ГЎЗАЛЛИК БОРАСИДАГИ ҲАҚИҚАТЛАР: ТЎҒРИМИ Ё НОТЎҒРИ?

1426242775 uhod-za-licom-vesnoy
Ёзда лабларимиз умуман ёрилмаслиги ростми? Пардоз-андоз воситалари орасида кўп қўлланадиган тушнинг яроқлилик муддати бир йилми? Шампунь тугаб қолса, сочни совунда ювиш мумкинми? Бир қарашда бу саволларнинг жавоби жуда жўндек туюлади. Аммо, уларни билмаслик ҳуснимизга доғ тушириши мумкин бўлган нуқсонларни янада кўпайтириши ҳам мумкин экан...

Тушнинг яроқлилик муддати бир йилми?

ЙЎҚ. Агар сиз тушдан ҳар куни фойдалансангиз, унутмангки, уни ҳар бир ярим, икки ойда янгилаб туриш зарур. Чунки тушнинг тюбигига ҳаво билан бирга мингдан ортиқ микроблар ҳам кириб олади. Янги, ишлатилмаган тушни эса бемалол бир йил давомида қадоғини бузмай сақлаш мумкин. Фақат у қоронғу ва салқин жойда туриши керак.

Қуриган тушга шампунь ёки атир қўшиш мумкинми?

ЙЎҚ. Асло бундай қила кўрманг! Тушнинг ўзи кимёвий моддалардан таркиб топган бўлса-да, улар яроқлилик муддати тугамагунга қадар кўзга салбий таъсир ўтказмайди. Бироқ яроқсиз тушга таркибида кимёвий моддалар сақлайдиган суюқликни қўшиш хавфлидир. Айниқса, шампунь ва атир кўзингиз учун ҳақиқий душман эканлигини ёдда тутинг.

Тюбикдаги елим олинса, тушь кўпайиши ростми?

ЙЎҚ. Тушь шёткаси тюбикка кириб-чиқаётганида ортиқча тушнинг ҳаммаси тюбик ичида қолади. Елим олиб ташланганда эса тушь шёткага тўдаланиб чиқади. Буни биз, тушнинг кўпайиб қолганига йўямиз. Ишонинг, бу пардоз вақтини янада чўзишдан бошқасига ярамайди. Қолаверса, киприкларнинг бир-бирига ёпишиб қолиши пардознинг нотабиийлигига урғу беради.

Киприкларни бўяшдан аввал қайириш тўғрими?

ҲА. Киприк қайирадиган асбобни тушь суртишдан аввал ишлатинг. Тушь киприк толаларини қуюқлаштиради. Шу боис, тушдан сўнг киприк махсус асбоб билан қайирилса, унинг синиши ёки тўкилиши эҳтимоли бор.

Сочни илиқ сувда ювиш керакми?

ҲА. Бош териси қуриб қолмаслиги учун сочни илиқ сувда ювган маъқул. Душ қабул қилаётганингизда сув ҳароратини бироз пасайтиришингизни тавсия этамиз. Шунда бош териси ёғ ишлаб чиқаришни бироз камайтиради.

Бошни совунда ювса бўладими?

ЙЎҚ. Хоҳ атир совун бўлсин, хоҳ кир совун, у бош териси ва соч ювишга мўлжалланмаган. Совун таркибида кўп миқдорда ишқорли моддалар бўлади ва улар бош териси ва сочни тозалаш билан бирга зарар ҳам етказади. Маълумки, бош териси ва сочда турли ташқи таъсирлардан ҳимояловчи сув ва ёғ таркибли қатлам мавжуд. Совун таркибидаги ишқор эса мана шу қатламни ювиб юборади. Натижада, соч қуруқ ва синувчан бўлиб қолади.

Бальзам ва кондиционернинг фойдаси борми?

ҲА. Сочни қайта тикловчи замонавий воситалар бир зумда таъсир этиш хусусиятига эга. Уларни бир дақиқа давомида сочда ушлаб туриб, сўнг ювиб ташланса ҳам фойдаси сезилаверади. Бальзам ва кондиционернинг аҳамиятли жиҳати шундаки, улар сочни юмшатади ва сиз майин тортган сочни ҳўллигида ҳам бемалол тарашингиз мумкин (гап шундаки, соч ҳўллигида таралса, у тўкилади). Лекин, ҳар эҳтимолга қарши бу воситаларнинг қадоғига бир кўз ташланг. Кўпинча, уларни 3-5 дақиқа давомида сочда ушлаб туриш тавсия этилади. Шу боис бальзам ва кондиционерни қадоқда кўрсатилган муддатдан ортиқ сочда ушлаб туришни тавсия этмаймиз.

Ҳўл сочни сочиқда артиш мумкинми?

ЙЎҚ. Ҳўл сочларни сочиқда артиш ёки ишқалашни тавсия этмаймиз. Бу иш сочнинг синувчанлиги ва тўкилиши эҳтимолини янада оширади. Яхшиси, сочингизни ювгач, намни сочиққа шимдиринг. 

Сочни ҳимояловчи воситалардан фойдаланиш зарурми?

ҲА. Турмакда қўлланадиган фен, плойка ва “дазмол” туфайли соч жароҳатланиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, соч толаларининг синиши ёки “гуллаши”га олиб келади. Шунинг учун турмакдан аввал сочингизга юқори ҳароратдан ҳимояловчи воситаларни пуркаш кераклигини унутманг.

Пардоз бўлмаса ҳам, юзни тозалаш шартми?

ҲА. Юзда макияж борми-йўқми, бу аҳамиятсиз. Уйқуга ётишдан аввал юз терисини яхшилаб тозалаш керак. Бу билан терининг майда тешикларида йиғилиб қолган кир ва ёғлардан халос бўласиз. Шунингдек, туш билан бўялган киприклар тунда синиши мумкин, кўз қалами қолдиқлари эса терини қизартириб, яллиғлантиради.

Пардоз шёткалари ва упа спонжини тозалаш лозимми?

ҲА. Ҳафтада икки маротаба. Тозалаш ишлари уларнинг яроқлилик муддатини оширади ҳамда терини турли яллиғланишлардан асрайди. Яна бир гап. Шётка ва спонжни атир совун билан ювманг. Атир совун пардоз воситаларини қотириб қўяди. Яхшиси, ҳаммом гелидан фойдаланинг.

Ҳуснбузарни сиқиш нотўғрими?

ҲА. Ҳуснбузарни сиқиш қатъий тақиқланган. Негаки қўлда турли бактериялар бўлиши мумкин. Улар эса терини янада кўпроқ яллиғлантиради. Шу боис ҳуснбузарни даволаш ва олдини олиш учун косметолог-шифокор қабулига бориш ҳамда таркибида салицил кислотаси мавжуд бўлган воситалардан фойдаланишни тавсия этамиз. Салицил кислотаси теридаги ҳуснбузарни қуритади ва янгилари пайдо бўлишига йўл қўймайди.

Мунтазам пиллинг қилиш зарарми?

ҲА. Таркибида терини оқартирувчи ва кўчирувчи моддалари бор воситалар юз терисини яхшилайди. Лекин улардан ҳафтасига икки мартадан кўп фойдаланмаган маъқул. Чунки, бу билан терининг энг устки қаватидаги ҳужайралар фаолияти бузилади. Қуруқ ва нормал тери соҳибалари 7 кунда бир, ёғли тери соҳибалари эса 5 кунда бир енгил пиллинг қилишлари мумкин.

Тирноқ атрофидаги терини кесиш тўғрими?

ЙЎҚ. Тирноқ атрофидаги тери ўта нозик ҳамда кичик бир жароҳат сабабли ҳам кучли яллиғланиши мумкин. Маникюр қилаётганингизда, ўзингиз билиб-билмай терини олиб ташламанг. Ҳафтада бир маротаба қўл териси ва тирноқ учун мўлжалланган махсус гелдан суртиб, маникюр таёқчаси билан тирноқ терисини четга суриб чиқинг. Апельсин дарахтидан тайёрланган маникюр таёқчаси бўлса, янада яхши.

“Лак”ни силкитиш шартми?

ЙЎҚ. Тирноқ бўёғини силкитганда идиш ичида ҳаво пуфакчалари пайдо бўлади. Улар эса бўёқнинг текис суртилишига тўсқинлик қилади. Маслаҳатимиз, тирноқ бўёғидан фойдаланишдан аввал уни икки кафт орасига олиб, ишқаланг.

Эпиляцияда кўпик ўрнига гель ишлатган маъқулми?

ЙЎҚ. Танадаги ортиқча тукларни олиб ташлаётганда махсус гель ва кўпикдан фойдаланган маъқул. Чунки, улар таркибида терини тинчлантирувчи, шикастланишлардан ҳимояловчи ҳамда тук ўсишини секинлаштирувчи моддалар бор. Ҳозир сотувда эпиляцияга мўлжалланган махсус асбобларни кўплаб учратиш мумкин. Улар терида жароҳат қолдирмаслиги учун кескичига гель билан ишлов берилган.

Педикюр эговчаси жилвиртошдан яхшими?

ҲА. Ёзда орқаси очиқ пойабзалларда юрамиз. Шунинг учун оёғимизнинг товонига ҳам эътибор қаратиш керак. Товондаги дағаллашган терини юмшатиш учун махсус педикюр эговчасидан фойдаланишни тавсия этамиз. Жилвиртош билан товонни тозалашда эса жароҳатлар пайдо бўлиши мумкин. Улар ноқулайлик туғдиради.

Тишни оқартиришда махсус кукуннинг фойдаси борми?

ЙЎҚ. Бу кукун таркибидаги тозаловчи моддалар милкни жароҳатлайди. Унинг фойдали таъсири эса тиш пастаси билан бир хил. Маслаҳатимиз, оқартириш хусусиятига эга бўлган тиш пастасидан фойдаланинг. Аммо уни ҳам ҳар куни эмас, ҳафтасига икки бор ишлатиш керак.

Азиз аёллар, соғлиғингиз ва гўзал ҳуснингизга доимо эътиборли бўлинг!

Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка