«ОЙИЖОН, ИЛТИМОС, МЕНИ УРМАНГ...»

Бола тарбиясида қаттиққўллик шартми?

20111109-161956-583

Ёдингиздами, болаликда ота-онангиздан дакки эшитсангиз ёки калтак есангиз, «Катта бўлсам, мен болаларимни ҳечам урмайман, жазоламайман», дея хаёл қилардингиз. Аммо вақти келиб, ўзингиз ота-она бўлдингиз-у, нима учундир ваъдаларингиз ҳам унут бўлди. «Ҳозирги болаларга қаттиқроқ турмасанг, бошингга чиқиб олишади», дерсиз? Буни қарангки, сиз каби фикрлайдиган ота-оналар орамизда топилар экан. Аммо баъзилари бола тарбиясида қаттиққўлликдан кўра юмшоқлик ва тўғри сўз билан тушунтиришни ёқлашади. Сиз бунга нима дейсиз? Келинг, яхшиси, бола тарбиясида қаттиққўлликни афзал билган ота-оналар усулини кўриб чиқсак-да ҳамда мазкур тарбиянинг натижалари ҳақида суҳбатлашсак.

Бола руҳиятининг «синиши»

Баъзида турли шароитлар сабаб ўзимизни назорат қила олмаймиз. Мана шундай ҳолатларда билиб-билмай боланинг кўнглини жароҳатлаб қўямиз. «Жонларимга тегиб кетдинг», дейишгача борамиз. «Бола-ку, нимани ҳам тушунарди», деманг. Бордию болангизни қаттиқроқ уришиб, уни камситадиган сўзларни тез-тез такрорласангиз, бора-бора бола ўзини ортиқча, кераксиздек ҳис эта бошлайди. Бу эса унинг руҳиятига қаттиқ таъсир кўрсатиши мумкин.

Болангизни болалигингиз билан таққоқламанг

Баъзида ота-оналарнинг ўз болаликларини фарзандининг бугунги куни билан таққослаётганларига гувоҳ бўласиз. Айниқса, бола бирор нарса сўраса ёки қайсидир бир соҳага қизиқишини билдирса, ота-онаси дарҳол хотираларни мисол қилиб келтиришади. Баъзилар эса умуман боланинг барча тилак ва истакларини бажаравериш уни талтайтириб юборади, деб ҳисоблашади. Ҳатто шундай ота-оналар ҳам бор эканки, боласи бетоб бўлса, «дори ичириб нима қилдим, бир-икки кунда ўтиб кетади» деб шифокорга ҳам кўрсатмайди. Бундай ота-оналарни бола тарбияси ва келажаги учун умуман эътиборсиз, бефарқ инсонларга тоифасига киритиш мумкин. Шуни унутмаслик керакки, жисмоний ва руҳий зарбадан сўнг боланинг онгида кучли стресс юзага келиб, бунинг натижасида бош мия тизимининг шикастланиши ва асаб тизимининг ривожланишида оқсаш пайдо бўлади.

Қаттиққўлликнинг сабаблари

- молиявий етишмовчилик — оилада моддий қийинчилик бўлса, болалар бу ҳолатда биринчи нишонга айланишади.

- ичкиликбозлик — спиртли ичимликларни хаддан зиёд кўп истеъмол қиладиган кишилар мастликда болаларни тарбиялайман деб, бирор жойини шикастлаши ёки жарохатлаши ҳам ҳеч гап эмас;

- ишсизлик натижасида келиб чиқадиган ғазабланиш ёки ҳаётдан нафратланиш холатлари;

- чарчоқ, асаб зўриқиши, баъзи ҳолларда кайфиятнинг бузилиши сабаб  кимдандир аламини олиб, енгиллашишни исташ;

- бола тарбиясига руҳан тайёр бўлмаслик;

- эгоизм, ўз манфаатларини ҳар нарсадан, хатто боланинг қувончидан ҳам устун қўйиш;

- муқим бир жойда яшамаслик;

«Мени ҳам яхши кўрасизми?»

Жаҳлни юзага келтирувчи сабаблардан бири, бу — оилада яна бир фарзанднинг дунёги келиши. Айрим ҳолларда катта фарзанд (у бор йўғи, айтайлик, 3 ёшда) укаси ёки синглисига қармагани, тўпалон қилиб уйғотгани ёки билмасдан туртиб юборгани учун жазоланади. Бу ҳолатда болани калтаклаш, турткилаш ёки унга нисбатан жазо қўллаш асло мумкин эмас. Агар статистик маълумотларга назар солсак, айнан 3-4 ёшдаги ва оилада катта фарзанд ҳисобланаган болалар кўпроқ жазо билан сийланар экан. Қаттиққўл ота-она болани турткилаш билан чекланмай, уни ўзича катталардек тарбиялай ҳам бошлайди. Натижаси эса ўзингизга маълум.

Ўзингизни назорат қилишни ўрганинг!

Қаттиққўллик ва қўпол муомаланинг натижаси ўзини узоқ куттирмайди. Агар бундай ҳолатлар тез-тез такрорланаверса, аста-секин боланинг руҳий ривожланишида ўзгаришлар кузатилиб, феъл-атворига таъсир қила бошлайди. Одатда бундай болалар камгап, тортинчоқ, асабий ёки баджаҳл бўлиб улғайишади. Баъзи болалар ота-онасининг хақоратлари-ю, турткилашларидан сўнг, бошқаларни калтаклаши ёки бирор ҳайвонга озор бериб аламидан чиқиши мумкин. Агар оилада ана шундай носоғлом муҳит узоқ давом этгудек бўлса, келгусида боланинг ўзи ҳам худди шу нарсани ўз оиласида амалга оширада. Қарабсизки, бир ота-онанинг нотўғри тарбияси, бир қанча авлодларга тарқалади. Бунинг олдини олиш учун эса, ота-оналар қахр-ғазабларини назорат қилишни ўрганишлари ҳамда тарбиянинг тўғри усулларидан фойдланишлари лозим.

Жаҳлингиздан тушиш учун...

Агар сиз бирор нарсадан асабийлашаётган бўлсангиз, буни болангизга тушунтиришга ҳаракат қилинг. Бола тилида, албатта. Масалан: «Ишимда мана шунча муаммолар пайдо бўлди, агар тўпалон қилмай, гапимга қулоқ солсанг, уларни хал қилган бўлардим». Бундай тушунтиришлар билан сиз нафақат ўзингизни назорат қиласиз, балки фарзандингиз билан ўртангизда ишонч ҳам пайдо бўлади. Бордию жаҳлингиз тошиб келаётганини сезсангиз, бошқа хонага ўтиб, чуқур нафас олинг ёки бирор нарсага чалғишга урининг. Агар иложи бўлса, бироз тоза ҳавода сайр қилинг. Тоза ҳаво энг синалган тинчлантрувчи «дори»дир.

Сўзлашиш оҳангига эҳтиёт бўлинг

Ишда қандай лавозимда бўлишингиздан қатъи назар, оилада ота ва она эканлигингизни унутманг. Хоҳ рахбар бўлинг, хоҳ ташкилотчи, уйда фарзандларингиз учун сиз фақат ОТА-ОНАсиз. Агар уларга ҳам ходимларга муомала қилгандек мурожаат этсангиз, ўзаро иончни йўқотасиз. Бу эса бола билан ўртангизда тўсиқ булади.

Танқид қилишда адашманг

Бола тарбиясида унинг бирор-бир ҳаракатини танқид қилмоқчи бўлсангиз, асло шахсиятига тегадиган гап айтманг. Бу ҳолатда унинг қай бир ҳаракати нотўғри бажарилганини айтиш ва уни қандай тўғирлаш мумкинлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтирган маъқул. Айниқса бу мисолларни ўзингиз билан боғлаб изоҳласангиз, фарзандингизда кўпроқ ишонч пайдо бўлади. Зеро, ҳар бир бола учун ўз ота-онаси идеал инсонлар ҳисобланади.

Жаҳл устида калтакладингизми?

Шундай вазиятлар ҳам бўладики, беихтиёр болага қўл кўтарасиз. Кейин эса унинг кўз ёшларини кўриб ўзингиздан нафратлана бошлайсиз. Ахҳамият берган бўлсангиз, боланинг кўзига ёш келиши билан уни урган қўлларингизда оғриқ пайдо бўлади. Бу виждоннинг қийналишими ёки ота-оналик меҳрими, буниси энди бизга қоронғи. Аммо шундай вазияларга дуч келсангиз, тинчланганингиздан сўнг, фарзандингизга нима сабабдан қўл кўтарганингизни ётиғи билан тушунтиринг. Муҳими, бу холатнинг қайта такрорланмаслигига ҳаракат қилинг.

«Тўғри гапни тушунмаса нима қилай»

Кўпгина ота-оналар ўзларини оқлаш учун айбни болага ағдаришади «Ўн маротаба тушунтирдим, аммо таъсир қилмайди. Охири бир-икки жазоласам, ўзига келади». Жазолаш усулини қўллашдан олдин болангиз билан қанақа муносабатда бўлишни ўрганинг.

- Бола билан гаплашишни ўрганинг, ана ундан кейин вазиятни баҳоланг. Болангиз сизга қулоқ солмаяптими, бунга фақат ўзингиз айбдорсиз. Чунки бу тарбияни у сиздан ўрганаяпти.

- Болангиз билан сухбатлашаётганда кўзига қараб гапиринг. Бу сизларни яқинлаштиради ҳамда таъсир доирангизни кенгайтиради.

- Болани тинглашга ҳам ўрганинг. Фақат унинг хатти-ҳаракатларини гапиравермай, бунинг ортида қандай сабаб борлигига ҳам қизиқиб кўринг. Эҳтимол тоби йўқдир ёки мактабида бирор муаммоси бордир.

Бола тилидан

«Онам мени нега уради?»

Аброр, 4 ёш: — Агар ойимнинг айтганини қилмасам, жаҳли чиқиб, қаттиқ уришади. Кейин эса оёқ-қўлларимни катта калтак билан савалайди. «Ойижон мени урманг», деб йиғласам ҳам, «Бир айтганда, қилмадингми, энди ўзингда кўр», дейди. Лекин ойим мени қанча уришмасин, барибир уларни яхши кўраман.

Севара, 7 ёшда: — Мени ойимдан ҳам кўпроқ дадам уришади. «Нега ойингга ёрдамлашмаяпсан», «Нега сўроқсиз кўчага чиқдинг», деб дакки беради. Лекин ҳеч қачон қўл кўтармайди. Жуда жаҳлларини чиқарсам, деворга тескари қараб туришга мажбур қилиши мумкин.

Одилжон, 12 ёш: — Роса ўйинқароқман. Айниқса болалар билан футбол ўйнашга чиқсам, соат неча бўлганини ҳам сезмай қоламан. Шуни учун баъзида укамни боғчадан олиб келиш ҳам ёдимдан кўтарилади. Кейин ойим менга дакки беради. Ойимнинг уришганидан қўрқмайман-у, аммо дадамдан жуда қўрқаман.

Шаҳина, 12 ёш: — Ота-онам доим мен ва укаларимни тергайвериб, ҳар бир қадамимизни назорат қилишни исташади. Бу эса менга ёқмайди. Агар ойим бирор ишни бажармаганим учун мени жазоламоқчи бўлса, бувим дарҳол ёнимни олади. Қиз бола уйида меҳмон бўлади, қўлингни торт деб уришади. Мен ойим ва дадамдан ҳам кўпроқ бувижонимни яхши кўраман.

Элёр, 14 ёш: —Отам анча йил аввал бошқа аёлга уйланиб бизни ташлаб кетган. Иккита синглим ҳам бор. Ойим бизни боқаман деб эрта-ю кеч тиним билмайди. Мен уларга қарашишни истайман. Лекин ҳали мактаб ўқувчисиман-да, қўлимдан ҳеч нима келмайди. Баъзида ойим ўз-ўзидан асабийлашиб бизни арзимаган сабаблар билан уришади. Майли мени ҳар қанча уришсалар ҳам розиман. Онажон мени ҳар қанча уришсангиз ҳам, сизни жонимдан ортиқ яхши кўраман.

Машҳурлар нима дейди?

Абдулла Шомағрупов, хонанда: —  Бизнинг оилада болани калтаклаш, жазолаш деган нарсанинг ўзи йўқ. Мен ҳар доим болаларимга катталарнинг яхши фазилатларидан ўрнак олишни таъкидлайман. Агар болани уриб, туртиб катта қилсангиз, эртага у ҳам худди шуни ўз оиласида қайтаради. Ахир бежизга қуш уясида кўрганини қилади, дейишмайди-ку! Болани уриб, уни яхши инсон қилиб вояга етказаман деб ўйласангиз, адашасиз. Болага фақат тўғри тушунтириш ва яхши муомала қилиш керак.

Рашид Ҳолиқов, хонанда: — Агар боланинг қизиқиши, унинг мақсади, режалари билан ўртоқлашиб, уларни амалга оширишга кўмак берсангиз, ҳеч қандай ортиқча муаммо юзага келмайди. Тўғри баъзи вақтларда қаттиқўллик ҳам керак. Лекин ҳар нарсада меъёрнинг бўлгани маъкул. Агар болани хаддан ортиқ тергаб, хадеб жазолаверсангиз, унда сизга нисбатан ҳурмат эмас, балки қўрқув, хадик ҳисси шаклланади. Мен болаларим билан ҳар қандай мавзуда суҳбатлашишим, уларга бирор нимани тўғри тушунтиришим мумкин. Лекин асло уриш, туртиш, камситиш деган қоидаларни ёқламайман ва улар бизнинг оилада мавжуд эмас.

Лола Элтоева: — Бизнинг оилада фақат ўғил болалар бўлгани учун ҳам кимдир мени жуда қаттиққўл бўлса керак деб, ўйлаши мумкин. Лекин мен болалар тарбиясида дакки бериб тарбиялашдан кўра, кўпроқ ибрат бўладиган мисолларни келтириб, улар орқали тушунтиришни афзал биламан. Чунки болани қўрқув таъсирида тарбияласангиз, ундан келажакда қандай инсон вояга етиши мумкинлигини бир ўйлаб кўринг. Ўз фикр–мулохазаларини айтишда кимдандир уяладиган, атрофдагиларга нисбатан хадик ҳисси билан вояга етган фарзандга эга бўлсиз. Шу боис, болаларни ҳар қандай вазиятда тўғри тушунишга ҳаракат қилиш керак.

Дилдора НАЗАРОВА тайёрлади

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка