«ЭРИМДА В ГЕПАТИТИ АНИҚЛАНДИ... ЭНДИ ҲОМИЛАДОР БЎЛА ОЛАМАНМИ?»

muj-i-jena-6-700x467
«Бундан бир неча ой илгари турмуш ўртоғимнинг тоби бўлмай, тиббий кўрикдан ўтди. Таҳлил хулосаси қонида В гепатити вирусини кўрсатди. Эрим тиббиёт соҳасида фаолият юритади, текширувдан сўнг жуда чўкиб қолган. Фаолиятини давом эттиролмаслигидан тушкунликда. Менга ва болаларимизга юқиб қолишидан хавотирланаяпти. Унга қандай ёрдам беришни билмаяпман. Бунинг устига, яна фарзанд кўришни режалаштираётгандик. Энди нима бўлади?»

Исмини сир тутган муштарий

Халқаро Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунё бўйича В гепатити билан хасталанган беморлар сони 350 млн.кишига етган. Хасталикнинг хавфли томони – сурункали турга ўтишидир. Айнан мана шу ҳолат жигар циррозига олиб келиши мумкин. Хўш, ташхиси ваҳимали бўлган В гепатитини даволаш мумкинми? Олдини олиш-чи? Тушкунликдаги беморга қандай руҳий кўмак берамиз?

Мавзу юзасидан олий тоифали шифокор-инфекционист Нигора САБИРОВАга юзландик.

ҚАНДАЙ ЮҚАДИ?

Тиббиётда А, В, С, Д, Е, G сингари гепатит турлари мавжуд. Шулардан нисбатан кўпроқ учрайдигани  В, С, Д  гепатитларидир.

Бу турдаги гепатит вертикал (онадан-болага туғруқ жараёнида), дезинфекция қилинмаган пирсинг, татуировка асбоблари, санитария талабларига риоя қилинмайдиган тиббиёт марказлари, стоматологик хоналар, санитария меъёрларига мос келмайдиган маникюр-педикюр хизматлари, устара ҳамда бемор фойдаланган тиш чёткалари орқали юқиши мумкин. Аслида эса вируснинг қаердан юққанини аниқлаш жуда мушкул.

ТАСОДИФАН МАЪЛУМ БЎЛАДИМИ?

Касаллик (сурункали ҳолатда) яққол белгиларсиз кечгани боис ўз вақтида аниқлаш мушкул вазифа. Шунинг учун ҳам сурункали тусга ўтиб кетиш эҳтимоли юқори. Кўп ҳолларда бемор соғлигидаги ўзгаришларга у қадар эътибор бермайди. Ҳолсизлик, тез чарчаб қолиш, иштаҳаниннг пасайиши, вақти-вақти билан кўнгил айниши, қайт қилиш кабиларни В гепатитининг аломатлари деб ўйламайсиз. Тасодифан ёки бошқа касалликларга таҳлил топширилгандагина вирус маълум бўлади.

В гепатитининг яширин даври 14-18 кун. Вирус юққанидан сўнг мана шу давр мобайнида белгилари номоён бўла бошлайди. Аввалига аста-секинлик билан, кейин эса аломатлари кўпайиб боради. Бўғимларнинг оғриши, меҳнат лаёқатининг сустлашиши, ҳазм фаолияти билан боғлиқ муаммолар шулар жумласидан. Бу В гепатитининг ўткир турига хос аломатлар.

СУРУНКАЛИ ГЕПАТИТ ХАВФИ

Гепатитнинг В, С ва Д турлари сурункали даврга ўтиши мумкин. Яъни касаллик зимдан ҳужум қилиб, яширин кечади. Гепатит хасталиги уч ойгача ўткир, уч ойдан олти ойгача чўзилувчан ва олти ойдан кейин сурункали турга айланади. Муолажалар туфайли қондан вируснинг батамом чиқиб кетишига эришилса, хасталикнинг сурункали тус олишидан хавотирланмаса ҳам бўлади. Акс ҳолда эса шифокор назорати остида белгиланган муддатларда муолажа олиб туришга тўғри келади.

ТАҲЛИЛ ТОПШИРИШ

В гепатити вирусига таҳлил топширишдан аввал мутахассис кўригидан ўтилади. Умумий безовталиклар, бемор шикоятлари ўрганилгач, қоннинг умумий, биокимёвий ва вирусологик таҳлил намуналари учун йўлланма берилади.  Пойтахтда В гепатитига қон таҳлили топшириш учун вирусология ва иммунология илмий текшириш институтларига мурожаат қилиш мумкин.

ДАВОЛАШ ЧОРАЛАРИ

Ҳар бир беморнинг умумий ҳолати, касаллик кўриниши, даражасидан келиб чиқиб тўғри олиб борилган муолажа касалликдан соғайиш эҳтимолини оширади. Қонда В гепатити вируси аниқланганида, вирусга қарши муолажа ўтказилиб, бемор бир йил давомида шифокор назоратида бўлади. Муолажанинг асосий мақсади вирус кўпайишини тўхтатиш. Ҳар бир организм ўзига хос бўлгани боис, муолажа 6  ҳафтадан 52 ҳафтагача давом этиши мумкин.

ЭМЛАШ

В гепатитига чалинганлар аниқланаётган бўлса-да, авваллгига қараганда нисбатан камроқ. Бу кўрсаткич айниқса, болалар орасида паст фоизда эканлигини кўриш мумкин. Негаки, юртимизда 2000 йилдан эътиборан, янги туғилган чақалоқларни режали эмлаш тартибига кўра, гўдаклар В гепатитига қарши узлуксиз эмланаяпти. В ва А гепатитларига қарши вакциналар катталар учун ҳам мавжуд. Эмлаш ишларини амалга ошириш учун пойтахтдаги махсус марказларга мурожаат қилса бўлади.

ҚАЙ ҲОЛЛАРДА ЮҚМАЙДИ?

Ҳаво орқали, бемор билан сўзлашганда, акса урганда, қўл билан кўришганда, умумий идиш-товоқлардан фойдаланганда юқмайди. Зеро, вирус фақат қон орқали ўтиши мумкин.

В ГЕПАТИТИ ЭР ЁКИ ХОТИНДА БЎЛСА...

...юқиш эҳтимоли қай даражада? Мазкур саволга жавобан мутахассислар қуйидаги фикрни билдиришди: агар эр ёки хотин жинсий аъзоларида шамоллаш бўлса, қонда ТОРЧ инфекцияси кузатилса, соғлом турмуш тарзига риоя қилинмаса, тартибсиз жинсий ҳаёт олиб борилса, бир-бирига юқиш эҳтимоли ортади. Бордию касалланган эр (ёки хотин) даволовчи шикофор кўрсатмаларига амал қилиб, жинсий ҳаёт тарзини тўғри олиб борса, хавф омилининг олдини олиш мумкин.

ҲОМИЛАДОР БЎЛИШ МУМКИНМИ?

Жигар хасталиклари, хусусан, гепатитнинг барча турлари бир умрлик ҳукм эмас! Зарур муолажаларни олиб, шифокор тавсияларига риоя қилинса, ҳомиладор бўлиш мумкин. Тиббиётда В ва С гепатити билан оғриган аёлларнинг фарзанд кўриш ҳолатлари кўплаб учраб туради. Бунда аёл инфекционист ва гинеколог назоратида тиббий текширувлардан ўтиб, ҳомиладорликни режалаштириши лозим. Агар гепатит эркакда бўлса-ю, аёлига юқмаслиги назорат қилинса, фарзанд кўриш учун чекловлар йўқ.

Беморлани руҳий қўллаш

Азизбек АҲРОРОВ, руҳшунос:

— Бу каби вазиятдаги айрим кишилар уларга ачинишларини исташади. «Менга қанчалик қийин эканлигини билмайсан» қабилидаги сўзлар билан бошларини силашингизни хоҳлашади. Агар эрингизда шундай кайфият бўлса, унга ачинаётганингизни билдирманг. Қайтанга ўзини қўлга олиши учун кўмак беринг, «Мен сизга ишонаман. Сиз албатта, соғаясиз!».

Бордию эркак қаттиқ тушкунликка тушиб қолган бўлса, хатти-ҳаракатларидан билиб олиш мумкин. Оила даврасида овқатланмайди, кўпинча ёлғиз қолади, яширинча йиғлаб олиши ҳам мумкин. Арзимас нарсаларга ҳам «ёпилиб» қолади. Депрессия аломатлари сезилаётган бўлса, руҳушнос кўмаги зарар қилмайди.

Айрим беморлар «Мен кучлиман. Менга ҳеч кимнинг ёрдами керак эмас. Бир кун бу ҳолатдан чиқиб кетаман, лекин қачонлигини билмайман» тарзида ўзларини тутишади-ю, аслида қўрқувларини ошкор қилишни исташмайди. Қўрқўв – касалликни бошқаларга юқтириб қўйишдан чўчиш. Бундай вазиятда турмуш ўртоғингиздан сўраб кўринг, уйда қандай шароит бўлишини истайди? Қай ҳолатда ўзини хотиржам сезади? Тўғри, бу тиббиёт нуқтаи назаридан у қадар муҳим бўлмаслиги мумкин. Лекин беморнинг руҳиятига асқотади. Эркакни касаллик кайфиятидан бутунлай чиқариб олиш қийин. Аммо шундайлигича ташлаб қўйиш ҳам ярамайди. Асосийси, ҳовлиқманг, уни ҳам саросимага солманг. Биламан, осон бўлмайди, бироқ жуфтингиз учун ўзингизни хотиржам тутишга ҳаракат  қилинг. Касаллик ҳақида яхши маълумотларни айтинг, соғайган инсонларнинг ҳаётидан сўзлаб беринг. Токи унда ҳам яшашга иштиёқ сўнмасин. Яқинларингизга ҳам тайинланг, эрингизга ачиниш назари билан қарашмасин. Унутманг, беморнинг руҳиятини даволашга эришсангиз, тиббий муолажалар яхши самара беради. Зеро соғлом руҳиятда гап кўп.

ЭРКАККА ҲАМ ИККИ ОҒИЗ СЎЗ:

— Ҳаётда нималарни мақсад қилгандингиз? Ўйлаб кўринг. Жиддий хасталик, буни ҳеч ким инкор этмайди. Бироқ шу билан ҳаёт тугади дегани эмас-ку! Аввалгидек орзуларингизни амалга оширишга интилинг. Майли энди уларни бошқа йўл билан рўёбга чиқарарсиз. Касбингиздан кўнгил узолмасангиз, шу соҳанинг бошқа кўринишларини ҳам ўйлаб кўрса бўлади. Унутманг, сизнинг кайфиятингиз оилангизга ҳам таъсир қилади. Фарзандларингизнинг келажаги учун ҳам таслим бўлишга ҳаққингиз йўқ.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка