ХОТИНЛАРНИНГ “ГАП”И КЎП


gapchilar Э, мен гапирмай, сиз эшитманг! Ўйлаб-ўйлаб ўйимга етолмайман. “Гап” деган нарсани эркаклар ўйлаб топганмикин ё аёллар? Бир пайтлар эркаклар уйда, чойхонада гап-гаштак ўйнаб юргани рост. Аммо, кечирасиз-у, аёллар шу “гап” аталмиш балои азимдан ўзини четга олганда яхши бўлармиди?

Ўзи аёл зотининг турган битгани гап. “Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор” деган гап (яна гап) бежиз айтилмаган. Сизам эшитгандирсиз? Саккиз йил битта камерага қамаб қўйилган икки аёлни бир кунда озодликка чиқаришибди. Шунда ҳалиги икки  камерадош қамоқхонанинг остонасида хайрлаша туриб, яна икки соат гаплашишган экан. Қойилмисиз?

         Ростдан ҳам гап ва аёл сўзларини бир биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Агар менга дунёдаги энг оғир жиноятни содир этган аёлга жазо тайинлаш буюрилганда, уни гапириш ҳуқуқидан бир умр маҳрум қилган бўлардим. Аёл зоти бир пасгина гапирмай тура олармиди?

Эҳтимол шунинг учун “гап” деган бир бошоғриқ аёлларнинг жону-дилига айлангандир! Муҳтарама аёлларимиз уйда гап билан эрнинг миясини қоқиб чарчашмайди , шекилли энди тўпланиб олиб, бир-бири билан гап сотишади.

Ўша “гап”чилардан биттаси, бизнинг хотин-да! Зоти олиялари “гап” ўйнайдиган давралар сони юртимиздаги нодавлат-нотижорат ташкилотлар сонидан кўп бўлса кўпки, кам эмас. Манимча, ким-кимлар билан гап ўйнаётганини ўзи ҳам баъзида эсидан чиқариб қўйса керак.

Агар суриштириб чиқадиган бўлсак, телевизорга чиқиб “гап”ирадиган диктордан, қулоқ-бурун-томоқ докторигача хотинимнинг “гапдош”и бўлиб чиқади. Ана шу “гап”ларнинг дастидан тез-тез гапимиз қочадиган бўлиб қолган. Ҳар икки куннинг бирида уйга кириб борсам, қозон сувга ташланган, болалар эса, қуруқ нонни “чокотелла”га ботириб еб ўтирган бўлади.

— Ойинг қани? – деб сўрайман қаердалигини тахминан билсам ҳам.

—   “Гап”га кетган, – дея гап бошлайди қизим.

Дарров телефон қиламан:

— Бугун ҳам “гап”ми, аяси? – дея гап қотаман. - Кечаям “гап”да эдингиз шекилли?

— Вой, дадажониси? Кеча синфдошлар билан гапимиз эди. Бугун курсдошлар билан ўтирибман.

— Синфдошлар билан ўтган куни ўтирмаганмидингиз?

— Вой дадаси-ей, кўп китоб ўқиб, томингиз кетиб қопти. Наҳотки, менинг тўртта мактабда ўқиганимни эсингиздан чиқарган бўлсангиз?

—   Ҳа, шўрим... йўғэ, эсим қурсин, - дея телефонни ўчираман. Бир “гап”дан қолсам нима қипти? Ҳар тўрттала мактабдаги синфдошлар билан “гап” ўйнашини гапирсам, бу ёғини ўзингиз тасуввур қилаверинг. Курсдошлар билан ҳам “гап” ойда уч марта бўлади. Чунки, хотинимиз иккита университетни битирган, бунинг устига магистратура билан аспирантурада ҳам бирга ўқиган таниш-билишлар “гап” ўйнаб туришади.

         Бундан ташқари, бирга ишлайдиган хотинларнинг гапидан ҳам қуруқ қолмайдилар. Шу ўринда хотинимнинг бир эмас, учта жойда ишлашини ҳам гапириб ўтмасам бўлмас. Бундан ташқари, биз турадиган маҳалладаги хотинлар ҳам “гап” ўйнаб туришади. Бундай “хайрли” ишдан бизнинг маликамиз четда қолишларининг асло иложи йўқ. ҳа, оиламиз ўта меҳр-оқибатли. Эски қўшнилар билан ҳам алоқаларни узиб юбормаганмиз. Шу пайтгача тўрт маротаба уйдан-уйга кўчдик. Хотин жаноблари ҳар бир маҳалладан “гап”чи танишлар орттиришга улгурган.

       Буям етмагандек, қизимнинг боғчадаги гуруҳдошларининг ойилари билан гап бошлаганига бир ой ўтмасдан туриб, ўғлимниг синфдошларининг оналаридан иборат давра тузишга ҳам улгурибди. Албатта, бу гапларнинг ҳаммаси учун бир ойдаги ўттиз кун камлик қилади. Шу боис, ҳар куни уч-тўрттадан гап тўғри келиб қолади. Баъзи, унчалик муҳим бўлмаган “гап”ларга айрим қўшиқчилар сингари “бирров”га кириб ўтади, холос.

         Албатта бу “гап”ларнинг харажатлари ҳам бор. Бу харажатларни қоплаш учун хотиннинг уч жойда ишлаши етмагандек, каминалари ҳам қўшимча яна икки жойда ишлайди. Агар хотиним тез орада, боғчадош дугоналари ёки автобусда бирга қатнаб танишиб қолган йўловчилар билан “гап” ўйнашни бошласа, яна қўшимча иш топишга тўғри келиб қоладими, деб ўйлаб турибман.

                                                                                  Гап УҚМАС

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка