«ЭРИМНИНГ ТЎЙДАН ОЛДИНГИ ХИЁНАТИ ҚИММАТГА ТУШДИ»

muj-izmehyaetТўй ташвишлари ҳам ёқимли, ҳам масъулиятли. Иккала томон кам-кўстсиз, орзусидагидек маросим ўтказиш учун елиб-югуради. Йиллар давомида йиққан-терганини фарзандлари бахти йўлида сарфлашади. Гўёки данғиллама тўй-томоша бахтнинг гаровидек. Ёшлар ҳам энг кичик деталларгача зўр ва такрорланмас қилишга ҳаракат қилишади. Ахир, бу кун бир мартагина бўлади. Аммо баъзилар шошма-шошарлик қилиб, тўйдан олдинги тиббий текширувдан ўтишга жиддий қарашмайди. Оқибатда оғир муаммолар юзага келади. Ушбу ҳикоя мухлисимиз тақдири тўйдан аввалги тиббий текширувни муҳим ҳисобламайдиган бўлажак келин-куёвларга сабоқ бўлади…

Адҳам билан бир синфда ўқидик. Кейин иккаламизнинг ҳам омадимиз чопиб, пойтахтда олий таълимни давом эттирдик. Талабалик, уйдан узоқдалигимиз бизни янада яқинлаштирди. Муносабатлар энди синфдошларнинг ҳазил-ҳузулларидан йигит-қизнинг инжа туйғуларига айланаётганди. Ҳар кун ўқишда чиққанимда Адҳамнинг мени кутиб туришлари, иккаламиз кўчаларда сайр қилишларимиз, севгимиздек соф орзуларимиз… Буларнинг ҳаммаси бахт эди. Тўрт йил кўз юмиб очгунча ўтди-кетди. Дипломни қўлга олгач, вилоятимизга қайтдик. Мен банкка, у киши ўз соҳаси бўйича заводга ишга жойлашди. Бир ойча ишлади-ю, «Чет элга бораман», деб қолди. «Қўлингизда дипломингиз, ишингиз бўлса. Бунинг устига, мени ҳам сўраб қўйишмаяпти» деб эътироз билдирсам, «Зубайда, бир йил ишлаб келаман. Ўз уйим, машинам бўлади. Орзумиздагидек тўй-томоша қиламиз», дея ўз қароридан қайтмади. Ота-онаси ҳам насиҳат қилиб кўрди. Уларнинг «Озгина тажриба тўпласанг, ўзингни кўрсатсанг, ишингда ҳам кўтариласан. Сени чет элларга бориб, қора ишчи бўлиб юрсин, деб ўқитганмидик?!» деган гап-сўзларига қарамади. Кутишимни қайта-қайта илтимос қилиб учиб кетди. Негадир ўшанда юрагим ғаш бўлганди. Гўёки Адҳамнинг чет элга жўнаши уни бутунлай йўқотиб қўйганимдек туюлди менга. Бир йили эса икки йилга чўзилди. Ота-онаси «Тезроқ кела қол, болам. Тўйингни бошлайлик», деб тинимсиз чақиришса ҳам, «Яна озгина ишлай», дея вақтни орқага сурарди. Тўғри, икки йил давомида муносабатимиз узилмади. Телефон, интернет орқали гаплашиб турардик. Барибир ўртада узоқ масофа бор эди. Устига-устак, бизнинг эшикни совчилар тақиллатиб тинч қўймасди. Охири онамга кўнглимни очдим. Онам «Қиз боланинг савдоси қийин. У йигитни кутиб, бахтингни бой берма» деявергач, ёлғон ишлатишга мажбур бўлдим. Адҳамга «Уйдагилар мени узатишмоқчи» деб «SMS» йўлладим. Бу гапимдан кейин дарров ота-онасини бизникига жўнатди, улар тўйни бошлаб турадиган, куёв эса бир ой ичида келадиган бўлди. Ота-онам ҳам тўй ҳаракатига тушишди. Адҳамнинг тўйдан бир ҳафт олдин келиши, тиббий кўрикдан ва ФҲДЁдан ўтишимизга тўсқинлик қилди. Ўртамизда муҳаббат ва ишонч бор-ку, бунинг устига, оилаларимиз ҳам бир-бири билан яхши таниш деб бунга унчалик ҳам эътибор бермадик. Орзумиздагидек тўйимиз бўлди. Севганим билан ҳаёт йўлларим боғланганидан хурсанд эдим. Бизга ҳамманинг ҳаваси келарди. Осмонларда учиб юрардим гўё. Айниқса, ҳомиладорлигимни билганимда дунёларга сиғмай кетдик. Юрагим остида яна бир юракнинг уриши, бу таърифи йўқ бахт эди! Кун, соат санаб, болажонимизнинг дунёга келишини кута бошладик. Унга исм топиб қўйдик. Аммо бахт билан бахтсизлик ёнма-ён юраркан. Ҳомилам уч ойлигида нобуд бўлди. Бундан даҳшатга тушдим. Илк муродимиз ёруғ олам юзини кўрмасдан бизни тарк этганди. «Оғирроқ нарса кўтариб қўйдимми ё эҳтиётсизлик қилдимми?» деб ўйладим. Шифокорга учрашганимда эр-хотин таҳлил топширишимизни маслаҳат беришди. Эътиборсизлик қилдикми ё «Ҳали ёшмиз, яна ҳомиладор бўламан», дедимми, бу ишнинг бошига бормадик. Натижада эса иккинчи ҳомилам ҳам уч ойликка етмасдан нобуд бўлди. Бу гал шифокорнинг талаби билан таҳлил топширдим. Таҳлил жавобини кўриб эса тош қотдим. Менда заҳм инфекцияси борлиги аниқланди. Бу инфекциянинг пайдо бўлиш сабабларини эшитганимдан сўнг, эримни ҳам анализ топширишга кўндирдим. Афсуски, аслида бу инфекция эримнинг қонида бўлиб, жинсий йўл билан юққан экан. Эрим менга уйланмасдан олдин хиёнат қилган, энг даҳшатлиси, шу вафосизлиги сабаб дардга мени ҳам йўлиқтирган эди.

Шифокор қабулидан қандай чиқиб, уйга келдим, билмайман. Суйганимга бўлган ишончим аслида пуч нарса эканини, хатомиз сабаб, икки болам дунё юзини кўрмагани алам қиларди. Эрим қайта-қайта кечирим сўради, даволансак, ҳаммаси яхшиликка ўзгаришини айтиб ўзича мени юпатишга уринди. Бироқ кўзимга ҳеч нарса кўринмасди. Анча пайт ўзимга келолмадим. Айбим нима эди? Шу инсоннинг суйганимми? Унга ишонганимми? Ота-онамнинг раъйини қайтариб, кутганимми? Оқибат эса аянчли эди.

Бошга тушганини кўз кўрар деб, эр-хотин даволана бошладик. Лекин қулаган ишонч деворини қайта тиклаш қийин экан. Бунинг устига, эримни қонунан никоҳдан ўтишга ундасам, қайнонам бунга ҳеч рухсат бермасди. Сабабини кейин билдим. Бир куни қайнонам «Келин, мана олти ойдан бери даволанаяпсиз, натижа йўқ. Менинг ҳам ниятим бор. Адҳамнинг болаларини кўрсам, ўзим катта қилсам дейман», деб қолди. Бу гап худди «Сизга рухсат» дегандек эди. Нима деб жавоб қайтаришни билмай, йиғлаб хонамга кирдим. Қайнонамга бор ҳақиқатни айтай десам, эрим ҳаммасини сир сақлашимни илтимос қилган. Айтмай десам, ҳар куни уйда шу мавзудан гап очилар, ҳаммасига мен айбдор бўлиб қолардим. Кундузи қайнонамнинг гаплари юрагимни нимта-нимта қилса ҳам, ҳеч нарса деёлмасдим. Кечалари билан йиғлаб чиқардим. Охири, қайнонам онамга қўнғироқ қилиб, «Туғмас қизингизни олиб кетинг», дегач, ҳақиқатни ошкор этдим. Сирнинг очилишидан кейин вазият янада оғирлашди. Қайнонам «Менинг ўғлим соппа-соғ. Ҳали ойдек қизга уйланитириб, фарзанд кўришгач, туҳмат қилганингизга афсусланиб қоласиз», деди. Нажот истаб эримга боққан кўзларим жавобсиз қолди. У киши айбини тан олмади. Натижада, бир йилу олти ой деганда, икки бор ҳомиламдан ажралиб, туғмас келин деган тамға билан ота уйимга қайтдим.

Мана, уч ойдан буён отамникидаман. Йигирма беш ёшимда эридан ажрашган бахтсиз жувонга айланганман. Ҳеч кимга ишончим ҳам, ҳаётдан умидим ҳам қолмаган. Бир ишонганим, суйганим ҳам менга хиёнат қилди. Ҳозир ота-онам ҳам «Нега тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтказмадик? Ўша пайти ҳаммасини қонуний қилганимизда, бугун қизимиз бу кўйга тушмасмиди?» деб афсус қилишаяпти. Энди вақтни ортга қайтаришнинг иложи йўқ. Ғишт аллақачон қолипдан кўчган. Қайнонам ҳаммага мени ёмонлаб, ўғлига келин қидириш билан овора. Эрим эса «Ярашайлик», деяпти. Ота-онам бунга қарши. Ўзим ҳам буни хоҳламаяпман. Чунки эрим менинг ёнимда бошқача, онасининг олдида бошқача гапираяпти. «Аввал яхшилаб даволаниб, кейин қонуний никоҳдан ўтгач, ярашаман» деган шартимга ҳам кўниш нияти йўқ. Ўртада никоҳимизни мустаҳкамловчи ишонч ҳам, ҳужжат ҳам йўқлиги сабаб, турмушимни қайта тиклашни истамаяпман.

Ҳаётимни ҳикоя қилиб беришдан мақсадим эса эримни, қайнонамни ёмонлаш, бахтсиз турмушимга фақат уларни айблаш эмас. Севги фазосида учиб юрган қизларни огоҳликка чорлаш. Ота-оналар тўйдан олдин фақат данғиллама тўй ташвишларию сарпо ҳақида бош қотирмасдан, болалари тиббий текширувдан ўтишини назорат қилишларини сўраш. Токи, яна кимдир бахтидан мендек куйиб қолмасин.

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА қоғозга туширди

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка