўпайишига олиб келди. Ахир бу сувчечак эканлигини қаердан ҳам билибман. Бунинг устига, биринчи марта тўқнаш келаётган бўлсам. Хуллас, шифокордан аниқ ташхисни эшитгач, муолажаларни бошладик. Бироқ мени ўйлантираётгани сувчечакни қаердан юқтирдик? Мактабга чиқадиган ўғлимга ҳам юқса-чи, нима қиламан? Кўрган-билганларимга қараганда бу каби муаммо кўпчилик ота-оналарни ташвишга солган. Хўш, сувчечак нима сабабдан юзага келади ва  олдини олиш мумкинми?  Нега айнан ёз-куз мавсумида кўпаяди?

Мутахассисимиз — Республика тери-таносил касалликлари маркази шифокори, дермато-венеролог Нодира АКРОМОВА.

ҚАЕРДАН ВА ҚАНДАЙ ЮҚАДИ?

Сувчечак шу номдаги вирус қўзғатадиган ўткир инфекцион касалликдир. У 2 дан 7 ёшгача бўлган деярли барча болаларда кузатилиши мумкин. Сувчечакнинг яширин даври 14-21 кунни ташкил этиб, тошма чиқишидан икки-уч кун олдин ҳам бошқа болаларга юқиш эҳтимоли бор. Асосан аксирганда, йўталганда ҳаво томчилари ёки бемор боланинг сўлак безлари орқали юқади. Сувчечак вируси ўз таъсирини охирги тошма пайдо бўлгунигача ҳам йўқотмайди. Энг сўнгги тошма ҳам битиб бўлгач, юқумлилик даражаси йўқолади. Касаллик асосан ёзнинг охири, кузнинг бошларида кўпаяди. Сабаби бу вақтда бола иммунитети заифлашиб қолади. Сувчечак вируси қаердан пайдо бўлиши эса аниқ эмас.

БОҒЧАГА ЮБОРМАНГ!

Сувчечакка чалинган беморни тошма тошган кундан бошлаб  боғча-мактабга жўнатмаслик керак. Шу билан бирга, одам гавжум жойлар, меҳмондорчилик, ҳатто бошқа болалар билан бирга ўйнашини ҳам чеклаган маъқул. Ака-сингилларидан ҳам алоҳида парваришлагани дуруст. Тошма тегиб кетмаслиги, бемор фойдаланган чойшабларни бошқалар ишлатмаслигига ҳам аҳамият беринг.

ПУФАКЧАЛИ ТОШМА — АСОСИЙ БЕЛГИ...

 Сувчечак билан илк марта тўқнаш келаётган ота-оналар уни оддий тошма ёки аллергия билан адаштиришлари ҳеч гап эмас. Зеро айрим ҳолларда касаллик жиддий безовталикларсиз, оддий тошмадек бошланади. Гоҳида эса шамоллаш, тумов, томоқ оғриқлари асоратида ёки шунинг негизида пайдо бўлиши ҳам мумкин. Тўғри, томоқ оғриғи сувчечакни келтириб чиқармайди, аммо касаллик сабаб заифлашиб қолган иммунитет вирус таъсирига учраб, тошма тошиши фаоллашади. Аввалига бир нечтадан бошланган тошма эртасигаёқ кўпаяди. Бола танаси, оғиз, кўз қовоқларининг шиллиқ пардаси, шунингдек, бош қисмида сувли пуфакчалар пайдо бўлади. Тошма тошаётгани билинмаса-да, кейинги кунларда кучли қичишиш ҳисси бошланади. Ана шу вақт ота-оналар ниҳоятда сергак бўлишлари лозим. Агар тошма юзаси тирналса, пуфакча ёрилиб, шаффоф суюқлик тананинг бошқа қисмларига тарқалади, ўрнида эса чандиқ ҳосил бўлиши мумкин. Тана ҳарорати 38-39 С даражага кўтарилади, эт увишиши, бош ва мушакларда оғриқ, иштаҳасизлик, ётоқчилаш ва ҳолсизлик кузатилиши ҳам касалликлар аломатларидир.

ДИҚҚАТ ҚИЛИНГ!

Тошма кўпи билан 3-5 кун давомида тошади. Бу вақтда боланинг тана ҳарорати дам кўтарилса, дам мўътадиллашади. Маълумотларга кўра, тошма ички аъзоларга ҳам тошиши мумкин. Шу боис болакайнинг оғзидан бадбўй ҳид келса, оғиз бўшлиғи ва томоқ соҳасига қараб қўйинг. Сувчечак ўз номи билан сувли тошма дегани. Демакки, тошма тўлиқ тошиб, битмагунича, бола танасига сув теккизиш, ювинтириш мумкин эмас!

Кичкинтойнинг ўзи учун алоҳида дока ажратиб қўйинг. Бет-қўлини артиши учун мана шу докани намлаб, фойдаланиши мумкин.

КЕЧИШ ДАВРИ

Тошма тошиши тугаши билан 2-3 кун ичида усти  қуруқлашиб, юзаси қаттиқлашади. Жигар ранг яра кўринишига келиб, сўнг пўсти кўчади. Ва терида билинар-билинмас доғ юзага келади. Хавотирланманг, бу вақтинчалик ҳолат. Тери ранги аста-секин меъёрий ҳолатига қайтади.

УЙДА ДАВОЛАШ МУМКИНМИ?

Сувчечак уй шароитида даволанади. Албатта, оғир кечиши бундан мустасно. Ота-оналардан талаб қилинадигани эса сабр-тоқат билан тошма тошиб бўлишини кутиб, керакли муолажаларни амалга оширишдир. Бунда шифокор тавсиясига кўра тошма устига «зеленка» ва вирусга қарши мазь билан ишлов берилиб, препаратлар буюрилади. Тана ҳароратининг кўтарилиши ва иммунитетни мустаҳкамлаш учун эса даволовчи шифокорингиз зарур дори воситалари, шамчаларни  тавсия этиши мумкин. Асосийси, бола чойшаблари ва ич кийимларини ҳар куни янгилаб туринг. Кўпроқ суюқлик масалан, наъматак дамласини тайёрлаб беринг. Ётоқ режимига риоя этиши ҳам ғоят муҳим.

ЁДДА ТУТИНГ!

Сувчечак асосан иммунитети суст бўлган болаларга осон юқади. Муолажанинг асосий талаби ҳам айнан иммунитетни мустаҳкамлашга қаратилган. Агар фарзандингиз чиниққан бўлса, касаллик юққан тақдирда ҳам енгил ўтади. Муолажа вақти парҳез тутиш, аллергик таъсирга эга маҳсулотларни чеклаб турган маъқул. Асосан сут-қатиқ, мева ва сабзавотлар, шўрва ҳамда буғда тайёрланган егуликлар истеъмол қилиниши айни муддао.

ЯНА ҚАЙТАЛАНАДИМИ?

Йўқ! Сувчечакка чалинган болада касаллик вирусига қарши турғун иммунитет ҳосил бўлади. Шу боис кейинчалик қайтанланмаслик эҳтимол юқори.

ЭМЛАТИШ

Сувчечак бўлган болангиз эндигина тузалганида кичиги ёки каттасида тошма пайдо бўлса, ортиқча хавотирга берилмай дарҳол муолажани бошланг. Оз бўлса-да, керакли тажрибангиз бор. Демак, муолажани қанча эрта бошласангиз, тузалиши ҳам осон кечади. Тўғри, сувчечакка қарши эмласа бўлмайдими дейишингиз мумкин. Эмлатса бўлади, бунинг учун даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

АСОРАТЛАРИ

Тўғри даволанган тақдирда ҳеч қандай асорати қолмайди. Тошма юзаси қичилмаса ва инфекция тушиб, яллиғланмаса, терига таъсири ҳам йўқ. Терида чуқурча ёки чандиқ қолиб кетган тақдирда дерматолог мутахассисга мурожаат қилиш мумкин. Ўта оғир асоратлар, масалан, энцефаломиелит эса камдан-кам ҳолларда учрайди.

ОЛДИНИ ОЛИШ

Юқорида айтилганидек, асосий профилактика бола иммунитетини чиниқтиришдир. Сувчечак елвизакдан “қўрқади” ва ташқи муҳит таъсирига чидамсиз. Тез-тез хоналарни шамоллатиб туриш, тозаликка риоя этиш ва боланинг шахсий гигиена қоидаларини назорат қилиш асосий вазифангиз эканлигини унутманг.

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка