ХОТИНБОЗ ЭРКАКЛАРНИНГ ИҚРОРИ

Ушбу рукнимиз муштарийларимиз томонидан яхши қабул қилинганлиги таҳририятга бўлаётган кўплаб қўнғироқлардан маълум. Кимдир биз билан дил ҳасратларини ёзиб, яна кимдир оғир вазиятга тушиб қолган қаҳрамонларимизга маслаҳатини дариғ тутмаслик учун вақт топгани эътиборга лойиқ ҳол. Шу сабаб биз бу сондан эътиборан ушбу рукнни янгича талқинда бериб боришга қарор қилдик. Бугун хотинбоз эркаклар ҳақида тўхталамиз. Ушбу мавзуни ёритишга эса аёлларни алдаб қилган ишига яраша жазосини тортган эркакларнинг дил ошкорлари сабаб бўлди.

«Жуфтимни умрбод излайман»

girls-4— 34 ёшимда ҳамон бўйдоқман. Шу пайтгача оила қурмаганимга талабалик давримда рўй берган бир воқеа сабаб бўлган. Ўшанда бир қизни жуда севардим. У ҳам менга бефарқ эмасди. Яхши ўқиганим сабаб кўпгина курсдошларимга курс ва диплом ишларини ёзишга ёрдам берардим. Кундузи ўқирдим, кечалари ёзув-чизувдан бош кўтармасдим. Бунинг эвазига ишлаган пулларимни севгилимга совға-салом олиб бериш, ресторанлардаги ўтиришлар ва унинг бошқа эркаликлари йўлида сарфлардим. Дипломни қўлга киритгач, битирув оқшомида бир курсдошим севган қизим билан анчадан буён гаплашиб юрганини айтди. Буни оддий тарзда эмас, масхараомуз қилиб гапирди. Аввалига ишонмадим. Шу заҳотиёқ севгилимдан бу ҳақда сўрадим. Не ажабки, у кўзларимга тик қараб, «хўш, нима бўпти?» деди эътиборсизлик билан. Юрагим чил-чил бўлди. Анча вақт тушкунликдан чиқа олмай, ҳеч ким билан гаплашмай юрдим. Кейин аламимни ичкиликдан ола бошладим. Мени бу ҳолатдан ўч олиш ҳиссигина қутқариб қолди. У менга берган озорни бошқаларга етказиб роҳатланадиган бўлдим. Тўсатдан нотаниш қиз билан танишув, телефон рақамлар алмашинуви, бир неча бор учрашиш орқали мақсадимга осонгина эришиш, сал ўтгач эса қиз учун оғир бўлган хайрлашув… Баъзиларидан осонгина қутулсам, айримларининг йиғи-сиғисига чидашга тўғри келарди. Бу бир тарафдан малол келиб, бошқа томондан ўзимга бўлган ишончимни орттирарди. Энди танишларим орасида фақатгина ёш қизчалар эмас, эридан ажрашган, кўнгли синган жувонлар ва ҳатто бус-бутун оилали аёллар ҳам пайдо бўла бошлади. Деярли барчасининг қандайдир дарди бор, кимгадир суянгиси, ичини бўшатиб олгиси келади. Оз муддатли учрашувларим мени сал бўлмаса қопқонга туширишини тасаввур қилмаган эканман.

Кунларнинг бирида учратганим бошқаларидан батамом фарқ қиларди. У мени севиб қолди, мен эса уни. Тўғриси, қўрқиб кетдим. Севишдан, кимгадир боғланиб қолишдан хавфсирашимни тан олгим келмасди. Шу сабаб иккимизга қанчалик оғир бўлмасин, бир қанча муддат учрашгач, ундан узоқлаша бошладим. У эса бунинг сабабини тушуна олмай, анча вақтгача қўл телефонимга қўнғироқ қилиб юрди. Базўр ўзимни эътиборсиздек тутардим. Кейин ўртамиздаги масофа узоқлашди. Умуман учрашмайдиган, гаплашмайдиган бўлдик. Мен эса яна илгариги ҳаёт тарзимга қайтдим. Аммо эндиги ҳолат менга негадир аввалгидек ёқимли эмас, зерикарлидек туюларди.

Оила аъзоларим уйланишим кераклигини уқдиравериб, безор қилиб юборишди. Ота-онамга ёққан бир қиз билан фотиҳаландим ҳам. Аммо келиннинг курсдоши мени таниб қолиб, эридан ажрашиб кетган бир қўшнисининг йигити эканимни айтиб берибди. Қуда тарафдан аёллар келиб, ота-онамга «ўғлингиз суюқоёқ экан!» дейишганида уятдан ер ёрилмади-ю, кириб кетмадим. «Буниси бўлмаса, бошқасига уйланарман», деб ўйладим. Лекин энди негадир қизларга умуман ишончим йўқ. Улар билан танишган заҳотим аввалги танишларимга хаёлан солиштира бошлайман, қандайдир камчилигини излаб топаман. Наҳотки энди мен учун мукаммал бўлган қизни учратмасам, деган қўрқув тинчлик бермайди…

«Ошналарим билан гаров ўйнаб, оиламдан айрилдим…»

depositphotos 74284619-Woman-hugging-man-with-the-sad-face-parting-love-Dating-sadness-Рафиқам тилла аёл эди. Афсуски у ҳақда ўтган замонда гапиряпман, негаки у энди менинг ҳаётимда йўқ. Ўз истагига кўра мени ташлади, кетди. Ҳаммасини бир бошидан гапириб бера қолай. Оилада бир ўғилман. Бундан ўн беш йил илгари онам қўшнимизнинг қизини мақтаб менга уйлантирганди. Ростанам у жуда саришта, ҳаддан ташқари чаққон ва муомаласи ширин эди. Бирортаям ишидан камчилик топиб бўлмасди. Янги куёвман, ишга кетаётсам таёқдек ювиб-дазмол урилган кийимларни тахт қилиб қўярди. Ҳатто тоуфлимни артиб, кийганимда боғичигача боғалрди десам балки ишонмассиз. Ишдан келишимга уйда мени шоҳона дастурхон кутарди. Онамдан мен бошқа оила аъзоларидан алоҳида овқатланишни яхши кўришим ҳақида билиб олган хотиним дастурхонни меҳмонхонага тузаб қўярди. Ҳар сафар иссиқ таом ёнига қандайдир салат, кетидан иссиқ чой билан пишириқ. Тановвул вақтида мен телевизор кўрардим, у бўлса менга чой, сочиқ ёки туз узатиб туриш учун ёнимда гапирмай ўтириши керак эди. Феълим шунақами, билмадим, ишидан кўнглим тўлмай қовоғимни очмай юрардим. Рафиқам мендан бирор кун ширин гап эшитмаган, фақат талаб ва тергашни эшитавериб кўнглимга ёқиш учун доим учиб-қўнарди. Оддийгина ҳарид учун бозорга тушса, онамга ҳеч бўлмаса бир жуфт пайпоқ кўтариб келарди. Фарзандли бўлдик, аммо бу ҳолат уни ишларига улгурмай қолишига сабаб бўлмади. Ҳаммаси худди аввалгидек, фақат менинг тановвулим пайти болалар онам ёки синглимни қўлига вақтинча топшириб турилар эди. Сабаби мен бола шовқинини кўтара олмасдим. Айтишга хижолатман-у, аммо рафиқам уй ишлари, қайни-бўйни хизматидан ташқари ҳатто чарчаган оёқларимни уқалаб, тирноқларимни педикюригача қиларди. Бошимдан сув қуйиб туриш, гарчи ҳаммомда иссиқ сув доим оқиб турса ҳам, ёнбошласам биқинимга ёстиқ, рўпарамга чойнакда иссиқ чой келтирарди. Мен бўлсам буларни барини худди одатийдек қабул қилардим. Камига бирор нарсани унутиб қўйса тўнғиллаб қўярдим. Бир куни у ухлаганимда қўл телефонимни очибди. Илгари бундай одати бўлмагани учун телефоним хотирасидаги хабарларни ўчирмагандим. Бир эмас, бир нечта аёллар билан ёзишмаларим, ҳатто дўстларимга мақтаниш учун сақлаб қўйилган суҳбатларимиз овоз ёзуви… Менсиз биронта масалани ҳал қилишга иродаси етмайдиган, қўй оғзидан чўп олмаган рафиқам учта фарзандли бўлганида болаларимни олиб уйига кетиб қолишини тасаввур ҳам қила олмасдим. Гап қайтармайдиган, кўнглимни олиш учун оғзимни пойлайдиган бўш-баёв хотиним ўзи ажрашиш учун ариза берибди. Онамнинг гапига кириб уйга ўзи қайтиб келишини кутгандим. Қилган иши баттар жаҳлимни чиқарди. Бир кун ҳам бирор ерда ишламаган аёл қанақасига учта болани эпларкан, дедим-у, мен ҳам унга қасдма-қасд ажрашаман деб туриб олдим. Шунча йил оёғимни учида кўрсатган рафиқамга ялиниб бош эгишга эркаклик ғурурим йўл қўймасди. Ажрашганимиздан кейин ҳам қийналиб қолса уйга қайтади деб оиламга моддий ёрдам бермадим. Аёлим барибир сўзидан қайтмади. Яқинда эса онам бир гап топиб келди. Собиқ рафиқамга хотини ўлган катта ёшли эркакдан совчи чиқаётган эмиш. Бундай бўлишини кутмаганим учун ўзимга кела олмаямман. Ахир мен ўзгаришим мумкин-ку. Оилам, уйим-жойим деб ўз фарзандларимни бошини силашни истайман.

Хотинбоз эркаклар таснифи

  • Аёлга боғланиб қолишдан чўчийдиган — мутахассислар уларни интимофоблар деб аташади. Бундай эркаклар аёллар билан руҳан яқинлашишдан хавотирга тушади. Ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари эса болаликка бориб тақалади. Бундайлар — қизлар ҳамда ўқитувчиларнинг ёқимтойи, қаттиққўл ва талабчан онанинг боласи. Улғайгач, худди шу тарзда бошқа аёлга бўйсунишдан чўчиган бу эркаклар хушмуомала, саришта, карьерада омадли… Негаки ҳақиқий севги ҳиссиётлари бўлмаган бўшлиғини ижтимоий фаоллик билан тўлдиришга уринишади. Улар умри давомида онасининг боласи эмаслигини исботлашга уринади. Дарвоқе, интимофоблар ҳеч қачон унга нисбатан ўзгача ҳисдаги аёллар борлигидан мақтанишмайди.
  • Руҳий истероидлар — қувноқ ва тиниб-тинчимайдиган бўлишади. Муҳаббат бобида шошқалоқ ва эътиборсиз. Хатти-ҳаракатлари эмоционал, муҳаббат бобидаги ютуқлари билан мақтанишни хуш кўради. Ҳатто бу ҳақиқатдан йироқ бўлса ҳам.
  • Параноидлар аразчи, гиначи бўлишади. Узоқ муддатли муносабатлардан тез зерикади. Негаки улар учун «объект»нинг ҳужуми жараёни муҳим. Ютуқлари билан мақтанишни шарт деб билмайди. Параноидлар учун бошқаларнинг фикри муҳим эмас. Жиззаки, феълида ортиқча эмоционаллик кузатилади.
  • Аёлларнинг ёқимтойи — хушомадгўй, эътиборли, моҳир актёр. У учун аёлларнинг ёқимтойи деган ном муҳим. Бундайлар «Бир эмас, иккита аёлим борлигининг ўзи ҳақиқий эркаклигимдан далолат беради», деб ҳисоблайди.

Юқоридагиларни ўқиб, бундай одамларга қандай муносабатда бўлиш кераклигини ўйлаб қоласан: хушомадга аҳамият бермаслик лозимми, ширин гапларига учмай, намойишкорона эътиборсизлик қилишми ёки ташқаридан хушмуомала кўринган бу одамларга раҳм-шафқат назари билан қараш? Бу каби эркакларнинг қурбонига айланган аёлларга эса айтар гапимиз шуки, бир кунлик роҳат учун оила ва виждонингиз осойишталигини гаровга қўйманг!

ЗАРНИГОР

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка