«ҚИЗЛАРИМНИ БАХТСИЗ ҚИЛДИМ...»

kinopoisk.ru-Coco-Chanel-1065585

Битта қиз ўстирмоқ ўнта ўғил катта қилмоқдан қийин, деган гапни эшитганмиз. Чунки қиз бола бировнинг хасми. Бағрингиздаги омонатингиз. Уни муносиб эгасига топширмоқ, борган жойида илдиз отиб тиниб-тинчиб кетмоғини таъминламоқ эса онага боғлиқ. Таҳририятга қўнғироқ қилган аёлнинг ҳикоясини тинглаб бу гапларга яна бир бор амин бўлдик. Ва кимларгадир ўрнак бўлар деган ниятдамиз...

— Бир йил аввал катта қизим ажрашди. Куёвим орадан ярим йил ўтмай, «мана сенга» дегандек уйланиб олди. Ўртада иккита бегуноҳ бола — ўн ёшли ўғил, етти ёшли қиз отасиз қолди. Шундан сўнг қизимга ё аёли ўлгандан, ё ўзи каби биринчи турмушидан тинчимаганлардан совчи чиқаяпти. Яқинда бой-бадавлат, ёши ҳам қизимдан унча катта бўлмаган одамдан совчи келди. Биринчи оиласидан фарзанди бўлмагач, ажрашган экан. Қизимнинг ҳам кўнглига ўтиргану, «Токи фарзандли бўлмагач, болаларингиз онангиз билан яшаб туришади» деган шартидан кейин ўйланиб қолдик. Болаларини кўзи қиймаяпти қизим. Шундагина қизим биринчи турмушидан ажрашганига астойдил пушаймон бўлди. Аслида эса ҳаммасига мен сабабчиман.

Қизимни бир дунё сарпо-сулув билан турмуш ўртоғимнинг дўстининг ўғлига узатдик. Куёвим ўқимишли, оғир-босиқ йигит эди. Қайнонаси ҳам мулоҳазали, тушунган аёл эди. Аммо мен қиз бола келин бўлгач, ота уйига меҳмон бўлишини тушунмасдим. Худди қиз узатмоқ боласини дўзах азобига дучор қилгандек туюларди менга. Тинимсиз қизимга қўнғироқ қилиб, бугун қанақа овқат еганию қайнонаси нима дегани, эри нечада ишга кетганию қачон уйига қайтганигача сўрардим. Қизим ҳам уйидаги воқеаларни оқизмай-томизмай етказарди. Кимдир қаттиқроқ йўталса ҳам ваҳимага тушарди. Ҳар икки куннинг бирида меҳмонга келиб, оиласидан нолирди. Биринчи фарзандига ҳомиладорлигида йиғлаб қўнғироқ қилди. Туш пайти ухлаб ётган экан, қайнонаси келиб, уйғотибди. Кўрпачаларни сўкиб, ювишини буюрибди. Бу гапни эшитиб, оёғимни қўлимга олиб югурдим. Ховлиқиб борганини кўриб, ҳайрон қолган қудамизга «Ўзингизнинг қизингизмас-да! Жонингиз ачимайди. Ҳомиладорлигида ҳам шунақа оғир иш қилдирасизми?» деб гапира кетдим. Қудамиз эса: «Ҳомила катта бўлиб кетиб, туғишга қийналмасин деб, ҳаракат қилсин дегандим-да», дея вазиятни тушунтирмоқчи бўлди. Аммо кўзимга фақат йиғлаётган қизим кўринарди.

Ўша куни жаҳл билан қудамнинг ҳай-ҳайлашига қарамасдан қизимни уйимга олиб қайтдим. «Тинчликми?» деб сўраган турмуш ўртоғимга: «Ҳаммасига сиз айбдорсиз. Яхши оила деб қизимизни узатдим. Мана оқибат. Гулдек қизимни қулдек кўришади», деб бақирдим. Эрим эса «Қиз узатган битта сенми? Энди қизимиз ҳам ёш эмас, яқинда она бўлади. Ёш болага ўхшаб сал нарсага йиғлаб қўнғироқ қилса, сен ҳам югуриб бораверсанми?» — деди. Мен болалари тақдир учун ёлғиз ўзи куюнадиган аёлдек ҳис этдим ўзимни ва йиғладим.

Кечки пайт куёвим ва қудаларимиз келишди. Қизимнинг қайнонаси худди ҳеч гап бўлмагандек кулиб ўтирди. Кетар чоғларида «Моҳирабону, юринг, кетамиз», деди. Бу гапи билан худди устимдан кулгандек бўлди. Қудаларнинг олдида қизимга «Болам, мен сен учун куйинаётганимдек, сен ҳам туғилажак фарзандингни ўйла. Оғир ишларни қилма. Кўнглинг нимани тусаса, менга айт», дедим меҳрибонлик билан. Эрим бу қилиғимдан қудаларимиз олдида мулзам бўлди.

Қизим келинлик хонадонида ўн бир йил яшади. Икки нафар фарзандли бўлди. Шу ўн бир йил ичида неча марта уйга аразлаб келди, баъзан эса ўзим бориб қизимни олиб келардим. Арзимаган важлардан катта жанжаллар келиб чиқарди. Қайнонаси ҳам охирги пайтлар қизимнинг инжиқликларига, мен билан соатлаб уйидагиларни ғийбат қилишига чидолмай, келинини уришадиган бўлиб қолди.

Бир сафар кичкинаси онасининг сутидан заҳарланиб, шифохонага тушиб қолди. Даволаниб чиққач, қизимни кўришга уйига борганимда, қудамнинг «Болам, вақтинча мева-чевалар емай тура қолинг», деган гапини эшитиб, жаҳлим чиқди. Худди қизимга бу уйда ҳамма нарсани чеклаб қўйишагандек, боламга ичим ачиб, уни уйимизга олиб қайтдим. Турган гапки, қайнонаси ҳам ғазабланди. Шу бир оғиз гап катта жанжалга айланиб, «деди-деди»лардан чарчаган куёвим хотини билан ажрашишга қарор қилди. Мен ҳам «Кўчада қолган қизим йўқ», деб қаршилик кўрсатмадим. Охир-оқибат икки неварам отасиз ўсаяпти.

«Катта қизимнинг тақдири шу экан-да, ҳали яхши инсонга турмушга чиқиб, бахтли бўлади», деб ўзимни овутиб ўтирганимда, иккинчи қизим ҳам оиласидан тинчимади. Қайнонаси билан умуман келиша олмаган қизим икки хонали уйга кўчиб чиқди. Мен ҳар доим унга: «Қачон сен ҳам одамга ўхшаб яшайсан? Уйингни, ўтиришингни қара. Эринг ҳам одамларга ўхшаб пул топса бўларди», деб гапираверардим. Қизимнинг: «Топганингиз рўзғордан ортмайди. Мен ҳам бошқалар каби чиройли, катта уйларда яшагим келади. Каталакда яшаш жонимга тегди», деб нолишларидан безган куёвим бегона юртларда ишлашга мажбур бўлди. Қизим эса қайнонаси билан умуман борди-келди қилмайди. Яқинда куёвимнинг ўша ёқларда битта аёлга  илакишиб қолганини эшитдик. Дарров қудамга: «Ўғлингизни тартибга чақирсангиз бўлмайдими? Бу ерда қизим ёш боласи билан овқатга пул топса, кийимга пул тополмай, зўрға кун кўриб ўтирса-ю, ўғлингиз қанақадир енгилтак аёлларга илакишиб юрса», деб қўнғироқ қилдим. Қудам эса ҳаммасига қизимни айблади. «Шунақа бўлади-да, фақат пул-пул деяверганидан кейин. Бегона юртларда иссиқ-совуғидан хабар оладиган кишиси, ишдан чарчаб келганида овқатлар пишириб кутиб оладиган хотини бўлмагандан кейин уйланса уйланиб олгандир-да! Ўзи ўғлимнинг топиш-тутиши шу ердан ҳам яхши эди. Аммо қизингиз борига шукр қилмади», деди. Энди қизим ҳам «ажрашаман»га тушиб олган. Бир томондан куёвимнинг хиёнатидан жаҳлим чиқади. Иккинчидан эса бу қизим ҳам эридан ажрашадими, деб ўйланиб қоламан.

Учинчи қизимнниг ёши йигирма еттида, лекин совчилар маҳалладан қайтиб кетишаяпти. Битта биттаю ўғлимга қаердан қиз сўраб бормай, оиламиз ҳақида суриштиришгач, «Онасининг феъли яхши эмас экан” деб рад жавоб беришаяпти. Бу гапларни эшитиб, кўнглим чўкиб қолди. Қанчалик аччиқ бўлса ҳам, бу ҳақиқат эканлигини англаб этдим. Бироқ энди кеч эди...

Катта қизим Моҳиранинг оиласига аралашавериб, икки неварамни отасидан айирдим. Иккинчи қизим «насиҳатларим» қурбони бўлди. Учинчи қизим эса иккала опасининг тақдири сабаб турмушга чиқолмаяпти. Сал нарсага лов этиб ёниб кетмасдан, болаларимнинг шахсий ҳаётига босиқлик билан ёндашганимда, турмушлари тинч бўлармиди? Оилада эрнинг, аёлнинг ўз ўрни бор эканлигини, аёл ўз қадрини билиши кераклигини, аммо эрдан бир поғона паст туриши лозимлигини қизларимга ўргатганимда бугун болаларим бахтли ҳаёт кечирашармиди? Қайнонасию эридан нолиган, турмуш ўртоғининг хиёнатини билгач жанжал кўтаришдан нарига ўтмаган қизларимга бир оғизгина «чида болам, турмушнинг мушти бўлади» деганимда сабр қилишармиди? Ҳар куни соатлаб, қизларимнинг уйидаги гап-сўзларни муҳокама қилмасдан, уларга тўғри йўл кўрсатганимда, аразлаб уйга келишганида уйларига олиб бориб қўйганимда невараларим ота меҳридан мосуво қолишмасмиди? Иккинчи қизимга «Эринг пул топмайди», деб таъналар қилмаганимди, у ҳам турмуш ўртоғига фақат пул топиб келувчи машина деб қарамасмиди? Балки куёвим ҳам хиёнат кўчасига кирмасмиди?..

Менинг ҳақиқатим шуки, она зоти қизини ўзга уйга узатгач, унинг турмушига ҳадеб аралашавериши, боласининг ёнини олиб, жанжал қилмаслиги керак экан. Бу каби ҳаракатлар билан фарзандига суянч бўлолмайди. Аксинча, уларнинг оиласини жар ёқасига олиб бориб қўяди. Дугонажонлар, азиз оналар, мен қилган хатоларни такрорламанг! Қизларингизни қўрғонига бош суқманг! Нолишларига қулоғингизни ёпиб, хонадонидаги камчиликлардан кўзингизни юма билинг! Шунда фарзандаларингизга қўша қариш бахти насиб этади.

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА ёзиб олди 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка