Беш қўл баравар эмас!

Битта ота-онадан бунёд бўлган фарзандларнинг ҳар хиллиги баъзида одамни ҳайратлантиради. Бу дунёда бир-бирига буткул ўхшайдиган икки инсон йўқлигининг моҳияти шундадир, деб ўйлаб қоласан киши. Саҳифамизнинг бугунги қаҳрамонлари ҳам бу ҳаётий ҳақиқатнинг исботи. Бир-бирига умуман ўхшамайдиган беш нафар йигитнинг оила, қиз ва йигит ўртасидаги муносабатлар ҳақида билдирган фикрлари билан танишинг. Ва таққослаб кўринг-чи, суйганингиз ёки турмуш ўртоғингиз қайси тоифага мос келаркан…

Қизлар билан танишишга устаси фаранг

Санжар РАҲИМОВ, 22 ёшда, талаба:

— Болалигимдан қизлар билан яхши тил топиша олганман. Шунинг учун ҳам улар билан мулоқотда довдирамай, бемалол гаплашаман. Дўстларимнинг дил изҳорини изоҳлай олмай қийналишларини кўриб, кулиб қўя қолардим. Бунинг қанчалик осон эканлигини исботлаш учун ҳатто бир неча бор қизларга арзимас баҳона билан мурожаат этиб, танишиб, телефон рақамларини олардим. Йигитлар ўрганган «соатингиз неча бўлди?», «танишсак бўладими, яхши қиз?», «кечирасиз, исмингиз нима?» каби жўнгина жумлаларни ишлатиб, ижобий натижага эришмаслигимни тушуниб турардим. Шунинг учун ҳам танишиш чоғида қизни қизиқтириши мумкин бўлган бошқа бир баҳона топардим. Масалан, қизга кўринадиган тарзда қўл телефонимда жиянчаларим билан тушган суратни томоша қила бошлардим. Қайси қизга ёш болаларни яхши кўрадиган йигит ёқмайди? Зимдан расмни томоша қилаётганини сезсам, телефонни унга яқинроқ суриб, суратни кўрсатаман. Қарабсизки, кейинги дақиқада исмини сўрашга қулай имконият пайдо бўлади.

Касби туфайли ҳамиша аёлларнинг эътибор марказида

Баҳром ЗУФАРОВ, 23 ёшда, универсал топ-стилист:

— Мижозларим орасида нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам бор. Касбим тақозосига кўра улар билан доимий равишда мулоқотда бўламан. Кўпчилиги билан ҳатто дўстона муносабатдаман. Аёлларнинг табиий ҳусни янада кўзга ташланиши учун меҳнат қиламан. Шунинг учун танишларим «сен аёлларнинг диққат марказидасан, доим ҳушомадларга кўмилиб юрасан», дейишади. Бу бор гап, кўркамлашганидан кейин қайси аёлнинг кайфияти кўтарилмас экан?! «Қўлларингиз гул, ишингизнинг устасисиз», дейишлари табиий ҳол. Керагидан ортиқроқ эътиборни ҳам сезган пайтларим бўлган. Шундай пайтларда ўзимни тушунмаганликка солиб, ишимни давом эттиравераман. Ёки эҳтиёткорлик билан «ёқтирган қизим бор…» деб қўяман. Чунки қиз боланинг кўнглига қаттиқ тегиб қўймаслик керак. Мен табиатан бир кишигагина меҳр бериб, боғланиб қоладиган феъл-атворлиман. Келажакда оила қурсам, касбим вафодор эр бўлишга асло ҳалал бермайди, деган умиддаман. Ўз навбатида рафиқам ҳам касбимни тушунишини, сабабсиз рашк қилмай, менга тўлиқ ишонишини истардим. Ахир оилада ишончнинг ўрни муҳим-да!

Бахтсиз муҳаббати сабаб шу чоққача бўйдоқ

Мурод УСМОНОВ, 27 ёшда, провайдер:

— 7 ёшимдан футболга қизиқа бошлаганман. Бир неча йилдан кейин спортнинг бу туридан ташқари шарқ якка кураши, кейин эса таэквандо, кикбоксинг билан ҳам шуғулландим. Институтда ўқиб юрган кезларида илк муҳаббатга дуч келганман. Ҳаяжон, ширин туйғулар оғушидаги орзулар… Ҳаммаси ҳозир ўтиб кетган тушдек туюлади. Севган қизим билан тақдиримиз қўшилмаган экан… У турмушга чиқиб кетди. Шундан бери ўзимни карьерага бағишлашга қарор қилганман. Бу борада маълум даражада ютуқларга эришдим ҳам. Баъзида таниш-билишларим «қачон уйланасан? Ойинг келин қидираётгандир?» деб сўраб қолишади. Ота-онам ҳеч қачон у ёки бу ишни «биз айтгандек қиласан», деб талаб қўйишмайди. Ҳамиша менинг шахсий қарорим билан хисоблашишади. Ўзимга келсак, бирор нарсани олдиндан режалаштириб қўядиган одатим йўқ. Инсон уйланишга икки кун, ҳатто икки соатдаёқ қарор қилиши мумкин. Бунга тайёрлигини тушунса бўлгани. Ҳаёт доим ҳам биз ўйлагандек давом этмайди. Оқим бўйлаб кетишни афзал биладиганлардан бўлганим учун ҳам айни дамда «уйланишга тайёрман», дея олмайман. Ким билади, балки фикрим икки кун ёки икки соатдаёқ ўзгариб қолар… Муҳими, менинг мураккаб феъл-атворимни тушунадиган қиз учраши керак. Синчковлигим, қизиққонлигимни тушунса, менга нисбатан эътиборли бўлса бас. Оиламизда ўғил набиралар кўп. Шунинг учунми, қиз фарзандли бўлиш — орзуим!

Ўзини спортга бағишлаган

Беҳзод БОЙКЕЛДИЕВ, 23 ёшда, талаба, кураш бўйича спорт устаси, олтин ва кумуш медаллар совриндори:

— Спортда бирор ютуққа эришиш учун ҳеч бир фикр билан чалғимасдан, имкон борича эътиборни спортга қаратиш керак. Менинг ҳам бу борада ниятларим катта. Шунинг учун ҳозирча оила қуриш ҳақида ўйламаяпман. Айни пайтдаги бош мақсадим — жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритиш. Шундан кейингина уйлансам, ўзимни спортга хиёнат қилгандек ҳис этмайман. Ўзим тенги дўстларимнинг аксарияти бўйнига ола хуржунни илиб бўлди. Мен эса мусобақаларга қатнаш учун оилам сарсон бўлишини истамайман. Ота-онам ҳам ҳозирча бошимни икки қилиш ниятида эмас. Ўзимга қолса, севги, бу — бир кўришда юракнинг «жиз» этиши, деган гапнинг нақадар ростлигини синаб кўрмоқчиман. Ҳозирча бунақаси бўлмади. Кутамиз, шошаётганим йўқ.

Оилапарвар

«Эркак киши кир ювса, овқат пиширса, бунинг ҳечам ёмон томони йўқ!»

Шоолим ИЛЁСОВ, 27 ёшда, «Salvesis» компаниясида минтақавий менеджер, соҳаси шифокор:

— Битта ўғлимиз бор. Насиб қилса, яқинда иккинчи фарзандимимз дунёга келади. Рафиқам билан тиббиёт институтида бирга ўқиганмиз. У менинг нафақат умр йўлдошим, балки ҳамкасбим ҳам. Уйда иккимиз ўтириб қолсак, албатта бир-биримиз учун қизиқарли бўлган мавзу топилади. Турмушимизнинг илк даврида рўй берган бир воқеани ҳеч қачон унутмасам керак. Бир куни телефонимга SMS келди. Ухлаб ётган эканман, рафиқам хатни очмай, телефонни менга олиб келди. Қарасам, биздан икки курс пастда ўқийдиган бир қизнинг севги изҳори экан. Шошганимдан айбим бўлмаса-да SMSни ўчириб ташлабман. Кейинги сониядаёқ бу ишимдан афсусландим. «Айбингиз бўлмаса, SMSни нега ўчирасиз?» деганида рафиқам ҳақ эди. Унинг учун айбсиз айбдорга айландим. Ишончини оқлашим учун анча вақт кетди. Шукрки, ҳозир у хиёнаткор эмаслигимга ишонади. Ўзимни бемалол содиқ оилапарварман деб айта оламан. Негаки ҳомиладор бўлган аёлимга уйдаги эркак киши бажариши керак бўлган юмушлардан ташқари чангютгичда гиламларни тозалаб, овқат пишириб, ҳатто кўйлагимни дазмоллаб ёрдамлашишим мумкин. Бола йиғлаб қолса, унга фақат аёл киши қараши керак, деб ким қонун чиқарибди? Ахир аёл ҳам инсон, унинг ҳам чарчаган, бетобланган пайтлари бўлади-ку!

Гувоҳи бўлганингиздек, беш қаҳрамонимиз қўлдаги бешта бармоқдек ҳар хил. Ҳар бирининг ўз шиори, ўз дунёқараши бор. Қайси биринингдир мақсади сари олға қадам ташлаши қувонтирса, бошқасининг оилани муқаддас санаши ҳурмат ҳиссини уйғотади. Уларга омад тилаб қоламиз!

Нигора СОЛИҲОВА

Фотомухбир: Юлия КЛЕМЕНОВА

 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка