ЁДГОР САЪДИЕВ: «КАСБИМ МЕНГА ТАСАЛЛИ БЎЛАЯПТИ...»

photo 2016-04-21 18-16-19Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор САЪДИЕВ кўпчилик қатори менда ҳам жиддий, виқорли инсон сифатида таассурот уйғотган. Эҳтимол у «Асадбек» тимсолида муҳрланиб қолгани учун ҳам шундайдир. Аммо «Келинлар қўзғолони» спектаклидаги ролини эсласам, беихтиёр лабимга табассум югуради. Суҳбатдошимнинг самимий, хушфеъл инсон эканлиги, айниқса, ҳазилкашлигини «Учрашув» давомида кашф қилолдим. Ҳаётида юз берган сўнгги воқеалар таъсиридан кўзларидаги ғамни пайқаш қийин бўлмаса-да, у таслим бўлаётгани йўқ.

Қўнғироқ қилганимда ёшлар билан ижодий учрашувда эдингиз. Сир бўлмаса, нималар билан бандсиз?

Яқин кунларда Эркин Хушвақтов қаламига мансуб «Гулизорим» асарини саҳналаштириш ниятидаман. Аслида, бу ишга анча аввал қўл ургандим. Бироқ айрим сабаблар туфайли фурсати бўлмади. Спектаклда бош ролларни Ўзбекистон халқ артистлари Гулчеҳра Жамилова ва Ёқуб Аҳмедов ижро этиши режалаштирилган. Гулчеҳра анча вақтдан бери театрда роль ўйнамай қўйганди, лекин бу асарга розилик билдирди. Театрнинг вилоятлардаги ижодий сафарларининг ташкилий ишларида қатнашаяпман. Бир-иккита асар бор қўлимда, уларни ҳам ўқияпман. Ҳозирча шулар. Илгари театримиз вилоятларга 40-45 кунлаб ижодий сафарга чиқарди. Шу анъанани яна тикламоқчимиз.

 «Гулизорим» спектаклида ўзингиз ҳам иштирок этасизми?

Йўқ, мен фақат саҳналаштирувчи режиссёр сифатида ишлайман.

Яратган образларингизни томоша қилганимда, гарчи у салбий бўлсада, худди атай яхши фазилатини излаб топаётганга ўхшайсиз?

Аксарият образларимда ўзимман. Салбий қаҳрамонларимга ҳам феълимдан бирор нимани қўшаман. Ҳар бир образим шу миллатнинг вакили – одамларимизнинг ёмон тарафларини кўрсатгим келмайди. Феълим шунақа. Ёмон билан яхшини солиштирганда кўп нарсалар аён бўлади дейишингиз мумкин. Лекин яхши деганингизни ҳам бирор камчилиги, аксинча ёмон кишининг ҳам ижобий томонлари бўлади ахир. Мен кўпроқ яхши фазилатларини олишга ҳаракат қиламан.

Балки шунинг учун ҳам Асадбекни ёмон кўра олмагандирмиз?

Эҳтимол... Асадбек ижобий қаҳрамон эмас. Инсонга ҳаётни Яратган беради. Ва унинг Ўзигина бандасининг тақдирини ҳал қилиши мумкин. Ярамас, каззоб одам бўлса ҳам ҳаётига нуқта қўйиш, тажовуз қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бир сафар мендан сўрашганди «Асадбек қандай инсон?» деб. У гуноҳкор банда деганман. Шунинг учун ҳеч қачон бу қаҳрамонимни ижобий дейишга журъат этолмайман. Асадбекнинг ички олами шундай, тез ҳаракат қилади, ўқилон у. Бу асар ёшларни турли хил таъсирлардан ҳимоялаш учун суратга олинган. Асадбекка ўхшаб тузоққа тушмасин, шунча мол–давлати бор, аммо фильмда бирор марта бўлса ҳам кулганини кўрмайсиз. Чунки жиноят кўчасига кирган инсоннинг ҳаёти ғурбатдан иборат бўлади. Эсласангиз, картинада Муҳиддин отанинг бир гап бор «Асли, бу палаги тоза оиладан эди». Қатағон пайтидаги муҳит уни шу ҳолатга туширган.

Қаҳрамонларингизнинг ички оламига қай даражада кирасиз?

Ростини айтсам, ижро этган образларимнинг ички дунёсига кирмайман. Ҳар бирини ўзимдаги ҳислатларга таяниб, чиқариб беришга ҳаракат қиламан. Шунда ҳаётийроқ бўлади. Муаллифнинг кўрсатмаси ёки фикрларига кўнглимдан келиб чиқиб ёндашаман. Аслида, актёр шундай бўлиши керак.

Дуч келган фильмда суратга тушиб кетавермаслигингизни биламиз. Роль танлайсизми, сценарий, режиссёр ёки характер?

Ҳаммасини. Энг аввало асардан келиб чиқиб ёндашаман. Бу режиссёр бундай, анавиниси бошқача дейишдан йироқман. Асар маъқул келса, ролимга жон киритишга ҳаракат қиламан. Ёқмаса йўқ. Ҳеч қачон маблағ тўплаш учун ўйнамаганман. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Асар ёқмаса, кўнглимга ўтирмаса қанча маблағ таклиф қилинса ҳам розилик бермайман. Феълим шу. Пул учун ўйнайдиган актёрлар ҳам бор. Мен бундай ишни ёқтирмайман, рости.

Театрга қайтганингиздан сўнг ижро этаётган ролларингиздан мамнунмисиз?

Театрга қайтганимдан кейин «Имон» спектаклида ўйнадим. Ҳозирча бошқа роль ижро қилганимча йўқ. Насиб қилса, бу йил яна бир роль яратаман. Театримизда ёш актёр-актрисалар кўпайганини кўриб, хурсанд бўлдим. Бироқ бу даргоҳга, шунчаки, хобби сифатида қарамасликларини истардим. Ёшлик пайтларимиз режадаги спектаклдан ташқари ҳам ўз устимизда ишлардик. Менимча, бугунги ёшларга ҳам шу керак, иқтидорини чархлаш, тажриба орттириш. Ҳадеб туртганингиз билан иш битмайди.

 «Туринг, князь сизни буюк ишлар кутмоқда!» эсладингиз-а?

Устозим Наби Раҳимовнинг гапи. У киши мени князь деб чақирарди. Нега шундай дейсиз десам, «Князсиз-да» дерди. Наби ака отам раҳматли билан дўст бўлишган. Дўстимдан қолган ёдгорим, дебми ёки характеримдан келиб чиқибми «князь» деб чақирарди. Кўпчилик мени виқорли деб ўйлайди. Мана сиз билан бафуржа суҳбатлашиб ўтирибмиз. Лекин тез қуюшқондан чиқиб кетадиган одатим бор, буни тан оламан. Шундай бўлса-да, тез ўзимга қайтоламан. Кимнидир дилини оғритиб қўйсам, кечирим сўрашдан уялмайман. Наби ака алоҳида дунё, устозлар ичида халқчил актёрлиги билан ажралиб турарди. Шукр Бурҳоновнинг ўзига ярашган салобати, Олим Хўжаевнинг ўзига хос «хўжа»лиги бор эди. Наби ака қаерга бормасин, одамлар билан тил топишиб кетарди. «Туринг, князь, бир Марғилонларга бориб, анжир еб келмаймизми?» дерди. Анжир пишса, анжирга, тут пишса тутга борардик. Атай водийга бориб, меваларга тўйиб қайтардик. Минг ой умр кўрдилар. Мен ҳам яратгандан шуни сўрайман. Устозларимдан кўп нарсаларни ўрганганман. Энг биринчи устозим – Миллий театр, ундан ҳали ҳам ўрганаяпман.

Театр билан устоз–шогирд тутинганингизга қанча бўлди?

Биринчи марта 1968 йил имана шу театрга қадам қўйганман. Ўшанда Шатровнинг «6 июль» номли спекталидаги оммавий саҳналарга бизни олиб келишган. Ана ўшандан бери шу театрдаман. Орадаги 15 йилни айтмаса, «устозим»дан узилганим йўқ. 15 йил мобайнида «Қалқон» студиясида бадиий раҳбар бўлиб ишладим. Кейин яна жонажон даргоҳга қайтдим. Ўтган йиллар давомида ижод билан банд бўлиб, бўш қолганим йўқ. Саҳнага чиқмаган бўлсам ҳам ҳар ҳафта театрга келиб кетардим. Ички ҳиссиётларим учун орада узилиш бўлган эмас. «15 йил саҳнага чиқмади, бу нима бўларкин?» деганлар ҳам бўлди. Келишим билан жамоадан ёрдам сўраганман «Агар бирор нарсани унутиб қўйган бўлсам, айтинглар» деб. Бундай уялган эмасман. «Имон»да роль беришганида Олим Хўжаев ижросини эсладим. Телевидениеда айнан шу асарни Зикр Муҳаммаджонов ижро қилган, мен у кишининг ўғли Орифни ўйгандим. Буни қарангки, фурсати келиб худди шу асарда профессор Комилов ролини яратдим. Томошабинлар яхши кутиб олишаётганидан хурсандман. Келгуси ижодимни ҳам кутишаётганини биламан. Бу ўзимга ҳам керак. Чунки вақт ўтиб кетаяпти. Илгари кинода 4-5 йилда битта катта роль ижро этардим. Ҳозир бу фикримдан ҳам қайтдим. Фильмларда ҳеч бўлмаганда битта, театрда эса камида иккита роль ўйнашни мақсад қилаяпман. Бошимга қандай ғам-ташвиш тушмасин, шу ижод билан яшаб туришга ҳаракат қилаяпман. Касбим тушкунликка тушиб қолишдан ушлаб турибди. Яқин инсонимни йўқотдим... Ўзимдан ўтаётганини ўзим билаяпман. Деярли ҳар куни театрдаман.

Ярангизни янгилаётган бўлсам узр. Зайлихон опа билан «Sug‘diyona»нинг лойиҳаларидан бирида учрашгандик. Иккингизнинг муҳаббатингиз, тўйдан кейинги ҳангомаларни сўзлаб бергандингиз.

Яратганнинг хоҳиши шу экан. Ўзимга сабрдан бошқасини тилолмайман. Ичимдан ўтаётганини душманимга ҳам раво кўрмайман. Ҳаёт бу... сабр ва ўтганларнинг ҳаққига дуо қилиш, шуларга амал қилаяпман. Ижодим синиб қолмаслигим учун тирговуч бўлаяпти.

 Бундан буёғига фарзандларингиз бахтига сиз соғ бўлинг! Боя келганимдаfoto220
қизингиз билан суҳбатлашаётгандингиз-а, адашмасам? Дўстларча муомалангизни кўриб ҳайрон қолдим, қаттиққўл ота бўлсангиз керак дегандим-да.

Ҳеч қачон болаларга қаттиққўл бўлмаганман. Уларнинг тарбияси билан кўпроқ онаси шуғулланган. Шукр, иккиси ҳам оқил, доно фарзандлар. Ҳаётнинг оқу қорасини ажрата олишлари билан фахрланаман. Ўғлим Ҳабибуллоҳ Ислом университетининг доктарантурасини тугаллаяпти. Насиб қилса, докторлик ишини ёқлайди. Қизим Муниса божхона соҳасида ишлайди. Набираларимнинг ҳаммаси аълочи. Зарина, Маҳбуба, Азиз, Асл жону жаҳонларим менинг. Қизимнинг кенжаси Робияхон менинг овунчоғим. Худди Зайлининг болалигига ўхшайди. Аллоҳ бирини олиб бирини беради дейишади-ку...

Яратгандан сўраяпман, набираларимнинг тўйини кўриш насиб қилсин. Бу бувисининг ҳам нияти эди. Унинг ўрнига ҳам мен улар учун яшашим, уларнинг қувончли кунларида ёнида бўлиши керак. Фарзандларим, набираларим ҳаётимга тасалли бўлишаяпти. Аввал бир кунда 2-3 маҳал қўнғироқлашган бўлсак ҳозир 4-5 марта боғланиб турамиз. Борларига шукр! Тўғри бу қайғунинг ўрнини 100 фоиз босмайди, лекин қайғуни шу даражага етказмайди.

Ниятларингизга етинг!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка