Тоҳир СОДИҚОВ: « БУ ҲАЁТДА ҲЕЧ НАРСА ТАСОДИФАН ЮЗ БЕРМАЙДИ!»

Тохир Содиков

«Умрингизда биринчи бор ўйлашга мажбур қилган ва меҳрингизни қозонган» муҳаббатингиз «эришиб бўлмайдиган, бахтингиз, орзунгиз»га айланса-да, гарчи туйғуларингизни «катта хато» санасангиз-да, барибир эслаганда қалбингизда ёруғлик ҳис қиласиз. Унинг тароналари қўшиғимизга айланганинг сабаби ҳам шудир балки?

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир СОДИҚОВ билан суҳбатимиз «Болалар»нинг беғубор болалиги, болалари ва ҳамон ёш кўнгилнинг кечинмалари ҳақида бўлди. Мен хонанда билан суҳбатлашиб, мактаб йилларимга қайтгандек бўлдим. Суҳбатни ўқиб, сизда ҳам ширин хотиралар уйғонар, деган умиддамиз.

— Ўтган 2015 йилнинг қандай унутилмас лавҳаси муҳрланиб қолди?..

— Йилнинг мен учун энг қувонарли воқеаси тўнғич қизимнинг ўқишга киргани! Бу йил ёзни катта ҳаяжон билан ўтказдик ота-бола. Имтиҳонга тайёргарлик, қанақа кечаркан, кира олармикан деган ҳадиксирашлар охири натижасини кўрсатди, қизим Тошкент давлат шарқшунослик институти талабаси бўлди. Фарзандингизнинг илк катта ютуғини туйиш жуда завқли бўларкан.

— Ўқиш борасида танловни қизингизнинг ўзи амалга оширдими ёки орзуларингиз билан ҳисоблашдими? Умуман сиз болаларингизга улар билан боғлиқ истакларингизни айтасизми?

— Мен қиз боланинг кўнглига қулоқ тутиш керак, деб ўйлайман. Катта қизим ўзи халқаро йўналишда ўқишни истади ва истаги йўлида ҳаракат қилди. Ўғлимга орзу-ҳавасларимни айтаман. Чунки ўғил болани йўналтириб туриш шарт.

— Демак, сизнингча, қизлар ва ўғил болалар тарбиясида фарқли жиҳатлар борми?

— Албатта! Қиз фарзандларнинг қандай катта бўлганини билмай қоларкансиз. Ёки оталарга шундай туюладими? Қизларим доим йил якунида мактабдан фахрий ёрлиқлар олиб келишарди, байрамлар, ота-оналар йиғилишига борсам, мақтов, раҳматлар эшитардим. Ўғлим билан эса бироз акси, шўхликлари бор-да. Шунгами, кенжамнинг тарбиясида қаттиққўлроқман, назоратим кучли.

Сиз ҳам оилада кенжа фарзандсиз. Кенжалар одатда жуда эрка бўлишади.

— Ҳа, икки опам, бир акам бор. Эркатой бўлганман. Ҳозир ҳам онамнинг ёнида ўзимни боладек ҳис этаман. Умуман, мен болаларни эркалаш тарафдориман. Фарзандларимизни эркалаш уларнинг ўзларига ишончларини оширади, ота-онасининг мақтовларига муносиб бўлиш масъулиятини шакллантиради. Бунинг устига, болани болалигида тўйиб-тўйиб эркалаб қолиш керак.   

— Ёз якунида суҳбатлашиш учун қўнғироқ қилганимда, «Бугун ўртоғимникида маслаҳат ошидамиз. Қизининг тўйи бўлаяпти, шу кунларда вақтим тиғиз», дегандингиз. Қиз узатаётган тенгдошларингиз билан елкама-елка туриб, нималарни ҳис қилаяпсиз?

— Синфдошларимдан бири неварали ҳам бўлди. Дўстларим қизларига оқ фотиҳа бераётганида кўзларида ёш қалқиганини кўриб, бошқача бўлиб кетаман. Аммо уларнинг кечинмаларини тўлалигича ҳис қилмайман. Чунки ўзингиз бошингиздан ўтказиб, юрагингиздан кечирмагунингизча бу туйғуни англолмайсиз. Шунгами, бобо бўлган ўртоғим «Невара болангдан ҳам ширин бўларкан», деса, ҳам ҳавас, ҳам ҳайрат билан қарайман.

— Тоҳир Содиқов улғайганини қачон ҳис қилган?

— Ҳамон ҳис қилмаганман. Тўғри, оғайнилар болаларининг тўйига айтса, неварали бўлдим, дея суюнчи олса, улғайиб қолибмиз, дейман-у, бироқ барибир ўзимни ҳамон ёш санайман.

— Машҳур санъаткорлардан бири «Саҳна ёшларни яхши кўради», деб айтганди. Сиз нима деб ўйлайсиз?

— Ўз тажрибам, йўналишимдан олиб қарасам, менимча, йўқ. Жаҳон эстрадасида ҳам олтмиш, етмишга кириб, саҳнада ёниб куйлаётганлар, тингловчиларнинг қалбини ларзага солаётганлар бор. Севгини тараннум этган инсон ёшлигини асраб қолади, деб ўйлайман.

«Болалар»нинг илк клипларини томоша қила туриб, кўнглингиздан нималар кечади?

— Завқланиб куламан. Бола бўлганмиз-да. Ўша пайтдаги ҳаракатларимиз, уст-бошимиз қизиқ туюлади энди. Энг муҳими эса ўн беш-йигирма йилга ортга қайтиб қолгандек бўламан. Ёшликдан эсдалик-да! Яхшиям, телевидение ўша дамларни тасмаларга муҳрлаган экан. Клипларни кўриб бўлгач, кўзгуга қараб, ташқи кўриниши ўзгарган, аммо қалби ҳамон ўша-ўша Тоҳирни кўраман.

Тасодифларга ишонасизми?

— Йўқ. Бу ҳаётда ҳеч нарса тасодифан юз бермайди.

— Хўш, ўзингиз куйлангандек, бу дунёда эришиб бўлмайдиган бахт, орзу борми?

— Кимга қанақа? Орзуларнинг қанчалик реал ёки хомхаёллигига боғлиқ бўлса керак бу. Агар ўн олти ёш бўлганимда, ҳар қандай орзуга эришиш мумкин, дея жавоб берардим. Чунки ёшликда осмон қўл узатса етгудек, орзу-ўйлар эса имконият, шароит, вақт деган тушунчалар билан ҳисоблашмайди. Бир пайтлари жаҳон саҳнасини забт этаман дердим, ҳозир эса истаклар йўналиши ўзгарган, бахт ҳақидаги тушунчалар ойдинлашган.

Ўзингизга душманлик қилган кезларингиз бўлганми?

— Эркак киши ғурур сабаб ўзига душманлик қилиши мумкин. Ғурур йўл қўймай манфаатим йўлида ҳам «Хўп, ака», деб қуллуқ қилмаган пайтларим бўлган. Аммо афсусланмайман.

Ҳеч кимни севмасдан яшаш мумкинми?

— Йўқ! Бежизга, одамзот муҳаббат билан тирик, деб айтилмайди. Мен севгисиз инсонлар борлигига ишонмайман. Улар ер юзида мавжуд бўлса ҳам, ҳаёт эмаслар, назаримда. Ахир қанақа қилиб, ҳеч кимга кўнгил қўймасдан, меҳр бермасдан, суянмасдан яшаш мумкин?

Севишганларнинг дил таронасига айланган қўшиқларингиз орасида рафиқангизга аталгани борми?

— Деярли ҳаммаси. Масалан, 92-, 93-йиллар куйланганларим учрашиб юрган пайтларимиз ёзилган.

Биз Тоҳир Содиқовни романтик умр йўлдош, жуда масъулиятли ота сифатида биламиз...Тохир оиласи билан

— ....+меҳрибон тоғаман! Жиянларим мени жуда яхши кўришади. Деярли ҳаммасини ўзим катта қилганман. Улар бола пайтлари чет эл гастролларига борсам, албатта, ажойиб совғалар олиб келардим. Шунинг учунми, ҳозир меҳрлари, оқибатлари кучли.

— Яна мени ҳайратлантирган жиҳатингиз, шоу-бизнеснинг тун ва куни алмашиб қолган вакилларидан фарқ қиларкансиз. Соат эрталабки ўнда хонандалар билан учрашиш тугул, телефонда ҳам гаплашиб бўлмайди.

— Мен жуда барвақт уйғонаман. Болаларимни ўқишларига кечиктирмасдан олиб бориб қўйишим шарт. Катталарим қиз фарзанд бўлишгани учун ҳам аввалдан шунга одатланганман. Уларни еру кўкка ишонмайман.

Мухлисларга тилакларингиз...

— Барчага сиҳат-саломатлик, бахт, омад, энг муҳими, хотиржамлик тилайман! Хотиржамлик, тинчлик аслида энг катта бахтимиз, уни асраш эса ўз қўлимизда. Фикримча, ҳар бир инсон ўз оиласи, фарзандлари, яқинларига, ўзи яшаб турган масканга эътиборли ва меҳрли бўлса, дунёнинг ёмонликлари чекинади.

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА суҳбатлашди 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка