«СОЧГА ОҚ ТУШГАНДА КЕЛГАНИНГ АЛАМ»

devushka-bryunetka-zakolka-ptica-spina-Favim.ru-14929
Қалбга зардоб бўлиб тўлганинг алам,

Гоҳи очилмасдан сўлганинг алам.

Муҳаббат, муҳаббат, ҳаммасидан ҳам

Сочга оқ тушганда келганинг алам.

Муҳаммад Юсуфнинг шу шеърини ўқиганда йиғлагим келаверади. Худди менинг ҳолатим баён қилингандек. Эндигина ўттиз иккига кирган, ҳали навниҳол жувонман. Сочимга оқ оралашига анча бор, аммо кечиккан ишқ балоси мени тамом қиляпти.

Мактабни, лицейни, олий ўқув юртини тамомлагунимча эрга тегиш ҳақидаги гапларни умуман эшитгим келмасди. Бундай қарасам, ёшим йигирма бешга яқинлашяпти, аммо мен кутган шаҳзодадан дарак йўқ. Уйдагилар ўтириб қоляпсан, деб безор қилиб юборишди. Охири ортимдан анчадан бери эргашиб юрган йигитнинг оила қуриш таклифига рози бўлдим. Уни севаман дея олмасдим, аммо яхшигина оиланинг фарзанди, тайинли иши бор, топиш-тутиши ҳам жойида… Хуллас, тўй бўлди.

Эрим мени жуда яхши кўрар, қўйгани жой тополмасди. Қайнонам ҳам ўғлини бахтли қилаётганим учун меҳр қўйиб, оғзидан бол томиб мақтарди. Тўйимизнинг бир йиллигига эрим автомашина совға қилганда дугоналаримнинг ҳавасу ҳасаддан ёрилай деганларини кўриб, бошим осмонга етганини ҳануз эслайман. Бир сўз билан айтганда, фаровон ва тинч турмуш кечира бошладик. Фақат… Ҳомиладор бўла олмаётганимдан жуда сиқилардим. Аввалига эрим ҳали ёшмиз-ку, қўявер, вақти-соати билан бўлар, деди. Уч йилдан кейин у ҳам хавотирлана бошлади. Бирга шифокорга бордик, ҳамма текширувлардан ўтдик. Тайинли бир сабаб топилмади. Эр-хотин шифокорнинг айтганларини баравар амалга оширдик, аммо натижа бўлмади. Мана, етти йилдирки қаратмаган шифокору табибимиз қолмади. Оналик бахтидан бебаҳраман. Бундан эзилган, дунё кўзимга тор кўринган пайтлар қайнонам юпатардилар:

— Жон қизим, яккаю ёлғиз ўғлимга сиздек келин келганидан Яратганга минг шукрлар қиламан. Туғмаяпсан, деб юзингизга солмайман. Фарзанд билан давлатнинг эрта-кечи йўқ. Худо хоҳласа, қўша-қўша болалик бўласизлар. Биздан кўнглингизни хира қилмай, хотиржам яшайверинг.

Айрим дугоналарим тўйдан бир йил ўтиб туғиб бермаса, қайнонаси ва эри бошига ит кунини солганини эшитгандим. Шунинг учун қайнонамга меҳрим товланиб кетди. Бироқ…

Ҳаётим рангсиз, туссиз, мақсадсиз эди. Эримни ҳурмат қилардим, лекин уни севмаслигимни тобора теранроқ англаб борардим. Ишлай десам, нима етишмаяпти сенга деб рухсат беришмади. Қизил дипломим чанг босиб ётганини кўриб: «Эҳ аҳмоқ, ўқийман деб умрни ўтказиш зарурмиди? Ёшроқ турмушга чиққанимда балки оналик бахти насиб этармиди?!» — деб ўзимни ўзим койирдим. Шундай кунларнинг бирида…

Тасодифан телефонда бир йигит билан танишиб қолдим. Гаплашиб юрадиган қизи билан исмимиз бир хил, телефон рақамларимиз ҳам бир-бирига яқин бўлгани учун узоқроқ суҳбатлашиб қолдик. Эртасига у яна қўнғироқ қилди. Уйда зерикиб ўтирганим учун гаплашавердим. Кейин бу ҳол ҳар куни такрорланадиган бўлди. У мендан етти ёш кичик эди. Аввалига опа-укадек гаплашиб юраверамиз, дедик. У менга қизлар билан муносабатидан сўзлар, мен ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб ўзимча маслаҳатлар берардим. Бора-бора Сардорнинг қўнғироғини кутадиган, қилмаса, бир нарсамни йўқотиб қўйгандек асабийлашаверадиган бўлиб қолдим. Бу нотўғри эди. Аммо унга нисбатан юрагимда илиқ туйғу уйғонганини тан олмай иложим ҳам йўқ эди. Охири, учрашишга қарор қилдим. Кўришсак, бир-биримиз ҳақимиздаги тасаввурлар чил-парчин бўлса-ю, ҳаммаси тугаса деб ўйладим. Бир куни бозорга кетаётганимда унга қўнғироқ қилдим. Кўчада кутиб турадиган, йўл-йўлакай машинамда уни ҳам олиб кетадиган бўлдим. Учрашдик…

Бу хато эди. Йўқ-йўқ, учрашувимиз, бир-биримизни севиб қолганимиз эмас, ундан аввалроқ туғилганиму, бир-биримизни кеч учратганимиз хато эди. Ўша куни суҳбатимиз ҳар доимгидан ҳам жўшқинроқ кечди. Биз икки танда яшаётган бир юрак эдик гўё. Бир-биримизни сўзсиз тушунар, англар, ҳис қилардик. Шундан кейин ҳаммаси алғов-далғов бўлиб кетди. Гаплашмасак, бир кун ҳам туролмасдик. Телефондами, интернетдами ёки бирор баҳона билан учрашибми, хуллас, икки оғиз бўлса ҳам сўзлашишимиз заруратга айланди.

У Россияга ишлагани кетадиган бўлди. Бу хабардан дарди дунёим қоронғи бўлганини таърифлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Кетишидан олдин учрашувга чақирди. Чиқдим. У ёлғиз эмасди, бир нуроний отахон билан чиққанди, бобоси экан. Унга оилалик эканимни айтмадик, албатта. Отахон бизни дуо қилди, сиздек келиним бўлишини орзу қиламан, деди. Йиғидан зўрға ўзимни тутдим.

Орамиздаги масофа узоқлашган бўлса-да, юракларимиз янада яқинлашди. У мени ўзига тегишли деб ҳис қилар, хавотир олар, рашк қилар ва тергарди. Етти йил турмушимиз давомида бирон марта эримдан фалон жойга бориб-келсам майлими деб сўрамагандим. Сардорга эса ҳар бир қадамим ҳақида ҳисоб бераман. Кетаётганимни қўнғироқ қилиб айтаман, фалон соатда уйда бўлишинг керак, дейди, қайтганимдан сўнг яна телефон қиламан. Очиғи, бу менга ёқади. Эрим эса менга юз фоиз ишонганидан кўнглимда нималар кечаётганини билмайди ҳам. Бироқ охирги пайтлар у ҳам ўзгариб қолгансан, деяпти. Албатта, ўзгарганман. Умримда биринчи марта севиб қолдим, ахир.

Йигирма уч ёш йигит нимани ҳам биларди, шунчаки ҳавас-да бу деяётгандирсиз. Бу гапни менга кўпчилик айтди. Сардор эса оилам билан ажрашишимни, хорижга бирга олиб кетишни таклиф қилди. Буни онамга айтганимда, тўғри йўлга қайтишимни, эсимни йиғиб олишимни роса илтимос қилди. Онамнинг айтганлари тўғрилигини биламан. Ҳеч ўзимни тута олмаяпман. Назаримда, бефарзандлигим ҳам бежизга эмас. Аллоҳ эрим билан узилмас ришта орқали боғланиб қолишимга йўл қўймагандек эди.

Сардорга истиҳолаларимни айтдим. Орамиздаги ёш фарқини, мен оила кўрган жувонлигимни, эл-юрт гап-сўзларини, ота-онасининг орзу-ҳаваслари борлигини… «Ундай бўлса, мен ота-онамнинг орзу-ҳаваси учун бир қизга уйланаман, сени эса иккинчи хотин қилиб оламан, ажраш», — деди. Мен бунга рози бўлолмайман. Севганимни бошқа аёл билан бўлишиб яшаш учун гулдек оиламни барбод этиб, ота-онам қарғишини оламанми? Орада қурбон бўлаётган бир бечора қизнинг бахти-чи? Лекин юрагимдан бу телба ишқни юлиб ташлай олмаяпман. Аро йўлда қолганман. Нима қилай? Маслаҳат беринг!

Мутахассис маслаҳати

Амалиётчи руҳшунос Шаҳноза Ҳалилова:

— Бу ерда иккита муаммо бор. Уларнинг ҳар қайсиси бир-биридан алоҳида, мустақил тарзда ечилиши керак. Аввало, қаҳрамонимизнинг оиласидаги муаммолар. Мен оиланинг сақланиб қолиши тарафдориман. Бироқ ҳаётда ажралишлар кузатилади, бу эса баъзи-баъзида никоҳни сақлаб қолиш имкони йўқлигини кўрсатади. Қаҳрамонимиз, биринчи навбатда, эри билан муаммоларини ҳал қилсин. Бордию оилани сақлаб қолишга имкон қолмаган бўлса, дарров бошқа инсон билан умр ришталарини боғлашга шошмаслик керак. Бироз танаффус қилиб, совиб, хатоларни англаб, янги ҳаётга руҳан тайёрланиб, кейин оила қуриш мақсадга мувофиқ.

Ўзидан анча кичик йигитга кўнгил қўйгани эса — иккинчи муаммо. Тўғри, ёш катталашган сари сифатга талаб ошади. Энди бир вақтлар муҳаббатсиз турмушга чиққан эрининг камчиликлари яққолроқ кўринаётган, унинг фонида ёш йигит ёқимлироқ туюлаётган бўлиши мумкин. Аммо қаҳрамонимиз реал инсонга эмас, ўз тасаввуридаги идеалга ошиқ бўлган, Сардорда шу идеални кўраяпти. 23 ёш эркак киши учун тажриба борасида катта муддат эмас. У ўзини тажрибали, етук аёлнинг эри ўрнида кўришни, унга эгалик қилишни, хуллас, катта эркак ролини ўйнашни истаяпти. Ёш фарқи катта бўлган никоҳларда оғир юк ҳамиша ёши катта одамга тушади, қаҳрамонимиз ёш йигитга турмушга чиқишни ўйлаётганда буни ҳам унутмаслиги керак. Иккинчи хотин бўлиш таклифини умуман эътиборга олмасликни маслаҳат берардим. Хуллас, бу йигитни деб оилангизни бузманг. Аввало уни сақлаб қолишга ҳаракат қилинг. Борди-ю бунинг иложи топилмаса, сиз бошқани севиб қолганингиз учун эмас, оилангиз ўз ички имкониятларини еб-битиргани ва никоҳингиз амалда барбод бўлгани сабаблигина ажрашишни қайсидир маънода оқлаш мумкин.

Шаҳина оққа кўчирди

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка