«ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ! БИЗНИНГ ХОТИН АҚЛЛИ!»

0101Хотиним бировларнинг муаммоларига аралашса, шўринг қурғурларни огоҳлантираман: «Эҳтиёт бўлинглар, илтимос! Бизнинг хотин керагидан ортиқ даражада ақлли! Маслаҳатига риоя қиламан деб, бекафан кетсангиз уволингизга қолмайлик!..»

Негадир, ҳар бир йигит ақлли қизга уйланишни хоҳлайди, кейин эса умрбод хотинининг ақл ўргатишидан нолиб яшайди. Бу менга мантиқсизлик бўлиб туюлади. Шунинг учун бўлажак ёримни қавму қариндош мақтаб: «Вой, шундай ақлли, эсли-ҳушлики, ҳавас қилади одам», дейишганида, «Оббо, сал ақли пастроғидан йўқмиди?» деганман. Ҳамма кулган, аслида, мен жиддий гапирганман. Ишонасизми, учрашувга илк марта чиққанимда ҳам гапни маслаҳат беришдан бошлаган. «Сал нарироқ ўтган яхшироқ. Бу ердан одамлар кўп ўтаркан», — деди уялиб. Истироҳат боғининг у кўрсатган томонида ҳеч ким йўқ эди. Мен содда ўша ёққа юрибман-да. Яна денг, йўл бошлаб борай деб олдинда кетаяпман, икки кўзим орқада, яъни ёримда. Бир вақт ер ютиб юбордими, билмадим, лип этиб пастга шўнғидим. Кўзимни очсам, бўйнимгача балчиққа ботган ҳолда ҳандақ тубидаман. Усталар: «Таъмирланаётган томонга нега ўтасан, овсар? Калла ишлайдими ўзи?» деб бақир-чақир қилишди. Ҳа, калла ишлаганда, бўлажак хотиннинг гапига кириб, ўша ёққа юрармидим?

Никоҳ кечасини айтмайсизми. Бечора янгаси унинг маслаҳатига кираман деб, зинадан тоғора билан қулади. Кечаси иккинчи қаватга алюмин тоғора кўтариб чиқишга бало бормиди? Отам душ қуриб қўйибди-ку! Шунчаки, қуласа ҳам майли, қош-кўзи бўялган кибрлигина янга аввал тоғора ичига йиқилиб, ўтириб қолди. Сўнг тоғора-поғора билан зинадан тарақа-туруқ қилиб, биринчи қаватга туша бошлади. Холамлар, аммамлар келинчакнинг янгаси такси чақиришга эриниб, уйига тоғора миниб кетаяпти, деб ўйлаб: «Хайр, яхши боринг, эртага «Келинсалом»га келарсиз», деганига ўлайми. Бу дунёда ҳамма содда, бизнинг хотиндан ташқари.

Онамга — ўз қайнонасига ҳам ақл ўргатган. «Ойижон, ясан-тусан қилишнинг кечи йўқ, дадажон келгунча ўсма қўйиб олинг», дебди. Воқеанинг давоми аянчли тугашига бир баҳя қолди. Кечқурун дадам ишдан келса, қош-кўзлари бўялган ойим жилмайганча қош учириб турибди-да. Дадам: «Шўрлик кампир тўй ташвишларидан чарчаб, эсдан оғиб қолибди, шекилли», деган хаёлда «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилибди. «Тез ёрдам» маҳалла бошида адашиб, уйга қўнғироқ қилса, гўшакни бизнинг хотин кўтарибди. Кечагина келган келин  маҳалласининг кўчаларни яхши билмаса ҳам ўз одатига кўра йўл-йўриқ кўрсатибди. Натижада сой бўйидаги кўчага бурилган «Тез ёрдам» машинаси ҳамшира-памшираси билан сойга қулаб, нақ уч киши қурбон бўлаёзди. Яхшиямки, маҳалла болалари уларни қутқариб қолишган. Ҳамширанинг бир пой туфлиси йўқолган, холос.

Йиллар ўтди. Хотиннинг гапига кириб, бошлиқдан маошимни кўтаришни талаб қилдим ва… ишдан ҳайдалдим. Хотиннинг гапига кириб, арзон гўшт ахтардим ва… қаллоб қассоблар мол гўштига аралаштириб сотадиган эчки гўштидан еявериб, кунларнинг бирида маъраб юборишимга сал қолди. Ҳе, қуриб кетсин Дарвиннинг эволюциясию хотиннинг маслаҳати. Тавба, бу хотин қурмағур шунчалик доноки, ойнаи жаҳондаги об-ҳаво маълумотларига ҳам эътироз билдиради. «Эртага шаҳримизда ёмғир ёғади», дейишса, хотин жаврайди: «Ёғмайди! Қушлар тепадан учаяпти!» Унинг гапига кираман деб, ўн саккиз марта ёмғирда қолиб кетдим. «Бугун аёз бўлади», деб қалин пайпоқ кийдирган кунлари оёғим қизиб, туфлимнинг бир чети эрий бошлаганида, одамлар «Парво қилманг, Хитойда ишлаб чиқарилган пойабзаллар ўзи шунақа сифатсиз бўлади», дейишган.

Хотиним айтганларининг тескарисини қилсам, фалокат мендан нари юришини аллақачон билиб олганман. Масалан, якшанба куни «дом»даги эркаклар томга чиқиб, мум эритишаётган экан, хотиним ҳашарга чиқишим кераклигини айтди. Мен атайин тескарисини қилиб, ертўлага тушдим. У ерда икки пиёнистага қувур кўтаришдим. Ўша куни қўшнимиз том четига илиниб қолибди, яхшиям уни тортиб олишибди. Мен бўлганимдами, албатта йиқилардим ва ҳозир ўғриларга шерик сифатида участка нозирининг хонасида эмас, травматология шифохонасида ётган бўлардим.

Азизий

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка