«МУЛОЙИМ, МУЛОЙИМ БЎЛОЙИН...»

mmmmmmmmШу десангиз, бора-бора халқ мақолларига жуда ихлос қўяяпман. Зап топиб айтилган-да! Айниқса, қайнонамнинг менга нисбатан ишлатадиганлари: «Келиннинг сўзи кетмондай ботар, боланинг сўзи ботмондай ботар», «Қайнонали келин қарқара келин, қайнонасиз келин масхара келин», «Келиним бор деб керилма, иш буюрса эринма...»

Тўғрисини айтсам, бошида қайнонам мақолнавислигидан жаҳлим чиқарди. Худди ҳамма нақлларни ўзининг фойдасига ишлатаётгандек, пичинг қилаётгандек туюларди. Йўқ, одамни аста-секин биларкансан. У кишини ҳам рўзғоримизни бўлак қилганидан сўнг тушундим.

— «Рўзғор — ғор», деган эскилар. Бу ерда, шу ғорнинг оғзида, қоровул итдек мен ўтирардим. Янги уйга бориб олиб, руль ўзимга тегди, деб тағин ҳар томонга йўрғаламанг, — деди қайнонам кўчишимиздан олдин насиҳат қилиб. — «Рўзғор тушди бошга — қўл тегмади ошга», дейишган. Агар уйим-жойим десангиз, бир бурда нон ейишга ҳам вақт топа олмай қоласиз. Акси бўлса, кўчадан бери келмай, борингиздан ҳам айриласиз.

— Хўп ойи, — дедим эрким ўзимга тегаётганидан севиниб.

Қайнонам эса ўғлига юзланди:

— «Ҳовли олма, қўшни ол», дейишган. Сенга минг тайинладим. Қўшниларингни суриштирдингми?

— Қизиқмисиз ойи? Ким «Мен мана бу уйни олгандим, қўшнилар яхшимикан?» деб юради, — тўнғиллади турмуш ўртоғим.

— Деб юр. Ана шунда бир умр хотиржам яшайсан. «Гилам сотсанг, қўшнингга сот, бир четида ўзинг ўтирасан», дейишган. Қўшнинг ёмон бўлсин-чи, ўтирармикансан?

«Нима бало, Саид Аҳмаднинг мақолчи келинининг протипи менинг қайнонамми?» дейман ҳар галгидек таажжуб билан. Ўзиям ўша пайтлар менинг қайнонам келин бўлган-да! Ҳа, майли чалғимай. Хуллас, биз кўчиб чиққунимизча, роса мақол эшитдик.

Биринчи макр

Бир хонали бўлса-да, янги уйимизга кўчиб келганимизда эса шунақа севиндимки... Сал қолди, эримга «Худога шукр-ей, қайнонамдан қутулдим», деб юборишимга. Бирдан қайнонам у кишининг онаси эканлиги ёдимга тушиб тилимни тишладим. Аммо ширин хаёллар миямни тарк этмасди: «О-о, энди ўзимга хон, ўзимга бекман! Хоҳлаган вақтимда тураман, хоҳлаган пайтимда ётаман! «Эрта турганга — ризқ қўша, эрта турмасанг, бармоғингни оша», дея тонг саҳардан «жонли будильник»нинг овозини эшитмайман! Қандай мазза!»

Шу пайт эшик тақиллади-ю, худди тонгги уйқумни қайнонам бузгандаги каби чўчиб тушдим. 

— Эшикка қара! — деди эрим.

Эшикни очсам, бақалоққина, кўзлари дум-думалоқ, қошлари чимирилган, рўмолни ҳам Соттиникидек қийшайтириб ўраб олган бир аёл турибди (Нега мунча «Келинлар қўзғолони»ни эслаб қолди, деманг. Шу кино жуда ёқади менга. Очиғи, келин бўлганимдан кейин ёқтириб қолганман).

— Келинг, — дедим ҳалиги аёлга ҳаёлим қочганидан салом ҳам бермай.

— Ва алайкум ассалом! Қаерда тарбия кўргансиз? Мен пастингиздаги қўшни бўламан! Жойлашмай туриб на мунча тақир-туқур қилмасангиз. Сал сеқинроқ! Кейин... Болаларингиз югурмасин!

— Болаларим ҳали келмади, қайнонамникида... — дедим ҳайрон бўлиб.

— Келса югуради-ку! — деди аёл чап қўлини белига тираб. — Тинч яшай десангиз, овоз чиқармай ўтиринг!

У индамай ортига қайтди. Осмонларга қараб, бўй чўзаётган орзуларимнинг пойига темир болта теккандек кайфиятим тушди.

— Ким экан? — деди эрим жовонни жойлаш учун сураркан.

— Ялмоғиз! — дедим қовоғим осилиб. — Унақа сурманг, овоз чиқараяпти. Келинг, кўтаришаман. Пастдаги қўшнига «тақир-туқур»имиз ёқмабди.

— Ие, нарсаларни жойлаштираётганда чиқади-да овоз, — деган эрим икки соатга бормай оёқ учида юрадиган бўлди. Чунки ҳалиги қўшнимиз уч марта шикоят қилиб чиқди-да!

— Бу қўшни Ялмоғиз эмас, арвоҳ. Лип этиб бошингда пайдо бўладию жаврашга тушади, — деди шўрлик хўжайиним тутақиб.

— Менга қаранг, айёрлик қилсак-чи? Ойингиз «Еган оғиз — уялар», дер эди. Ҳадемай туш бўлади. Кўчага чиқинг-да, ноннинг орасига тўрт сих кабоб олиб келинг. Қўшнининг оғзини ёғлаймиз! — дедим қувониб.

Эрим бир зумда айтганимни муҳайё қилди. Мен устидаги нонини қолдирдим-да, кабоб жойланган нонни шу ҳолида кўтардим.

— Ўзимизга қолдирмайсанми? — деди саҳардан буён тиним билмай ишлаётган эрим тамшаниб.

— Ана устидаги нонни енг. Кабобнинг, пиёзнинг роса ҳиди ўтган! — дея ҳазиллашдим-да, пастга тушдим. Ялмоғизхон дарров эшикни очди. Жилмайиб тилга кирдим: — Тушлик қилаётгандик. Сизга илиндик...

— Нима? «Кабоб берсам, жағи ўчади», дедингизми? Ўзингиз енг-да, тезроқ «тақир-туқур»ни тугатинг. Эрталабдан буён бошимга болға билан ургандек бўлаяпти! — у шундай дея эшикни юзимга ёпди.

Иккинчи макр

Макрим иш бермаганидан нафақат мен, ҳатто, кабобни ўзимиз еганимизга қарамай, эрим ҳам сиқилди:

— Энди ойимдан ҳам гап эшитаман. Худо ҳам ойимнинг айтганини қилмаганим учун шунақа қўшнига рўбарў қилди.

— Бугун кайфияти йўқдир... — дедим умид билан. — Ҳали апоқ-чапоқ бўлиб кетамиз. Мулойим бўлиб қолади.

Афсус, умидларим пучга чиқди. Бу қўшнига бас кела олмадим. Барча шумликларимни ишга солдим: бақирганда бақириб ҳам кўрдим, сукут ҳам сақладим, эшитмаганга ҳам олдим. Йўқ, бу хотинга фарқи йўқ экан! Кўзига кўринсанг бўлди, албатта, камчилигингни топади:

— Ҳей, умрингизда зинадан тушиб кўрмаганмисиз, нима бало? Секинроқ қадам ташланг! Пошнангиз миямга урилгандек бўлаяпти.

— Нима қилай, учиб тушайми? — дедим сабрим тугаб.

— Пастга тушгунча шиппак кийиб туш! «Тақ-туқ» қилиб, миямда ёнғоқ чаққандек бўласан! — «сен»лашга ўтди охири.

Хуллас, бир ҳафта ичида биз ит-мушукка айландик. Болаларим ёнимга югургилаб борса ҳам, тезроқ қадам ташласа ҳам, уйимизнинг қувури тарақлайди. «Жим ўтир» дегани бу.

— Нима бало, пастдаги қўшнингиз қўлида болға ушлаб ўтирадими? — дейман эримга.

— Пастда туриб, бошимизга чиқмоқчи, шекилли.

— Бир нима қилмасангиз бўлмайди. Бир умр шунақа яшамаймиз-ку! — дедим хўрсиниб. — Зинадан тушаётганимизда эшикни очиб, кутиб туради, тавба. Кўчага чиқишга юрагим бетламай қолди.

— Нима ҳам келарди қўлимдан? Деразадан нарвон қўймасам энди...

— Қўйинг, тушаётганимизда нарвонни итариб юборишдан ҳам тоймайди  бу Ялмоғиз, — дедим кўнглимиз кўтарилиши учун ҳазил қилиб.

Мириқиб кулдик. Аммо ўша заҳоти, қувур тарақлай бошлади...

Учинчи макр

Иложсизлик одамни ҳар кўйга соларкан. Қўшнимиз учун кўзимни кўр, қулоғимни кар қилиб олдим. Жаврайверади, индамай тушиб кетавераман. Қурғур, қўшним мен шоҳида юрсам, баргида юраркан. Жон жойимдан ушлади. Болаларимга пўписа қила бошласа, денг.

— Бир ўзим тушмайман. Сиз билан юраман, — дейди ўғлим.

— Менам ўзим тушиб-чиқмайман! — дейди қизалоғим.

Пичоқ бориб, суякка қадалди. Энди сўнгги чорани қўлламасам бўлмайди. Тушиб, калтакласа-я, деб ўйлаётгандирсиз! Йўқ, у учун асраб юрган охирги чорам — қайнонам!

Ҳаммасини у кишига айтиб бердим. Сўзимни тугатганимда жавобан айтган мақолларига чидаб берсам бўлди, марра меники!

Ўйлаганимдек, қайнонам аввалига роса мақол айтди. Ичида менга аталгани ҳам, эриму қўшнимга бағишланганлари ҳам бор. Охири деди:

— Ўзи уйга кўчганларингиздан буён ош қилиб, Қуръон ҳам ўқитмадик. Пайшанба куни ош қилинг, ҳамма қўшнингизни чақиринг. Менам бораман.

Худди қайнонам айтгандек қилдим.

— Кекса қўшнингиз нечта экан? — сўради қайнонам кириб келиши билан.

— Иккита. Биттаси — Ялмоғиз, биттаси яхши.

— Унда иккита яхши рўмол топиб, менга бериб қўйинг.

Буни ҳам бажардим. Барча қўшниларим чиқди. Қайнонам бизнинг Ялмоғизни дарров таниб, ёнгинасига ўтириб олди. Ош ейилиб, дуо ўқилган гап бошлади.

— Худога шукр, ўғлимнинг ҳамма қўшнилари тиллога тенг экан. Ўзимга тенгиларга совға олиб келганман. Мана, яхши кунларда ўраб юринг, — қайнонам икки қўшни олдига рўмолларни қўйди. — Менинг болаларимга ҳам оналик қилинг. Эскилар «Ортингдан йўлбарс қувса учиб қутил, қўшнинг ёмон чиқса кўчиб қутил», деган. Ёмон қўшнидан Худо сақласин. Шукр, сизлардан кўнглим тўлди. Ёмонга бас келиб, бўларканми? Мана, укам бир мисол. Катта ҳовли сотиб олди. Қўшниси ёмон экан. Безиб кетди. Янаям укамнинг қонунни яхши билгани, прокурорлиги фойда берди. Шартта «Тинчимни бузаяпти», деб устидан ёзганди, қўшнисининг ўзини кўчириб юборишди. Энди мазза қилиб яшаяпти. Шундай кўнгилсизликдан Худо асрасин.

Бу гапдан кейин Ялмоғизнинг қаҳрли нигоҳлари бирдан жавдираб боқиб қолди.

— Қайси тоғангиз прокурор? — сўрадим лол бўлиб эримдан.

Эрим кўз қисди. Қайнонам эса керилиб гапида давом этарди.

— Тўғриси айтсам, мен болаларимга бақиравериб, қаттиққулоқ қилиб қўйганман. Ёмон гапирсангиз, таъсир ҳам қилмайди. Буларнинг яхши гапириб кўзини ўйиш керак, — қаҳ-қаҳ отди қайнонам. — Мулойимлик билан ишингизни битиринг. «Мулойим, мулойим бўлойин, ўзим жонингни олойин», деганларидек...

Ишонсангиз, ўша кундан буён қўшнилар билан ўзаро «Мулойим, мулойим бўлойин»миз...

КАМИНА


Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка