«ХОТИНЛАР ҒИЙБАТИДАН КУЙДИ ЖОН…»

vector-mujik
Душанба куни эрталаб синфдош дўстим қўнғироқ қилиб, кечқурун чойхонада йиғилажагимизни айтганида, ҳайрон бўлдим: «Ҳой, нега айнан душанба куни?» Дўстим пичирлади: «Жиннимисин? Якшанба куни хотинларимиз сезиб қолиб, ғийбат қилишади. Кел, ғийбатга нишон бўлмасдан яшайлик».

У ҳайвонот боғида ишларди. «Ҳозир ишдамисан?» — деб сўрадим. «Йўқ», — шивирлади энсаси қотиб. «Унда нега пичирлаяпсан? Ёнингда хириллаётган нима? Тунов куни янги келтирилган Африка урғочи шери эмасми?» Дўстимнинг жиғибийрони чиқди: «Э-э, нималар деяпсан? Бу ўзимнинг Санталатим-ку. Аммо тўғри айтдинг. Семириб кетганидан кейин, айниқса, сочларини калтартириб, лабларини қалин бўяшни бошлагандан бери ҳақиқатан ҳам шерга ўхшаркан, эътибор бермаганимни қара-я!..»

 Кечқурун ҳамма йиғилди. Дароз-паканалигимиз, семиз-ориқлигимиз ҳар хил бўлганидек, касбларимиз ҳам турлича. Бири ҳисобчи, бири таксичи, бири савдогар, юқорида айтилганидек, бири ҳайвонот боғида сут эмизувчилар бўйича ветеринар, яна бир синфдошим туғруқхонада шифокор. Орамизда ҳатто, профессор ҳам бор. Айнан ўша профессор илмий иш қилган экан, ўз ютуғидан оғиз очди:

— «Кийбатимиз ва телекоммуникация тараққиёти» номли китобим чиқди. Сизлар ҳам ўқишларингизни тавсия этаман, ўртоқлар!

— Э, қўй китобингни! — қўл силтади таксичи дўстим. — Унақа мавзуларни тушунмаймиз. Мендан трамблёрни сўра, метан газни сўра, фоторадарни сўра, оғайни.

— Ғирт каллаварамсан, — деди профессор. — Ахир, мен илм-фанга янги атама киритдим, сен эса аллақанақа арзимас нарсаларни вайсайсан. «Кийбатимиз», бу — юнон ёки лотин тилидан олинмаган. У «ғийбат» сўзидан келиб чиққан, яъни оддий қилиб айтганда, «Ғийбатимиз» дегани. Телекоммуникацияга телефон ҳам кирадими? Телефонни кимлар тутатиб юбораяпти? Хотинлар. Наҳотки, хотинларнинг соатлаб гапирса ҳам ечилмайдиган муаммолари бўлса? Албатта, йўқ. Ғийбат бўлгани учун ҳам кўп гапирилади. Тушундингми?

— Хайрият, бугун фақат эркаклар жамланган, — дедим мен. — Ғийбат ҳам йўқ, ўша кийбатистлар ҳам. Лекин жуда тўғри гапни ёзганга ўхшайсан, ошна. Нега тўртта хотин ўтирган жойда ғийбат бўлади, ҳеч тушунмайман. Мана, бизга ўхшаб эркакчасига ўтириб, ишни муҳокама қилишса, ўтган даврларни ёдга олишса, дўстларнинг муаммоларининг ечимини топиш учун бош қотиришса бўлмайдими? Улар эса кийган кийимигача гапиради. «Қайси аёл?» деб сўрайди бири. Иккинчиси нима деб жавоб беради денг: «Анави бору, оқ тугмали қизил кофта кийган». Ё тавба, улар бир қарашда кўйлаги билан тугмасининг рангларини эслаб қолиб, яна бошқаларга айтишга ҳам улгуради. Масалан, мендан сўра «Майканг қанақа рангда?» деб. Ўлай агар, эсимда йўқ. Оқмиди, кўкмиди. Рангини билиш учун кўйлагимни ечиб, текшириб кўришим керак. Улар-чи? «Ипподром»да адашиб қолсанг, пайпоғингнинг рангига қараб, ҳеч бўлмаса, ҳидидан топиб олади.

— Тўғри айтасан, — бармоғини нуқиди менга туғруқхона шифокори, — кеча битта келин кўзи ёриётганида ҳам ғийбат қилаяпти. «Вой дод, нима туғаяпман? УЗИ рост айтиб, ростдан ўғил туғаяпманми? Агар ўғил бўлса, қайнонамнинг гаплари ёлғон бўлади, боплайман, шунча вақт менга кун бермаган…» дейдими-ей. «Бунча шошасиз, келин! Аввал тўлиқ туғиб олинг, ким экани бизга кўринсин!» — дедим жаҳл билан. Мана, ғийбатнинг оқибати! Келиним ўғил туғмайди, ўғил туғмайди, деб ғийбат қилавериб, келиннинг жонини олиб қўйган. Келин хурсандлигидан кўзларига ишонмай бир ой термулиб ўтирибди. Ҳа, бир ойдан кейин кўчада учратиб, «Ўғилтой кимга ўхшабди? Сизгами ё дадасигами?» деб сўрасам, «Вой шўрим, ҳали юзига қарамабман-ку!» дейди.

— Шунақа, — деди ҳисобчи дўстимиз. — Бухгалтерияда битта рақам ортиқча чиқса, қаерга яширишни билмайсан киши. Хотиним-чи, берган маошимни шундай сарфлайдики, тўртта нолли маблағлар қаёққа гум бўлган, аниқлаёлмай мен гаранг.

— «ГУМ»га сарфлаб юборгандир-да? — деди савдогар ўртоғим. — Пластикмиди?

— Ҳа.

— Унақа одат менинг хотинимда ҳам бор, — бошини қашиди судда ишлайдиган дўстим. — Нон олиб келиш учун пластик картамни берсам, уйимда янги идиш-товоқлар пайдо бўлиб қолаверади. Уларни металломга топширсам, пулига яна битта хотин беради. Афсуски, қўш хотинлилик қонунда тақиқланган-да!

— Ўзи хотинни иккита қилиш керак, — деди қассобимиз. — «Қанот жуфт бўлади» деган мақол бежиз айтилганми. Биз битта қанот билан учяпмиз. Ҳайвонот боғида дунёдаги ҳамма қушлардан бор. Қани, ветеринар айтсин-чи, бирорта бир қанотли қуш борми?

— Йўқ, — деди ветеринар.

— Йўқ, — деди бошқалар ҳам.

Шу куни суҳбатимиз роса қизиди. Дарҳақиқат, аёллар биздан ўрнак олишса бўлади. Ахир, ғийбатсиз ҳам чақчақлашиб ўтириш мумкин экан-ку. Таксичимизнинг ҳозирги машинаси аввал урилган эканини, профессорнинг хотинининг аждодлари ҳам идиш-товоққа ўч бўлишганини, ветеринаримизнинг хотини семириб кетаётганини, ҳисобчимизнинг қайнонаси ўзга оила бюджетига қандай зарар етказаётганини муҳокама қилдик, холис танқидий фикрлар айтилди, таклифлар ташланди. Ҳатто, шифокор дўстимиз аёллардаги гинекологик хасталиклар тўғрисида тўхталганида, маҳалламиздаги қайси келинда қандай касаллик борлигидан бохабар бўлиб, раҳмимиз келди. Чойхонада ўтирмаганимизда, келинларнинг қандай касалликлари борлигини биз қаёқдан билардик? Анави ғийбатчи хотинларимиз айтармиди?

«Гап» сўнгида ҳар ҳафта икки марта йиғилиш керак, бир марта ўтириш кам, деган таклифлар айтилди. Аммо мен кўнмадим. Ахир, ҳар ҳафта икки марта ўтирсак, суҳбатга мавзу тугаб қолади-ку. Бир ҳафтада қанча воқеалар бўлиши мумкин.

Азизий

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка