ТУҒРУҚХОНАДАН МАКТУБЛАР

novorozhdennyiy-v-roddome1
Бир пайтлар, тўнғичимни дунёга келтириш учун туғруқхонада ётганиимда, эримга атаб мактублар битмоқчи бўлганман-у, аммо ёзолмагандим. Кейинчалик, ўша битилмаган мактубларимни қоғозга
тушириб, «Туғруқхонадан мактублар» номи билан эълон қилганимни, балки, биларсиз. Яхшики, у номаларни завжимнинг шахсан қўлларига эмас, таҳририятдаги ишончли ходимларга топширганим. Акс ҳолда юрагимнинг туб-тубидаги кечинмаларим битилган бу хатлар юлдуз кўрмай жон бериши тайин экан. Хатларимни журнал саҳифаларида ўқиб, бир туки ҳам қимирламаган турмуш ўртоғимга боқиб шундай хулосага келдим. «Бирам синтементалсанки...» эмиш. Шу қилгани учун энди унга мактуб ёзмайман. Ўзимга ёзаман!!! 

БИРИНЧИ МАКТУБ

Бугун жудаям бахтлиман. Эсон-омон қутулиб, қизалоғимни бағримга босдим. Бутун тун давом этган тўлғоқ азоби ва уйқусизлик ортидан келган бу бахтнинг таъмини ҳозир мендан бошқа ҳеч ким муносиб баҳолай олмаса керак. Эйфория!!!

Бу сафар ўтган галгидан фарқли ўлароқ, дардим бошлангандан кейин туғруқхонага келдим. Шуниси маъқулроқ экан. Туғишдан бошқа нарсани ўйламайдиган аҳволингда бу ерга келсанг, жараён тезроқ кечаркан…

Чақалоқ дунёга келганидан 2 соат ўтгач, бизни туғруқ залидан палатага олишди. Демак, ҳаммаси жойида! Ёшгина бир келин (исми Нозима экан) билан бир хонадамиз. Чиройликкина, мулойимгина, оппоққина бу келинчак 21 ёшида иккинчи фарзандини дунёга келтирибди. Исми жисмига монанд – нозиклигини кўриб, бунга ишониш қийин. Уззу-кун қулоғидан телефони тушмади. Тўнғичи қиз экан, бир йил ўтар-ўтмас, ўғил кўрган ёш отанинг қувончи ичига сиғмайди. Ҳар ярим соатда қўнғироқ қилиб, боласини сўрайди. Келинчак нариги йўналишдан бир дақиқага узилиб, эрига ҳисобот беради-да, дарров «изига» қайтади. Қулоғимга чалинган узуқ-юлуқ сўзлардан маълум бўлишича, уйидагилар чақалоқ туғруқхонадан чиқадиган куни бешик тўйи ҳам ўғил тўйини бир қилиб ўтказишмоқчи. Шунга чақалоқни туғруқхонанинг ўзида хатна қилдириб, биратўла (!) шу муаммони ҳам ҳал этишга ундашаяпти. Педиатр Шоҳиста опа бу гапни эшитиб ёқа ушлади: «Қанақасига? Болангиз эндигина дунёга келди. Ҳали ташқи муҳитга мослашиш жараёнини бошидан кечираяпти. Шу бир парча этни тиғ остига ётқизасизми?» Нозима эса уйидагиларнинг орзу-ҳавасини рўкач қилди. «Эҳ! Анави ерда биттаси ҳали нимжон чақалоғи билан уйига чиқиб кетмоқчи, бошқаси эса соппа-соғ бўлса-да, бир ҳафтадирки уйига кетмайди. Онаси фалон кунга қовурдоқ олиб келармиш, айнан шу куни туғруқхонадан чиқиши керакмиш! Бу ер сизларга майнавозчиликми?!» Тарвузи қўлтиғидан тушган Нозима энди уйидагиларга аҳволни тушунтиролмай хуноб бўлаяпти...

ИККИНЧИ МАКТУБ

Бугун чақалоқларимиздан қон олишди ва эмлашди. Туғилганидан кейин илк оғриқни бошдан кечиришди бечоралар. Аммо оғизларига кўкрак тутдик, тамом. Ҳамма оғриқлар унутилди. Бахтли бўлиш учун қанчалар оз нарса керак буларга. Ўргансак арзийди. Бугун келди-кетдилардан роса чарчадим. Кўп ёзолмайман. Ҳозир мен учун энг катта муаммо – исм масаласи. Шу кунгача қайнонам исм қўяди, дея хотиржам юргандим. Аксига олиб у кишининг топган исмлари оиламизнинг бошқа аъзоларига, хусусан, қайнотамга ёқмабди. Энди эру хотин иккимизга бу масъулият юклатилди. Эртага хўжайиним хужжат олгани боради. Ана бўлмаса! Шунча орзиқиб кутилган фарзандга исмни шу қадар шошилинч топишимиз керак. Шошганда лаббай ҳам топилмайди-ку, исмга йўл бўлсин!

УЧИНЧИ МАКТУБ

Қизчамизга Ҳилола дея исм қўйдик. Дадаси шуни истади. Айтишича, мени туғруқ залига олиб кириб кетишган ўша кеча янги ой чиққан экан. Шунинг шарафига, яъни қизим шу ойдек нафис, гўзал ва толеи баланд бўлсин деган ниятда исм танлабди. Менга ҳам маъқул келди.

Эртага уйга чиқишимиз керак. Бугун шифокор шундай деганда, бир қувондим, бир ташвишландим. Қувонганим – демак, ҳаммаси жойида, мен ҳам, чақалоқ ҳам соғломмиз. Бизни ортиқча ушлаб қолишга сабаб йўқ (Худога шукр). Ташвишим эса ўша айтганим – урф-одатлар билан боғлиқ. Ойим ҳамма қариндошларга индинга қовурдоқ деб тайинлаб чиқибди. Шунинг учун мен эртага эмас, индинга «иззат-обрўйим билан» туғруқхонадан чиқишим керак. Бир қарашда бу гап тутуриқсиз кўринса-да, келинлар тушунади менинг аҳволимни. Энди шифокорларга мени яна бир кун олиб қолинг, деб ялинишим керак.

Бўлим мудираси Наргиза Баҳодировна: «Ох, уж эти обряди ваши!», дея бир жаҳл қилди-ю, лекин рози бўлди. Шеригим Нозима эса эртага кетади. Қандай мазза! «Опа, сиз буларнинг қовурдоқ-повурдоқларига қарамай, жавоб теккандан уйингизга кетавермайсизми? Бу ерда ортиқча ушланиб қолишнинг хосияти яхши эмас!» дейди менга. «Ўзингизни менинг ўрнимга қўйиб кўринг! Сизга уйингизнинг катталари «бугун эмас, эртага чиқасиз» дейишганида кўрардим аҳволингизни. Касаллик тарихингизни бошқатдан ёздирсангиз ҳам, қолардингиз яна бир кун», дейман ичимда. Аммо сир бой бермайман, жилмайиб қўя қоламан.

ТЎРТИНЧИ МАКТУБ

Бугун Нозима кетди. Мени вақтинчалик қўшни хонага кўчиришди. Бу ерда 17 (!) яшар келинчак ўғил туққан ва ўзини дунёга устун бўлгандек тутиб ётарди. Атрофида эри, қайнонаси парвона, у бўлса эртага туғруқхонадан чиқиш маросимига кўйлак, сартарош, лимузин ва яна алламбалолар буюртма қилиш билан овора.

Мен эса ўғлимни шу қадар соғиндимки, таксида бўлса ҳам уйга етиб олсам дейман. Аммо яна бир кун кутишим керак.

БЕШИНЧИ МАКТУБ

Бугун ва ниҳоят уйга кетамиз! Эрталабдан хонадошим иккимиз нарсаларни йиғиштириш, уйдагилар билан қўнғироқлашиш, шифокорлардан чиқиш қоғози («виписка») олиш каби ёқимли югур-югурлар билан бандмиз. Шеригим Сарвиноз (исми шундай бўлса-да, ўзи умуман сарвга ўхшамайди, полвонгина келин) тинмай эри ва сингиллари билан қўнғироқлашиб фалон кўйлагимни олиб келинг, пистон тақинчоғим қолиб кетмасин, деб қайта-қайта тайинларди. Соат 11.00 ларда уйидан унинг «сеп»и келди. Қимматбаҳо кўйлак, туфли, бир дастрўмолга тугилган тақинчоқлар. Яна сартарош ва визажист. Пастда қариндошлари, қоп-қора лимузин бошчилигидаги машиналар кортежи, эртак қаҳрамонлари, карнай-сурнай… Мен шифокорга қизчамни кўрсатгани олиб чиқиб, қайтиб кирсам, хонамизда иккита ҳамшира ва Сарвинознинг синглиси тўпланишган, Сарвиноз дод солиб йиғлаяпти. Нима эмиш, онаси фақат биттагина ингичка билагузукни бериб, бир жуфт қалинини олиб қолганмиш, уйда ҳамманинг олдида тақиб қўйиш учун. «Ойим ўғил туғсанг бриллиант совға қиламан дегандилар, бу билагузуклар эски-ку, уларни туғруқхонадан тақиб чиқишим керагиди!!!» деб бутун бўлимни бошига кўтараётган бу гўдак-онага қараб кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсиз. Охири уни амаллаб овутиб олиб кетишди.

Бироздан сўнг дадамиз келди. Туғруқхонада ниятни бутун қилиш керак экан: машинамиз бузилиб қопти. Ростдан ҳам таксида уйга кетадиган бўлдим. Аммо бунинг нима аҳамияти бор? Асосийси, Аллоҳ менга соппа-соғ яна бир фарзанд берди.

Ўғлимни шунақанги соғиндимки…

Шаҳноза СОАТОВА

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка