«КЕЛИНГ, КЎНГИЛ «КИР»ИН ЮВАМИЗ!»

makr41Қўшни момомиз бўларди. Бувим унинг ёнинга гурунглашгани чиқса, этакларидан ушлаб, эргашиб олардим. Эшикларидан кириб боришимиз билан момо ёнидаги кўрпачани кўрсатарди. Сўнг минғирлаб қўярди: «Кўрганимиз — кўришганимиз»...

Бу кўришиб ўтиришимиз шарт эмас, дегани эди. Биз ҳам кампир кўрсатган кўрпачага бориб ўтирардик.

— Омонмисан, ҳамсоя? — дерди момо ўтирганимиздан кейин чеҳраси ёришиб. Ҳозиргина ёқтирмагандек қарши олган қўшнининг бирдан ўзгарганини сира тушунолмасдим. Ҳамон тушунмайман. Унинг нурсиз кўзлари порлагандек бўлиб дерди: — Тошдек ёрилай деб ўтиргандим. Яхши келдинг. «Кўнгил кирин айтса кетар, кўйлак кирин ювса кетар», деган эскилар. «Кир»ингни кетказ...

Бу момонинг «Дардингни ёр», дегани эди. Аммо менинг бувим бундан ўнғайсизланарди:

— «Кир»им йўқ, — сўнг тишлари тўкила бошлаган оғзини бекитиб куларди. — Ҳар кун сизга «кир» қайда? Ёшмидимки, ҳар куни дилимга бир «кир» орттирсам...

— Ўзинг орттирмасанг ҳам, сенинг кўнглингни «кир» қилувчилар бўлади-да. Мана, бугун менинг кўнглимни «кир» ҳам гапми, хуфтон қилишди, — деб қоларди момо баъзан.

Шу билан икки кампир ўз келинлик даври билан бугунни солиштириб кетарди. Мен ўшанда уларнинг гапига кўпам қулоқ соларвермасдим. Дарров момонинг неваралари билан ўйнагани чиқиб кетардим.

Мана энди йиллар ўтиб, уларнинг гапларини эслаяпман. Албатта, бунинг сабаби бор. Шу десангиз, менинг ҳам кўнглимда бир «кир»им бор. Адашдим, бир эмас, нақ иккита «кир» экан. Шуни ичимга ютиб-ютиб, бирор фойда топмадим. Энди момом айтганидек, кўнгил «кир»ини айтиб кетказмоқчиман.

Айтиб ўтганимдек, мен бувимнинг ортидан қолмайдиган, эрка, айтгани ўша заҳоти муҳайё бўладиган кичкинагина оиланинг каттагина ташвиш туғдирувчи қизи эдим. Ташвишларим ҳам ўзига хос.

— Мен ҳам мактабга бораман, — деган эдим икки ёш катта қиз мактабга бора бошлаганида.

— Сен ҳали кичкинасан! — эътироз билдирганди ойим.

— Каттаман, бораман!

Менинг шу биргина гапим бобом учун кифоя қилган эди. Неваралари ичида биттагина қиз невараси бўлганим учун еру кўкка ишонмасди.

— Борасан, қизим. Ўзим директор билан гаплашиб келаман. Мактаб жонингга теккунича ўқиб келасан! — деганди бобом.

— Мен инглиз тилини эмас, француз тилини ўрганаман! — дегандим еттинчи синфга ўтганимизда.

Бунга «Муҳаббатни француз тилида изҳор қилинг, гўзал тил!» деган таъриф сабаб бўлганди. Ўқитувчимизнинг «Энди қийналади, ахир неча йилдан буён инглиз тилини ўрганаяпти», дейишига қарамай, оёқ тираб туриб олдим. Отамнинг илтимоси, ўзимнинг «Тезда ўзлаштириб олиш» ҳақидаги ваъдам билан мени француз гуруҳига ўтказишди.

— Велосипед олиб беринг, мактабга велосипедда бораман! — дедим негадир тўққизинчида ўқиб юрганимда.

— Кап-катта қиз-а... — менга қарши айтилган гап ойимнинг шугина сўзлари бўлди.

Хуллас, мана шунақа қайсар, тантиқ, кутилмаганда ақлга сиғмас ўзгаришлар қиладиган қиз эдим. Охирги ўжарлигим эса анча вақтгача надомат чекишимга ва ўйлаб иш қилишимга мажбур этди.

Биринчи макр

Эсимда, сўнгги эсдан оғдирувчи қароримга ҳамма қарши чиққанди.

— Эҳ-ҳе, оиласида бешта ўғил экан. Учтаси уйланган. Тағин ҳамма келин бирга яшаркан. Бу оилада тиниб-тинчиб яшаб кетишнинг ўзи бўлмайди,  — ойимнинг нафаси ичига тушиб кетди.

— Катта оиланинг ташвишлари ҳам катта бўлади, — дея олди отам шўрлик.

Мен эса бир ҳафтача қовоқ очмадим. Ҳарқалай, ҳаё-ибомни сақлаб қолган эканман. «Тегсам ҳам шу йигитга тегаман», дейишдан тилимни тия олдим. Аммо осилган қовоқ-тумшуғим шу гапни билдириб турарди. Ота-онамнинг рози бўлишдан бошқа чораси қолмади. Уларнинг ҳақлигига эса тўйимнинг эртасигаёқ ишонч ҳосил қилдим.

— Уйда сиз билан ўн тўққиз кишимиз. Шунга яраша овқат қиласиз, — деди кичик овсиним қозон ва масаллиқларни кўрсатиб.

Очиғини айтсам, бу катта рўзғорда бурним роса ерга ишқалди. Уйда менинг айтганимни муҳайё қилишарди. Бу ерда эса мен ҳатто гўдакнинг айтганини ҳам қилишни бурчим деб биламан. Нолий десам, ўзим пиширган ва суйган ош...

Болам туғилди ҳамки, оёғим — олти, қўлим — етти бўлиб катта ҳовлида гир айланиб рўзғор ишидан бўшамасдим. Рўзғор катта, фақат эркаклар ишлагани учун уй қуриш ё сотиб олишга пул жамғаришнинг имкони ҳам йўқ. Охири бўлмади. Уйга борганимда дадамга дедим:

— Мен куёвингиз билан алоҳида яшамоқчиман. Шунга бирорта уйми, квартирами...

— Олмоқчисизларми? — ойимнинг кўзлари қувнади.

— Уйдагиларнинг уй сотиб олишга ҳали қурби етмайди. Олишса ҳам, катта қайноғамга биринчи олишади. Бизга навбат теггунича, эҳ-ҳе... Агар сизлар бориб... — дедим ерга қараганча.

— Қизим, мен уй олишларингга ёки ижарада яшамоқчи бўлсаларинг, моддий томондан ёрдам бериб туришим мумкин. Лекин қудамнинг олдига бориб, «Қизимнинг рўзғорини бўлак қилинглар, эзилиб кетди», дея олмайман, — деди илк бор отам тилагимни рад этиб.

Бу кўкайимни кесиб кетса керак деб ўйлагандим. Йўқ. Ўзгарибман. Бирдан ўзимни қўлга олдим-у, ҳийла йўлига ўтдим. Уйга бора солиб, қайнонамнинг ёнига чўкдим:

— Ойи, дадамнинг айтишича, бир таниши уй сотиб олибди. «Қаровсиз қолмасин, бирор кишига айтинг, яшаб турсин. Пули ҳам керак эмас», дебди. Шунга... ўша уйга чиқсак-чи? Барибир бир куни рўзғоримизни бўлак қиласиз-ку!

— Сизлар эмас, катта овсинингиз чиқса бўларкан. Тегирмон навбати билан. Қаерда экан, суриштиринг, қайноғангизни чиқарамиз, — деса бўладими қайнонам.

Айёрлигим акс таъсир берганидан шошиб қолдим.

— Хўп, хўп, — дедим зўрға.

Оқибат шу бўлдики, ёлғончига чиқмаслик учун дадамга бир хонали уйни ижарага олдирдим. Падарим бечора қизининг тинчи учун қайноғамнинг ижара уйи пулини икки ой тўлади. Бундан шу қадар виждоним қийналдики, кўнглимдаги биринчи «кир» ўша онда пайдо бўлган ажабмас.

Иккинчи макр

Илгари сира бунақа ҳолга тушмагандим. Уйдагиларга ҳақиқатни айтолмайман, дадамга «тўламанг» дея олмайман. Охири бўлмади, яна бир айёрлик қилдим.

— Дада, ижарачи билан гаплашинг. Қайноғамга «Уйга ўзимиз кўчиб келадиган бўлдик», деб чиқишга мажбур қилсин. Шу билан сиз пул тўлашдан, мен виждон азобидан қутиламан. 

Шукрки, бу шумлигим иш бериб, қайноғам ўзига бошқа уй излади ва ўзи учун ўзи жон куйдира бошлади.

Энди мен бирор макр қилишга ҳам қўрқиб қолгандим. Чунки, биламанки, бу рўзғордан чиқиб кетиш навбати билан. Навбатда эса яна иккита овсиним турибди. Шу ҳолда яна бир йилни ўтказдим. Эримга ҳам айтганларим кор қилмайди:

— Акамларнинг бола-чақаси кўп. Хотинлари ишламайди. Бирдан уй сотиб олишса, чиқишади-да. Мажбур қила олмаймиз-ку!

Кўра-била туриб уни ҳам қийнай олмайман. Ўйлай-ўйлай яна бир ҳийлага қўл урдим. Ҳар куни қайнонамга иккинчи овсинимдан нолийман:

— Менда ҳам бола бор, ойи. Янгамнинг болалари катта. Майда-чуйда юмушларни ўшаларга буюрса бўлади-ку! Топиб олгани мен. Мана, бугун у кишининг хизматни қиламан, деб сал қолди ўғлимнинг қўли куйиб қолишига.

— Шу пайтгача рўзғоримда жанжал чиқмаган. «Сан салор» қилманг! — оғзимга уради қайнонам.

— Гапиргани қўймайсиз. Аммо ҳамма нарсанин чегараси бор. Янгам бугун менга эшиттириб, «чақимчи, иккиюзламачи», деди. Ҳам хизмат, ҳам туҳматми?

— Уят, кап-катта хотинларга! — қош чимиради қайнонам.

Мен эса, у кишининг ҳам, овсинимнинг ҳам сабр косаси тўлишини кутаман. Охирги бор ёмонлаганимда қайнонам бақириб юборди:

— Жонга ҳам тегиб кетдиларингиз! Ҳадемай яна битта келин оламан. Ўшанда қандай яшайсизлар?

— Ижарага уй излайми? Шунда сизнинг ҳам қулоғингиз тинчийди, менам...

— Бу нима деганингиз? Мен танбур чертаяпманми? Ахир кенжа ўғлимни уйлантиришим керак. Уч ўғлимнинг топганини шунга томчини йиққандек йиғиб ўтирибман-ку!

Эсхонам чиқиб кетай деди. Демак, ҳали тўртта овсин бўлиб бир уйда яшаш пешанамда бор. Ўртада иккинчи овсиним билан орамиз бузилгани қолди. Бу натижасиз макрим кўнглимга иккинчи «кир» бўлиб ёпишди.

Учинчи макр

Тавбамга таянгандек бўлдим. Тўрт овсин бир ҳовлида яшай ҳам бошладик. Ғараз йўллар билан бирор нимага эриша олмаслигимни билардим. Шунинг учун ҳамма айбимни ювиб кетадиган, виждонимни ҳам тозалайдиган йўл қидирдим. Қани топсам...

Кутилмаганда, ўша қўшни момонинг мақоллари ёдимга тушиб қолди:

— «Айрилганни — айиқ ер». Муштни бир жойга урмасанг, бир нарсага эриша олмайсан!

Миямга келган, охири эзгулик бўлган макрдан қичқириб юборай дедим. Қайнонамнинг ёнига югуриб бордим:

— Ойи, сизнинг гапингизни ўғилларингиз икки қилмайди. Келинг, муштни бир жойга урайлик. Ўғилларингиздан топганини йиғинг. Иккинчи акамга ер олиб берайлик. Ахир болалари ҳам мактабни битирай деяпти. Ана катта акамни ижарага чиқаргандингиз, ўзини эплаб кетди-ку!

Қайнонамнинг юзи ёришгандек бўлди. Шартта, иккинчи қайноғамни ерли қилдик. Уй қуриш ва шу ёзда чиқиб кетишни ўз бўйнига олди. Ўзимдан катта овсинимни кутиб ўтиришга эса сабрим чидамади. Ўз уйимдагилар билан гапни бир жойга қўйиб келиб, қайнонамга дедим:

— Ойи, битта арзон уй чиқибди. Дадам қарз бериб тураман деяпти. Агар акамлар ёрдам қилса, олиб қолармидик... Кейин дарров биздан катта акамга ёрдамлашардик...

Қайнонам рози бўлди. Хуллас, ниятимга етдим.

Энди уйга кўчиш арафасидамиз, ундан олдин кўнгимдаги «кир»ларни сизга айтиб кетказай дедим-да!

КАМИНА


Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка