«ДАМ ОЛМОҚЧИМАН, АММО ДАМИМ ИЧИМДА...»

two-grownups-and-two-children-hiking-together-in-the-mountainsБир мақомда ва зерикарли ўтаётган ҳаётга ранг бериш, оила даврасида тоғ ёнбағирларига чиқиб дам олиш, муҳитни ўзгартириш ва шу орқали муносабатларга мустаҳкамлаш кўпчилик аёлларнинг орзуси. Аммо умри бино бўлиб турмуш ўртоғи билан тоққа бориш у ёқда турсин, кафега ҳам чиқмаган аёллар қанча? Бугун уларга қулоқ тутамиз.

«Тоққа чиқиш бекорчи эрмакми?»

— Оила қурганимизга ўн уч йил бўлди. Бу давр мобайнида турмуш ўртоғим билан бирор ёққа бориб, дам олганимни эслолмайман. Эрим ҳордиқ чиқариш деса, «Вақт ва маблағни ҳавога совурасан», деб жони чиқиб кетади. Устига-устак, жуда рашкчи. Бир марта хизмат сафарига кетганида ота-онам билан бир кунга тоққа чиққандик. Билиб қолганида, сал бўлмаса оиламиз бузилиб кетай деган. Нима қилсам бўлади-а бу эрни?

Мастура, 36 ёш

МАСЛАҲАТ. Шунча йилдан бери шу эрга кўниб келаётган экансиз, демак, унинг яхши жиҳатлари ҳам бор. Шу томонлари  ҳақида ўйланг. Рашкчи ва зиқна эр билан яшаш осон эмас, лекин у қизғанса, уйим-жойим деб қизғанаяпти. Дам олишни пул ва вақтни ҳавога совурувчи нарса, деб билса, демак, нафақат сиз, балки ўзи ҳам ҳордиқ чиқармайди. Сизнинг энг яхши чорангиз – ширин сўз ва тадбиркорлик. Аёлларнинг яхши қуроли бор: бир нарсани тинмай гапираверишади. Томчи тошни кесганидек, бу ҳам иш бериб қолади. Фақат такрорлашни жонга тегадиган шаклда эмас, ширин сўз билан, ҳар сафар ҳар хил усулини топиб, амалга ошириш керак. Турмуш ўртоғингизни чўчитаётган нарса маблағ экан, бу масалани ҳам ҳал қилса бўлади. Масалан, ҳордиқ чиқариш учун ўзингиз пул жамғаринг. Гапга бериш, тилла тақинчоқ ёки кир ювиш машинаси сотиб олиш учун пул топилган, нега бунга топилмасин? Буни хўжайинингизнинг нафсониятига тегмайдиган қилиб (масалан, тўйингизнинг фалон йиллигига совға тарзида) тақдим этинг. Эрингиз биринчи марта тоққа сизнинг пулингизга чиқиб кўрсин. Ёқиб қолса, кейинги йил балки ўзи ҳаракат қилар (ҳеч бўлмаса ҳаражатларнинг ярмини кўтарар).

«Қайнонам бизга таътил бермайди»

— Ўн беш йиллик келинман. Аммо қайнонам ҳамон ўғлини мендан қизғанади. Янги келинлигимда эримга ишдан келганида пешвоз чиқсам ёки эрталаб нонушта қилаётганида рўпарасига ўтириб, бир пиёла чой қуйиб берсам, балога қолардим. Энди бу одатлари анча босилиб қолган. Лекин эр-хотин бирга бирор жойга дам олгани боролмаймиз. Ҳатто, қайнонамни олиб кетамиз десак ҳам кўнмайди. Ё мен уйда қолишим керак, ё турмуш ўртоғим. Баъзан эрлари билан тоғу далаларга бирга бориб, ҳордиқ чиқариб келган ва фотосуратларини ҳамда таассуротларини кўз-кўз қилаётган дугоналаримга боқиб, жуда алам қилади. Қайнонам нега бундай қилар экан?

Наргиза, 37 ёш

МАСЛАҲАТ. Бу азал-азалдан бор муаммо. Фақат айрим қайноналар ўзларидаги қизғанчиқликни енга оладилар, айримлари эса йўқ. Келинларга бу шароитда осон деб бўлмайди, бироқ муаммони тушунганингиз – унинг ярмини ҳал қилганингиз, демакдир. Қайнонангиз ўша рашк туйғусини енгишга қийналаяпти, унга ёрдам беринг. Майли, дам олишга эрингиз эмас, қайнонангиз билан бора қолинг. Кейин турмуш ўртоғингиз сизларни кўргани боради, тамом, масала ҳал. Ана сизга оилавий ҳордиқ чиқариш. Шунақа айланма йўллардан фойдаланибгина қайнонангиздаги рашк туйғусини пасайтириш мумкин. У келиним билан ўғлим ёлғиз қолса, боламнинг менга меҳри совийди, деб ўйлаётгандир. Ундай бўлмаслигига ишонтириш сизнинг қўлингизда. Агар ишонтира олсангиз, яъни сиз билан бир муддат ёлғиз қолганидан кейин эрингизнинг онасига меҳру эътибори камаймаса, аксинча, ортса, қайнонангиз хотиржамлашади. Вақти келиб, у сизларни ўзи дуо қилиб, кузатиб қўяди. Расмларни кўз-кўз қиладиган дугоналарингизга келсак, уларнинг оилаларига расмларига қараб, баҳо бермасликни маслаҳат берамиз. Негаки, аксарият ҳолларда расмларга туширилган онлар турмушнинг ҳақиқий юзини акс эттирмайди.

«Ҳордиқ олишга имконият бор-у, хоҳиш йўқ...»

— Ҳамма келинлар қайнонасидан нолийди, мен эса ҳайрон қоламан. Қайнонам жуда яхши, меҳнаткаш, ҳокисор аёл. Фақат бир одатларини ҳеч тушунмайман. Доим ўзларидан пул қизғанади. Ҳеч қачон янги либос сотиб олмайди. Кимдир совға қилса, ё сандиқларига ташлаб қўяди, ё менга бериб, «Келин, шкафингизга илиб қўйинг, айтганимда опчиқиб берасиз», дейди. Лекин бирор марта шу либосларни олиб чиқинг, кияман, демаган. Дугоналари дам олиш, айланиб келишга чорлашса, бормайди. Ахир, ўғилларини уйлантириб, қизларини узатиб бўлган-ку, нима учун ўзидан пулни аяйди. Энди дам оладиган пайти келганини, умри ўтиб кетаётганини наҳотки тушунмаса?

Дилором, 29 ёш

МАСЛАҲАТ. Тарки одат – амри маҳол. Катта ёшли инсонларнинг кўпчилиги уруш даврида ё ундан кейинги қийинчилик йиллари туғилишган, болалиги оғир кечган. Улар қора кунни кўришган, унинг нималигини билишади. Шу сабабли онгларида ана шу қора кунлар яна такрорланиб қолгудек бўлса... деган хаёл доим туради, у кунга “тайёргарлик” кўриб қўйишади, доим яхши ният қилиб, дуода бўлсалар-да. Биз – тўкин замон одамлари маҳрумлик нималиги билмаймиз, у биз учун ёмон, ҳақоратли нарса туюлади. Катта ёшли онахонлар учун эса бу – улар бошдан кечирган реаллик. Шу нуқтаи назардан қайнонангизни тушуниш мумкин. Яна бошқа жиҳат ҳам бор: балки у киши ёшликдан ўзини эмас, ўзгаларни ўйлаб яшашга, бошқача айтганда, ўзини қурбон қилиб яшашга ўрганиб қолгандир. Ўзига нисбатан паст баҳо бериши сабаби ана шундадир балки. Нима бўлганда ҳам, у кишини яхши ҳаётга, ўз шахсига яхши муносабатга ўргатиш керак. Фарзандлар онамнинг бўлган-тургани шу дейишмасин, йўлини топиб, волидаларининг нақадар қадрли инсон эканини моддий жиҳатдан кўрсатиб туришсин: совғалар, меҳмонларга бирга олиб бориш, тоғларга дам олишга олиб чиқиш. Кўнмасалар, кўндиринг. Сиз келинлар бунга кўмаклашинг. Токи онангиз ҳаётнинг барча лаззатини ҳеч бўлмаганда қариганда тотсин, энди шундай давр келганига қайнонангизни ишонтиринг.

Дам олиш деганда бир замонлар шунчаки тиниқиб ухлашу қорин тўйиб нон ейиш тушуниларди. Энди замон ўзгарди, одамлар тоғу-тошга, далаларга, оромгоҳларга бориш, дунё кезиш ва ҳоказолар орқали ҳордиқ чиқаришмоқда. Бунинг ёмон жойи йўқ. Лекин кўнгил хотиржамлиги, оила тинчлиги – энг олий қадрият ҳам, энг яхши дам олиш ҳам шу эмасми?! Қолгани – воситалар. Муҳими, ўша воситалар мақсадга айланиб қолмасин, яъни дам олишга бораман деган мақсад йўлида оила тинчлигини қурбон қилманг.

Руҳшунос Шаҳноза Халилова тавсиялари асосида Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка