«ПРОФИЛИ «ЗАКРЫТ»МИШ, ЛЕКИН 500 ДЎСТИ БОР!»

Dollarphotoclub 72821478-700x465
Telegram, viber, instagramm, facebook, odnoklassniki, twitter… Бугун буларнинг нималигини билмайдиган йигит-қизни кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмаса керак. Бўйи етган қизимиз ошхонадан кўра кўпроқ вақтини интернет сайтларида ўтказади, онаси билан гаплашганларинини йигирмага кўпайтирса ҳам, telegramда ёзганларига тенг келолмайди. У бугун ўзини ўнг томондан, сўл томондан расмга олишни боплайди-ю кирни дорга тўғри осишни эплолмайди. Баъзи ёшлар реал ҳаётда устига ёпинчиқ ташлаб олганга, виртуалда эса қип-яланғоч яшаётганга ўхшайди. Атрофдагилари у ҳақда деярли ҳеч нарса билмайди, автобусда ёнида аммаси ўтириб кетаётганини ҳам пайқамайди, чунки телефонидан боши кўтарилмайди-да! Бироқ интернетдаги дўстлари бугун у қандай туш кўргани-ю қайси томони билан туриб, юзини қайси совунда ювганигача билади. Чунки у ҳар бир қадамининг ҳисобини интернет деган сирдошига ишониб айтади. Диққат қилиб, ўқиб чиқинг!..

«Никнеймингдан айланай, Қизпошша!»

Алишер Ҳамид, 18 ёш: — Фейсбукда кўпчилик ўз исм-шарифи билан рўйхатдан ўтган, ҳар ҳолда “одно” даги исмлардек савиясизликни кўрмайсиз. Бир куни менга бир қиздан “дўстлик” таклифи келди, ники шундай ёзилган: “Жоним кўзиз қатта, севгилиз сайтта”. Тахаллусни кўрибоқ, қизнинг тарбиясизлиги ҳақида одамда тасаввур уйғонади. Балки ўғил болаларнинг хийласидир, десам, фотоальбомида туппа-тузук қизнинг суратлари турибди. Профили «закрыт»миш, лекин 500 дўсти бор! Ҳатто оила аъзолари ҳам рўйхатдан ўтган экан. Ҳеч бўлмаса, акалари, қариндошлари 16 ёшли қизнинг нима ёзаётганини назорат қилса бўлмасмикин?

Исм инсоннинг иккинчи ярми. Интернетга эрмак деб қарайсизми, ё курмакми, барибир сиз ҳақингиздаги биринчи ахборотни мана шу никингиздан билиб олса бўлади. Дейлик, қойилмақом қилиб, қофиясини ўхшатиб тахаллус танладингиз. Ўйлайсизки, шу бемаъни номдан сизнинг аслида ким эканлигингизни билиб бўлмайди. Шу ерда ўн марталаб хато қиласиз. Дўстингиз, курсдошингиз, синфдошингиз, қариндошингизни профилингизга белгилайсиз, чунки фақат бегоналар билан ижтимоий тармоқда валақлашиш ҳар доим ҳам қизиқмас. Сизни топмоқчи бўлган одам шу ва бошқа маълумотлар орқали ҳам билиб олади. Ўзингизга нисбатан ҳурматсизлик қилишингизни, ҳамма нарсага енгил қарашингизни мана шундай мазмундаги никларингиз фош этади:

«Ягонамнинг фариштасиман», “Эркатой заҳарча”, “Дружба ташама, настраениям йўқ”, “Салгина эркаро ширингина қизалоқ”, “Террористка твоего сердца”, “Профиль закрыт, ключи у любимого”, “Под охраной четкой братьев”, “Заҳаргина асалча”, “Эркатой қизалоқ севгидан анча йироқ”, “Мисс захарина”, “Роднаяга асал, бошқалага заҳар”, “Онажониз орзу килган келин мана манде”, “Араз қима марааз”, “Бу қанақа қараш сангамас мани ўраш”, “Бабникла сал нарролада ўйнела хоп”, “Юрак закрыт, профиль открыт”, “Ромео керемас тинчли кере”, “Қизиқма танимисан”, “Чидасез манга юрагим сизга”, “Сохта дўстликни чўнтагингга соп қўй” (Бу никлар остида аксарият ўзбек қизлар ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтган, қандай ёзилган бўлса, шундай имло ва жузъий хатолари билан кўчириб олдик.)

Руҳшунос фикри: — Яқинда бир она ўз қизини интернет қарамликдан қандай қутқариш мумкинлигини сўраб ҳузуримга келди. Икки ҳафта аввал яхши бир оилага фотиҳа бўлиш арафасида турган қизни бўлажак куёв интернет сайтларидан обдон қидириб кўрибди. Қиз “Одноклассники” сайтида “Ман уятдан кейин туғилганман” деган ном билан рўйхатдан ўтган экан. Дўстларининг сони уч юздан ортиқ. Аксарияти ўғил болалар. Қизнинг ўзи билан суҳбатлашсам, ҳақиқий исм-шарифи билан очилган бошқа рисоладагидек профили борлигини, бу анча олдин ўчирилмай қолиб кетган саҳифаси эканини тан олди. Куёв қизнинг телефонига шундай «смс» жўнатган: “Уятдан кейин туғилган қизга уйланолмайман, уялиб бўлсаям айтяпман, узукни қайтарарсиз”!

Қизларнинг интернетда ўзига қандай характердаги номларни танлашини ўрганиб чиқсак, кўпинча ўз табиатини бўрттириб кўрсатишга уриниш, қайси динга эътиқод қилишига урғу бериш, кўр-кўрона ўзини севиш ва севилишга таклиф қилиш ёки ҳаддан ортиқ ориятли ва ақлли эканлигига ишора қилиш каби туркумларга бўлиш мумкин. Бу ўз “Мен”ини ҳақиқий ҳаётда ўрната олмаган одамнинг янги даврада ўзлигини тасдиқлашга ҳаракат қилишини эслатади. Ҳаётда ютуқлари кўп, бўш вақти кам бўлган, беркитадиган нарсалари бўлмайдиган қизлар бундай бемаъни ва аҳмоқона номлар танламайдилар. Ижтимоий тармоқларда бир-бирини танимаган одамлар никнинг мазмунига қараб, суҳбатдошга қандай муносабатда бўлишни белгилайди. Ижтимоий тармоқларда фаолликдан мақсад нима? Ҳаммани ўзига қаратишми? Ёки синфдош, курсдош, узоқ-яқиндагилар билан алоқа ўрнатишми? Бунинг учун ваҳимали ёки таржимасини ўзи ҳам билмайдиган хорижий сўзларни танлаш шарт эмас, шунчаки исмнинг ҳам ўзи етади.

«Фотосуратини кўриб, туққан онаси ҳам танимайди!»

Адолат, 52 ёш: — Иккита келин туширганман. Аммо кенжамга қолганда жуда қийналяпман. Теварак-атрофда тузук қизлар қолмаганми, кимни кўрсатсам, ўғлимга ёқмайди. Унинг инжиқлигиданми, десам, ҳар сафар ишончли далиллар топиб, совчиликка борган уйимдан совитади. Инстаграмм деган балоям чиқибди. Унда актёр-актрисалар, бутун дунёнинг машҳур одамлари фото, видеосини қўйиб, янада машҳурлашишар экан. Буни тушунса бўлади. Аммо эртага келин бўладиган ёш қизларнинг ўзини бозорга солгандек ўтирган-турганини расмга олиб, ҳаммага кўрсатгани нимаси экан? Охирги совчиликка борган жойим жуда кўнглимга ўтирганди, қизи ҳам ойдеккина, кулиб туради. Аммо шугина қизнинг девор қучоқлаб, лабларини чўччайтириб турган расмларини ўғлим ўша инстаграммдан кўрсатган эди, қўрқиб кетдим. Ўғлим-ку бу қизга уйланишни истамади, лекин тўғри қилдимми ёки нотўғри, онасига қўнғироқ қилиб, қизининг суратлари ҳақида айтдим. Чунки биз бўлмасак, бошқанинг уйига боради, шу тахлит расмлари туфайли тўйдан олдин ёки кейин жанжал чиқмасин, дедим-да. Онаси бояқиш бу ҳақда умуман билмас экан. «Энди замонанинг зайли шу бўлса керак, шундай бўлса ҳам, раҳмат сизга» деб қолди мулзам тортиб…

Ўзбек қизлари ҳатто Голливуд актрисаларини хижолат қиладиган даражада оёқ-қўллар, лаблару кўзлар иштирокида турли муқомлар қилиб тушган суратларини минглаб тайин-бетайинлар ўтирадиган сайтларга жойлаштириб нимага эришишлари мумкин экан, билолмадик. Балки +5 лардир, балки кўпроқ like лар ёки кўпроқ комментлардир. Аммо буларни ҳатто қарсак тарзида ҳам реал ҳаётга кўчириб бўлмайди-ку!

Руҳшунос фикри: Келинг, ижтимоий тармоқлар, фото-видео жойлаштириладиган интернет хизматларда кўзимиз тушадиган турли суратларга баҳо берсак.

Лабини чўччайтириб, бирор мева еб суратга тушиш. Лабига урғу бериб1410543154 kak-sdelat-krasivoe-selfi
тушилган ёш қизларнинг суратлари ижтимоий тармоқларда қармоқ ташлаб ўтирадиган ёш йигитлар ва эркакларни бефарқ қолдирмайди. Қилиққа яраша муносабат бўлади, суҳбат саволдан эмас, шу қилиққа мос бирор жумла билан бошланиши ҳам турган гап. Кейин ўзингиздан фаришта ясашга, сизни интернетда ҳурмат қилишларига уринишингиз бекор.

Кўзойнак тақиб суратга тушиш. Кўпчилик шу тахлит тушган сурат ортиқча муаммолардан халос қилади, деб ҳисоблайди. Аммо қизлар қора кўзойнак тақиб, ҳашаматни кўрсатишни чиндан ҳам истамаётганликлари рост бўлса, олдиларида яна бир танлов бор: умуман сурат қўймаслик! Чин дўстингиз ёки олисдаги яқин қариндошингиз кўриши учун сиз ҳамма томоша қиладиган жойга эмас, унинг электрон манзилига расм жўнатиб, дийдорлашишингиз мумкин.

Турли қилиқлар қилиш, ниқоб тақиш. Ҳайратланиш, кўзларни катта очиш, оғзи ярим очиқ, кўзлар сузилган ёки маскарад ниқобларини тақиш каби суратлар фақат ва фақат сизнинг зарарингизга хизмат қилади. Балки қувноқ қиздирсиз ва мана шундай суратларни масхара қилиб расмга тушгандирсиз, аммо ўша вақтдаги кайфиятингизни профилингиз атрофида кезиб юрувчиларнинг ҳар бирига тушунтириб беролмайсиз. Иложи бўлса, қўл телефонингизда ҳам бундай суратларни сақламанг. Йўқотиб қўйилган телефон, флешка туфайли қанчадан-қанча қизлар ўзлари билмаган ҳолда интернетдаги беҳаёликларнинг нишони бўлиб қолмоқда.

Каравотда тушилган суратлар. Бу ҳақда гапиришнинг ўзи одобга тўғри келмайди. Қизларимизнинг орасида ётоқхонани суратга олиш майдончасига айлантирганлар ҳам йўқ эмас. Тунги кўйлак, очиқ либослар, узун оёқларни кўрсатиш орқали манаман деган замонавий йигитни ҳам ўзингиздан қочирасиз. Тарбияли, зиёли, жиддий мақсадли йигит бундай қизни жуфти ҳалол қилмайди.

Йигит билан йирик планда тушилган суратлар. Агар у севгилингиз ёки дўстингиз, ҳатто сизнинг акангиз бўлса ҳам бошни бошга қўяр даражада тушилган суратларни фотоальбомингизга жойлаштирманг. Интернетдан ўзингизга муносиб инсон қидираётган бўлсангиз, топиш имкониятингиз 90 фоизга қисқаради. Севгилингиз билан эса бугунги илиқ муносабатлар эртага тугаб қолиши мумкин. Ҳаёт эса давом этади, гап кўпайтиришга нима ҳожат? Курсдошингиз билан тушган самимий суратингизни фақат курсдошларингизга исботлаб бера оласиз, қолганлар ишонмайди.

Декольте қисми очиқ либосдаги йирик план. Очиқ либосларда юриши эркакларнинг уларга бўлган қизиқишини маълум муддат оширади, бироқ тез тўйинтиради. Шундай экан, сиз суратнинг кадрга сиғмаган жойида кўйлагим бор эди, деб ўзингизни оқлай олмайсиз, чунки елкаларнинг очиқ эканлиги ва айнан шу суратни бошқалар кўришини истаганингиз кундек равшан.

Бирор базмда кўпчилик даврасида тушилган суратлар. Ҳа, тинчгина шундай расмлардан фойдаланган ҳам маъқул баъзида. Бироқ кўпчилик қатнашган суратда кўпчиликдан рухсат бўлиш керак. Чунки бу инсонларнинг баъзилари умуман интернетдан йироқ инсонлар бўлиши ёки айнан ўша сурат ўзига ёқмаслиги мумкин. Айниқса, дугоналарининг фотоальбомларида расми турган қизлар, келинлар турли гап-сўзларга қолиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Хулоса

Мавзу тўлиқ ёритилмагандек назаримизда. Чунки биз бу мақолани ёзиб, сиз уни ўқигунингизгача бўлган муддатда қизларнинг интернетдаги “фаолияти” сабаб қанчадан қанча муаммоли жанжаллар бўлаётганини тасаввур қилиш қийин эмас. Бир куннинг ўзида уч-тўрт марта таҳририятимизга шу мавзуда куйиниб, оғриниб қўнғироқ қилишади. Қизпошшалар, кўзингизни суратларда катта очишингизни эмас, нималарнидир омма эътиборига ҳавола этаётган чоғингизда ақл кўзингизни каттароқ очишингизни сўраб қоламиз.

Азиза Қурбонова руҳшунос Умида Агзамова

тавсиялари асосида тайёрлади.

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка