«ҲАЁТИМГА ИССИҚ-СОВУҚ АРАЛАШГАН...»

hhhhhhhhhh«Келин бўлиб шу ҳовлига келганимга 3 йил тўлибди. Эр-хотин – орамиздан қил ўтмас дўстмиз. Буни иккимизнинг севишиб, қийинчиликларни енгиб турмуш қурганимиз, эримнинг мулоҳазали инсон эканлигидан деб биламан. Аммо негадир бу яқинлигимиз қайнонамга ёқмайди. Ўғлини айириб, ўзимга иситиб олган эмишман. Қўни-қўшнилар, ўзига яқин одамларга мени ёмонлаб ўтиради. «Ҳа, бу келин бало, кимга нима қилишни, қаерга боришни яхши билади» деб, мени фолбинга қатнайди, дегандек гап орасида қистириб ўтади. Умримда фолбин киму қаерда яшашини билмайман, мантиқан ўйлаб кўрилса, агар шу иш қўлимдан келганида биринчи навбатда қайнонамни ўзимга иситиб олган бўлмасмидим? Шу ҳақда ҳам мулоҳаза ёзинглар!»

Исмини сир тутган муштарий

Эсимни танигунимча «Маҳаллада дув-дув гап» кинофильмидаги бир эпизодини тушунолмай ҳалак бўлардим. Нега она бир қўрқинчли кишининг олдига бориб, қоғозга ниманидир ёздириб, ўғлининг овқатига солиб ичирмоқчи бўлади? Сеҳр-жоду қилмоқчими? Унда нега отаси ўғлининг овқатини ичиб қўяди-ю унга бало ҳам урмайди?

Нега айримлар фол очиш-у иссиқ-cовуққа ишонади, буни амалда қўллашга уринади, айримлар эса «бутунлай бўлмаган гап» деб исбот талаб қилишади. Келинг, шу ҳақда билганларимизни ҳикоя қиламиз.

«БАХТИНИ БОҒЛАШ...» , «ОМАДИНИ ЎҒИРЛАШ...»

ЁКИ ЎЗИМИЗНИ ЎЗИМИЗ ҚАНДАЙ АЛДАЙМИЗ?

Одамдан одамни айириш, ёки аксинча бир-бирига «боғлаб қўйиш», кимнидир гаҳ деса қўлига қўнадиган қилиш – булар аслида ярамас истаклар, гуноҳи кабиралардир. Инсонга аён бўлмас сирлар борлиги ҳақиқат, кўз тегиши, кимнингдир бадбин фикрлари сизнинг оламингизга таъсир этишини – булар илмий исботини топмаган бўлса ҳам – мутлоқ инкор этишнинг иложи йўқ. Кўпинча шу каби ҳолатларга мутаассир кишилар аниқ фактлар билан оғзингизга уришади, «дарвозамнинг тагида қум сепилганини кўрдим, ахир ён-атрофимизда ҳеч ким қурилиш қилгани йўқ, ўшандан бери ишим орқага кетяпти», дейдиганлар топилади. «Ёшим 30 га тўлди. Ташқи кўринишим, маълумотим, оилавий аҳволим туппа-тузук, лекин ҳали бирор марта эшигимизни остона ҳатлаб совчи келгани йўқ, ахир бундай бўлиши мумкинмас-ку! Энг нотавон қизни ҳам сўраб келгувчилар бор. Демак, кимдир бахтимни боғлаб қўйган» дейди яна биттаси. Уларга қарши бирор гап топиб беролмай ўйланиб қоласан киши. Ахир қандай қилиб, одамзот Яратганнинг ишларига аралашиши, тақдирни ўзгартириши мумкин? Бунинг иложи бўлганда, ҳар биримиз ён-атрофимиздагиларни ўз хоҳишимизга кўра, ўзгартириб юборганимизда, шу пайтгача дунё ҳозиргидан кўра бошқача бўлиб кетган бўлмасмиди?

НЕГА «ИССИҚ-CОВУҚ» ҚИЛИШАДИ?

Одамларда ўз муваффақиятсизлигига бошқаларни айбдор қилиш истаги устунлик қилади, ҳудди шунингдек, ҳеч ким ўзини ёмон демайди. Бизни «ёқтирмайдиган», аниқроғи аслида биз ёқтирмайдиган «айбдорлар»ни қўлидан ушлаб, жазолашнинг иложи йўқ-да, шунинг учун улардан «ўч олиш» учун ҳеч ким билмас усуллардан фойдаланмоқчи бўламиз. Қандайдир овлоқ жойлару бойлик учун иймони ва виждонидан кечган фирибгарлар олдига югургилаб қоламиз. Хўш кейин-чи? Икки-учта чала маълумот бергани учун фолбиннинг аллақандай ғайриоддий авлиё эканига ишониб, ўшанинг оғзидан чиққан гапга анграйиб, келинимизнинг ашаддий афсунгар эканию қайнэгачимиз ўз акасини кўролмаслигини, қаерлардадир «амаллар» кўмиб қўйганини, овсинимиз тугун билан йўлларимизни боғлаб ташлаганини тусмол қилиб, аламимизни олмоқчи бўламиз. ҳамма фирибгарларнинг ишлаш формуласи бир хил: «сиз қилмасангиз, сизга қилишади!». «Эшикдан кириб келдингиз-у, «одамларим» бўғилиб кетди, бунчаям ўқитиб ташлашибди сизни. Вой-вой-вой, шунчаям қийналдингизми, жоним... Сизни қайтариқ қилгунимча 40 кун чилла сақлашим керак, руҳим эзилиб кетяпти»... Бундай гапларни асаби чатоқ, лақмалар эшитса, «ажалимга бир кун қолган экан, мени ўлимдан қутқариб қолдингиз» деб борини назр-ниёз қилиб юборишдан ҳам қайтмайди. Тўхтанг, тақдири азал Худодан эканлигини унутишга ҳаққимиз бормикин? Инсон руҳиятининг заиф жиҳатларини яхши ўзлаштирган, гапга уста, енг ичидаги тошини беркитиб, гўёки томоғимиздан суғуриб олинган «жоду»дек тоғорага ташлайдиган масхарабозга жарақ-жарақ пул ташлаб келиб, ўзимизни ҳимоялагандек хотиржам тортяпмизми? Сиз «домла»нинг «турнақатор» навбатида турганингизда, сизни гапга тортувчи, зимдан кузатувчи, ўзаро суҳбатларингизга аралашувчи, «домла»нинг сувни тескари оқизувчи нафаси борлигини айтиб, ўз қизининг бахти очилиб кетганини реклама қилувчи, сиз ҳақингизда айрим гапларни билиб олиб, «домла»нинг қулоғига шипшитиб чиқувчи «махсус одамлари» борлигини биласизми? Қўйинг, кимнидир кимгадир боғлаш ёки айириш учун воситачи қўйманг, ҳатто сиз одамларга ёмонлик истамаётган бўлсангиз ҳам ҳаммасини тақдир ҳукмига қўйиб беринг, унинг ўзи барини жой-жойига қўяди.

«ЎҒЛИМНИ ҚАЙТАРИҚ ҚИЛДИРДИМ...»

Малоҳат опа, 52 ёш:

– Ўғлим 28 ёшга тўлди. Бир йилдан бери турмушидан ажралган жувонга илакишиб қолганди. Ҳар қанча гапирсак ҳам гап кор қилмади, отасининг насиҳати, ҳатто ур-тепкиси ҳам йўлидан қайтаролмади. Охири яқинларимнинг маслаҳати билан бир «одами бор» аёлга бордим. У менга ўғлимнинг кийим, сочларини олиб келишимни айтди. Айтганларини бажаргандим, яхшилаб «ўқиб берди». Ўғлим шу кунларда кечалари кетиб қолмаяпти, шукр.

АСЛИДА: Бизнинг айбимиз, муаммонинг сабабини ҳеч қачон ўрганмаслигимиздир. Шунинг учун ҳам ким қандай ечим айтса, ишониб кетаверамиз. Ўзимизни ҳар чўққига урамиз. Нега бўз йигит 28 ёшгача уйлантирилмади? Опаси эрга тегди, синглисини узатишга тўғри келди, йиллар ўтди, тенгдошлари уйланиб, болали бўлаётган бир пайтда йигит ҳам оромни кўчадан излади ва топди. Ёки аксинча, қизимизнинг юриш-туриши одоб доирасида эмас, ёки бўлмаса, оиламизда куну тун жанжал, шунинг учун ҳам эшигимиздан совчилар айланиб ўтаётган, ёки шунчаки тенги топилмаётган қизимизни қайсидир «душманларимиз» нинг «иссиқ-совуғ» идан «қайтариқ» қилиб, таскин топмоқчи бўламиз. Келинг, дуои фотиҳамизни бошқаларга ишонмай, ўзимиз қилайлик-да, яхшиси, бахтимиз ва муваффақиятсизликларимизга тўсиқ бўлаётган муаммоларимизни ўрганиб чиқайлик ва бартараф этайлик.

«ҲОМИЛАДОР БЎЛАСАН ДЕГАНДИ, АММО...»

Гулноза, 27 ёш:

– 7 йилга яқин хомиладор бўлолмай, қилмаган ишим қолмади. Тиббиёт ёрдам01
беролмагач, қайнонам шўрлик «бир ойдан кейин бошқоронғи бўлади» деб алдаган бир фирибгар «ўқийдиган аёл» га палон миллион сўмлик тилла комплектларини совға қилиб юбордилар. Одам бошига иш тушганда ҳаммадан шубҳаланади, нажот кутади ва хатога йўл қўяр экан. Ночор вазиятингдан эса устомонлик билан фойдаланадиган одамлар бўларкан. «Тўйингиз куни кимдир сизларни иссиқ-совуқ қилган» деганлар ҳам бўлди. Келин эрини ўзига “иситиб”, қайнона ўғлини қизғаниб, “совутиб” юрганини, икки орада ўғил бечора жинни бўлаёзганини эшитганман. Бундай масалаларни жиддий ўйлаб кўриш керак. Ҳозир шуни тушундимки, нимаики биз ўйлаган вақтда содир бўлмаяптими, демак бу ҳаёт синови, тақдир имтиҳони. Катта-кичик синовлар эса кўп бўлади, иймони бутун одам бундай имтиҳонларда динимиз қайтарган ишлардан нари юради.

ИЙМОННИ МУСТАҲКАМ ҚИЛИНГ!

Ислом дини олимлари томонидан айтилган одамларга таскин берувчи шундай мулоҳазалар бор: «Мўмин банда ҳамма нарса Аллоҳнинг қазои қадари ва хоҳиши билан содир бўлишига имон келтиради. Сеҳр-жоду, амаллар, кўз тегиши-одамнинг кучи билан эмас, фақат Аллоҳнинг изни билангина бандага зарар етказади». Демак, ўз ҳаётини йўлга қўёлмай, тирикчилигини «жинлари» билан ўтказадиган, динда бу иш билан шуғулланган одам имондан чиқиши ҳақида айтилган бўлса ҳам, одамларнинг кўзига уйида тасбеҳ, жойнамоз осиб қўйиб, чилдирма чалиб ўтириб, бойлик топадиган бир гуруҳ ёлғончи «азайимхон»ларга ишонмай, сабаб ва ҳимояни киши ўзидан излаши лозим. Хотиржам бўлингки, покиза юрган, нафақат амаллари эзгу, балки хаёллари ҳам яхшилик бўлган одамга ёмонлик яқинлаша олмайди.

Аслида, тақдир деган азалий битикда икки йўл бўлади: тўғри ва нотўғри. Тақдир синовларида тўғри йўлдан борсак, мукофотини кўрамиз, албатта. Оиладаги арзимаган келишмовчиликларни деб, фарзандимиз, келинимиз, қайнонамизнинг руҳий оламига дохил бўлишдан сақланайлик. Кўпчилигимизда кузатилган ҳолат: «бошим оғрияпти» деб кимнидир алдасак ва ўзимизни касалдек тутсак, бироз ўтмай, чиндан ҳам бошимиз қаттиқ оғриб қолади. Биз атай ёмонлик истаб турсак, нафрат билан яшасак, ёнимиздаги одамга ҳам унинг таъсири билинади, «ана, «домла»нинг «амали» кор қилди, деб суюнмасдан, муаммони илдизи билан қўпоришга уринайлик, муносабатларни мулоҳаза ва муроса йўли билан ҳал қилайлик.

Азиза ҚУРБОНОВА

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка