УМИДАХОН & МАДИНА МУМТОЗ: «ДАНГАЛЧИ, ШАДДОД ВА САЛГИНА ЭРКАМИЗ»

IMG 3199Лойиҳамизнинг галдаги сонига хонанда Умидахонни таклиф этдиг-у, ҳойнаҳой синглиси ёки болаликдаги дугонасини чақирар, деб хаёл қилдик. Меҳмонимиз бўлса, «Мадина Мумтоз билан қалин дугонамиз, уни айта қолай» дея ҳаммамизни ҳайрон қолдирди. Нега дейсизми? Суҳбатни ўқисангиз, сабабини биласиз.

— Иккингизни ҳақиқатда яқин дугона эканлигингиз, рости, кўпчиликни ажаблантиради. Аксарият санъаткорлар «Бизнинг соҳада дўстлик алдамчи туйғу», дейишади-да.

Умидахон: — Кимлардир учун ҳақиқатан ҳам шундай, дўст танлашда адашишади ёки ўзлари дўст бўла олишмайди. Менимча, бу инсон характерига боғлиқ бўлса керак.

Мадина Мумтоз: — Баъзилар дўст билганидан панд еб қолишади. Санъаткорлар орасида бундай воқеаларга кўп гувоҳ бўлганмиз. Балки шунга ҳам шоу-бизнесда дўстлик мавҳум тушунча дейилар. Фикримча, инсоннинг тарбияси, одоби, феъли қандай бўлса, атрофидаги яқинлари ҳам шундай бўлишади. «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади» деган мақол бежиз айтилмаган. Омадли, уддабурон бўлсангиз-да, дўстларингиз пессимист, ҳар нарсадан нолийдиган кишилар бўлса, сизни ҳам ўзлари билан тортиб кетишади.

— Дўстлик ҳақида тўлиб-тошиб гапираётган хонандаларнинг илк танишуви қандай бўлган?

М: Илк учрашувимизни яхши эслайман. Сен-чи?

У: Зиёда таништирганди бизни.

М: — Зиёда иккимиз саккиз ёшимиздан бери дўстмиз. У орқали бошқа санъаткорлар билан ҳам дўстлашганман. Ўша пайтлари Зиёда «Акфа Медиа»да ишларди. Дугонамни ёнига тез-тез келиб турардим. Умида эса у пайтлар «Ўзбегим ёшлари» гуруҳида куйларди. Зиёданинг «Нега-нега?» деб номланган қўшиғига клип суратга олиш жараёнида Умида билан яқиндан танишганмиз. Умида клипда роль ҳам ижро этган.

У: Мадинани биринчи бор кўрганимда «Жуда киборли қиз эканми», дегандим. Кўринишидан ҳеч кимни писанд қилмайдигандек эди-да. Кейинчалик, у ҳақда фикрим ўзгарди.

М: — Ўзинг-чи, соддагина қиз эдинг эслайсанми? Суҳбатларга қўшилмасди, ўзини четга тортиб турарди.

У: Тадбирлар, ижодий сафарларда тез-тез учрашиб турдик. Шу-шу дўстлашиб кетганмиз. Мади, шу воқеаларга ҳам олти йил бўлибди-я.

М: У пайтлари Консерваторияда ўқирдим.

Чин дугоналар бир-бирининг характерига қандай таъриф беришади?IMG 3203

У: Сен гапира қол.

М: Дугонам, кўнгли очиқ, содда, ишонувчан қиз. Маслаҳат сўрайди-ю, барибир ўз билганича иш қилади. Кейин бирор ердан панд еса, «Нега айтганингни қилмадим?» дейди.

У: — Барибир, айтганингга қулоқ соламан-ку!

М: Вақтида қулоқ солмаслигинг ёмон-да.

Умида, гал сизга.

У: Хушчақчақ, шаддод. Бирор нима қиламан дедими, бажармагунича қўймайди. Кўп ишларимни Мадина билан маслаҳатлашиб бажараман. Энг яхши одати, ҳеч қачон бировнинг ортидан гапирмайди. Камчилигимни кўрдими, дарҳол айтади. Қўлидан келганча ёрдамини аямайди. Оиласини ҳамма нарсадан устун қўяди.

— Дўст ачитиб гапиради деганлари рост бўлса, бир-бирингизнинг камчилигингизни ҳам сўзланг-чи?

М: Санъат ичидаги одам соддаликдан озгина чекиниши керак. Билган-билмаганга ишониб кетавериш нотўғри. Умидани ҳар сафар шуни деб койийман. Ишонувчан-да! Ижод борасида дангасалиги тутиб қолса, «Нима қилсам экан?» деб ўтираверади. Вақт эса ўтиб бораверади.

— Бу сизга ҳам тегишли чоғи?

М: — Ҳа, лекин менинг йўриғим бошқа. Мен бутунлай ўзимни санъатга бағишламаганман. Оиламдан орттирган вақтимни мухлисларимга ажратаман. Шу боис ҳар ой янги қўшиқ ёзиш, клип чиқаришни шарт, деб билмайман. Оилам, фарзандларим бор. Бироқ Умидага танаффус қилиш мумкин эмас. Ҳозир айни ижод қиладиган даври.

Хўш, Умида сиз нима дейсиз? Жавоб қайтарасизми?

У: — Нима дейман, қарашини кўраяпсиз-ку, қўрқаман (кулги кўтарилди). Ростини айтсам, бирор камчилигини эслолмаяпман. Бир неча кун аразлаб юриши мумкин, эътиборсизлик қилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, қаттиқ-қаттиқ сўзлашинию яхшиси айтмай. Лекин у буларни яхши бўлсин деб қилади. Яъни кимнингдир қайсидир иши учун ўзини шундай тутиши мумкин. Аммо аслида сира кек сақламайди.

— Тадбирлар, «съёмка», ижодий сафарлар, қолаверса, оилавий ташвишлардан ортиб учрашиб, суҳбатлашишга вақт топиладими?

М: Албатта. Дўстларимиз билан кичик «компания»миз бор. Кўпинча турмуш ўртоғим билан боғланиб, бугун фалон жойга борамиз, эртага фалончиникида йиғиламиз, деб хабарлашишади.

У: — Дугонамнинг ютуғи, уни тушунадиган, ҳурмат қиладиган умр йўлдошни учратгани. Баъзилар каби оилали бўлдингми, дугоналар билан кўришишни йиғиштир, демайди. Қайтанга ўзи ҳам барчамиз билан дўстлашиб кетган.

— Энг кўп гаплашадиган мавзунгиз?

М: — Аввал кўрган-эшитган сўнгги янгиликларни муҳокама қиламиз. Ижод билан боғлиқ масалалар, шаҳсий ҳаёт, шу тариқа гапимиз тугамайди.

У: — Бирор иш қилмоқчи бўлсак, бир-биримиз билан фикр алмашамиз. Янги харид қилинган кийимларимизни ҳам ора-чора мақтаниб оламиз. Ҳа-а-амма гапни айтиб бўлганимиздан сўнг...

М: — Ё кино кўрамиз, ё караокеда қўшиқ куйлаймиз. Қорнимиз очса, алламаҳал бўлишига қарамай қозонни тагига ўт ёқишимиз ҳам мумкин. Хуллас, умуман зерикмаймиз.

IMG 3175— Мадина, Умида совчилар, оғиз солаётган йигитлар ҳақида ҳам гапириб берадими?

М: — Ҳа, айтади. Совчи қўйган йигитлар ҳақида сўзлаганида аввало дунёқарашини суриштираман. Феъли қанақа, муомаласи, нималарга қизиқади. «Тенг тенги билан» деган гап тўғри айтилган. Бу билан моддий ҳолатни тушунманг. Икки оиланинг, қолаверса, йигит ва қизнинг фикрлаши, тушунчалари бир-бирига тўғри келиши керак. Ана шуни мослик деб тушунаман.

Умида турмушга чиқаяпти деган гаплар бир болалаганди?

М: — Билишимча, қайсидир газетага интервью берган-у, журналистлар шов-шув қиламиз деб, турмушга чиқиш мавзусини сарлавҳага олиб чиқишган. Аслида эса мақолада бу ҳақда ҳеч нима йўқ.

У: — Суҳбатда «Вақти-соати билан оила қураман», дегандим. Аммо гапимни шов-шувга айлантириб юборишган.

Дугонангиз орзусидаги шаҳзодани тасвирлаб берганми?

М: — Шу ҳақда сўрамаган эканман. Уни билганимдан келиб чиқиб айтишим мумкин, санъатини тушунадиган, чин дилидан севадиган инсонни кутаётган бўлса керак. Биз салгина эркароқмиз, шунга ҳам кези келганида қаттиққўллиги ҳам бўлиши керак.

У: Чиндан ҳам шундай.

Иккингизнинг ҳам шаддодлигингиз бор. Мабодо тортишиб қолсангиз, ким биринчи бўлиб ён босади?

У: — Бордию бирор мавзу юзасидан баҳслашиб қолсаг-у, нотўғри фикрлаётганимни исботлаб берса, қулоқ соламан.

М: — Бир-биримизнинг сочимизни юлиб, олишадиган даражага етмаймиз.

Бир-бирингизнинг ижодингизга неча баҳо берасиз?

У: Неча баҳо қўяй, айтавер (кулади)

М: Дугонам сингари ижодимда мунтазамлик йўқ. Аввалги меҳнатларим эвазига ҳали ҳам ўз ўрнимни ушлаб турибман. Шу боис ижодимга баҳо бериш салгина нотўғри бўлади. Лекин насиб қилса, бу йил янгиликлар кўп. Иккита янги таронам тайёр бўлди. Умидага эса шартли равишда «беш» қўяман. Ўз устида ҳали кўп ишлаши керак.

— Мадина, Умида ижросидаги энг севимли таронангиз қайси?

М: — «Дод айлаб, кимга луфт этдим-у, кимдан кўрдим ҳурматим» (қўшиқни хиргойи қилиб). Номи нима эди?

У: «Айлама»

М: — Ниҳоятда таъсирли тарона. Шу ашуласини жуда ёқтираман. Умуман Умида барча қўшиқларини яхши ижро этган.

— Шундай дейсиз-у, аммо айримлар «Кел, ярашайлик»дан сўнг пичоққа илинадиган чиқмади дейди-да.

У: Нега? «Мамбо», «Сериал» қўшиқларимни яхши кутиб олишди. Аслида улар ҳазиломуз ашулалар эди. Хизматларга борсам, айтмайман дегандим. Лекин мухлисларни ўзлари сўраб, илиқ  фикрлар билдиришгач, яхши чиққанини билдим. Тўғри, кейинги қўшиқларим «Кел, ярашайлик»дек хит бўлмаяпти. Лекин бу фақат менга боғлиқ эмас-да.

М: Бу худди лоторея чиптасига ўхшайди. Ютасизми-ютқазасизми, билмайсиз.

У: — Қўшиқнинг омадли чиқиши хонандадан ташқари шоир, бастакорга ҳам боғлиқ.

М: Қайси таронани дилдан, севиб ижро этсангиз, ана шуниси хит бўлади. Мен бунга кўп бор амин бўлганман. Айрим ашулаларингиз бўлади, ҳар сафар ижро этсангиз, сел бўлиб оқасиз. Баъзиларини эса шунчаки куйлайсиз.

У: — Кўнглимга ўтирмаган қўшиқларим анчагина. Аммо шуниси қизиқки, ҳар бирининг ўз мухлиси бор.

— Устоз санъаткорларнинг қўшиқларини ижро этасиз. Умида, бундан мақсад нима?

У: Эндигина шу ҳақда гапирмоқчи бўлиб тургандим. Устоз санъаткорларнинг ашулаларини қайта ижро этганим билан ўзимдан кўнглим тўлмайди. Яхши фикрлар эшитсам ҳам, негадир маромига етказолмагандекман.

— Мадина, сиз мақом йўналишида ҳам куйлайсиз. Дугонангизнинг қайта ижро этган ашулалари ҳақида қандай фикрдасиз?

М: — Ижро вақти иккимиздан ҳам хато ўтиши мумкин. Муҳими, устоз санъаткорларнинг қўшиқларини ёшларга янгича талқинда етказиб бераётганимиз. «Қўш чинор»ни куйлаганимда тўлиқ шакли 5 дақиқадан кўпроқ эди. Телевидениеда эса эфир учун 4 дақиқа ажратилган. Мажбур бўлганимдан ашуланинг бир қисмини ўзгартирганман. Мухлисларга манзур келган. Бироқ шу ишимни деб устозларимдан роса дакки эшитгандим. Айбимиз – бирор ашулани қайта ижро этишдан аввал устозларга мурожаат қилмаймиз. Қўшиқнинг аслини тинглаймиз, сўзларини ўрганамиз. Лекин устозлардан йўл-йўриқ сўрашимиз керак.

У: — Тўғри айтасан, менда ҳам шундай, қўшиқнинг ўзини эшитаман-у, устозлардан маслаҳат сўрашга ҳамиша ҳам амал қилмайман. Бу одатни тўғирлашимиз шарт.

— Умида, инстаграммга жойлаган суратларингиз ҳақида сўрасам. Ҳаддан ортиқIMG 3189
пардоз қилгандексиз?

У: — «Биё-биё» қўшиғи учун ишланган клипдан суратларни айтаяпсиз. Клипни ўзида пардозим жойида. Аммо фотосуратчи расмга ҳаддан ортиқ ишлов бериб юборган. Шунга ҳам сунъий кўриниб қолганман. Изоҳ қолдирган мухлисларимга тушунтирдим, аммо кимдир англади, кимдир эса баттар оловга мой сепди.

М: Инстаграммдаги изоҳлар чиндан ҳам турфа хил. Бир сафар акангиз билан расмингизни жойланг, дейишди. Жойладим. Кейин бўлса, опангиз ҳам бор, уни ҳам таништиринг деб ёзишди. «Опам йўқ, оилада иккитамиз» десам, «Ўзингизни билмаганга олманг», дейишади. Рости, йўқ жойдан гап чиқариб ғийбат қилишларини тушунмайман. Биттаси «Санъатда нима қилиб юрибсиз, мен бирорта қўшиғингизни эшитмаганман», дебди. Мусиқа мактаби, мақом, сўнг Консерваторияда ўқиганларимни айтиб, бекор эмасдир булар десам, «Онангизни ҳурматида» дегани ортиқча. Имтиҳонга онам билан кирмагандирман? Бундай изоҳлардан жаҳлингиз чиқади. Охири жавоб қайтармаслик тўғри деган хулосага келдим.

У: Баъзан куласиз, баъзан кайфиятингиз бузилади. Тобингиз бўлмаслиги мумкин, аммо кўпчилик буни тушунмайди. Охирги суратларимни кўриб, шундай гаплар қилишдики...

М: — Аслида нима бўлганини айт, Уми.

У: Соғлигимда айрим муаммолар бўлиб, салгина шишдим. Бироқ буни семириш билан боғлашди. Билиб-билмай гап қилмасликларини сўраб қолардим.

— «Коммент»лардан юрагингизни олдириб қўйибсиз.

У: Ўринли танқид бўлса, бош устига. Аммо аҳволингизни билмай, «Семириб кетибсиз», «Ўзингизга қарасангиз бўлмайдими» деган изоҳлар ранжитади. Ижтимоий тармоқлар мухлислар билан боғланиш учун бир восита. Аммо айримлар учун ғийбатхонага айланиб бораяпти.

Хонандаликдан ташқари, иккингизни актриса сифатида ҳам биламиз.

У: Мен ҳаваскор актрисаман. Дугонам эса ҳақиқий иқтидор эгаси. «Ўзимдан ўзимгача» фильмидаги ролини жуда яхши кўраман. Кейин «Энди дадам бўйдоқ»даги образи ҳам зўр чиққан.

М: — Сенинг ҳам ижронг чакки эмас. «Андижонлик меҳмон»даги ролинг яхши чиққан. Ҳозир ҳам сериалларда суратга тушиб турибсан-у, демак, актрисаликка ҳам қўлинг келишади.

Умидага қандай образ ярашмайди, сизнингча?

М: Ялмоғиз кампир ролини ўхшатолмайди. Кўпроқ ижобий образлар мос унга.

Сиз нима дейсиз, Умида?

У: Мадина истаган образига кириша олади. Лекин салбий ролларда кўришни истамасдим уни.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.

Фотомухбир: Ғайрат УБАЙДУЛАЕВ

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка