ГИНЕКОЛОГГА 10 МУҲИМ САВОЛ

Untitled-2.jpg 127Умрида бир бор бўлса-да жинсий муаммоларга дуч келмаган аёлни топиш имконсиз, десам адашмасам керак. Кўпчилик улар ҳақида бировга айтишга уялади, ҳатто шифокорга ҳам. Шу боис ўзини ўзи даволашга киришадиган ёки эътиборсизлик билан қўл силтаб қўя қоладиганлар йўқ эмас. Аслида эса ҳатто энг яқин дугонангиз билан ҳам муҳокама қилмайдиган гапларингизни шифокорга айтиш ўринли. Мутахассис ташхисни аниқлайди, самарали муолажаларни белгилайди. Бугун аёллар ўртасида кўп учрайдиган айрим саволларга тўхталамиз. Уларга олий тоифали шифокор-гинеколог Муборак ПИРИМҚУЛОВА жавоб беради.

Эмизикли даврда ҳомиладорликдан сақланиш керакми?

— Лактация даврида ҳомиладорликдан сақланиш усули туғуруқдан кейинги эмизиш режими ва вақтига боғлиқ. Агар болага биринчи талабиданоқ кўкрак тутсангиз, эмизишлар орасидаги танаффуслар кундузи 4, кечаси 6 соатдан ошмаса ва ҳали ҳайз цикли тикланмаган бўлса, ҳомиладорликдан сақловчи воситалардан фойдаланишни 6 ойга кечиктириб турсангиз бўлади. Гап шундаки, бола фаол эмиш орқали (соғиш бундан мустасно) пролактин гормони ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Онда-сонда эмизганда ёки эрта муддатда қўшимча овқат берилса, контрацептив воситалар керак бўлади.

Бепуштликни қандай даволаш мумкин?

— Агар мунтазам жинсий ҳаёт кечирганда ҳам бир йил давомида ҳомиладорлик юз бермаса, шифокорга мурожаат қилиш керак. Шифокорга аввало бачадон найлари ўтказувчанлиги, кичик тос аъзоларининг ультратовушли текшируви, шунингдек, эркак спермаграммаси кўрсаткичлари керак. Жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар бор-йўқлигини ҳам текшириш лозим. Зарурат бўлганда мутахассис қўшимча текширувларни белгилайди. Чунки энг асосийси, бепуштлик сабабини аниқлаш. Аёллардаги бепуштликнинг асосий сабаблари — аёл жинсий аппарати ривожланишидаги нуқсонлар, кичик тос аъзоларининг яллиғланиш касалликлари, эндокрин бузилишлар, иммунологик омиллар, эндометриоз, аёл жинсий аъзолари сили, руҳий ёки неврологик бузилишлар… Аниқ ташхис қўйилгач, албатта эр-хотин баравар даволаниши зарур.

Ҳайз жуда оғриқли келса…

— Ҳайз вақтидаги оғриқ (альгоменорея) сабаби турлича бўлиши мумкин. Улардан бири бачадоннинг нотўғри жойлашуви ёки яхши ривожланмагани. Бу сабаблар бачадондан қон оқими чиқишини қийинлаштиради ва унинг қисқаришини кучайтиради. Альгоменорея асаб касалликлари, яллиғланиш жараёнлари ва таносил тизими хасталиклари асорати бўлиши ҳам мумкин. Сабабини топиш учун гинекологга мурожаат қилинг. Оғриқ кучли бўлганда но-шпа ичинг. Шунингдек, Е витамини ҳам аҳволни яхшилашда ёрдам беради. Ҳайз циклининг дастлабки 3 кунида 300 мг.дан қабул қилиш мумкин.

Бачадон бўйни эрозиясини даволаш шартми?

— Агар сизда эрозия борлиги аниқланса, кольпоскопия (бачадон бўйнини микроскоп остида кўриш) ва цитологик текширувдан (суртма олинади) ўтиш лозим. Бу шифокорга зарарланган ҳужайраларда салбий ўзгариш юз бермаганига ишонч ҳосил қилиш учун зарур. Эрозияни даволаш керак! Энг самарали усуллар — лазер нури ва электрорадионур билан таъсир кўрсатиш. Бу усуллар соғлом тўқималарни зарарламайди ва бачадон бўйнининг зарарланган юзаси тез битишини таъминлайди.

Қорин пасти нега тортишиб оғрийди?

— Қорин пасти тортиб оғришининг энг кўп учрайдиган сабаби — жуда совиб кетиш ёки гормонал ўзгаришлар туфайли юзага келган сурункали яллиғланиш. Аниқ сабабини топиш учун аввало гинеколог кўригидан ўтинг. Агар гинекологик текширувлар натижаси кўнгилдагидек бўлса, неврологга мурожаат қилинг ва умуртқа поғонасининг думғаза қисмини рентген қилдиринг.

Ҳайз номунтазамлигига сабаб нима?

— Бу кўпинча гормонал мувозанат бузилиши билан боғлиқ. Агар ёшингиз 17 дан ошган, ҳайз циклингиз эса ҳали «ўйнаса» ёки умуман бўлмаса, гинекологга мурожаат қилинг ва жинсий ҳамда қалқонсимон без гормонларини текшириш учун қон топширинг. Агар сезиларли даражада меъёрдан четга чиқиш кузатилса, гормонал муолажа ёрдам беради.

«Дори ичиш эсимдан чиқибди. Энди нима қилай?»

— Ҳомиладорликдан сақловчи таблеткани кечроқ — дастлабки 12 соат мобайнида қабул қилиш мумкин. Кўнглингиз хотиржамлиги учун ҳам айниқса, циклнинг биринчи ярмида резина ёрдамида сақланган маъқул. Агар таблетка ичишни тез-тез унутиб қўйсангиз, контрацепциянинг бошқа усулларидан фойдаланиш ҳақида ўйлаб кўринг.

«Таблетка ичсам бўладими?»

Агар ҳомиладорликдан сақланиш учун таблетка истеъмол қилишга қарор қилган бўлсангиз, уларнинг кўнгил айниши, бош оғриғи, тана вазнининг ортиши, депрессия, жиззакилик сингари ножўя таъсирлари ҳам бўлиши мумкинлигини эътибордан четда қолдирманг.

Бу белгиларнинг аксарияти дори ича бошлагандан кейин бир неча ойдан сўнг йўқолади. Лекин улар ҳақида шифокорга хабар қилиш шарт. Умуман, ҳомиладорликдан сақланиш учун ўзингизга ўзингиз дори белгиламанг, албатта шифокор маслаҳати билан иш тутинг.

«Эрозиям бор. Ҳомиладор бўлишим мумкинми?

— Агар Айни пайтда сизда бачадон бўйни эрозияси борлиги аниқланган, сиз эса ҳомиладор бўлишни режалаштираётган бўлсангиз, аввал бачадон бўйнини даволатишни тавсия этаман. Гап шундаки, ҳомиладорлик даврида бачадон бўйни эрозиясини кардинал усуллар билан даволаш тавсия этилмайди. Ҳомиладорлик ҳам бачадон бўйнининг зарарланган юзаси аҳволини оғирлаштириши мумкин. Бугунги кунда ҳали туғмаган аёллардаги бачадон бўйни эрозиясини ҳам даволашнинг оғриқсиз, самарали усули мавжуд. Бу даволашнинг радиотўлқинли усули.

Шошилинч контрацепция ишончлими?

Шошилинч контрацепция — ҳимояланмаган жинсий яқинликдан кейин ҳомиладорликдан сақловчи воситалар қабули. Ҳомиладорликдан сақланиш учун бу чорага кўп ҳам мурожаат қилавермаган маъқул. Йилига 1-2 мартадан ошмаслиги керак. Чунки бу организм учун жиддий гормонал юк. Агар бундай препаратларга эҳтиёж туғилса, йўриқномасига қатъий амал қилинг ва «ишончи бўлиши учун» ортиқча таблетка ичманг, бу хавфли!

Нилуфар тайёрлади

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка