Фирибгарларнинг ноғорасига ўйнаманг!

1066341Қайсидир йили эрталаб соат тўққизларда эшигимиз тақиллади. Очсам, бир аёл қўлида иккита бидон кўтариб турибди. «Ёғ соладиган идишингни олиб чиқ, уйингдагилар кўчанинг бошида 4 литр ёғ сотиб олишди. Юким оғир бўлгани учун ўша ерда қолдирдим, тезда солиб келаман», деди. «Онам ишга кетаётганида ёғ сотиб олибди-да», деб ўйлаб чопқиллаганча катта бидонимизни кўтариб олиб чиқдим. Ҳалиги хотин бидонни олди-ю қайтиб келмади…

Ўша куни маҳалламиздаги жуда кўпчилик ёғчи фирибгарга алданиб, турли-туман идишларини бой беришганди. Бу болалигимда мен рўбарў келган биринчи фириб эди. «Ёмонлар ва ёлғончилар ана шундай бўлар экан-да», деб хулоса чиқаргандим. Ҳаёт бирин-кетин одамларнинг ҳар хилини кўрсатар экан. Баъзан оддий болалар кремини ажин йўқотувчи крем дея сотаётганлардан тортиб, уйдаги зараркунадаларни йўқотамиз деб, бор-будингизни шип-шийдон қилиб кетадиганларни учратдим. Етти-саккиз йил аввал метронинг ерости йўлларида бир аёл кичкина қушчага қоғозларни торттириб, фол очиб ўтирарди. Бирор дугонам йўқки, ўша қушча «хизмати»дан фойдаланмаган бўлса. 14 ёшли қизга «бу йил бахти очилишини» башорат қиладиган бу фолбин қушчанинг эгаси кунига камида 30тача қиз-жувонга бахтдан хабарлар йўлларди ва пулини оларди. Бу воқеалардан чиқарган энг катта хулосам шу бўлдики, ўзимиз танимаган одамларга билдирган ишончимиз бизни лақиллатишларига асос бўлар экан. Бу гал «Нега шундай бўлади?» деган савол юзасидан мулоҳазаларимизни баён қиламиз.

 

«Тилларимни ўғирлаб кетди...»

Муяссар Сойипова: — Уйимга икки аёл келди. «Эски-тускиларингиз бўлса, берсангиз, опа», деди. Икки кунча аввал неваларимнинг керакмас кийим-кечакларини йиғиштириб қўйгандим, «савоб бўлади», деб олиб чиқиб бердим. Ҳалиги аёлларнинг бири қуюқ раҳмат айтиб, наридан бери суҳбатлашиб қолди. «Опа, менга бир яхшилик қилдингиз, қайтариб кетмасам бўлмайди. Ҳовлингиз ичидан мен томон шундай қора нарса боқиб турибдики, айтмай қайтмайман», деди ва мени қизиқтириб қўйди. Хуллас, неварам бир парчагина ҳовлимнинг у кўрсатиб берган ерини қазиди. Уч марта кетмон урганди, қора целлофанга ўралган қулф чиқди. Неварам иккимиз қалт-қалт титрардик. Қулф шу қадар чирмаб боғлангандики, очишнинг иложи йўқ. Ғалати томони, аёлнинг ўзи неварамдан 3 метрча нарида турди. Хаёлимда бирор нарса ташлаб қўйишининг ҳеч иложиси йўқ эди. Агар бу қулфни очтириб, илму амални қайтариқ қилмасам, катта ўғлим шол бўлиб қолишини, бирор қимматроқ нарсамни, масалан, тилла зирагимни атаб юборишим кераклигини айтди. Набирам келинимнинг тилла зирагини олиб чиқди, ўзим қулоғимдагини ечиб бердим, узугимни қўлига тутқаздим. Мени орқа қилиб ўтқазиб қўйиб, тиллаларимни оқ қоғозга ўради, бир нималар ўқиб кетди. «Ана қулф очилди» деди тантанали қилиб. Тиллаларимни ўраган қоғозини кўз олдимда жавон тепасига қўйди ва шоша-пиша уйимдан чиқиб кетди. Булар хотирамда қолган узуқ-юлуқ воқеалар. Ҳушимга келганимда эса ундан ном-нишон, жавон тепасидаги қоғоз ичида эса тиллаларим ҳам йўқ эди. Қидиришларимиз зое кетди, берган эски-тускиларимни кўчамизнинг бошига отиб кетибди... Икки миллионлик тилламга куйиб қолавердим...

 

Гипноз қурбони бўлманг!

Одамларнинг энг нозик нуқтаси бу уларнинг қизиқувчанлиги ва хурофотларга ишонувчанлигидир. Ҳамма гап бидъатлар нималигини билмасликдан, «иссиқ-совуқ»чиларга ихлос қўйишдан келиб чиқади. Бундай фирибгарлар соғлиқ, бойлик, болалар тақдирини ўртага қўяди. Улар аввалига шунчаки фол кўрган бўлади, эвазига ҳеч нарса талаб қилмаётгани учун бир зум қаршисида тўхтаб қоласиз, қизиқасиз. Асосан кетма-кет информация бериш усулидан фойдаланишади. Ҳар бир одатий маълумотни (масалан, “катта фарзандингиз ўғил-а? Шу кунларда соғлиғидан шикоят қилаяпти-а?” каби) савол тарзида беради, асосий жавобни ўзингиз берасиз, лекин буни сезмайсиз. Одамлар психологиясини яхши ўрганиб олган ёлғончилар кўзга тик гапиришади. Уларнинг қўрқмай, дадил ҳаракат қилиши сабаб сиз шубҳага бормайсиз. Кўзга қараб туриб, ишончга кириш, ҳатто гипноз ҳолатига солиш мумкинлиги илмий исботга ҳам эга. Гипнознинг кучи энг камида 20 сонияни ташкил қилади. Бу вақтда у сиздан анча узоқлашиб олган бўлади. Агар таъсирчанлигингиз, эҳтиётсизлигингиз ортидан бир марта панд еганингиз аниқ бўлса, энг яхшиси, бундай ҳолатларда эшикни шартта ёпиш, кўзини лўқ қилиб турган ва сизга беминнат кўмакни таклиф қилаётган одамни тингламаслик, танимаган одамга ишонмаслик керак.

 

Нега аёллар чув тушади?

Чунки бизда ачиниш, қизиқиш, ғамхўрлик қилиш, бирор нарсани арзонроқ олиш истаги устунлик қилади. Охирги пайтларда фирибгарлар шу қадар оригинал усуллардан фойдаланаяптики, эшитиб ёқангизни ушлайсиз. Тасаввур қилинг, машина тўхташ жойида туппа-тузук кийинган бир киши олдингизга келди. Йўлкирасини тушириб қўйганини айтди. «Эркак бошим билан аёл кишидан пул сўраш уят, мен сизга пайнет қилиб қайтараман. 3 минг сўм бериб туринг, уйимга етиб олай», деди. Шундай вазиятда ўқувчиларимизнинг аксарияти «Арзимаган пул кимни ўлдирибди», деб унга ўша пулни бериши аниқ ва телефон рақамини бегона одам билганидан кўра, қарзидан воз кечиб қўя қолишни афзал деб билади. Тўғрими? Бундай «бечора»га ёрдам беришдан олдин ўйлаб кўринг. Пул йўқотиб қўйган ёки борингизни ишлатиб юборган чоғларингиз бўлган. Лекин сиз дуч келган одамдан тиланчидек ёрдам сўрамагансиз-ку? Энг яхши усул- уйингизгача таксида бориб, пул олиб чиқиш ёки қўшнилардан сўраб туриш. Нега у «эркак боши» билан шу ишни қилмаяпти? Балки эрталабдан бери нечта аёлни мана шундай қилиб лақиллатиб, пул ишлаётгандир? Соппа-соғ эркак бундан тузукроқ чора тополмабди-да. Биз одамларга ишонманг ва уларга яхшилик қилманг, демаймиз. Шунчаки ҳушёрроқ бўлинг, ақл кўзингизни каттароқ очинг, шунда чинакам ёрдамга муҳтож одам саросималаниб, чўнтагини кавлаётгани, нима қилишини билмай, бирор сўз айтолмай хижолат бўлаётганини ёки атай сизни узоқдан мўлжалга олиб келаётганининг фарқига борасиз. Яна бир гап, бегона одамга телефонингизни тутқазиб, кимгадир сим қоқиши учун бериб турманг, урра қочиб, қолмаслиги учун ўша керакли одамига ўзингиз қўнғироқ қилишингизни айтинг.

 

«Қизимнинг бахтини очаман деб...»

Баъзи аёллар қизининг бахти очилмаётганидан хавотирга тушиб, фолбину азайимхонларни қидириб қолади. Жарақ-жарақ пул бериб, «ўқитиб» келади-да, натижаси бўлмаётганидан яна куйинади. Ўйлаб кўринг, агар ўша фолбин бир нималарни ўзгартира олганида ўзининг қизи уйига қайтиб келган бўлармиди? Ёки бўйи етган қизлари қаторлашиб турармиди? Одамга эмас, Яратганга ихлосни қилиш тўғри эмасми? Ўртага воситачи қўйиб, Худодан бахт сўрагандан кўра, чин дилдан ўзингиз дуо ўқиб, сўраганингиз маъқул эмасми? Сизни тинмай қусдиришга ҳаракат қилиб, орада қўлию енгидан усталик билан тошча, қум ташлаб, «иссиқ-совуқ» қилишларига ишонтирадиган, шу йўл билан бойлик орттирадиганлар, сиздан назр-ниёз олаётганлар виждони олдида ўзи жавоб берар-у, бироқ хурофотларга ишонаётган сиз икки карра ютқазаётганингизни ўйлаб кўрмайсизми? Ўша ҳар қаерга қатнаб сарфлаётганларингизни болангизнинг ўқиши, ҳунар эгаллаши учун сарфланг.

 

Азиза ҚУРБОНОВА

 


Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка