ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ ЯҚИН!

1431495890864 14314958905998
Август ойи бошланиши билан қизларим мактабга тайёргарлик кўра бошлашади. Бу борада ҳар кимнинг ўз вазифаси бор. Қизлар ўзларига керакли мактаб анжомлари рўйхатини тузишгач, биз, ота-она шу буюмларни харид қилишга масъул бўламиз. Мана, бу йил ҳам рўйхатни олиб, пойтахтимиздаги “Қуёшли” (“Солнечный”) деб номланган махсус мактаб анжомлари бозорига йўл олдик.

Танловда адашманг!

1.Фарзандингизга портфель, рюкзак олаётганда унинг бўйи ва ёшини эътиборга олинг. Бир неча йилдан сўнг ҳам ишлатади дея тежамкорлик қилманг. Чунки бундай катта рюкзаклар боланинг умуртқа поғонасига зарар етказади. Ўқувчиларни кузатсангиз, уларнинг кўпчилиги рюкзакни бир елкасига илиб олади. Шу боис у ҳар томонлама қулай бўлиши лозим.

2.Рюкзак танлаганда унинг тасмалари поролон ёки бошқа юмшоқ ашё билан тўлдирилган, шунингдек, калта-узун қилиш имкониятини берувчи «мослама»си бор-йўқлигига аҳамият беринг. Тасмалар кенглиги кам деганда 4-5 см. бўлиши лозим.

Рюкзак кенглиги боланинг елкаси кенглиги билан тахминан бир хил бўлиши керак.

Юқори қисми ҳам боланинг елка баландлиги даражасида бўлиши лозим.

Пастки қисми ўқувчининг белига тўғри келсин.

Рюкзак орқага ёпишиб туриши керак.

Ёрқин рангли рюкзак

Болага рюкзак ёки портфель олаётганда унинг рангги ва нурни ўзида акс эттиришига ҳам диққат қилиш зарур. Эътибор берган бўлсангиз, ўқувчиларнинг портфель ва рюкзаклари ёрқин рангли матолардан тикилади. Бу болаларнинг йўлдаги хавфсизлигини таъминлаш учундир. Бола ёшлигига бориб, баъзан йўл қоидаларига амал қилмаслиги мумкин. Ёрқин рангли рюкзак эса ҳайдовчига йўлдан ўтаётган ўқувчини вақтида пайқаш имконини беради.

3.Ўқувчи учун зарур бўлган ручка ва қаламлар қаламдон ичида туриши керак. Мазкур анжомнинг қаттиқ ва юмшоқ турлари бор. Ўқувчига юмшоқ қаламдон олиш тавсия қилинади. Чунки болалар серҳаракат бўлганликлари боис, кўпинча, қўлларидаги нарсани тушириб юборишади. Пенал-ку, тушиб кетса, синмайди, аммо унинг жаранглаган овози бутун синфнинг диққат-эътибори бузилишига сабаб бўлиши аниқ.

4.Ҳаддан ташқари “жимир-жимир”, ранг-баранг дафтарлар ҳам болани дарсдан чалғитади. Дафтар танлаганда унинг вароқлари сифати билан бирга муқовасидаги тасвирларга ҳам эътибор қаранг. Дафтар вароғининг ранги оқ, чизиқлари эса ўта ёрқин ҳам, ўта кўринмас ҳам бўлмаслиги лозим.

5.Биринчи синфга чиқадиган болалар ва умуман ўқувчилар учун гелли, зарли ва бошқа турдаги ручкалар ярамайди. Кундалик ишлатиш учун учи думалоқ мосламали одатий ручка керак.

6.Қаламнинг ҳам юмшоқ ва қаттиқ тури мавжуд. Юмшоқ грифелли қалам расм чизиш учун, қаттиқ грифиллиси эса чизмачилик дарсларида асқотади. Қалам билан бирга ўчирғич, қалам йўнғич ва расм дафтар, рангли қалам, рангли қоғозлар ҳам сотиб олишни унутманг.

7.Шунингдек, фарзандингизга китоб-дафтарлар муқоваси керак бўлади. Аввалги йилларда китоблар учун олинган жилдларни тахминан олишга мажбур бўлардик ва кўп ҳолларда олинган жилдлар китобларга тўғри келмасди. Бу йил эса мактаб бозорида ҳар бир синф учун мўлжалланган жилдлар бир тўплам шаклида сотилмоқда. Фарзандингиз нечанчи синфга боришига кўра, жилдлар тўпламини сотиб олишингиз мумкин.

Кун тартиби муҳим!

Таътил пайтида кўпчилигимиз болага тўла эркинлик берамиз. Кечки оқшомга қадар телевизор кўришни маън қилмаймиз, шунингдек, эрталаблари кечроқ уйғонишига рухсат берамиз. Натижада боланинг кун тартиби анчайин ўзгаради. Ўқиш мавсуми яқинлашгани сайин ундаги бу одатни ўзгартиринг. Негаки, боланинг кун тартиби дарс жараёнига таъсир этиши, шубҳасиздир. Уйқуга тўймаган бола инжиқланади, дарсларда диққатини жамлаб ўтириш ва сабоқларни ўзлаштиришда қийналади. Боланинг уйқуси 8 соатдан кам бўлмаслиги керак. Айниқса, биринчи синф ўқувчиси кунига 10-11 соат ухлаши шарт.

Кечки ўйинларга барҳам беринг

Кечки пайт болага кўп ҳаракат талаб қилувчи ўйинлар, шунингдек, даҳшатли фильм, ёки компьютер ўйинлари тавсия қилинмайди. Бу каби машғулотлар ўрнига бола билан биргаликда китоб ўқинг. Сўнг бадиий адабиётдаги воқеаларни сўзлаб беришини ундан илтимос қилинг. Бу болага фикрини равон ва лўнда ифодалаш ҳамда унинг нутқини ривожлантиришга ёрдам беради.

Кечаги иштиёқ — бугунги қўрқув

Кечагина мактабга ошиқиб, сиз билан бирга ўқув анжомларини танлаган болангиз бугун таълим даргоҳига боришдан қўрқа бошлайди. Бу ҳолат, айниқса, биринчи синф ўқувчиларида кўп кузатилади.

Одатда, биз ота-оналар фарзандларимизга ўзимизнинг мактаб хотираларимизни айтиб беришни ёқтирамиз. Аммо баъзан бизнинг эсдаликларимиз болага салбий маънода ҳам таъсир қилиши мумкин. Масалан, ота ўз талабчан ўқитувчиси ҳақида гапирса, она математикадан 2 баҳо олгани ва онасидан калтак “егани”ни сўзлайди. Ёки дарс қилишдан бош тортган боласига: “Бунақа тўполончиларга икки баҳо қўйишади, итнинг кейинги оёғига ўхшаб қоласан”, дейдиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Ёдда тутингки, бу фарзандингизнинг ўзига бўлган ишончини секин-аста емириб боради ва бора-бора мактабдаги таълим унинг учун стрессга айланиб қолиши ҳеч гап эмас!

Мадина ЗАРИФ

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка