«ОТАМ МЕНИ КАЛТАКЛАЙДИ...» ЁХУД БЎЙИ ЕТГАН ҚИЗНИНГ НАДОМАТЛАРИ

74837085 Beauty  Sadness
Мавжуда, 18 ёш:
— Оилада 4 фарзандмиз. Икки акам ва бир укам бор. Атрофимда шунча ишонганларим борлигидан аслида қувонишим керак. Лекин буни бирор марта ҳам ҳис қилмаганман. Чунки ака-укаларимнинг ҳаммаси ўзича мени тарбияламоқчи, йўриғига солмоқчи бўлади. Ҳатто дадам ҳам уларни қўллаб-қувватлайди. Онам эса мени оиламиз эркакларининг важоҳатидан ҳимоя қила олмайди.

Яқинда жуда хунук воқеа содир бўлди. Мен акаларимнинг гапи билан отамдан калтак едим... Бўйи етган қиз, калтак ейишга сабаб бўладиган бирор иш қилгандир-да, дерсиз. Бу йил коллежни битирдим, ишонасизми-йўқми, умримда бирор марта кинотеатрга тушиб, фильм томоша қилмаганман. Бирор дугонамникига меҳмонга бормаганман, мактаб ва коллежга ўқиш учун тўғри бориб, тўғри келардим. Чунки дадамдан ҳам аввал акаларим ҳеч қаерга рухсат беришмайди. Хуллас, коллежни тугатганимиздан сўнг гуруҳдошларим битирув оқшоми ўтказиш тараддудини кўра бошлашди. Имтиёзли диплом олдим, лекин ҳечам хурсанд эмасдим. Мени ҳеч ким кечага таклиф қилмади, чунки барчага беш қўлдек аён: барибир менга рухсат тегмайди ва бормайман. Ичимдан зил кетган бўлсам-да, ўзимча онамга дардимни айтиб, байрамга боришим учун уйимиздагиларни кўндирмоқчи бўлдим. Онам бечора менга раҳми келиб, кундуз куни бўлганида «Ҳеч кимга айтмай бориб келардинг» деб қолди. Буни гуруҳ сардоримизга айтганимда ҳамма бир овоздан қарсак чалиб юборди. Ўзимда йўқ хурсанд, икки ҳафта давомида тайёргарлик кўрдим. Онам иккаламиз холамнинг қизидан кўйлак сўраб турдик. Сочимни турмакласам, сезиб қолишади, деб майда ўриб ётдим. 11 ёшли укам билан бир хонада ухлаймиз. Битирув базми куни эрталаб укам бошқачароқ эканимни сезиб қолибди. «Қаёққа кетмоқчисан?» деб сўрайверди. Юз-қўлимни ювиб келгунимча, кароват тагидан кўйлакни топиб олиб, беркитиб қўйибди. Роса йиғладим. «Ҳеч кимга айтма, бугун битирув байрамим бўлаяпти, бир марта, умримда бир марта борай» дедим. Укамнинг раҳми келгандек бўлиб, «Ойимга айтган бўлсанг, майли бор. Фақат 15:00 гача уйда бўл», деди. Байрамга одмигина, бировнинг кўйлагида, ўрилган соч билан бордим. Ўртоқларим «Сочларинг узун, чиройли, ўримларингни ечсанг, жамалак бўлади», деб қўярда-қўймай кокилларимни ечишди. Бир дугонам юз-кўзимни бўяб қўйди. Аксига олиб, тадбир ҳам бошқа ўртоқларим келавермагани учун бошлана қолмасди. Соат 15:15 лар чамаси. Умримда биринчи марта даврада рақс тушаётган маҳалим икки акам ва укам етиб келиб, силтаб олиб чиқиб кетишди. Дўстларим ортимдан чиқиб, акаларимни қолишимга кўндирмоқчи бўлишганди, ўртанча акам икки гуруҳдошимни дўппослай кетди. Уларни зўрға ажратиб олдик. Таксига ўтириб, роса йиғладим. Улар сочимни йиғиб олишимга ҳам қўйишмади. Шу ҳолатда дадам кўрсин, деб турткилаб уйга олиб келишди. Ойим уйда бўлмагани учун дадам мени калтаклаганини кўрмади... «Институтга кириш ҳақида ўйлама ҳам! Ўртоғимнинг ўғлига узатаман, икки ойдан кейин эрга тегасан!» деди отам.

Хўш, МУАММО нимада?

Онага: Она — оиладаги иқлимни мўътадиллаштирувчи, муносабатларни мувофиқлаштирувчи шахс. Бу ерда эса оналикнинг ушбу функцияси умуман бажарилмаётганлигини кўриш мумкин. Она ҳимоя қилмаса, акалар ўзига тегишли буюмдек муомала қилса, ҳурмат қилмаса, ука ён босмаса, ота бўй етган қизни калтакласа, бир навниҳолга шунча муаммо оғирлик қилмасмикан, ҳаётдан кўнгли совиб кетмасмикан? Онаси, сиз ҳаётга келиб нима кўрдингиз? Турмуш ўртоғингизнинг бошқа бир кўчада яна бир оиласи борлиги боис, 4 болангиз билан сизни ёлғиз ташлаб кетмаслиги учун унинг ҳамма зуғумларига кўниб яшашдан бошқа нима қилдингиз? Нимадан бунчалар тилингиз қисиқки, ўзингиз дунёга келтирган ўғилларингизни синглисига меҳрли бўлишга ўргатолмайсиз, унга қўриқлаш ва калака қилиш объекти сифатида қарамасдан, ҳурмат ва ҳимоя қилиш кераклигини тушунтиролмайсиз? Ўғилларингизга кундошингизнинг ўзига қараб, ҳар ерда очилиб-сочилиб юришини айтавериб-айтавериб, барча қошига қалам тортган, кафега борган аёллар ёмон йўлга кириб кетади, деган фикрни сингдиргансиз. Эҳтимол, қизингизнинг шунча йилдан бери юзингизни ерга қаратмагани, аъло ўқиб имтиёзли диплом олгани, сизлардан фақат бир мартагина рухсат сўраётганини отасига айтганингизда, у ҳам дарров жазавага тушмаган, камарини ечиб, уни саваламаган бўлармиди?

ОТАга: Дунёни ҳамма ўз қаричи билан ўлчайди, дейдилар. Сизни бутун маҳалла уч хотинли бойвачча,  деб билади. Ўғилларингиз бу қадар ўзига ишонч билан ҳаракат қилишида етарлича асос бор. Улар сизга қарши боришолмайди, чунки катта пул бериб, оғизларини мойлаб турасиз. Ҳар бири отамга ёқай, бошқа болаларига кетиб қолмасин, деб ўзини яхши кўрсатишга уринади. Сиз отага уят, тагингизда машина, қўша-қўша уй-жойингиз бўла туриб, эрта-индин уйингиздан кетадиган, муваққат меҳмонингиз — қизингизга алоҳида бир хона ажратиб бермагансиз! Ҳатто энг қўли калта одам ҳам қиз бола эркин ҳаракат қилсин, ака-укалари орасида қисиниб юрмасин, деб шароит яратиб қўяди. 11 ёшли йигитчани қоровул қилиб қўйишдан нима маъно? Нимадан бунча қўрқасиз? Агар қизингизни яхши билмаганимда, отасининг ишончини йўқотгандир-да, деб ўйлаган бўлардим. Бир байрамга бесўроқ боргани учун уни ҳатто ўқишга ҳужжат топширишдан, олий маълумот олишдан мосуво қилишга ҳақлимикансиз?

АКА-УКАЛАРга: Эҳ, акалар, сингилни уриб, қўрқитиб, бақириб-чақириб тарбиялаб бўлмайди-ку! Синглингиз ўзи учун бегона даврада ўтирган бўлса ҳам майлийди. Нима, сиз ўзингиз ўтиришларга бормайсизми? Синфдош, курсдош қиз билан гаплашмайсизми? Улар билан мулоқот асносида хаёлингизда фақат ёмон нарсалар бўладими? Нега одамларга ишонмайсиз? Биттагина синглингиз бор, ўзингиз тараллабедод юришни, кечаси 2да уйга келишни биласиз-у, унинг 3 соатли байрамини кўролмайсизми? Чиндан ҳимоя қилишни истар экансиз, бирор жойга борадиган бўлса, ярим соат вақт ажратиб, уни олиб бориб қўйинг, қайтишда олиб келинг. Ахир, бир эмас, уч ака-укасиз! Синглингизни шунчалик рашк қилсангиз, эртага уни куёвга қандай узатасиз? Ёки сизга барибирми? Эри ҳам хўрлаб, отангиз каби урса, сиз каби унинг эркинлиги-ю, истакларини топтаса, хурсанд яшайсизми?

Жабрдийда ҚИЗга: Мавжуда, ўзингизни кўп ўкситманг. Кўпинча ота уйида қаттиқ тазйиқ остида ўсган қизлар турмушга чиққач, ҳаловат топади, кўксига шамол тегади. Кўча-куйда ҳар хил одам бор, бунинг устига, отангиз сизнинг тақдирингизни ўйлаб бунчалик қайғуриши учун ўзига хос сабаблар бўлиши мумкин. Мана-ман, деган эркакнинг ҳам энг нозик ва ожиз томони — бу қизининг шаъни, ор-номуси. Акаларингиз ва сиз дўст деб ўйлаб сир айтган укангиз, дадангиз эсон-омон эгангизга бориб олишингизни исташади. Мавжуда, атрофингизга қаранг, қанчадан-қанча ўртоғингиз оиласидаги эркинлик туфайли турли қийин вазиятларга тушиб қолаяпти. Акалару укалар, дадангиз мана шундай нохуш вазиятларга тўсиқ бўлиш учун сизга қаттиққўлдирлар. Ўша куни ёқавайрон қизини ўғиллари олиб келиб олдига ташлаганида, отангиз гапнинг индаллосини эшитмай, ғазабдан нима қилаётганини ўзи билмаган бўлиши мумкин. Сиз ўзингизга, истакларингизга бошқаларнинг ҳурмат билан муносабатда бўлишини истасангиз, улардан қўрқманг. Гоҳида баъзи нарсаларни илтимос қилиб туринг, улар қизиқаётган масалаларга ўз фикрингизни билдиринг. Сизда ҳам истак борлигини улар тушунишсин.  Энг муҳими, олий ўқув юртида ўқишдек катта мақсадингиз олдида осонгина таслим бўлманг!

Хулоса: Бўйи етган қизларниг руҳияти нозик, шаффоф шишадек бўлади. Номини асрайман деб, сизга бўлган меҳрини, ҳаётга бўлган муҳаббатини, одамларга бўлган ишончини синдириб қўйманг!

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка