Боламиз кўча безорисига айланмасин!

bolalarkochada«Ўзбекистон» телеканалида «Олов билан ўйнашганлар» фильмини кўрган ота-оналар ўзининг ўсмир фарзандига нисбатан ҳушёр тортиб қолган бўлса, ажабмас?! Чунки фильмдаги воқеалар қансидир ўзга юртда, қандайдир бегона болалар орасида содир этилгани йўқ. Улар маҳалладошимиз, фарзандимизнинг курсдошлари, дўстлари, қўйингки, ўзимизнинг болалар. Демак, муаммони биз ҳал қилишимиз керак.

Тарбияда кечикиб бўлмайди!

Яратганнинг бандасига берган энг катта омонати бу боладир. Уни туғилишидан тортиб, оёққа тургунча бўлган муддатига бевосита масъулмиз. Умримиз сўнгига қадар унинг  ҳаётдаги суянчиғи, мураббийи, маслаҳатгўйи, кўмакчиси бўлиш ҳам зиммамизда. Ҳаммамиз ҳам ўзимиз эришмаган орзу-ҳавасларимизга боламиз етишишини истаймиз, биз қилган хатолардан нари юришини хоҳлаймиз. Афсуски, фақат истаймиз, дилбандимизни ёнимизга олиб, ўша эзгу мақсадларга етишиш учун биргаликда ҳаракат қилиш баъзан ёдимиздан кўтарилади. Китобни ҳижжалаб ўқиса ҳам, «SMS»ни тез ёзадиган боламизга маҳлиё бўлиб, қачондир унинг профессор бўлишига ишониб, ишга бориб-келаверамиз. Агар ўқишга киролмаса, «ҳақиқат йўқ-да» деб кимларнидир ёзғириб ҳам қўямиз. Биринчи марта қўшнининг ўғлини ариққа итариб юборганида койимаймиз, «ҳаққини талашган-да» деб ёнини оламиз. «Ўғил боланинг ўртоқлари кўп бўлиши керак, уй қизи бўлиб ўтирмасин» деб, кун кеч тушганда ҳам ўртоғи чақириб келса, индамаймиз, сериалимизни кўришда давом этамиз. Ўқитувчисидан, қариндош-уруғдан, қўшнилардан эшитганларимизга ишонмаймиз,  «Менинг болам унақа эмас», «Вақти-cоати етиб, эси кириб қолади», дея ўзимизни овутамиз. «Энди боламга қаттиқ тураман», деймиз навбатдаги душанба кунини кутиб. Биз ўйимизни ўйлагунимизча кўча боламизни тортиб олиб қўйиши, биз тарбиямизни бергунимизча кўчадаги безорилар йўриғига тортиб кетиши ҳеч гап эмас.

Ҳақ куч билан эмас, ақл билан олинишини ўргатинг!

Ёшлар ўртасида келиб чиқадиган жанжалларнинг, келишмовчилик ва низоларнинг илдизи бу ўзаро тўғри мулоқотга киришолмасликда ётади. «Одамларнинг бир-бирига гапираётган гапини одамлар тилига таржима қилиб беринг, ўшанда урушларнинг ярмининг олдини олган бўласиз», деган эди донишмандлардан бири. Болалар бир-бирини ҳурмат қилгиси келмайди, айниқса, ўсмир ёшида, негадир, энг яқин дўстини ҳам мазахлашни, уни ерга уриб гаплашишни одатий ҳол деб билади. Улар «мен»и шаклланиб келаётган, битта гап кўп, иккинчиси ортиб кетаётган руҳий етилиш пайтида баҳслашишга, кўнмасликка, бўйсинмасликка, айбини тан олмасликка мойил бўлади. «Мени ҳеч ким тушунмайди, шунинг учун бошқаларга тушунтириб қўяман», «Онамни сўкди», «Мени атай туртиб, ўтиб кетди», «Яхши кўрган қизимга гап отди, ҳали кўрсатиб қўяман», деб муштини дўлайтираётган чоғида у ўзини ҳақиқат курашчисидек ҳис қилади. У ўзига бўлган ҳурматни мана шундай талаб қилиб олиш керак, деб ҳисоблайди. Биз боламизни «Қўрқса, ҳурмат қилади» деган хулосадан асрайлик, унинг ўзига бўлган баҳосини оширайлик, токи оиласидаги бирор камчилик, ё ўзининг бирор нуқсони, ўзлаштиришдаги қолоқлиги туфайли сохта обрў орттириш учун «ҳаракат»ни бошламасин.

Аҳамият беринг, безори болаларнинг белгилари:

  • Ўқишга қизиқмайди, ишга бўйин ёр бермайди.
  • Ўзининг жасоратини, кучини, журъатини исботлашга интилади.
  • Катталар ва ўқитувчиларга бўйсинмаслигини, мустақил эканлигини кўрсатади.
  • Ўз хулқини назорат қилолмайди.
  • Бировни қийнаб, ялинтиришдан завқланади.
  • Бегона одамларга нафрат ва менсимаслик кўзи билан қарайди.
  • Уйга кеч қайтади.
  • Мол-мулкни қадрламайди, бошқаларга тегишли буюмларни йўқ қилишга уринади.
  • Жисмоний куч ишлатиш билан кўрқитади.
  • Совуқ қурол, пичоқ, қайчи, кастет кабиларни кўтариб юради, улардан фойдаланади.

Ҳамиша назоратингизда бўлсин!

Нега ақлли, аълочи болалар орасидан кўча безорилари чиқмайди, ўйлаб кўрганмисиз? Биринчидан, аълочи асосан ўқиш билан банд бўлади. Унинг бекорчи ишларга вақти йўқ. Иккинчидан, у ютуқлари туфайли, ҳатто, катталарнинг олқиш ва мақтовини эшитади, ўзига ишончи баланд. Учинчидан, ўқиб-ўргангани сари яхши-ёмон ва оқ-қорани ажратади, нимага эътибор қаратиш керагу нимага бош қотирмаса ҳам бўлишини яхши билади. Энг муҳими, бундай бола ўз-ўзидан синф фахри ёки коллежнинг намунали ўқувчиси бўлиб қолмайди, у ҳар доим ота-она назоратида. Сирасини айтганда, ҳар бир ота-она фарзандининг ютуқ ва камчилигини беш қўлдек билади. Ҳар бир болага алоҳида муомала ва сиёсат керак. Демак, назоратнинг қаттиқ ва бироз эркин бўлишини ота-она, бува-буви, ўқитувчилар белгилайди.

Нима қилиш керак?

  • Болангизга кундалик қилиши керак бўлган ишларни тақсимлаб беринг.
  • Мактаб, коллежга дарс тайёрлаб боришини текширинг.
  • Спорт тўгаракларига қатнашмоқчи бўлса, қўллаб-қувватланг, бунинг учун уйингизга яқин манзилни танласин.
  • Ўқишдан қайтган вақтида қўнғироқ қилиб, сизни огоҳлантиришни одат деб билсин.
  • Кечки соатларда ҳамма уйда бўлиши кераклигини қоидага айлантиринг.
  • Дўстлари билан дўст бўлинг, баъзан болангиз журъат қилолмаган гапларни улар сизга айтсин.
  • Ўқитувчилари билан доимо мулоқотда бўлиб туринг. Мажлисларни канда қилманг, иложи бўлса, ота-онанинг ҳар иккиси қатнашсин.
  • Қўл телефони, компьютерини текшириб туринг, муаммоли ҳолат юзага келса, қўл кўтармасдан суҳбатлашинг.
  • Кундалик харажатларини аниқ ҳисоблаб, пул беринг. Пулнинг ками ҳам, кўпи ҳам бола тарбиясини бузади.
  • Ҳар бир қарорини сизга қўрққанидан эмас, маслаҳатлашиш учун айтсин, бунинг учун у билан узоқ суҳбатлашинг, шахсий режаларингизни айтинг, орзуларингизни билсин, шунда сизга кўнглини очади.
  • Йигитчилик қандай бўлишини оталар яхши билади, жанжаллашиб ҳеч ким фойда топмаслигини мисоллар билан тушунтиринг.
  • Биров уни калака қилса, эътибор қилмасликка ўргатинг. Безорилар айнан унинг жаҳли чиқишини кутиб туради, энг яхшиси, мазахга жавобан жилмайсин-да, тўқнашув жойидан нари кетсин.
  • Икки йигит орасидан гап қочганда, уларни ажратиш ўғил боланинг бурчи эканлигини билсин. Гижгижлашни шармандалик, деб ҳисобласин.
  • Бўлаётган воқеа ҳақида катталарга хабар қилишдан чўчимасин. Агар баъзи болалар уни сотқинликда айбласалар, уларга яраша жавоб қайтарсин: «Мен сизларни деб эмас, ота-онангиз учун шундай қилдим. Бирортангизга нимадир бўлса, ота-онангиз сиздан кўра кўпроқ қийналади!»

14-20 ёшдаги йигитчанинг мўйлаби сабза ургани билан ҳали у ҳаётда ҳеч нимани кўрмаган. Болаларимиз кўча безориси ёки унинг ўлжаси бўлиб қолмаслиги учун ҳамиша бизнинг кўмагимиз ва эътиборимизга муҳтож. Албатта, ўғил боланинг қўлидан етаклаб юрилмайди, лекин «Ўзингга қандай муносабатда бўлишларини истасанг, одамларга ҳам худди шундай муомала қил» деган гапни қулоғига қуйиб туришга вақт топсак бўлади, тўғрими?                                             

Азиза ҚУРБОНОВА


Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка