Қиммат дорилар, қўшимча кўриклар ва “маклер”лардан эҳтиёт бўлинг

6Cиз қанчалик одамлар, аниқроғи, “ўртага тушарлар”, “ақл ўргатарлар” таъсирига бериласиз? Тўғри, ҳеч ким фақат мустақил фикримга таяниб иш кўраман, деб мақтана олмайди, чунки ҳаммамиз жамиятнинг бир вакили сифатида жамоат фикригаа қулоқ тутамиз, унинг фикри билан ҳисоблашиб яшаймиз. Шундай бўлса-да, атрофимиздагилар, биз тўқнаш келадиган одамларнинг ҳаммаси ҳам холис ёрдам кўрсата олмайди, ўз фойдасини кўзлаб алдаб-аврайдиганлар, мақсадларимиздан адаштирадиганлар, иккилантирувчилар етарлича топилади. Шу ҳақда баҳс юритамиз.

«Саломатлик — таниш-билишчилик?!»

Гулбаҳор Алижонова: — Мен анча вақтгача ҳомиладор бўлолмай, кўп шифокорларда даволандим. Бир мутахассис «Бачадон ўлчаминг кичик, шунинг учун болали бўлолмаяпсан» деса, яна бири бу сабабни инкор қилиб, гормон муолажаларини ёзди. Бошқаси эса аввалги таҳлил жавобларинг эски деб, қўлимга ўзи белгилаб чиққан касалликлар учун таҳлил қоғозини берди ва фақат ўзи айтган тиббий марказда текширтиришимни тайинлади. Шифокор қўшнимга қоғозни кўрсатсам, унинг капалаги учиб кетди, «Мана бу таҳлиллар умуман керакмас, ўзига қўшимча балл ёзилиши учун кўпроқ белгилаб чиқаверибди-да! Буни қўйинг, сизга худди шундай қоғоз бераман, энг кераклисини топширмасангиз, отнинг калласидек пулга тушасиз», дея йўл-йўриқ кўрсатди. Хуллас, унинг кўрсатмасига кўра айтилган манзилга бориб, белгиланган таҳлилларни топширдим. Таҳлил жавобларини гинекологга олиб борсам, мен билан даҳанаки жанг қила кетди: «Нега айнан мен берган қоғозни олиб бормадингиз, ўзбошимча бўлганингиз учун ҳам ҳеч қачон даволана олмайсиз! Мен бекордан бекорга ёзганим йўқ эди...» Унинг гапларини жимгина эшитдим-да, эшикни ёпиб чиқиб кетдим. Иккиланганим учун гинеколог берган эски қоғозни яна бошқа шифокорга кўрсатдим, у ҳам қўшнимнинг гапларини тасдиқлади. Буни қарангки, бир ойдан кейин ҳомиладор бўлдим. Унгача эса ҳар хил шифокор ўзининг таниш-билишига, келишиб қўйган марказларига юборавериб жуда бездирди...

Бизнинг фикр: — Назаримизда, дунёдаги энг хунук иш, бу — одамларнинг бир-бирининг устидан пул қилиши, бошига иш тушганидан фойдаланиб қолиши. Юқоридаги ҳолат ҳақида жуда кўпчиликнинг фикрини ўрганганимизда, бир эмас, бир неча одам шу вазиятга тушганидан нолиди. Шифокор, авваламбор, беморининг даво топишини истовчи касб эгаси. Унинг кўрсатмаларига бемор ишонади, ишонгани учун ҳам даво топади. Агар чиндан ҳам беморнинг молиявий аҳволи, иродаси, кўнгли билан ҳисоблашмай туриб, иш кўрса, топганида даромад, еганида ҳаловат, умуман виждони олдида масъулияти бўлармикан? Танганинг яна бир томони, саломатлик билан ҳазиллашиб бўлмайди. Шунинг учун мутахассис қабулида ҳамма саволларга ойдинлик киритишга, фикрларингизни баён қилишга уялманг. Эшитганларингиз, кўрганларингизни ҳам шифокор билан таҳлил этинг.

«Дорилар рўйхати бунча узун бўлмаса?»

Зилола Жаъфарова: — Болаларимни шифокорга олиб борсам, узундан-узоқ дорилар рўйхатини берди. Ўша пайтда фарзандигизнинг соғлигидан бошқа нарса хаёлингизга келмайди. Лекин дорихонадаги бир инсофли фармацевт «Синглим, мана бу арзонроқ дорининг ҳам таркиби бир хил, мана шуни олаверинг. Ёзиб берган қиммат дорисини олсангиз, фирма дори маҳсулотини сотишда ёрдам бергани учун унга совға-саломлар бериб туради-да!» деди.

Бизнинг фикр: — Шундай дори маҳсулотлари бўладики, таркиби бир хил, аммо ишлаб чиқарувчиси ҳар хил, номи эса бир-бирига яқин ва уйғун. Яна шундай дори-дармонлар борки, улар дори воситасининг кейинги авлоди, қайсидир ножўя таъсирларига барҳам берилган варианти ҳисобланади, нархдаги ўзгаришларни ана шу жиҳат билан оқлаш мумкин. Шунинг учун ҳар доим шифокор ҳузуридаёқ ўзингиз билган ёки эшитмаган рецептнинг таркиби ва афзаллик жиҳатига ойдинлик киритиб олинг. Ўрнига ўрин бўла оладиган, дорихонада топилмай қолса, яна қайси номдаги дорини олиш мумкинлигини сўрашдан тортинманг. Молиявий жиҳатдан имкониятингизни очиқ айтинг, инсофи бор шифокор, агар чиндан ҳам фақат фирма билан келишувига асосан сизга рецепт ёзаётган бўлса, ҳушёр тортади. Агар кўнглингизда шубҳалар тарқалмаса, худди шу йўналишдаги бошқа шифокор билан маслаҳатлашиб кўринг. Фикрлар ва кўрсатмалар бир жойдан чиқаётганлигига ишонч ҳосил қилсангиз, ҳам моддий, ҳам маънавий ҳаловат билан тиббий хизматдан фойдалана оласиз. Бир гап билан айтганда, соғлиқ — энг кераклиги, мол-пул ҳам жон аччиғидир.

«Маклер”ларга ишониб...»

Гулноза Саидхонова: — Уйимизни сотмоқчи бўлиб, “маклер”га мурожаат қилдик. Жуда гапга уста одам экан, қайнотамни «газетага, интернет сайтларига эълон бераман, уй бозорида рўйхатга киргазаман. Бир ойга қолмай сотиб юборамиз. Харидор топилганидан сўнг уйнинг барча ҳужжатларини тўплашда ёрдам бераман, нотариусда ҳам навбат кутмайсиз, мана шунча берсангиз, бўлгани, ҳаммасини тахт қиламан», дея ишонтирди. Орадан икки ҳафта ўтди, “маклер” ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ, телефони ҳам ишламади. Кейин ўзимиз газета ва сайтда эълон чиқардик, орадан озгина вақт ўтгач, уддубурон маклер пайдо бўлди, олган пулини эълонларга ишлатгани ҳақида бидирлай кетди. Қайнотам ундан пулларини талаб қилди. У эса «Ёлғон гапирсам, ундай бўлай, бундай бўлай», деди…

Бизнинг фикр: — Одамлар ҳамиша ҳам ҳамма соҳанинг икир-чикирларини яхши билавермайди, шунинг учун соҳа мутахассислари маслаҳатига эҳтиёж сезади. “Маклер” ким? Бу кўчмас мулк олди-сотдисида кўзи пишган одам, унинг офиси, хат-ҳужжати, соҳага доир маълумоти бўлмаслиги аниқ, у ҳеч қандай солиқ тўламайди, ҳеч қаерга ҳисобот бермайди, шунинг учун ҳам айрим “маклер”лар ё остидан, ё устидан иш кўради. Іам сотувчи, ҳам харидор томондан ўзининг «машаққатли меҳнати» учун ҳақ олади. Агар томонлар буни кўнгилдан чиқариб берсалар, бош устига, бироқ аксар ҳолларда маклер ҳар икки томонни алдайди. Іуқуқий саводхон одам риелторлар хизматига ишонади, чунки риелторлик компанияси лицензияланган тадбиркор дегани, у билан барча муносабатларни юридик ҳужжат асосида олиб бориш мумкин. Тўғри, маълум фоизни компания билан бўлишишга тўғри келади, лекин барча ҳужжатлардан кўнглингиз тўқ бўлади. Қолаверса, сиз тўлаган ҳақнинг маълум қисми солиқдан келган тушум сифатида пенсия ва стипендиялар шаклида яна ўзингизга қайтиб келади. Воситачилик қилган одамнинг бўйнида кафилликнинг оғир масъулияти ётади. Агар юқоридаги ҳолатда маклер жаноблари шу залворли юкни кўтара туриб ёлғон гапиргани рост бўлса, буни эълон берган шаҳобчангиз орқали исботлаш мумкин.

Ўзингга пишиқ бўл!

  • Шубҳа-гумон билан фактни фарқлаб олинг. Факт суриштирувлар натижасида йиғилади. Фактни айтинг ва изоҳ талаб қилинг.
  • Иккинчидан, сизга кичик кўринган шу каби ҳолатлар кейинчалик катта фирибгарликлар ва ёлғонларга замин бўлади. Эринманг, сотувчи тиқилинч қилгани учун олган кўйлагингизни қайтариш, бу — сизнинг истеъмолчилик ҳуқуқингиз, бирор ходим хизматидан қониқмаслик ва буни ундан юқори турувчи ходимга билдириш ҳам ихтиёрингиз. Бунинг учун сизни ҳеч ким савол-cўроққа тутишга ҳаққи йўқ.
  • Агар иккиланавериш одатингиз бўлса-ю ким нима деса, ишониб кетаверсангиз, яхшиси, бирор қарор қабул қилишдан аввал ўзингизга энг ишончли бўлган одамдан маслаҳат сўранг. Ёки атрофдан холис одамни қидиринг.
  • Кўп нарсага ишониб кетавермаслик учун мустақил фикр, дунёқараш бўлиши керак. Бунинг учун эса чуқур бўлмаса-да, ҳар соҳадан бир шингилдан ўрганиб қўйса, зарар қилмайди. Ўрганинг, масалан, ошқозон фаолиятига ёрдам берувчи фермент-панкреатиннинг дорихоналарда ўнлаб номи бор, тўлача қоматингизга катта гулли кўйлаклар ярашмайди, қайси маҳсулотларни қанча муддатгача дўконга қайтариб олиб бориш мумкин ва ҳоказо... 
  • Барча ташкилот ва хизматларнинг ишонч телефонлари, бундан ташқари, ўз вазифасини суъистеъмол қилувчи шахсларни жавобгарликка тортувчи ҳуқуқ тартибот органлари мавжуд. Иш бу даражага бориб етмаслиги учун аввало сизга кўзини лўқ қила туриб, таъма қилаётган одамни «ҳаммасини тушуниб турганингиздан» огоҳлантириб қўйинг.  

Азиза ҚУРБОНОВА

 

 


Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка