«ИККИНЧИ ТУРМУШ ОСТОНАСИДАМАН…»

Инсон учун муқаддас, доим талпинадиган маскан, бу — оила. Мустаҳкам оила қуришга аҳд қилиб, турли сабаблар билан ҳаёт йўли айро тушган тақдирлар ҳам кўп. Кимнидир хатоси, яна кимнидир арзимас хатти-ҳаракат, баъзиларни эса шафқатсиз ўлим айиради. Биринчи бахтидан тинмаган, иккинчи марта таваккал қилишга ҳадиксираётганлар бизга мурожаат қилишган...

 Ўзбекистон халқ артисти Малика Иброҳимова маслаҳат беради.

— «Суғдиёна»ни қўлимга олганимда уни шунчаки варақлаб кетолмайман. Замондош аёлларимизнинг ҳаёти ҳақидаги мақолалар менга жуда ёқади. Қизиқарли мавзулар танланади. 

devushka-u-dorogi
«УМИД БИЛАН КУТАЯПМАН»

Васила, 25 ёш, Самарқанд:

— Турмушга чиқаётганимда оилам бузилишини хаёлимга ҳам келтирмаганман. Ҳаёт биз ўйлагандек текис кечмас экан. Турмуш ўртоғимнинг ота-онаси вафот этган, тоғасининг қўлида ўсган. У бир неча йил хорижда ишлаб келганидан сўнг қариндошлари чақириб олиб, уйлантиришган. Тўйимизга икки ой тўлмасдан яна ишлаш учун четга кетмоқчилигини айтганида, норози бўлдим. Лекин ичимдагини сиртимга чиқаролмадим. Қариндош-уруғлари ва ота-онамнинг гапларига қулоқ солмади.

— Шерикларим «келмасанг бўлмайди», дейишяпти. Чала қолган ишимни битириб, ярим йилда қайтаман, — дея ваъда берди. Икки ойлик келинчак ёлғиз қолдим. Эримнинг тоғасининг уйида яшай бошладим. Бошида икки-уч ойда бир телефон қилиб, ҳар замонда пул ҳам жўнатиб турди. Кейин эса умуман дараксиз кетди. Мен ундан хабар кута-кута тоғасиникида бир йил яшадим. Кейин қизлик уйимга қайтдим. Турмушга чиқиб, ҳеч қанақа меҳр, эътибор кўрмадим. Эрим шу кетганича тўрт йилдан буён бедарак. Қариндошларидан суриштирсам, улар ҳам тайинли гап айтишмайди. Ота-онам ҳам менинг бу ҳолатимга қандай чора топишни билмай, бошлари қотган. Миш-мишларга кўра, у ўша ёқда уйланиб олганмиш. Озгина вақт яшаган бўлсам ҳам унга меҳрим тушиб қолган экан, хаёлимдан кетмайди. Ҳалиям умид билан кутяпман. Неча марта ортидан Россияга бормоқчи бўлдим. Маошимни йиғиб-териб, анчагина пул жамғардим. Лекин отам билиб қолиб, агар ортидан ахтариб борсанг, сендек қизим йўқ, деб йўлимни тўсди. Баъзилар эрингиздан хат-хабар борми, деб атайлаб сўрашади. Нима деб жавоб беришни билмайман.

Уйдагилар мени бир қариндошимизга узатишмоқчи. Лекин мен негадир эрим ҳар лаҳзада келиб қоладигандек, уни кутаман. Бир йилдан буён қайта турмуш қуришни ортга суриб келаман. Чунки биринчи турмушимдан кўнглимни узолмайман. Яна турмушга чиқсам, ҳаётим изга тушиб кетармикан? Қандай йўл тутсам, тўғри бўлади?

Маслаҳат:

— Кўнглингизни узолмаганингиз билан у сизни ҳеч ўйлармикан? Қанақа аҳволда қолдириб кетганини ўйлаб ҳам кўрмагани сезилиб турибди. Агар кўнглида сизга нисбатан нимадир бўлганида ҳар қанақа ҳолатда хабар оларди. Қариндошлари ҳеч нима дейишмаётган экан, чиндан ҳам у ёқда оиласи бордир. Балки яқинларига хат-хабар жўнатаётгандир.

Ота-онангиз сизга ёмонлик исташмайди. Гулдек умрингизни бир бевафонинг йўлига кўз тикиб, хазон қилишингиз нотўғри. Шариатда ҳам эр хотинни узоқ вақтга қаровсиз қолдириб кетиши қораланган. Ота-онангизнинг айтганини қилиб, иккинчи марта турмушга чиқинг. Худо хоҳласа, ҳақиқий бахт, оила нима эканлигини ҳис этасиз, ҳаётингиз изга тушади.

Fotolia 28419717 M-700x492
«ҚИЗЛАРИМ НИМА ДЕЙДИ?»

Ойша, 42 ёш, Жиззах:

— Боши очиқ аёлга ҳамиша қийин бўлган. Иккинчи бор турмуш қуриш масаласи эса ундан ҳам қийин. Турмуш ўртоғим вафот этганида 30 ёшда эдим. Икки фарзандимни тарбиялаб, вояга етказдим. Худога шукр, қизларим ақлли-ҳушли. Мактабни тугатиб, лицейда ўқишди, ҳозир иккаласи ҳам институт талабаси. Менга оғиз солувчилар кўп эди. Шу мавзудаги гаплардан безиб кетгандим. Лекин болаларим бегона одамнинг қўлида сарғаймасин, деб, иккинчи марта турмуш қурмаганман. Қайнота-қайнонам бир неча марта мени ўртага олиб, турмуш қуришга ундашган. Ҳозир улар оламдан ўтиб кетишган. Ота-онам, қариндошларим ҳам оила қуришимни айтавериб чарчашди.

Яқинда узоқ қариндошимизнинг хотини вафот этди. У киши 50 ёшдан ошган, фарзанди йўқ. Аёлининг вафотидан кейин касали кучайиб, тўшакка михланиб қолган, унга парвариш керак. Ота-онам ўша инсон билан турмуш қуришимни исташяпти. Ҳозир ҳамма мени яна нишонга олган. Шу ёшимда турмушга чиқиш ниятим йўқ. Лекин ота-онам оёқ тираб туриб олишган.

— Ҳозир биз тирикмиз, қизим, ёлғизлигинг билинмайди, лекин биздан кейин кимга суянасан? Қизларинг бировнинг хасми, улар уйингда меҳмон. У инсон сенинг парваришинг билан оёққа туриб кетса ажабмас, қариганда бир-бирингизга суянчиқ бўласиз.

Шу пайтгача ота-онамни норози қилмаганман. Лекин ҳозирги вазиятда уларнинг айтганини қилолмайман. Фарзандларим турмушга чиқадиган ёшда мен яна оила қурсам, улар буни тўғри қабул қила олармикан?

Маслаҳат:

— Ота-онангизнинг гаплари тўғри, улар сизнинг кейинги ҳаётингизни ўйлашяпти. Ёлғиз яшаш жуда қийин, айниқса, кучдан қолиб, бошинг ёстиққа текканида ёнингда ҳеч ким бўлмаса, ундан ёмони йўқ.

Қизларингиздан андиша қиляпсиз. Улар сизнинг тарбиянгизни олишган, қийинчилик кўриб улғайишган бўлса, бунинг устига, институтда ўқишаркан, сизни тушуна олишади, деб ўйлайман. Улар билан ўзингиз очиқча гаплашиб олганингиз яхши.

distimija-okno-vzgljad
«ОТА-ОНАНИНГ ТАРБИЯСИНИ ОЛМАГАН…»

Зокир, 26 ёш, Наманган:

— 24 ёшимда уйланиб, собиқ хотиним билан бор-йўғи олти ой яшадим. Ота-онам унинг оиласидагиларни аввалдан билишаркан. “Яхши одамлар, қизлари ҳам ақлли, ҳушли”, деб мақташганди. Синамай туриб, тўйга розилик бердим. Бу шошма-шошарлигимдан кейин қаттиқ пушаймон бўлдим. Янги келин бир неча марта мендан сўроқсиз дўконга, бозорга чиқиб кетаверибди. Онамдан сўрасам:

— Менга индамай чиқиб кетди, сендан сўрагандир, деб ўйладим, — деди.

Уни койисам:

— Шунга шунчами, кап-катта, мустақил одамлар бўлсак, шошилганда айтиш эсимдан чиқибди, — деди бехижолат.

Очиғи, ҳайрон бўлдим. Мен йигит киши бўлиб, уйдагиларни огоҳлантирмасдан бир жойга кетмайман. Хуллас, бу ҳолат бир неча марта такрорланди. Гапларим унга таъсир қилмагач, жавобини бердим. Кўпчилик мени шошилиб қарор чиқарганликда айблади. Лекин унинг келажакда яхши фарзанд тарбиялай оладиган она бўлишига кўзим етмади. Фарзандли бўлмасимиздан ажрашишга қарор қилдим. Ота-онасидан узоқда яшаган экан. Қуш уясида кўрганини қилади, дейишади, эртага болаларим ҳам унинг тарбиясини олишмайдими?

Уйдагилар энди ўзинг танлаб уйлан, деб қисташяпти. Негадир кўнглимда ҳадик бор. Иккинчисидан бахт топа оламанми?

Маслаҳат:

— Сиз тушунган, ўқимишли йигит экансиз. Янги оилаларда бошида бундай келишмовчиликлар кўп бўлади. Вақт ўтиб, бир-биримизни тушунамиз, деб ўйлашади. Эр ҳам, хотин ҳам ўз-ўзини назорат қилиб, оилавий муҳитга мослашиб бормаса, барибир кейинчалик бу оила бузилиб кетади. Ўртада болалар тирик етим бўлиб қолади. Бунақа ҳолатлар атрофимизда қанча!

Иккинчи турмушдан бахт топиб, тиниб-тинчиб кетганлар ҳам кўп. Оиласидан ҳаловат топган инсон ишда ҳам, кўчада ҳам хотиржам бўлади. Бир марта оғзингиз куйибди, энди шошилмасдан, танлаган қизингиз билан яхшилаб гаплашинг. Биринчи турмушингиз нега бузилганини ҳам айтиб, бошдан қаттиқ талаб қўйинг. Шу билан бирга, унинг қоидаларини ҳам ҳурмат қилинг.

Моҳитобон БУЗРУКОВА ёзиб олди 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка