Саргардонликдан сўнг… «Меҳрибонларимнинг ҳузурига қайтдим»

avtoruchka

Газетангизнинг аввалги сонларидан бирида «Қайнсинглимга фарзандимни бергандим» номли ҳикоя босиб чиқарилганди. Назокатхон исмли аёл бефарзандлик туфайли ажрашган қайнсинглиси Мастуранинг иккинчи маротаба турмушга чиққани, сўнг унга ўзининг тўртинчи фарзандини берганлиги, лекин саёқ юришга, енгил ҳаётга ўрганган Мастура эрига хиёнат қилгани, Назокатхон қизи Зилолани унинг қўлидан қайтариб олгани қаламга олинган. Ўша қиз менман. Бу воқеа ҳаётимда анча олдин бўлганди. Атрофимдаги кўплаб одамларнинг дув-дув гапидан кейин газетани топдим, ўқиб чиқдим. Турли саволлар ёмғири остида қолиб кетганлигим учун кейин нималар бўлганини очиқ-ойдин ёзишга қарор қилдим. Марҳамат, ўқинг!..

 I

«Зилола уйидан қочиб бизникига келди. “Келинойи, мени сиз туққанмисиз? Тоғам менинг дадамми?” деб сўради. “Сизларникида қоламан, ўзи аввалдан билардим, дадангга ўхшамайсан, тоғасининг қизи, дейишарди…»

Ўша гапларни ўзимнинг ҳақиқий онамга бориб айтганимда ҳаммаси у ерда ёзилганидек осон кечмаганди. Ичимда иккита овоз шивирларди. Биринчи овоз: “Ҳеч кимга керак эмаслигинг учун ўз ота-онанг сени амманг билан поччангга бериб юборган, онам деб ўйлаган амманг эса сендан ўзи хоҳлаган нарсани тополмагани учун оиласини, сени ташлаб кетган”, дерди. Иккинчиси: “Ўз онанг шунга мажбур бўлган, агар сени қайнсинглисига бермаганида у ҳам ажрашиб кетарди, ахир амманг билан поччанг сени ёмон кўришмаган, яхши қарашган, айниқса, дадам деб ўйлаган поччанг дунёдаги энг яхши ота-ку”, дерди. Аввалига иккинчи овознинг гапларига ишониб, суяниб, ўз жигарларим билан яшай бошладим. Аммам ҳақида ҳамма ҳар хил гап айтарди. Бир дугонаси билан Дубайга кетиб, ёмон ишлар қилиб юрган экан, деб гап тарқалди. Бу гаплар унинг дугонаси шармандаи шармисор бўлиб хориждан қайтиб келганидан сўнг ўз исботини топгач, оиламиздаги аҳвол ниҳоятда ёмонлашди. Онам мақтаб ёзган қайнона, яъни менинг ўз бувим бу воқеалардан кейин бутунлай бошқа аёлга айланди. Бувим ҳаммасига мен айбдордек бор аламини оладиган бўлди. Устига устак эрининг пул топмаслигидан нолийверадиган катта аммам ҳам синглиси билан тил бириктириб, унинг ортидан Дубайга кетиб қолди. Аммаваччаларимнинг отаси хотинининг хиёнатига болалари айбдордек уларни уйдан қувиб солди. Ўзи эса қари бева хотинга уйланиб олди. Шундай қилиб, катта аммамнинг икки боласи ҳам биз билан бирга яшай бошлади. Ўзимнинг уч нафар ака-опам, мен, аммамнинг бир ўғил, бир қизлари, хуллас, олти болани боқиш ота-онамнинг чекига тушди. Бу воқеаларнинг ҳаммаси бир-икки йил нари-берисида бўлгани учун бувим асабий, доимий тунд ва бақироқ бўлиб қолди. Оқибатда биз неваралар учун ёруғ кунлар тугаб, фақат бақир-чақир, турткилашлар билан яшайдиган бўлдик. Бизни ҳеч ким ҳимоя қилолмас, энг ёмони, ўз онам ва отам ҳам бувимнинг соғлиқларини ўйлаб, ортиқча гапиролмасдилар. Дадам яхши жойда ишлаганлари учун куну тун  иш билан банд бўлардилар, чарчаб келганларида биз кўпинча йиғлаб ухлаб қолардик. Онам бувимга бир-икки гапирганлари билан ҳеч кор қилмас, қайтага ҳовлининг ўртасига чиқиб олиб, сочларини юлиб, рўмолларини йиртиб бутун маҳаллага шарманда қилиб айюҳаннос солишни одатга айлантириб олдилар. Энг ёмон гаплар, турткилаш-калтаклар менинг бошимда синарди:

— Шумқадам! Бу ёққа кел! Сен итнинг боласини деб, менинг гулдек қизларимнинг оиласи бузилиб кетди. Бола дегани бало бўларкан! Бўлса ҳам бир бало, бўлмаса ҳам бир бало! Ундан кўра қисир сигир бўлиб ўтиб кетганида, бағримда ўтирган бўларди Мастура қизим!

— Шунча неварани қайси уйимга сиғдираман, вой-дод! Кўзингни пирпиратма менга! Ўн олтига тўлган кунинг биринчи бўлиб сени узаттириб юбораман. Бўлмаса, қолган қизларимнинг ҳам тарбиясини бузасан. Сен туғилмаганингда шунча машмаша йўқ эди.

Бу гаплар бувимнинг тилидан чиқадиган энг содда гаплар. Кечаси ухлаб ётган бўлсам, келиб  ёстиғимни тепиб ўтиб кетарди. Телевизор кўриш, дарс тайёрлаш учун бувимнинг ухлашини кутардик. Ҳар бир одамга менга чин дилдан оталик қилган одамни ёмонларди. Гўёки аммамни ўша қийнаган, ҳаммасига ўша айбдор, мениям ёмон тарбия қилган...

Бир куни отамнинг ишдан келишини кутиб йиғладим: “Дада, илтимос, менга ростини айтинг, агар сизларнинг ҳақиқий болангиз бўлсам, нега бувим мени ёмон кўради? Нега ёнимни олмайсизлар? Ҳаммага аввалги дадамни ёмонлайди, аммамнинг кетиб қолганига мен айбдор эканман. Мактабимга ота-оналар мажлисига бориб, синфдошларим, устозларимга ғалати гапларни айтиб келдилар. Илтимос, ойимга айтинг, бу ерда яшаш қийин менга. Ўзимни ўлдириб қўйгим келяпти...” Дадам бошида “Озгина кутгин, бувинг жуда қийналяпти, ўзига келиб олса, сизларга ёмон гапирмайди”, деб кўнглимни кўтаррди, лекин кейинчалик мени эркатойликда, худди нариги оиламдаги  дадам, бувим берадиган совғаларни пеш қилиб, мақтаниб, уларни шантаж қилаётганликда айблади. Ўн уч-ўн тўрт ёшимдаги ўша кунларни ҳозир эсласам, ҳар куни ўзимни сувга ташлагим ё осиб ўлдиргим келганини ўйлаб, қўрқиб кетаман.

II

«Куёвимиз кунда-кунора мактабга бориб Зилола билан кўришарди, сочларини турмаклаб қўйсам, унинг ўзи бошқатдан ўриб қўярди. Ахир ҳаммасини бошидан бошлаш, яна кимгадир уйланиш, агар унинг фарзанди бўлса, ўзиникидек кўриш ёки яна бола асраб олиш, унга фарзандидек меҳр бериш эркак кишига осон иш эмас! Лекин мен ҳам боламни бегона оила қўлига ташлаб қўёлмасдим. Вақти келиб, куёв уйланса, болам ўз онаси тирик бўла туриб, ўгай она қўлида ўсадими? Мана шуларни ўйлаб, қизим ёшроқ пайтида уни ўзимга қайтардим. Ҳозир кун-у тун шу инсонга ҳам Яратган Эгам бахт беришини тилайман”.

Онам тан олиб айтгандек боқиб олган дадам чиндан ҳам яхши инсон. Бир куни мактабга мени кўргани бир дунё совға-салом билан борди. Ўша куни бир синфдош дугонам “Қизлар кундалиги” дафтарини тўлдиришга берган эди. “Бахтлимисиз?” деган анкета саволига ҳамма синфдошларим орасида мен ҳақимда турлича гап тарқалгани учун уларнинг ҳаммасини биргина жавоб билан мот қилиб қўяман, деб ўйлагандим. Мен “Ҳа, чунки менинг икки онам, икки отам бор, ҳеч ким менчалик бахтли эмас” деб жавоб ёзганимни ўқиб, қизлар ўзаро: “Биттаси Дубайда “Қулликка рози бўлманг!” деб йиғлаб юрибди”, деб мазах қилганини эшитиб қолдим. Охирги дарсга кирмай, мактаб ҳовлисида йиғлаб ўтирганимнинг устига дадам келиб қолди. Ўзимни йиғидан тўхтатолмай, ўз ота-онам уйида жуда эзилаётганимни айтиб бердим. Дадам: «Юр, бизникига, аввалгидек ота-бола бўлиб яшайверамиз, ҳамма сени яхши кўради, бувинг ҳам сени соғиняпти”, деди. Ўша куни уйга келиб, ота-онамга йиғлаб: “Илтимос, мени тўғри тушунинглар, сизларни қийнаб, бувимнинг қон босими ошишига мен сабаб бўляпман. Шу ердалигим учун акаларим-опаларим ҳам уйдаги жанжаллардан безиб қолган. Ҳаммага ёмон кўриняпман. Дадамникига кетишимга рухсат беринглар”, дедим. Онам мени қучоқлаб роса йиғлади. “Қўйиб юбормайман, жон қизим, сенга яхши оналик қилолмаганим учун кечир”, деди. Отам эса “Қизим, майли, уч кун у ерда, уч кун бу ерда бўлиб турадиган бўлсанг, яхши яшашга кўзинг етса боравер. Ҳаммаси қачондир изига тушиб кетади, балки кетсанг бувингга ҳам таъсир қилар”, деб рухсат берди. 

Шундай қилиб, аслида қоним қўшилмаган, ғирт бегона оила менинг устимни бут, қорнимни тўқ, энг муҳими, бор меҳрини, эътиборини бермоқда. Уларникида тинч, осойишта яшамоқдаман. Бу ерда ҳам катта ҳовлида амаким, келинойим, уларнинг уч нафар боласи, дадам, бувим ва мен яшаймиз. Ҳамма бир-бирини ҳурмат қилади, ҳамма билан тил топиша оламан. Дадамнинг бутун умрини менга бағишлаб, ёлғиз ўтишини истамайман, кимгадир уйланса, бахтини топса, дейман. Отам ҳеч кимнинг бу борадаги маслаҳатларига кўнмайди. Агар кейинги аёли яхши чиқмаса, яна менга салбий таъсир бўлишидан қўрқадилар чоғи...

Ака-опаларим, ота-онамни соғинган пайтимда улар билан кўча-кўйда учрашаман ёки телефон қилиб, бувим уйда йўқ пайтларда меҳмонга бориб тураман, чунки, ҳали ҳам менга нисбатан ўша-ўша муносабатлар, бувим яхши тарафга ўзгармаган.

Мактубим сўнгида мулоҳазаларим бор. Ота-оналар ажрашадилар, оталар хиёнат қиладилар, оналар ҳам бу борада қолишмаяптилар. Ўртада болаларнинг кўнгли, ғурури, руҳияти ўлиши ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмайди. Аҳил яшашнинг, болани бирга тарбия қилишнинг иложи йўқ экан, нега болаларни дунёга келтирасиз, эй ота-оналар? Нега яшаб кетишга кўзингиз етмаса, бировнинг боласини қарзга олиб турасиз? Бир чақалоқ ҳали ўз тақдирини ўзи ҳал қилолмайдиган бир пайтда нега унинг ҳаётини ўйинчоқ қиласиз? Аммаваччаларимнинг бувим қўлида қийналаётганини, ўзимнинг икки оила қўлида бориб-келаверишим, кейинги тақдиримизни ўйлаб, баъзан қийналиб кетаман. Майли, қолган кунларга Яратганнинг атаган гўзал кунлари бордир. Ҳозирча ҳам мен бахтлиман.

Азиза ҚУРБОНОВА оққа кўчирди.

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка