АЛДОҚЧИ КУЁВЛАРДАН ҲУШЁР БЎЛИНГ!

paren-sdevushkoy
Бугун атрофимизда намунали оила қуришга тўсқинлик қиладиган омиллар етарлича. Кимдир мард йигитлар камайиб кетганини, яна кимдир қайноналарнинг келинларига қўяётган талаблари ақлга сиғмаслигидан нолийди. Бошқалар интернет, телефон деган бало чиқиб, одамларни асл мақсаддан чалғитаётганини, эркаклар ва, ҳатто, аёлларнинг оилага хиёнат қилишига сабаб бўлаётганини тушунтирмоқчи бўлади. Келинг, қизларжон, бу сафар кундалигингизга учрашувга чиққанда қандай ваъдаларга алданмаслик лозимлиги, сўнг бармоқ тишламаслик учун нималар қилиш кераклигини ёзамиз.

Иккилансангиз, ишонсангиз ва ҳатто севсангиз ҳам суриштиринг!

Оилангиз ва кўнглингизга бирор номзод ёқиб турибди. Иккиланаяпсизми? Суриштиришга ҳаққингиз бор. Ахир кўйлак сотиб олганда ҳам нечта дўконга кириб чиқиш, нарх ва сифатини солиштириш, сотувчини саволга тутишдан эринмайсиз-ку, тўғрими? Ҳаётингизни ҳеч бўлмаса бир матога қиёс қилинг-да, сиз ҳам йигит ва унинг оиласи, ўтмиши, бугуни, орзуларию режалари, муомаласию билими, яшаш тарзи — ҳаммасини суриштиринг. Уялманг, тортинманг. Сўраб-исташнинг ҳам минг усули бор. Бизда фақат маҳалла оқсоқоли, қўни-қўшнидан суриштиришга эътибор қаратилади. Сиз бу рўйхатга ишхона, мактаб, институт, интернетни ҳам киритинг. Ҳозир ҳамма очиқ китобдек кўринса ҳам унинг сиз билишингиз керак бўлган муҳим жиҳатлари кўздан пана бўлиши мумкин. Бу қайси жиҳатлар? Йигит яхши инсонми, одамлар билан муомаласи қанақа? Ишхонада ўзини қандай тутади, истиқболи борми? Оиласига маҳалла аҳли неча баҳо қўймоқда, берилиб, ёйилиб мақтаяптими ёки «Ҳм, яхши оила», «Бошқалардан сўраб кўринг-чи» деяптими? Интернетда даҳшатли сирлари йўқми, бир «google»га қидирув бериб кўринг-чи? Жуда бўлмаса, дадангиз куёв бўлмиш билан юзма-юз суҳбат қурсин, эркаклар бир-бирин алдаши қийин!

Учрашувларда сизга кўп ваъдалар бераётгани шубҳага солмаяптими? Қайси гапларидан шубҳадасиз? Балки қуйидаги гаплар сизга танишдир.

«Сизни хорижга олиб кетаман!»

Мен билган бир оила мана саккиз йилдан бери алоҳида яшайди. Умумий ҳисобда шу келин-куёв бир-бирини бир йилдан ортиқроқ кўрмаган бўлса керак. Аммо орада аллақачон икки ўғил туғилди. Келин уйда қайнона-қайнотага қараб ўтиради, куёв океан ортида, ойда бир маротаба пул жўнатиб турибди. Куёв тўйдан олдин келинни ҳам олиб кетаман, деб яхши режалар, ваъдалар қилганди. Йигитнинг нияти тўғри бўлса ҳам, ўзи муваққатгина яшаётган хорижга келинни олиб кетолмади. Тўйдан кейин кўп ўтмай, яна «бойиб келгани» кетган куёв биринчи фарзанди дунёга келгач, қайтиб келди. Минг марта ҳаракат қилмасин, хотини ва боласига виза ололмади. Ота-онаси ҳам «Ўғлим, бола-чақанг, биз билан яша, шу ерда тирикчилик қилаверамиз», демади. Ҳали сингилни турмушга бериш, ҳали укани уйлантириш, ҳовлини янгитдан қуриш каби муаммоларини айтавериб, яна ишга жўнатиб юборишди. Нима бўпти, дейсизми? Тўғри, ўша ўғил топган пул орқасидан чиройли тўйлар ўтмоқда, ҳашаматли уйлар қурилмоқда, аммо унинг ортидан бахт топаман, деб келган келиннинг ҳаёти соғинч билан ўтиб кетяпти... Асабий, йиғлоқи она у! Болалари билан ўзини овутаётган, эрининг хорижлик аёл билан яшаётганидан аллақачон хабардор хотин у! Боласини ортга қайтармасдан, унга фақат пул жўнатувчи машина, деб қарайдиган қайнота-қайнонасидан ич-ичида норози бўлиб куч кечираётган келин у!

Хулоса: Сиз эрга тегаётганингизда нимани мақсад қиласиз? Бой яшашними? Дунё кезишними? Ўйланг, бой яшаётганлар ва саёҳатга ҳар фаслда чиқаётганларнинг ҳаммаси бахтлими? Ёки бундан мосуво яшаётганларнинг ҳаммаси бахтсизми? «Тўйдан кейин олдин ўзим бориб, 1-2 танга топаман-да, сўнг сизни чет элга олиб кетаман», деган гапга учманг! Ёки ҳозир урфга кирган вебкамерада суҳбатлашиб, сўнг куёвсиз тўй бўлишига рози бўлиб, эрга тегманг! Ҳатто катталарнинг ўзи бунга рози бўлса ҳам сиз ноаниқ манзиллар, боши очилмаган ишлардан ўзингизни эҳтиёт қилинг! Эри жўнатган тўртта кўйлак учун ўзини хурсанд яшаётгандек кўрсатаётган аёллар сафида қолманг!

Агар мабодо сизнинг ҳам орзуларингиз хориж билан боғлиқ бўлса, йигитнинг режалари қанчалик ҳақиқатга тўғри келишини суриштиринг. Буни унинг ўзидан, қонунлардан ва бу иш бошига тушган оилалардан аниқласа бўлади.

«Севганингиз бўлганми?»

Учрашувда шундай саволни кўпинча ўзи кимнидир қаттиқ севган йигитлар беради, деган гап юради. Бу қанчалик тўғри-нотўғрилигини билмадик, лекин ҳар бир қиз бу саволдан ҳушёрлашади. Ҳатто севган йигити бўлмаган қиз ҳам қўрқиб, жавоб бериб бўлгач «Ўзингизда-чи?» дейишга журъат топади. Яқин дугонамга куёв шундай савол берганида, «Йўқ, мен унақа қизлардан эмасман», деб гапни қисқа қилган экан. Ҳозир ҳомиладор ҳолида ота уйида ўтирибди. Нуқул собиқ эрининг шу гапини эслаб, ўшанда у менга кўп гап айтмоқчи бўлган, мен эътибор бермаганман, деб ўзини койигани-койиган. Маълум бўлишича, йигит бир қизни қаттиқ севибди-ю, аммо уни бошқа бировга турмушга бериб юборишибди. Шундан сўнг йигит менинг дугонамга уйланган, тўйидан бир ой ўтмай, бояги севган қизининг ажрашганидан хабар топган журъатсиз куёв энди дугонам билан яшашни истамаслигини, ўшанга уйланишини очиқ айтибди. Хуллас, йигит ҳомиладор хотинини уйига жўнатиб, севган курсдош қизи билан яшаб юрибди.

Хулоса: Тўйдан аввал ҳар икки томоннинг ҳам кўнгли кимгадир мойил бўлган бўлиши мумкин. Бу дегани ҳамма ўтмишни қўмсайди, дегани эмас. Лекин одамлар ҳар хил. Баъзи шўх йигитлар бор, тўйгача қанча қизга севги изҳор қилиб, қанчаси билан ваъдалашгандек бўлади, лекин уйлангач, жиддий тортади. Баъзи таъсирчан йигитлар ҳам бўладики, улар кимгадир ниятини очиқ айтолмай, ота-онасини кўндиролмай, тақдир ҳукмига қараб юради-ю, бироқ кейинроқ исён қилади. Улар нариги йигитлар каби қизларни синовдан ўтказиб, ўзи учун хулоса чиқармаган бўлади, шунинг учун хотинидан идеал аёлни кутиб яшайди. Бунда ҳар икки ҳолатда ҳам чегарадан чиқмаган болани танлаш муҳим. Яъни, шаддод йигит бўлиши мумкин, аммо саёқ бўлмаслиги шарт, босиқ йигит бўлиши мумкин, бироқ ланж бўлмаслиги шарт!

Бунинг учун унинг табиати, ким билан севишгани ва бу «муҳаббат» қанчалик кучли бўлгани ҳақида озроқ билсангиз, зарар қилмайди. Тўғри, кўпинча ота-оналар масаланинг бу томонига унчалик қизиқишмайди, тўйдан кейин унутади, дейишади. Суриштирганда, йигитнинг ўзидан ҳам кўра оиласи ҳақида кўпроқ билишни исташади. Мана шунинг учун ҳам кўпинча тўйдан кейингина куёвнинг қайсидир «дом»да жувон хотини борлиги маълум бўлади. Яхшилаб ўйлаб кўрсангиз, йигит ўқиган факультетдан, албатта, бирор танишингизни топасиз, ёки акангиз, бирор ишончли одамни ўртага қўйиб, ўз тенгдош йигитлари орқали ҳам сўраттирсангиз бўлади. Ёш йигитлар кўпинча юзхотир қилиб ўтирмай, билганларини очиқ айтишади.

«Ўқитаман, ишлатаман...»

...деб ваъда берганларнинг аксарияти сўзида турмайди. Нима учун? Турмуш қурганингиздан кейин яқин 10 йил ота-она қарамоғида бўласизлар. Куёв истаган тақдирда ҳам сизга ота-онасининг қошидан ўтиб, бунга имконият яратиб беролмаслиги мумкин. Болаларнинг кетма-кет туғилиши ўқиш ва иш бўйича танаффусни талаб қилади. Шунинг учун ҳам турмушга чиққунча ўқиб олинг, иложи бўлса, ишга ҳам жойлашинг. Сиз ҳаммасини бадастир қилиб қўйсангизгина, куёвдан ваъдага вафо талаб қила оласиз. Бу ваъдалар амалга ошадими-йўқми, буни олдиндан текширишнинг оддий усули бор. Агар йигитнинг онаси, опа-синглиси оиласидаги аёллар ўқиган бўлса, ишласа, демак, эртами-кечми у ҳам аёлининг маълумот олиши ва ишлашига тўсқинлик қилмайди. Ҳатто, учрашувларда «Ишламайсиз, уйда ўтирасиз!» деган бўлса ҳам, вақт ўтиб, турмуш тақозоси ёки ўртадаги ишонч туфайли, ёки сизнинг ҳамма ишни удда қила олишингизга қараб, унинг қарори ўзгариши мумкин.

Азиза ҚУРБОНОВА

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка