КАМИЛЛА ИЛЛЮЗИЯ ЭМАС! У – ЎЗИМИЗНИНГ ҚИЗИМИЗ!

Комилла

Галдаги меҳмонимиз ёш хонандалардан бири. Унинг ижросидаги «Иллюзия» қўшиғи бугун барча радиотўлқинларда етакчилик қилаяпти, МДҲ давлатлари орасида нуфузли мусиқа канали ҳисобланган ELLO тармоғида энг кўп тингланган тарона сифатида овоз тўплагани ва таҳририятга бўлган кўплаб мурожаатлар бу хонанда билан яқиндан танишиш учун сабаб бўлди.




Комилла 1

Маълумот:

  • 1993 йил 14 июнда Тошкент шаҳрида туғилган.
  • Отаси – харбий, онаси – бошланғич синф ўқитувчиси.
  • 2003-2004 йиллар «Митти малика» танловида иштирок этиб, «Қобилиятли малика» йўналиши бўйича ғолиб бўлган.
  • 2009 йил Республика Эстрада-цирк коллежига ўқишга киради.
  • 2012 йил Республика Давлат Санъат ва маданият институнинг «Мусиқали театр актёри» йўналишига ўқишга киради.
  • 2015 йил "Pomidor Entertainment"

 

       Санъатга қизиқишингиз қачондан бошланган?

       Болалигимда онам рақс тўгарагига олиб борарди. Щйинга тушишни жуда ёқтирардим. Бир сафар тўгаракдаги машғулотимизни томоша қилгани «Алладин» гуруҳи раҳбари Рустам Ҳамроқулов ташриф буюрди. Балки менда бирор иқтидорни кўрдими ёки қувноқлигим маъқул бўлдими, хуллас «Алладин» гуруҳига таклиф қилди. Ўшанда тўрт ёш эдим. Илк қўшиқларимни ҳам шу гуруҳда ижро этганман. Санъатнинг ўзгача сеҳри бор. Кўнгил бердингизми, воз кечиб кетолмайсиз. Мактабга чиққанимдан сўнг мусиқа бўйича таҳсилни давом эттирдим. Фортепиано ижросини ўргандим. Шу-шу санъат оламидаман!

       «Иллюзия» номли қўшиғингиз оммалашди ва саноқли кунларда интернет тармоқларида уч мингдан ортиқ тингловчига манзур бўлди. Ростини айтинг, бундай муносабатни кутмагандингиз-а?

       Тўғри топдингиз, қўшиқни интернет тармоғига жойлаштиргач, қандай қабул қилишаркин, балки умуман ҳеч кимнинг назарига тушмас, деган ўйлар бўлган. Эътибор берсангиз, фақат тарона номи кўрсатилган-у, ўзим таништирилмагандим. IMG 9949

       Узр гапингизни бўламан, менимча бу атай қилинган «тактика» эди. Ахир қўшиқни тинглаган одам, албатта уни ким ижро этганига қизиқади-да.

       Йўқ, атай ўзимни сир тутмадим. Шунчаки, тарона тингловчиларга ёқадими-йўқми, шунга қизиқдим, холос. Яхши фикрлар бўлгач, ўзимни таништирдим.

       Қўшиқ тингловчиларга манзур келмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмасди.

       Бу ҳақда ўйлаганман. Ахир бирор нарсага олдиндан «Яхши бўлади» дейиш мушкул. Фикр билдирганлар орасида фақат мақтовлар бўлди дейсизми?! Маъқул келмаганини айтганлар ҳам йўқ эмас. Лекин менга шуниси қизиқ. Манзур келганидан, шубҳасиз, қувонаман. Бироқ салбий фикрларни ҳам, албатта, инобатга оламан. Турли муносабатлардан ўзингизга керакли тўғри хулосани чиқарасиз. Агар фақат бир томонлама ёндашсангиз, кейинчалик бу ижодингизда билиниб қолади. Очиғи, агар қўшиғим оммалашмаганида бугун қай аҳволда бўлардим, билмайман. Характеримга кўра, бугунги кун билан яшайдиган инсонман. Олдиндан режа тузишни ёқтирмайман. Таваккал қиламан холос. Омадим келса, марра меники. Акси бўлса, демак насиб қилмабди. Ўз устимда янада кўпроқ ишлашим керак.

       Камилла, бу таҳаллусингиз, тўғрими?

       Ҳақиқий исмим Елена. Дўстларим учун Алёнаман, саҳнада эса Камилла! Отам менга Камилла деб исм қўйишни истаган экан. Ўзимга ҳам маъқул келгани учун шу ном билан ижодимни бошладим. Саҳна билан шахсий ҳаёт ўртасида чегара бўлиши лозим. Таҳаллус билан куйлашим ана шу масофани ушлаб туришимда асқотаяпти.

       Бир вақтнинг ўзида «Иллюзия»нинг ўзбекча ижроси «Мени севмагандай» таронаси ҳавола этилди. Икки тилда куйлашдан муддао нима эди?

       Қўшиқ мавзуси таъсирли бўлгани учун ўзбек тилида ҳам куйлашни истадим. Лекин кимгадир ёқди, кимгадир ёқмади. Хафа бўлганим йўқ. Чунки танқидларга тайёр эдим. Ростини айтаман, отам ўзбек миллатига мансуб бўлса ҳам, она тилимизни мукаммал билмайман. Оилада русча сўзлашамиз. Ўзбек тилидаги сўзларни тушунаман. Аммо жавоб қайтаришга қийналаман. Ҳозир ўзбек тилини астойдил ўрганишга киришдим. Студиядагиларга ҳам қатъий тайинлаганман, «Мен билан фақат ўзбек тилида сўзлашинглар» деб. Қўшиқларимни тинглаб, «Ўзбекча гапиришни билмайди-ю, нима ҳақида куйлаётганини билармикан?» деган фикрлардан қўрқаман.

       Демак, талаффуз борасида кескин фикрлар бўлди.

       Айтилган фикрлардан ўзим учун тегишли хулосани чиқардим. Муҳими шу! Мен танқиддан қочадиган қиз эмасман. Аксинча хатомни айтишдими, хурсанд бўламан.

       Келинг мусиқий клип ҳақида суҳбатлашсак. 3D анимацион жанридан фойдаланиш фикри қаердан пайдо бўлди?

       Продюссерлик марказимизнинг ходими Сарвар Пўлатов билан биргаликда мультқаҳрамонлар қиёфасидаги тасвирни ўйлаб топдик. Аввалига клипда ўзим рақс тушмоқчи эдим. Рости, бугунги томошабинни бирор нима билан ҳайрон қолдириш қийин. Янгилик қилишни истадик, десам тўғри эмасдир, лекин мароқ билан томоша қилиш мумкин бўлган кичик фильм яратишни мақсад қилдик. Марказимизда анимация бўлими мавжуд. Ана шу бўлим ходимлари билан маслаҳатлашиб, бир ой давомида клип қаҳрамонларини кашф қилдик.

       Қилаётган ишингиз одамларга эриш туюлишидан чўчимадингизми?

       Мен ўзбек эстрадаси эстетик талабларига мос келадиган асар олиб киришни мақсад қилганман. Томошабин клипни кўрган вақти учун ачинмасин. Маъқул келиш-келмаслиги ўйлантирди, лекин илиқ кутиб олишларига ишондим.

       «Клип ғояси Россия хонандаси Глюкоза услубидан олинган» деган фиркларга нима дейсиз?

       Ғоя устида ишлаётганимизда Глюкоза хаёлимизда ҳам йўқ эди. Клип тайёр бўлгач, сиз айтгандек фикрларни эшитдик. Аслини олганда бизни ишимиз Глюкозанинг клипларидан кескин фарқ қилади. Ягона ўхшашлик мультфильм йўналиши бўлиши мумкин.

       Бу усул Камилланинг «ташриф қоғози»га айланадими?

       Мультфильм йўналишини кейинчалик ҳам давом эттириш ниятим бор. Аммо фақат шу усулда «қотиб» қолмайман. Эҳтимол навбатма-навбат фойдаланармиз.

       Ўзбек тилидаги қўшиқлар-чи, эшитамизми?

       Суҳбатимиз тугагач, бастакор билан учрашувим бор. Ўзбек тилида янги қўшиқ ишлаяпмиз. Мен она тилимизни жуда ҳурмат қиламан. Айниқса, ўзбек адабиётидан ўрин олган рубоийларни тингласам, ўзимга сиғмай кетаман.

       Борган сари мени ҳайрон қолдираяпсиз. Рубоийларга қизиқасизми?

       Айни дам Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институти талабасиман. Машғулотлар пайти бадиий асарлар мутолаа қиламиз. Рус гуруҳида бўлсам ҳам, ўзбек гуруҳидаги адабиёт дасрларига ҳавасим баланд. Айниқса, рубоий, ғазалларнинг ўқилиш услуби , талаффузи жуда чиройли. Аввал эшитиб оламан-да, кейин маъносини сўрайман.

       Адашмасам сиз илгари «Di Live Band» гуруҳи аъзоси эдингиз. Гуруҳни тарк этишингизнинг боиси яккахон куйлашмиди?

       Бу гуруҳда икки ярим йил фаолият юритдим. Ижодий сафарлар, тадбирларда иштирок этганмиз. Ҳозир ҳам муносабатларимиз яхши. Атай гуруҳни тарк этмадим. Продюссерлик марказида ўтказилаётган кастинг ҳақидаги эълонни ўқиб, «Борсамми-бормасамми» деб иккиландим. Онам «Омадингни синаб кўр» дегач, нима бўлса бўлди, деб кастингга бордим. Балки чиндан ҳам омадим келганидир бу. Йўқ, бу менимча тақдир! Чунки истар-истамас боргандим-да. Ижромни эшитиб кўришгач, бир неча кундан сўнг студияга таклиф қилишди «Сиз билан шартнома тузмоқчимиз» дея.

       Кутилмаган воқеа бўлибди-да?

       Нимасини айтасиз. Яккахон хонанда сифатида ижод қилишимга у қадар ишонмасдим. «Мендан хонанда чиқмаса, болаларга мусиқадан сабоқ бераман» дердим ўзимга. Куйлагим келарди-ю, негадир иккиланардим.

       Кўча-кўйда юрганингизда танишаяптими?

       (кулади) Ҳижолат бўлаяпман, рости. Метрода кўп юраман. Айримлар «Сиз Камилласиз-а?» деса, кимдир «Метрода юрасизми?» дейди. Ҳа, мен шунақа оддийгина қизман. Суратга тушишни ёки дастхат сўрашса, уялиб кетаман. Машҳурлик ортидан қувмайман.

       Ҳозир шундай деяпсиз. Кун келиб фикрингиз ўзгармаслигига аминмисиз?

       Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳар куни Яратгандан сўрайман, «Тўғри йўлдан адаштирма, ҳаволаниб кетмай» деб. Қолаверса жамоамиз ҳам ўзимдан кетиб қолишимга йўл қўйишмайди. Уйда эса онам «Ҳавотир олма, сен мени назоратимдасан» дейди. Одамларга яхши мусиқа тақдим этишни истайман, холос.

       Ижодкор учун машҳурлик керак, барибир.

       Керакликка керагу, лекин одамларни ўзи сизни эътироф этишмаса, сохта обрў орттириб ҳеч нимага эришмайсиз.

       Ҳамма нарсани ҳотиржам қабул қиларкансиз. Ҳаётда ҳам шундаймисиз?

       Таъсирчан инсонман. Йиғлаб оламан кези келганида. Лекин ҳар қандай вазиятда ўзимни қўлга ололаман. Онам кичиклигимдан шундай тарбия берган: «Тинчланиб олгинда, сўнг фикрла» деб.

       Аммо шундай вазиятлар бўладики, тинчланолмайсиз. Дод солгингиз келади.

       Бундай ҳолатларда ҳаммасини унутиб, узоқ-узоқларга кетгим келади. Ёлғиз қоламан кўпинча. Ёки бир кун ҳеч нима қилмай китоб мутолаа қиламан. Шу тариқа ўзимга келаман.

       Ҳозир қайси асарни мутолаа қилаяпсиз?

       «Анна Каренина»ни ўқияпман. Ундан аввал «Алкимёгар» асарини ўқидим.

       «Анна Каренина»нинг «тили» оғирлик қилмаяптими?

       Асар чиндан ҳам менинг ёшимга мураккаброқ. Лекин тушунишга ҳаракат қилаяпман. Баъзан айрим бандларини қайта-қайта ўқийман. Ҳар бир қиз орзу қилади оташин муҳаббатни. Муҳими севги дардида телбага айланмаслик.

       Муҳаббат ҳақида сўз очдингиз, унинг борлигига ишонасизми?

       Ишонаман! Соф муҳаббат бор! Лекин ўзим ҳали кимнидир севиб қолмадим.

       Биринчи омадли парвоздан сўнг уни ушлаб туриш шарт!

       Буни биламан. Шунга ҳам кейинги қўшиқларим тақдиридан ҳавотирдаман. Насиб қилса, натижа яхши бўлади.

       Сўраганим бежиз эмас. Чунки айни дам нафақат мухлислар балки ҳамкасбларингизнинг ҳам диққат марказидасиз. Комилла3

       Мен ўзимни бошқа хонанда қиз-аёлларга рақобатчи деб билмайман. Хали ўрганишим керак бўлган нарсалар кўп.

       Камилланинг илҳом париси...

       Ёлғиз сайр қилишни ёқтираман. Кузатаман. Дунё тан олган санъаткорларнинг концерт дастурларини қолдирмай томоша қиламан. Ана шулар менга илҳом бағишлайди. Улардан таъсирланиб шеър ёзаман. Лекин қораламаларимни ҳеч кимга кўрсатмайман.

       Нега қўрқасиз?

       Ҳис этганларимни ёзганим учун уларни кимгадир кўрсатишдан чўчийман. Ҳали бунга тайёр эмасман. Бир кун келиб, шеърларимни «олиб чиқаман». Лекин хали вақт бор.

       Суҳбат давомида волидангизни кўп тилга олдингиз.

       Онам мен учун борлиғини бахшида қилган инсон. Кичиклигимдан мен учун суянчиқ, қалқон бўлди. Ота-онам кичиклигимда ажрашиб кетишган. Мени онам катта қилган. Қаттиққўл аёл бўлсада, бугунги ютуқларимда унинг ҳиссаси жуда катта. Болалигимни эсласам сира бекор қолган пайтим бўлмаган. Ўқитувчи бўлгани учунми тарбиямга жиддий қараган.

       Отангиз билан муносабатингиз қандай?

       Ўсмирлик пайтим отам билан кўришиб турардик. Ҳозир узоқлашиб кетганмиз. Мен отамдан миннатдорман. Чунки томирларимда у кишининг қони оқмоқда. Ҳамиша ният қиламан, концерт қўйганимда отамни таклиф қиламан деб. Қизини кўриб фаҳрлансин.

       Уни соғинасизми?

       Соғинч... Менимча, кимнидир соғинишингиз учун ўша одам ҳаётингизда иштирок этган бўлиши керак.

       Ўз қўшиқларингизни радио орқали эшитиб қолсангиз...

       Таърифлаб бўлмас даражада хурсанд бўламан. Бир сафар машғулотлардан сўнг таксига ўтирдим. «Иллюзия»нинг нақорати янграётган экан. Ҳайдовчи мусиқани баландлади ва менга қараб «Ўзимизнинг қиз экан, яхши куйлабди» деди. Яна бир сафар машина ҳайдовчиси қўшиқни хиргойи қилиб кетди. Албатта, бундай воқеалардан мамнун бўласиз.

       «Ўша қиз менман» дегингиз келса керак ҳойнаҳой.

       Жудаям! Лекин ўзимни назорат қиламан.

       Бугун сизни хонанда сифатида кашф қилишга уриндик. Истардимки кейинги учрашувларимизда ҳам айни шу Камиллани қарши олайлик. Самимиятингиз йўқолмасин.

       Раҳмат!

 

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.

 

 


Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка