Келинларнинг ҳавфли 7 тоифаси

kelinБефаросат

Белгилари: ўзи ёмон эмас, балки қўли ҳам, тили ҳам шириндир. Аммо ўйламай гапиради ва иш қилади. Эрини ишга кузатиб қўйишни билмайдиган, ўйлаган гапини силлиқламай айтиб юбораверадиган, меҳмон келса, қайнонадан олдин кўришадиган, дастурхон солиш ўрнига келган одам билан гап сотиб ўтирадиган, минг тушунтирсангиз ҳам, гапингизни англамай, ўз билганича ишини бажариб келадиган... Хуллас, белгилари талай. Асосийси, ўйлашни эплолмайди.

Чора: уришиб, бир нарсани уқтиролмайсиз. Яхши гапириб, ўргатасиз. Одатда, бефаросат келинга шахсий ибратингиз таъсир қилмайди. Яъни индамай меҳмон олдига дастурхон ёйсангиз, келинингиз кейинги сафар шундай қилишим керак экан, деган хулосани ўзи чиқармайди. Ҳар сафар айтиб, ўргатиб туришингиз керак. 

Бетгачопар

Белгилари: келинларнинг жуда хавфли тури. Аччиқ сўзлари, ўйламай гапириши, юзингда кўзинг борми демаслиги, уят, андиша, истиҳолани билмаслиги хонадонингизда доимий асабийликни таъминлайди. «Шу бир нарса деб таъбимни тирриқ қилмасайди, умуман гапирмаса ҳам майли», деб турасиз ичингизда. Қилган иши ҳам, берган совғалари ҳам бир марта сурбетлик қилганда эсингиздан чиқиб кетади. Масалан, «Келин, эрингизнинг пойафзалини эшик тагидан олиб қўйинг», десангиз, «Хўп бўлади, ойижон» ўрнига «Ҳози-и-ир, ўйнаётганим йўқ-ку» деган қўрс жавобни эшитасиз.

Чора: оилангиз тинчини ўйласангиз, гапларига камроқ эътибор беринг. Мақтаб-мақтаб туриб, айбини қистириб ўтинг ва иложи борича, мулойим бўлишга ўргатиб боринг. Аммо ҳаддидан ошаверса, жиддий тарбия соати ўтказишга тўғри келади.

Исрофгар

Белгилари: кўп пул ишлатади, тежаш, кўпайтириш, авайлаш деган нарсалар унга ёт. Шиори: «Эрим топаяпти-ку, истаганимча ишлатаман!» Пулни умуман санамай сарфлайди, бозорда савдолашмайди, рўзғорбоп нарсаларга эмас, қимматбаҳо ялтир-юлтирларга ўч бўлади. Ошхонада- меъёрни билмайди.

Чора: шахсий ибрат, тушунтириш, ўргатиш. Маълум муддатгача оила бюджетини келинга ишонмай, ўзингиз бошқариб туришингиз мумкин. Аммо ўргатмасангиз, барибир бир кун рўзғор шу келинга қолади ва у ўғлингизни хонавайрон қилади. Яхшиси, келин учун фойдали таклиф билан чиқинг. Масалан, келаётган ой ўтган ойдагидан икки баробар кам харажат қилишга эришса, тежаб қолинган пулга ўзига бирор нарса ваъда қилинг. Кўп харажат қилса, жазо. Хуллас, онаси эплолмаган ишни эплашингиз керак.

Кўча ҳандон уй зиндон

Белгилари: яхши кийиниб тўй-ҳашамларга боришни ёқтиради. Бирор меҳмондорчиликка отлансангиз, мен ҳам бораман, деб туриб олади (олиб бормасангиз қовоқ-тумшуқ осилган, коса-товоққа урилган...) Уйда иши қалашиб ётса ҳам, қўни-қўшниникида ёки кўчада гап сотиб, юраверади. Иш десангиз лабига учуқ тошади, юр десангиз, дунёнинг нариги чеккасига ҳам кетаверади.

Чора: Қаттиққўлроқ бўлиш керак. Иложи бўлса, қатъий кун тартиби белгилаб қўйинг, бирор жазо чораси ўйлаб топсангиз ҳам бўлади (масалан, бекордан-бекорга кўчага чиққан ҳар бир дақиқангиз уйингизга бориб-келишга рухсат олган вақтингиздан чегириб ташланади, денг). Фойдали иш билан банд қилинг (оғир меҳнат билан эзинг дегани эмас бу!). Масалан, боласига китоб ўқиб берсин, турли курсларга қатнасин (кўчага чиқишни яхши кўради-ку). Аммо бориш-келиш вақти аниқ чегараланган бўлсин. Хуллас, дайдилик одатини ташламагунча маълум муддат назорат қилиб турасиз. Вақт ўтиши билан ўзи уйим-жойим дейдиган бўлади.

Ёлғончи

Белгилари: зарурат бўлса-бўлмаса, ёлғон гапираверади, бир гапи иккинчисига тўғри келмайди, ўз ёлғонлари ичида адашиб, атрофдагиларни ҳам чалғитади. Рост гапига ҳам ишонмай қоласиз. Баъзида шундай қиладики, у эмас, сиз ёлғон гапираётган бўлиб чиқишингиз ҳам мумкин.

Чора: нега кўп ёлғон гапираяпти? Балки бирор нарсадан қўрқаётгандир, ё ёлғондан манфаати бордир? Сабабини топсангиз ва бартараф қилсангиз, ёлғон гапиришдан тўхташи мумкин. Баъзи келинлар қайнона ёки эрдан қўрқиб, ёлғон ишлатишади. Келин билан самимий муносабатда бўлсангиз, у сизга ишонса, алдовлари камаяди. Аммо шунақа одамлар борки, ёшликдаги тарбиянинг ёки оилавий муҳитнинг таъсирида ёлғон гапиришни одат қилиб олган бўлишади. Бу ҳолда ишингиз қийинлашади. Аммо тадбирли қайнона бўлсангиз, чорасини топасиз. Рост гапиришдан манфаатдор қилинг, шунда бу одатини, албатта, ташлайди.

Аразчи

Белгилари: бир гап кам, иккитаси ортиқча. Арзимас баҳона билан отасиникига «учиш»га тайёр. Кетаверади-келаверади, уйингизда тинчлик қолмайди.

Чора: аввалига яхшиликча тушунтириш керак: «Болам, энди бу уй — сизники, отангизникига меҳмонсиз, нима муаммо бўлса, шу ерда ҳал қилинг» тарзида. Агар таъсир қилмаса, уйингиз истаганда келиб-кетадиган карвонсарой эмаслигини тушунтириб қўйинг. Масалан, бир сафар кетганида сиз ёки ўғлингиз эмас, ота-онаси сизникига олиб келишсин. Ўзи кетиб, ўзи қайтиш жуда оғир, табиийки, кейинги сафар ўйлаб кетади отасиникига.

Эрка

Белгилари: гап оҳанги, қилиқлари, кийиниши, ўзини тутиши ёш болаларга ўхшагани етмагандек, уй тутиш, рўзғор ташвишлари ва қийинчиликларига ҳам чидай олмайди. Арзимас гапни ота-онасига чақаверади. Мустақил эмас, маслаҳатларингизга кўнмайди, инжиқлик қилади. Сал гапингиз тегиб кетаверади, йиғлоқи бўлади.

Чора: Қайта тарбиялайсиз. Фармонбиби «типратиконни» тескарисига силагандек, сиз ҳам ўрни келганда силаб-сийпайсиз, жойи келса, қаттиққўллик қиласиз. Ухлаб қолса, биринчи марта кечирасиз, иккинчи марта тушунтирасиз, шунда ҳам қуёш тиккага келгунча ётоғидан чиқмаса, бироз дакки эшитиши тайин.

  Тажрибали қайнона Марғуба КОМИЛОВА билан ҳамкорликда Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.

 


Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка