Келинлик бедилликми?!


AK3RZu8Ttsg
Ўсиб турган ниҳолни бошқа бир жойга кўчириб ўтказган боғбоннинг жони ҳалак бўлади: униб кетармикан? Янги жойда туп қўйиб, палак ёзиш эса кўп жиҳатдан ниҳолнинг ўзига ҳам боғлиқ. У нақадар мослашувчан, эгилувчан ва кўникувчан? Бугун янги уйнинг шароитларига кўниколмай турган ёш келинчаклар дардига қулоқ тутамиз.

«Ўтирсам ўпоқман, турсам...»

— Замонавий оилада тарбия кўрганман, рус мактабида ўқиганман. Турмуш ўртоғим билан севишиб оила қурдик. Илк муаммо никоҳ базмимиз вақтидаёқ юзага келди. Куёв юзимдаги тўрпардани очишга рухсат бермади. Тўй ярмида жаҳл билан ўзим очиб олдим. Барча дугоналарим никоҳ базмида куёв билан сокин рақсга тушганларини кўриб, роса ҳавас қилардим, аммо турмуш ўртоғим бунга ҳам кўнмади: уят бўлармиш. Орадан уч кун ўтиб, тўйимиз видеосини бутун оила кўриб ўтирганимизда қайнотам қошларини чимириб сўради: «Юзингизни

 кимдан сўраб очгандингиз, келин?» Эримга қарасам, лавлагидек қип-қизариб ўтирибди... Қайнонам келин деган очилиб-сочилиб юриши керак, дея ёрқинроқ бўянишимни талаб қилади, нуқул ялтир-юлтир кийимларга ўраб қўйгиси келади. Ахир бу кийимларда ўқишга қандай бораман? Бир куни институтдан қайтаётиб, қайнотамни кўриб қолдим. Қўлларида халта, қўшни тенгқурлари билан гаплашиб тургандилар. Ўзимча одобли келин бўламан дедим-у, узоқдан секин салом бериб ерга қараб ўтиб кетдим. Уйда шу ишим учун гап эшитдим: югуриб бориб, қайнотамнинг қўлидан халтасини олишим керак экан... Хуллас, ҳеч нимага тушунмаяпман: ундоқ қилсам ҳам ёмон, бундоқ қилсам ҳам ёқмайди.

Самира, 20 ёш

Муҳокама: — Кўриниб турибдики, оилалар ўртасида урф-одатлар ва дунёқарашда каттагина фарқ бор. Келинчагимиз севишиб турмуш қурдик деяпти. Ана энди туйғулари яхшилаб бир синовдан ўтади. Чиндан ҳам севсангиз, бу оиланинг урф-одатларига ўрганасиз, бўйсинасиз. Келинни ёлғон гапиришга, ўғриликка, гуноҳга бошламаяптиларми, бўлди. Қолган барча одатлар оиланинг кўп йиллардан бери шаклланган ва унинг мустаҳкамлигини таъминлаб турган устунлардир. Келинимиз шу устунларни ўзиники қилиши керак. Бунда, албатта, куёв боланинг роли катта. Аслида, келинни тўйдан анча олдинроқ оиладаги ўзига хос урф-одатларга руҳан тайёрлаб бориш керак эди. ҳалиям кеч эмас, келинчакни маънан қўллаб туриш, оила аъзолари билан унинг ўртасида кўприк бўлиш лозим. Қайнона ҳам аста-аста, силаб-сийпаб келинни йўлга солгани маъқул. Лекин инсоннинг диди (масалан, кийиниш, таомлар бобидаги) ўзгариши қийин. Шу ўринда қайнона ҳам феълини кенг қилиши  талаб этилади. Хуллас, маълум муддат даркор, яна озгина сабр ва истак ҳам.

«Икки ўт орасидаман»

— Қайнонам қўяра-қўймай  17 ёшимда мени келин қилдилар. Узатилганимга мана 6 йил бўлди. Ота-онам савдогар, бутун умр бозорда ишлашган. Қайнонам эса фан доктори, қайнотам катта бир илмий муассасанинг раҳбари. Уйимга ҳар сафар борсам, онам қайтишимда қўлимга бирон тансиқ таом тутқазиб юборади, бир неча пакетда сархил маҳсулотлардан бозорлик қилиб ҳам берворишади. Бу билан қайнона-қайнотамга ҳурматларини билдирмоқчи бўлади. Аммо қайнонам буни ҳақорат деб қабул қилади: «Ойингиз қизим оч қоляпти, деб ўйлаяптими? Уйингизга бориб, овқат йўқ у хонадонда деганмисиз ёки?» деб уришадилар. Олиб кетмайман десам, онам нотўғри тушунади, қудаларидан хафа бўлади. Худди шундай болалар тарбиясида ҳам бир-биримизни тушунмаймиз. Онам болаларинг бетарбия, кўчада бировга салом беришни билмайди, деб койийди. Қайнонам эса уларга кўчада бегоналар билан гаплашманглар, қўлидан нарса олманглар деб тайинлайди. Хуллас, қийналиб кетдим. Нима қилай?

Малоҳат, 23 ёш

138165213

Муҳокама: — Бу вазиятда оилавий ва инсоний қадриятлар орасидаги зиддият кўзга ташланмоқда. Ким учундир таом – ҳурмат белгиси, бошқа биров учун эса оиланинг ички гапи, бу борада ташқаридан қилинадиган ҳар қандай ҳаракат қораланади. Агар йигит ва қиз ўртасида муҳаббат бўлмаса, никоҳ совчилар орқали қурилаётган бўлса, оилаларнинг бир-бирига мослигига алоҳида эътибор қаратиш керак. «Тенг-тенги билан», «қудачилик – минг йилчилик» деган гаплар бор. Қудалар орасида келишмовчилик бўлса, оиланинг тинч-тотув яшаши қийин. Лекин бир ҳолатни эътиборга олиш керак: келинни жуда ёш олган қайнонамиз олти йил ичида уни тарбиялаб, ўз йўриғига солиб олса, бўларди-ку. Келинчак ўзи тушган хонадонининг қадриятларини ҳурмат қилиши керак. Болаларга берилаётган тарбияда ҳам қайнона-қайнота билан якдил бўлган маъқул.

«Уй эмас, бу – «обшежитие»

— Кенг ҳовлининг эрка қизи бўлиб ўсганман. Оилада икки фарзандмиз – мен ва укам. Катта хонадонга келин бўлдим: эримнинг уч акаси ва тўрт синглиси бор. Дастурхон атрофига йиғилсак камида 20 киши бўламиз. Илк кунлари пиширган овқатларим ҳаммага етмай шарманда бўлганларим эсимда. Аммо булар шунчаки майда-чуйдалар. Кўпчиликнинг ташвиши ҳам кўп бўларкан. Эр-хотин ўртамизда нимаики муаммо бўлса, бирпасда овсинларим орасида гап-сўз бўлади. Умуман, менинг шахсий ҳудудим йўқ. Онамникида биров бир нарсамга сўроқсиз тегмасди. Бу ерда эса қайнсингилларим дастидан на пардоз воситаларим, на кийим-бошим қолмади. ҳаммаси ўртада, яъни меники эмас. Охири тоқатим тоқ бўлиб, эримга ортиқ бундай яшолмайман, алоҳида чиқиб кетайлик десам: «Келинойиларим шунча йилдан бери чидаб келишяпти, сен олти ойда бўлак бўламиз деяпсанми?» деб мени бесабрга чиқарди. Аммо ортиқ бундай «обшежитие»да яшай олмайман. Қочиб кетгим келяпти...

Гулноза, 24 ёш

Муҳокама: — Шу «обшежитие» – эрингиз униб-ўсган хонадон. Келин бўлиб тушмасдан олдин унинг катта даргоҳ эканини билмаганмидингиз?! Билгансиз, албатта. Энди алоҳида чиқиш билан муаммони ҳал қилмоқчисиз. Тўғри, рўзғорни бўлак қилиш сизга бир қанча имтиёзларни берар. Аммо, барибир, эрингиз учун унинг қариндош-уруғлари билан ҳам тил топишишга мажбурсиз. Акс ҳолда, турмуш ўртоғингиз  ўзини тўла-тўкис бахтиёр ҳис қила олмайди. Демакки, сиз ҳам бахтли бўлолмайсиз. Кўнглингизни кенг қилинг. Уй-жой, нарса-буюм – шартли ва ўткинчи нарсалар. Алоҳида яшаб ҳам бахтли бўла олмаётганлар қанча. Вазиятингизнинг фақат манфий эмас, ижобий жиҳатларини ҳам кўра билинг. Масалан, ўша кўпчилик ўн дақиқадан чақалоғингизни ушлаб туришса ҳам, қанча ишингиз битади. Болаларингиз мактабга чиқса, қайтганида уйда, албатта, одам бўлади. Қолаверса, фарзандларингиз жигарлар ўртасидаги меҳр-оқибатни кўриб ўсади, демакки, ҳақиқий инсонийлик сабоғини олиб тарбияланади. Муҳими шу эмасми?

ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлади, деган гап бежиз айтилмаган. Уни ҳар қайси вазият ёки инсонга қарата қўллашимиз мумкин. Атрофимиздаги инсонлар ва  рўй бераётган воқеалардаги ижобий жиҳатларни кўра билсак, анча енгил тортамиз. Шундай экан, азиз келинлар, нолишни бас қилинг! Аввало, ўзингиз ва фикрларингизни ўзгартиринг.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА   


Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка